АҚШ иммиграция визасини беришни тўхтатди…

21 январь кунидан эътиборан Африка, Осиё, Лотин Америкаси, Яқин Шарқ ва Европанинг 75 та давлати фуқароларига АҚШда доимий яшаш ҳуқуқини берувчи визаларни бериш вақтинча тўхтатилади. Ушбу давлатлар қаторига Собиқ иттифоқнинг тўққизта мамлакати, шу жумладан, Қозоғистон, Қирғизистон ҳам киради.

Оқ уй буни иммигрантлар туфайли АҚШ зиммасига тушаётган “ижтимоий таъминот юкини” енгиллаштириш зарурияти билан изоҳламоқда. Ҳужжатда бу сиёсат “юқори хавф гуруҳидаги ушбу мамлакатлардан келган иммигрантлар Қўшма Штатларда ижтимоий нафақалардан фойдаланмаслиги ва жамият учун юк бўлмаслигига” қаратилгани қайд этилган.

Зикр этилган мамлакатлар фуқароларига аввалроқ берилган ва амалда бўлган визалар ўз кучида қолади.

Давлат департаментининг таъкидлашича, ягона истисно — “агар шахс икки фуқароликка эга бўлса ва рўйхатда бўлмаган давлатнинг амалдаги паспорти билан ариза топширса”, унга виза берилиши мумкин.

Виза беришга қўйилган мораторий қанча давом этиши номаълум ва унинг муддатсиз бўлиб қолишидан хавотирлар бор.

Нима учун виза бериш тўхтатилди? Аслида, АҚШда давлат ёрдамига қарам бўлиб қолиши мумкин бўлган иммигрантларга киришни рад этиш механизмлари аллақачон мавжуд. Бу меъёр иммиграция хизматлари томонидан индивидуал тартибда кўриб чиқилади.

2025 йил ноябрь ойида АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги қоидаларга яна ўзгартириш киритишни таклиф қилди ва эҳтимол, январь ойи охиригача 2022 йилги “давлат учун юк” ҳақидаги юмшоқроқ қоидаларни бекор қилади.

Трампнинг иккинчи президентлик муддатининг биринчи йили иммиграция сиёсатининг кескин кучайиши билан бошланди: июнь ойида: 12 давлат фуқаролари учун кириш тўлиқ тақиқланди, декабрь ойида бу рўйхат 39 та давлатгача кенгайди.

Қочоқлар квотаси энг паст даражага — 7 500 кишига туширилди (Байден даврида 125 000 эди). Квота — бу давлат қабул қилишга мажбур бўлган сон эмас, балки рухсат этилган максимал чегарадир. Белгиланган квотадан ортиқ қочоқ қабул қилинмайди.

2025 йилда АҚШдан 605 минг киши депортация қилинган, яна 1,9 миллион киши мамлакатни ўз хоҳиши билан тарк этган.

Янги қарор шу ёзда АҚШда бўлиб ўтадиган 2026 йилги Жаҳон чемпионатига келмоқчи бўлган футбол ишқибозларига бевосита таъсир қилмаслиги керак. Шунингдек, у сайёҳлик визаси билан қисқа муддатга келувчиларга ҳам тааллуқли эмас.

Бироқ турнирга йўлланма олган Гаити ва Эрон мухлислари ўйинлар томошасига кела олмайдилар, чунки бу давлатларга кириш тўлиқ тақиқланган. Сенегал ва кот-д’ивуарлик мухлислар эса қисман тақиқ туфайли жиддий қийинчиликларга дуч келишади.

Аброр ХОН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 − three =