10 дона “таблетка” ва йил

Баҳорнинг салқин тунларидан бири. Пойтахт аҳолисининг аксарияти ширин уйқуда, аммо 22 ёшли йигит гиёҳванд моддани олиш учун “Cobalt” русумли автоуловга ўтириб, шаҳар ташқарисига йўл олган. Содиқ Ярашев (исм-фамилияси ўзгартирилган) белгиланган жойдан “таблетка”ни олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланди.

Маълум бўлишича, у ижтимоий тармоқ орқали 2 нафар шериги билан оғу савдоси билан шуғулланиш ҳақида ёзишма қилган. Дастлаб 10 дона “таблетка”ни етти ярим АҚШ долларга сотган. “Сотувчи” 1 грамм кучли таъсир қилувчи гиёҳванд моддасини 60 долларга пуллаш ҳақида билдириб, кучли таъсир қилувчи психотроп дори қўйилган манзил локациясини ташлаган. Суд экспертизаси хулосасига кўра, Содиқ Ярашевдан олинган дори воситалари кучли таъсир қилувчи гиёҳвандлик воситалари эканлиги аниқланган. Шу ўринда Содиқ Ярашевнинг таржимаи ҳолига назар солсак: у ўрта маълумотли бўлиб, вақтинча ишсиз. 22 яшар йигит муқаддам ўғрилик ва фирибгарлик учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бироқ бундан тегишли хулоса чиқармаган. Бу гал  икки нафар шериги билан яна жиноятга қўл урди. Мазкур жиноий иш судда атрофлича кўриб чиқилди.

Судда Содиқ Ярашев айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирди. Айтиш керакки, Содиқ бу дорилар олди-сотдиси қонунга биноан тақиқланганини билса-да, даромад топиш мақсадида навбатдаги “ов”га чиққан. Суд Содиқ Ярашев содир этган жиноятни оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаб, жазо тайинлади.

Суднинг ҳукми билан Содиқ Ярашев 10 йил муддатга, унинг 2 нафар шеригининг ҳар бири эса 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Қилмиши қора кимсалар ҳозирги кунда қамоқда жазо муддатини ўтамоқда. Нима дейсиз, айни ўйнаб-куладиган, ўқийдиган ёки ишлайдиган даврда уларнинг ҳаёт тарзи бутунлай бошқача ўзан сари кетди. Ҳаммасига ўзлари, оиласидагилар айбдор. Енгил-елпи ҳаёт кечириш орзуси уларни шу кўйга солди. Бу қинғир йўл, қора қисмат енгил-елпи ҳаётни кўзлаб юрганларга сабоқ бўлиши керак.

Баҳодир ҚАЮМОВ,

жиноят ишлари бўйича

Яккасарой туман судининг

судьяси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =