Устувор вазифалар
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида амалга оширилган ишлар таҳлили, келгусидаги муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида қиймати 2 миллиард 700 миллион доллар, қуввати 300 минг тонна мис катодидан иборат бўлган янги металлургия мажмуасини барпо этиш бошланади.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасидан.
2026 йил 5 январь. ОКМК Марказий аппаратида комбинатда 2025 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2026 йилда бажариладиган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда ОКМК бошқарув раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдулла Хурсанов жамоани янги 2026 йил билан қутлаб, ўтган йилда эришилган қувончли натижалар билан табриклади.
2025 йилда комбинат меҳнат жамоаси томонидан барча белгиланган ишлаб чиқариш кўрсаткичлари юқори даражада уддалангани эътироф этилди. Хусусан, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 51 триллион сўмдан ошиб, режа 119 фоизга бажарилди. Агар ўтган тўққиз йиллик давр билан солиштириладиган бўлса, 2025 йилда 2016 йилга нисбатан мис ишлаб чиқариш ҳажми 140 фоизга ошганини кўриш мумкин.
Комбинат бошқаруви раиси А.Хурсанов белгиланган вазифалар ижроси баробарида комбинатда инвестиция лойиҳаларининг ҳам жадал суръатларда амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Акциядорлик жамиятининг 3-мис бойитиш фабрикасида 2025 йилнинг 27 март куни биринчи концентрат олиниб, мазкур фабриканинг 1-линияси ишга туширилди. Бугунги кунда мис концентрати мис эритиш заводига етказиб берилмоқда.
Ўтган йили комбинатга қарашли оҳак заводида битта айланма печ ҳамда мис эритиш заводининг нодир металлар ишлаб чиқариш цехида иккита айланма печ фойдаланишга топширилгани иш суръатининг сезиларли ошишига замин яратди. Бундан ташқари, янги портловчи моддалар заводи қурилиб, ишга туширилди.
2026 йилда ҳам комбинат меҳнат жамоаси томонидан барча турдаги ишлаб чиқариш вазифаларининг бажарилиши таъминланиши, жумладан, 3-мис бойитиш фабрикасининг технологик линияларини тўлиқ қувватга чиқариш, рух заводининг 6-сулфат кислота цехи ва Ковулди кони маъданларини қайта ишловчи олтин саралаш фабрикасини фойдаланишга топшириш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, янги мис эритиш заводи қурилишини жадал суръатларда бошлаш, қуввати 60 миллион тонна маъданни қайта ишлаш бўлган 4-мис бойитиш фабрикаси қурилиши давом эттирилади.
Жиззах вилоятида қуввати 737 минг тонна оҳак ишлаб чиқарадиган оҳак заводи қурилиши, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати”нинг 2-мис бойитиш фабрикасида эса маъданни қайта ишлаш қувватларини 5 миллион тоннага ошириш юмушлари бошланиши хусусида алоҳида сўз юритилди.
Комбинатда умумий ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, сунъий интеллектни бошқарув жараёнларида кенг қўллаш, замонавий технологияларни жорий қилиш муҳим вазифа сифатида белгилаб олинди. Энергия ресурсларини тежаш ва таннархни пасайтириш, экологик муҳитни янада яхшилаш каби вазифаларга ҳам алоҳида эътибор кучайтирилади.
Кўп минг сонли корхонанинг ҳар бир ишчи-ходими ўз ишига масъулият билан ёндашса, шубҳасиз, барча кўзланган натижаларга эришиш мумкин. Вазифа ана шундай белгиланди.
Йиғилишда ОКМК раҳбарияти, таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва мутахассислар иштирок этди.
ОКМК матбуот хизмати.
