Маоний аҳлининг издоши

I

Нурбой Жабборов билан ёшлигимиз бир маконда кечган: бир дарёнинг сувини ичиб, бир тоғнинг ҳавосидан нафас олиб, Қодир бахши Раҳимовга ўхшаш ўз даврининг машҳур-машҳур бахшиларини тинглаб улғайганмиз.

Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманига қарашли Откамар қишлоғи тоғлар этагида, бир томони кенг даштларга туташиб кетган, аждодлар мероси ҳисобланмиш минг йиллик қадриятлар, анъаналар эъзоз топган жой. Нурбой ана шундай азалий анъаналар қадр топган муҳитда улғайди. Назаримда, шунинг учун миллий анъаналаримиз бешиги бўлган фольклорни жуда яхши тушунади, теран ҳис қилади, яхши талқин қилади. Адашмасам, Нурбой Жабборов дастлаб нашрга тайёрлаган китоблардан бири ҳам халқ достонларидан бири — “Бобо Равшан” бўлиб, у бу достонни бекорга танламаган, болалигимизда энг севиб тинглаган, эшитган достонларимиздан бири айнан “Бобо Равшан” эди.

Алпомишга ўхшаб кетадиган келбати, ўзини тутиши, маъноли сўзлари, гапга чечанлиги, далли-ғуллилиги билан Нурбой ҳар лаҳзада тоғнинг фарзанди эканлигини эслатиб туради.

Гарчанд бир дарёнинг сувини ичиб улғайган бўлсак-да, танишиш талабалик давримизга тўғри келди. У Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетида, мен эса журналистикада таҳсил олардик. Бир университет, бир бинонинг юқори ва пастки қаватларида ўқиганимиз учунми, у пайтлар ҳар иккала факультет талабалари жуда иноқ ва аҳил эди, назаримда.

Илк танишувдаёқ у отаси ҳақида ҳаяжон билан сўзлаб берган. Очиғи, ўша пайтда айримларимизга унинг бу гаплари бироз эриш туюлган. Олис бир қишлоқдан пойтахтдай жойга келиб, отасини мақташи сал ғалатироқ туюлган. Ахир ким ҳам отасини ҳурмат қилмайди, яхши кўрмайди. Бироқ кейинчалик унинг отасини кўрган, яқиндан билгандан кейин Нурбойнинг мақтанишлари бежиз эмаслиги, отаси мақтаганидан ҳам ортиқ эканига ишонч ҳосил қилганмиз.

Ота-онанинг дуосини олиш, уларга муносиб фарзанд бўлиш — ҳар бир фарзанднинг орзуси. Бироқ турли сабаблар туфайли ҳаммага ҳам бу бахт насиб этавермайди. Нурбой эса ана шундай бахтга мушарраф бўлган бахтлилардан бири.

Буни ўз кўзимиз билан кўрганмиз, неча бор гувоҳи бўлганмиз ва ҳавас қилганмиз. Нурбой деган ўспирин йигит орадан йиллар ўтиб, профессор Нурбой Жабборов бўлганда ҳам, ҳар доим ота-онасини, қишлоқдошларини ибрат қилиб кўрсатишдан чарчамади.

Отаси юз йил умр кўрган, улкан ҳаётий тажрибага эга зиёли, кўзингга тикилиб, ичингдагини ўқийдиган катта бир донишманд киши эди. Назаримда, отаси Нурбойни бошқача яхши кўрарди. Отасидаги бор билим, тажриба, сўзамоллик, донишмандлик, киришимлилик — ҳамма-ҳаммаси Нурбойга кўчиб ўтгандек. Шунинг учун бўлса керак, ҳали ҳам Нурбой кўпгина анжуманларда, зиёли ёхуд ижодкорлар юбилейларида отаси ҳақида гапириб, тадбир эгасига отасининг ёшини тилайди.

Бугун Нурбой Жабборов эришган ва эришаётган ютуқларни кўриб, бир нарсага ишонч ҳосил қиласиз: унинг таниқли олим бўлиб етишишида ота-онасининг, туғишганларининг, устозларининг хизмати беқиёс. Ўзининг таъбири билан айтганда, “Баркамол шахс, биринчи навбатда, оила бағрида шаклланади. Авлод тарбиясида оилавий муҳит ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.”

II

Нурбой талабалик пайтида мумтоз адабиёт тарихига ўзгача меҳр қўйди. Мумтоз адабиётга муҳаббат, аслида, унинг қонида бор эди. Болалигида отаси унга кўп бор Сўфи Оллоёрдан, Қул Хожа Аҳмад Яссавийдан, “Чор китоб”дан ўқиб берган ва илк саводини ўзи чиқарганди. Ҳали мактабга бормасданоқ Нурбойнинг хат-саводи чиққан, араб имлосида битилган китобларни ҳеч қийналмасдан ўқий оларди. Отасининг бу сабоқлари кейинчалик ҳамиша унга куч-қувват бериб, юксак орзуларга эришишида йўлчи юлдуздек маёқ бўлиб келмоқда.

Одам тақдирини олдиндан била олмайди, бироқ бу тақдирига битилган азал ёзуқларининг амалга ошиши унинг ўзига боғлиқ. Тоғнинг олис бир қишлоғида, Абдулҳаким ота оиласида туғилгани Нурбойнинг бир бахти бўлган бўлса, кейинчалик ўзининг қунти, саъй-ҳаракатлари билан устозлар меҳрини қозониши тақдирнинг бир сийлови бўлган.

Университетда Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Шариф Юсупов, Улуғбек Долимов, Умарали Норматов каби устозларнинг сабоғини олди. У шунчаки сабоққа бормади. Устозларнинг ҳар бирига чинакам шогирд бўлиб, уларнинг меҳрини қозонди. Адабиёт илмининг сиру асрорларини қунт билан ўрганди, илмга меҳр қўйди, педагоглик, нотиқлик сир-асрорларини ўрганди.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари мамлакат ҳаётида ҳам, шу мамлакатдаги ҳар бир фуқаро тақдирида ҳам бурилиш даври бўлган, десам, хато бўлмайди. Қайта қуришдан сўнг сиёсатда ҳам, мамлакатда ҳам бир парокандалик даври бошланганди. Одамлар эртанги кунига ишонмай қўйган, ўқитувчининг, олимнинг ҳурмати энг қадрсиз ҳолга келиб қолган, улардан кўра бозорда арава сурган кўпроқ даромад топган, қадрланган даврлар эди. Мана шундай даврда қўлига олий маълумотли деган дипломни олган ёш мутахассиснинг аҳволини бир кўз олдингизга келтириб кўринг. Қўлидаги дипломга қарамай, ўзини бозорга урганлар қанча эди! Шундай бир даврда ким сабр ва матонат билан илм йўлини танлаган, оғишмай, келажак томон интилган бўлса, булар ўз даврининг қаҳрамонларидир. Ана шу сабр ва матонат қилганлар орасида Нурбой ҳам бор эди.

У турмушнинг қийинчиликларига қарамай, ўз келажаги томон интилди. Тақдирини илм билан, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ҳамид Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институти билан боғлади, шу даргоҳнинг аспирантурасида таҳсил олди. Азиз Қаюмов, Алибек Рустамов, Ботирбек Ҳасанов, Миад Ҳакимов, Шариф Юсупов, Сайидбек Ҳасанов каби олимлар билан ёнма-ён ишлади, уларга муносиб шогирд бўлишга ҳаракат қилди.

Аспирантура таҳсилидан сўнг дастлаб мазкур институтда кичик илмий ходим, сўнгра катта илмий ходим лавозимларида илмий тадқиқот ишларини олиб борди. Нодир қўлёзмалар фонди, шоир ва ижодкорлар архивидаги ҳужжатлар билан танишди, зарурларини синчиклаб ўрганди, айримларини нашрга тайёрлади, матншунос олим сифатида элга танила бошлади. Мана шу даргоҳда устозлардан олган сабоғи, матншунослик борасида орттирган тажрибалари кейинги улкан тадқиқотларида муҳим асос бўлиб хизмат қилди. Зеро, матншуносликсиз адабиётшунослик тарихини тасаввур этиш мушкул.

Нурбой Жабборовнинг Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат ҳаёти ва ижодига бағишланган кўплаб мақолалари, “Фурқат асарларининг қўлёзма манбалари” мавзусида номзодлик диссертацияси илмга ўз қараш ва фикрларига эга ёш олимнинг кириб келганидан далолат эди.

Фурқат мероси Нурбой Жабборовга қадар ҳам ўрганилган. Бироқ собиқ шўро мафкураси мезонлари доирасида, шоирнинг ҳаёти ва ижодига оид кўплаб фактларни очиқ айтиш имкони бўлмаган.

Мустақиллик даврида Фурқат ижодини ўрганиш янги босқичга кўтарилди. Фурқат шеърияти, унинг қарашлари, маърифатпарварлик ғоялари ва бадиий услуби янгича ёндашувлар асосида илмий таҳлил қилина бошланди. Бу тадқиқотлар орасида Нурбой Жабборов изланишлари алоҳида ўрин тутади. У ўз тадқиқотларида Фурқат ижодига хос бўлган етакчи тамойиллар: маърифатпарварлик ғоясининг устунлиги; миллий ва умуминсоний ғояларнинг уйғунлиги; миллат тақдири билан боғлиқ муаммоларнинг бадиий талқини; мумтоз лирик анъаналарнинг кейинги давр ижодкорлар меросида янги поэтик услубларда давом эттирилишини кўплаб манба ва ижтимоий-тарихий жараёнлар билан боғлиқ ҳолда тадқиқ этди. Фурқат ҳаёти ва меросини яхлитлигича, тўла ва мукаммал ҳолда ўрганишга муваффақ бўлди.

У номзодлик тадқиқотида Фурқат меросини асл манбаларга, шоирнинг ўзимиздаги қўлёзма асарларига таяниб ўрганди, асарлари борасидаги хулосаларни асл матнга суянган ҳолда баён қилди. Шоир ҳаётига оид манбаларни эринмай, синчиклаб ўрганди ва ўзигача номаълум бўлиб қолаётган масалаларга ойдинлик киритди. Кейинчалик номзодлик ишини яна давом эттириб, “Фурқатнинг хориждаги ҳаёти ва ижодий мероси: манбалари, матний тадқиқи, поэтикаси” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Дастлабки ишда фақат юртимиздаги манбаларга суяниб иш кўрилган бўлса, докторлик диссертациясида хориждаги манбалар таҳлилга тортилди ва матний тадқиқ қилинди.

Нурбой Жабборов ўз тадқиқотларида шоир ижодининг ўзбек адабиётида тутган ўрнига тамомила янгича баҳо берди, Алишер Навоий каби ижодкорлар анъаналарини Фурқат муносиб давом эттирганлигини, шеъриятда поэтик мазмунни, муайян жанрлар табиатини янгилашда салмоқли ютуқларга эришганини, мумтоз шеъриятда кам қўлланилган жанрларда салмоқли ижод қилгани ва унинг лирикаси юксак бадиият намунаси эканлигини исботлаб бера олди.

Тадқиқотчи Фурқатнинг юртидан кетишига сабаб бўлган асосий омил сифатида унинг ижодкорлик позицияси, яъни очиқдан-очиқ чор ҳукуматининг сиёсатини маъқулламаганлиги ва шу позициянинг ифодаси бўлган ижод намуналарида маърифатпарварлик ғояларини илгари суриши бўлганлигини урғулайди. Асл матнга суяниб иш кўриш, ёндашувнинг янгилиги, холислиги, келинган хулосаларнинг кўплаб фактик материалларга асосланганлиги Нурбой Жабборов тадқиқотларининг кўлами ва аҳамиятини белгилаб берди ва уни чин маънода етук матншунос олим дея эътироф этилишига сабаб бўлди.

Нурбой Жабборовнинг мумтоз адабиёт борасидаги изланишлари Фурқат билан чегараланиб қолмади. Хожа Аҳмад Яссавий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Сўфи Оллоёр, Машраб, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Муқимий, Исҳоқхон Ибрат каби кўплаб ижодкорларнинг меросини тадқиқ этишга бағишланган изланишлари узун бир рўйхатни ташкил этади. Булар орасида Алишер Навоийга бағишланган тадқиқотлари алоҳида ажралиб туради. Олим Алишер Навоийни “Маоний аҳлининг соҳибқирони” деб атайди.

“Маоний аҳлининг соҳибқирони” беш бўлимдан иборат бўлиб, унда Алишер Навоий мероси моҳиятида ислом маърифати турганлиги, Навоий лирикаси ва “Хамса”, диний-маърифий асарларининг мазмун моҳияти, Навоийнинг буюк шахсияти, адабий-эстетик олами, Навоий бошлаб берган адабий анъаналарнинг Фурқат ва Абдулла Орипов каби ижодкорлар асарларида намоён бўлишининг ўзига хос хусусиятлари атрофлича тадқиқ қилинган. Олимнинг бу тадқиқоти навоийшуносликка муҳим улуш бўлиб қўшилди ва “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” кўп жилдлигидан жой олди.

Навоий ўтмишда яшаб ўтган шоир эмас, у бугуннинг ҳам, келажакнинг ҳам шоири, файласуфи, донишманди, йўлчи юлдузи, тафаккур қуёшидир. Навоийни англаш, тадқиқ қилиш — миллат руҳиятини англаш ва тадқиқ қилиш деганидир.

Навоий асарлари тадқиқига бағишланган Нурбой Жабборовнинг ушбу китоби ва бошқа кўплаб мақолалари адабиётшунослигимизнинг назарий асосларини бойитишга хизмат қилади.

III

“Маърифат надир?”, “Замон, мезон, шеърият”, “Адабиёт ва миллий маънавият”, “Замонамиз Ҳотамтойи”, “Маоний аҳлининг соҳибқирони” каби ўнлаб китоб ва монографиялар ёхуд у нашрга тайёрлаган Абу Ҳомид Ғаззолий, Абдураҳмон Жомий, Исҳоқхон тўра Ибрат, Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғли Огаҳий, Зокиржон Фурқат каби кўплаб ижодкорларнинг танланган асарлари, ўнлаб дарслик ва ўқув қўлланмалар, етти юзга яқин мақолалар олимнинг илм оламида тутган ўрни ва аҳамиятини белгилаб беради.

Нурбой Жабборов замонавий адабиётга ҳам мумтоз мерос бадиияти қонуниятларини яхши билган матншунос, ҳам турли адабий оқим ва қарашлардан хабардор замонавий олим сифатида ёндашади, ўзига хос таҳлил қилади ва муҳим хулосаларга келади.

Унинг Азиз Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Шариф Юсупов, Миад Ҳакимов, Иброҳим Ҳаққул каби илм дарғалари ҳақида ёзган мақолалари адабиётшунослик илмининг етук билимдони эканидан, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид каби шоирлар ёхуд адиблар ҳақидаги тадқиқотлари эса ҳозирги замон адабиётини нақадар теран англаши ва нозик тадқиқ қилишидан далолат беради.

Нурбой Жабборовни фақатгина юртимизда эмас, балки қўшни қардош халқларда ҳам яхши билишади, қадрлашади. Унинг мақолалари, илмий изланишлари Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Озарбайжон, Туркия, Эрон, Хитой Халқ Республикаси каби мамлакатларда чоп этилган, илмий доираларда эътироф этилган. Унинг Туркияда турк тилида чоп этилган “Алишер Навоийнинг ирфоний олами” китоби туркиялик навоийшунос олимлар томонидан илиқ кутиб олинди. Бу китоб Алишер Навоий меросини англашга, унинг маърифий олами билан яқиндан танишишга хизмат қилиш баробарида истиқлол даври ўзбек навоийшунослигининг янги қирраларини намоён этди.

Кимдир яхши олим бўлиши, илмда анча юксак довонларни эгаллаши мумкин, бироқ яхши педагог ёхуд шогирдларнинг севимли устози бўлиш ҳаммага ҳам бирдек насиб этавермайди.

Алпомишдек келбат ато этган худойим Нурбойни бу борада ҳам роса сийлаган. Нурбой яхши педагог, яхши нотиқ ва ҳар жиҳатда ибратли устоз ҳамда маҳоратли ташкилотчи ҳам.

Нурбой Жабборов кирган аудиторияда ҳамма унинг нотиқлигига тан беради. У қайси даврада қандай гапиришни, маълумотни қай тахлит етказиш кераклигини яхши билади. Бу борада у устозларнинг сабоғини яхши ўзлаштирганини, уларга муносиб шогирд эканлигини ҳар жиҳатдан исботлай олади.

Хоҳ мумтоз, хоҳ замонавий адабиётдан бўлсин, юзлаб сатрларни ёддан билади ва бирор-бир фикрни тасдиқлаш учун шундай шеърий сатрларни ўз ўрнида келтирадики, тингловчи моҳиятни тезда илғайди, фикр эгаси, нотиққа нисбатан кўнглида ҳавас уйғонади.

Бугун Нурбой Жабборов шогирдларининг сони қирққа яқин. Улар орасида филология фанлари доктори, профессорлар, филология фанлари бўйича фалсафа докторлари бор. Дўстимиз бу жабҳада биз тенгдошларидан анча илгарилаб кетган. Бу ҳам унинг шижоати, шиддати ва яхши устозлиги туфайли.

Нурбой Жабборов Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи билан ҳамкорлик қилиб келади. Унинг раҳбарлигида қатор ёшларимиз ўзларининг илмий тадқиқотларини олиб бордилар ва бугун ҳам бу ҳамкорлик давом этмоқда. Музейда бўлиб ўтадиган тадбирларимизда у ҳамиша фаол иштирок этади.

Нурбой Жабборов Қўлёзмалар институтидан сўнг Миллий университетда кафедра мудири, ўн йилдан ошиқроқ декан лавозимларида ишлади. Ҳозирги пайтда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида кафедра мудири лавозимида ишлаб келмоқда. Салкам йигирма йилдан буён Илмий кенгашларда у билан ёнма-ёнмиз. Турли тадбир ва анжуманларда, сафарларда бирга бўлишга тўғри келган. Ҳар қандай вазиятда ўзининг дадил ва холис фикрини айтиб, сафарда яхши суҳбатдош, тадбирларда етук ташкилотчилигини намоён эта олган ва ҳар доим бир нарсага амин бўлганман: Нурбой ўзининг кимлигини ҳеч қачон унутмайди. Абдулҳаким отанинг ўғли эканлигидан ҳамиша ғурурланади ва буни зиммасидаги энг юксак бир масъулият деб билади.

IV

Нурбой Жабборовнинг илмий фаолияти республикамиздаги етакчи нашрлар, жумладан, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Тафаккур”, “Ёшлик”, “Маънавий ҳаёт” каби журналлар, “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи” каби газеталар, “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон тарихи”, “Маданият ва маърифат” каби телеканаллар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. У бир муддат “Куч адолатда”, “Фидокор” газеталарида бўлим мудири, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири ўринбосари лавозимларида ишлаган. “Маҳалла” телеканалида ўриндошлик асосида фаолият юритиб, “Маърифат ёғдуси” номли муаллифлик кўрсатувини ташкил этган. Деярли кунора ОАВда долзарб мавзудаги мақолалари, суҳбатлари билан мунтазам иштирок этиб туради.

Нурбой Жабборов 2005 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган бўлса, 2018 йилдан эътиборан Адабий танқид кенгашини бошқариб келади. Бир нарсани аниқ эътироф этишимиз керак: Уюшмага янги раҳбар тайинлангандан сўнг фольклор ва адабиёт соҳасида тадқиқот олиб бораётган кўплаб олимлар уюшма аъзолигига қабул қилинди. Бир пайтлар бўлгани каби ижодкорлар билан олимлар ўртасидаги ҳамкорлик ришталари янада мустаҳкамланди. Бунда, албатта, Адабий танқид кенгаши раисининг алоҳида ўрни бор.

Ёзувчилар уюшмасидаги бирор-бир тадбир Нурбой Жабборовсиз ўтмаган, десам, муболаға бўлмаса керак. Нурбой, албатта, бу тадбирларга вақт топади. Тадбирларда, албатта, маъруза қилади. Маъруза қилганда ҳам ҳар бир мавзуни билиб, нотиқлигини намойиш этган ҳолда маъруза қилади. Уни бугунги адабий жараёнда энг фаол олимларимиздан бири, десак, муболаға бўлмайди.

Яқинда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан эълон қилинган “Йилнинг энг яхши 10 олими” йил танловида ғолиблардан бири бўлди. Бунақа эътирофлар ўз-ўзидан бўлмайди. Олимнинг узоқ йиллик меҳнати, илм оламига қўшган ҳиссаси, мамлакат ва халқаро миқёсдаги эътирофлардан келиб чиқилган ҳолда келинади бундай қарорларга.

Нурбой Жабборов хизматлари ҳукуматимиз томонидан ҳам муносиб тақдирланган. У “Шуҳрат” медали ҳамда “Дўстлик” ордени соҳиби. Эътирофлар, эришиладиган улкан ютуқлар ҳали кўп бўлади ва ҳаммаси олдинда, деб ўйлайман.

Нурбой Жабборов оиласи республикамиздаги ибратли оилалардан бири. Оилада икки нафар фан доктори, профессор бор. Фарзандлари, келинлари ҳам илм йўлини танлашган, илмий даражага эга, ўз соҳасининг мутахассислари.

Алишер Навоий, Огаҳий, Фурқат, Ибрат каби алломаларимиз меросини, замонавий ўзбек адабиётини ҳар томонлама тадқиқ этиб, халқаро миқёсда тарғиб этиб келаётган ва шу кунларда ўзининг қутлуғ ёшини қарши олаётган қадрдон дўстимизга ўзи айтганидай, отасининг ёшидан ошиб, Гўрўғлининг ёшига етиб юришини, юзлардан ошганда ҳам маоний аҳлига издош бўлиб, ҳали яна узоқ йиллар бизни ҳайратга солиб юришини тилаб қоламиз.

Жаббор ЭШОНҚУЛОВ,

филология фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − four =