Ғўбдинтоғ Маржонбулоғи

Тошкент томонга йўл олган киши борки, Самарқанддан ўтгандан сўнг об-ҳавонинг ўзгарганини дарров сезади. Чунки сиз шу пайтда меридиан чизиқлари кесишган Ғаллаорол туманига кириб келасиз. Нуротанинг туя ўркачли тизма тоғлари ҳамда Ғўбдин тоғлари билан ўралган Ғаллаорол ўзининг табиати, ери, иқлими жиҳатидан мамлакатимизда алоҳида ўрин тутади.

Ғаллаорол замини асосан даштдан, яъни суғорилмайдиган ерлардан иборат. Лекин бу заминда ерости хазинаси беқиёс. Тумандаги “Маржонбулоқ” олтин кони мамлакатимизга энг юқори сифатли олтин етказиб беради. Шунингдек, Қўйтош конларидан қазиб олинган вольфрам метали оддий лампочкадан тортиб, космик ракеталар ясалишида ҳам ишлатилади. Қолаверса, даштларда ёйи­либ юрган сурув-сурув қўйларининг саноғи йўқ. Хуллас, Ғаллаоролни саноат, чорвачилик, деҳқончилик тумани, десак янглишмаган бўламиз.

Нурота тоғ тизмаларининг Ғўбдинтоғ ҳудудларида 1955-1975 йиллар мобайнида олиб борилган геологик-қидирув ишлари натижасида бу ерларда истиқболли олтин захиралари борлиги аниқланган. Ўша даврларда республикамизнинг биринчи раҳбари бўлган Шароф Рашидов ҳудудда саноатни жадал суръатларда ривожлантириш ва олтин захираларини ўзлаштириш учун “Маржонбулоқ” кони ва Маржонбулоқ шаҳрини бунёд этишга асос солган эди. Шундан буён ушбу заминда саноат ривожланди, кўплаб кончилар, металлурглар, геологу маркшейдерлар етишиб чиқди. Соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган саноат ходимлари авлоди шакл­ланди.

2002 йилда кон тарихида из қолдирадиган воқеа рўй берди. Ҳукуматимиз қарори билан “Маржонбулоқ” ва “Зармитан” конлари Навоий кон-металлургия комбинати таркибига ўтказилди. Ишлаб чиқаришга замонавий техника ва технологиялар жорий этилди, мутахассислар малакаси оширилди. Қарийб йигирма йилдирки, “Маржонбулоқ” олтин кони жамоаси давлатимиз хазинаси учун муҳим маҳсулот – олтин ишлаб чиқаришда белгиланган режаларни бажариб келаяпти.

“Маржонбулоқ” кони олтин бойитиш цехи жамоасининг ишчанлик кайфиятига гувоҳ бўлдик. Цехда йигирма саккиз йилдан буён гидрометаллург аппаратчи сифатида меҳнат қилиб келаётган Саиднаби Асадуллаев эътиборимизни тортди. Жамоада ҳурматга сазовор бу инсоннинг шогирдлари ҳам кўп экан. Улар “Маржонбулоқ” кони бош­лиғи Элбой Холмуродов, участка бошлиғи Баҳром Аҳмедов, гидрометаллург аппаратчилар Зафар Дулонов, Комил Ҳасанов, Эгамберди Қўлдошевлардир.

Цехда ўтаётган 2021 йилда олтин ажратиб олиш давлат режаси ва маъданни қайта ишлаш режаси ортиғи билан уддаланди. Корхонада инновацион ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганлиги, технологик жараёнда ишлатилаётган реагентлар ва асбоб-ускуналарнинг ўзимизда ишлаб чиқарилаётганлиги боис импорт маҳсулотларга бўлган эҳтиёж камайди. Пировардида валюта маблағлари тежалди. Охирги ўн йилда инновацион ишланмаларнинг муваффақиятли қўлланилиши иқтисодий самарадорликни 7 мартага оширди. Маҳаллий маҳсулотларнинг қўлланилиши жорий йилнинг якунида корхонада 15 миллиард сўм маб­лағнинг тежалишига олиб келиши кутилмоқда.

Сульфидли маъданларни таркибида органик углероддан имкон қадар тозалаш мақсадида 2018 йилдан бошлаб қуритиш печларида флотоконцентрантнинг намлик даражаси пасайтирилиб, сўнгра куйдириш печларига ўтказилаётганлиги яхши натижа бераяпти. Қуритиш ва куйдириш жараёнларида ҳавога чиқаётган чангларнинг миқдорини камайтириш борасида Навоий давлат кончилик институти олимлари билан ҳамкорликда чангни тутиб қолувчи скруббер ишлаб чиқилди. Янги қурилма синовдан муваффақиятли ўтгандан сўнг 4-гид­рометаллургия заводида ҳам қўлланилмоқда.

Албатта, бундай ютуқларнинг қўлга киритилишида жонкуяр ва тажрибали мутахассисларнинг алоҳида ўрни бор. Улар майдалаш бўлими тегирмон машинисти Тўлқин Равшанов, саноат тажриба участкаси концентраторчиси Ҳабибулло Тўхтаев, механика бўлими токари Ўткир Абдиев, пайванд­ловчи Абдурашид Абдулқосимов, чилангар Шуҳрат Избосаров ва электрчилангар Лутфилло Пардаевлардир.

“Маржонбулоқ” кони олтин бойитиш цехининг бир маромда ишлаши корхонага маъданнинг ўз вақтида етказиб берилишига боғлиқ.

– Ишлаб чиқаришда шундай маромни таъминлаш учун коннинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда, — дейди “Маржонбулоқ” кони бошлиғининг умумий масалалари бўйича ўринбосари Ширинбой Маматов. —   Жумладан, 2020 йилда 10 та “БелАЗ” автоағдаргичи, 2 та “Исузи” автобуси, ўнга яқин турли енгил транспорт воситалари келтирилганлиги иш унумдорлигини сезиларли даражада ошириш имконини берди.

Конда 5 кубометрлик экскаваторни моҳирлик билан бошқараётган машинист Неъматилло Жабборовни суҳбатга тортдик. У киши бир неча йилдирки, шу касбда ишлаб, меҳнати туфайли бахт топаётганлиги, оиласи фаровонлигини ғурурланиб гапирди. Бу жараённи кузатиб турган “Бел­АЗ” автоағдаргичи ҳайдовчилари Самандар Исматов ва Аслиддин Исломовлар янги техникаларнинг афзалликлари ҳақида сўзлаб беришди.

Ҳа, шундай. Жиззахнинг кенг адирларию пурвиқор тоғлари орасида жойлашган саноат корхоналарида туну кун фаолият юритиб, давлат хазинасига ўз улушларини қўшаётганларнинг ҳар бир куни фидокорона меҳнат билан ўтаяпти. “Маржонбулоқ” конида меҳнат қилаётган 1,5 минг нафарга яқин кончиларнинг келгусидаги режалари улуғ. Жамоа ана шу режаларни рўёбга чиқариш йўлида астойдил изланяпти, меҳнат қил­япти.

Азамат ЗАРИПОВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + 16 =