Бугунги авлод нега руҳан толиқмоқда?
Сўнгги йилларда жамиятда бир ҳолат тобора кўзга ташланмоқда: ёшлар ва умуман бугунги авлод орасида руҳий чарчоқ, стресс ва ички бўшлиқнинг кучайиши. Ҳолбуки, замонавий инсон — билимли, технология билан қуролланган, имкониятлари кенг. Аммо имкониятлар ортгани сари руҳий енгиллик эмас, аксинча, руҳий босим ошаётгандек. Бу муаммо энди алоҳида шахслар доирасидан чиқиб, ижтимоий масалага айланмоқда.
Хўш, сабаблар нимада?
Фикримизча, аввало, бу — ахборот босими. Бугунги инсон, айниқса, ёшлар кунига юзлаб хабарлар ва визуал ахборотлар оқими ичида яшамоқда. Бу онгнинг тинимсиз ишлашига ва дам олиш механизмларининг издан чиқишига олиб келади. Иккинчи сабаб — таққослаш босими. Ижтимоий тармоқларда намойиш этилаётган “мукаммал ҳаёт”лар ёшларни ўз ҳаёти билан солиштиришга мажбур қилади. Натижада ўзига ишончсизлик, етишмовчилик ҳисси ва ички норозилик кучаяди. Яна бир сабаб — дам олиш маданиятининг йўқолиши. Замонавий ҳаёт суръати тез: ўқиш, иш, ривожланиш, моддий ташвишлар ва шу каби муаммолар сабаб дам олишга вақт ажратиш камаяди. Телефон орқали “дам олиш” эса, аслида, онг учун яна бир юкдир.
Хўш, бу муаммоларга қандай ечим топиш мумкин?
Бугунги авлоднинг руҳий толиқишини камайтириш фақат шахсий ҳаракатлар билан чекланмаслиги лозим. Бу масалада жамият, таълим тизими ва медиа ҳам масъулдир. Ёш авлодга ахборотдан онгли фойдаланишни шакллантириш, ижтимоий тармоқларда меъёрни сақлаш ва руҳий саломатликни асрашга кўмаклашиш керак. Стресс ва чарчоқ пайтида суҳбат орқали қўллаб-қувватлаш муҳим. Шунингдек, ОАВда, ижтимоий тармоқларда реал ҳаёт ва сабр жараёни тасвирланган воқеликни кўпроқ ёритиш зарур.
Бугунги авлоднинг руҳий толиқиши замон синовига ўхшайди. Шу боис жамият ёшларни нафақат натижа ва ютуқлар билан, балки уларнинг руҳий ҳолатини ҳам тушуниб, қўллаб-қувватлаши зарур эмасми?
Зеро, руҳан соғлом авлод барқарор ва соғлом жамиятнинг энг муҳим пойдеворидир.
Дармонжон РУСТАМОВА,
ЎзМУ талабаси.
