“Сен қаёқдан биласан?..”
Хайриддин СУЛТОН,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси
Муаллиф ҳақида:
Хайриддин СУЛТОН Тошкент вилоятида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тугатган.
Адибнинг “Қуёш барчага баробар”, “Бир оқшом эртаги”, “Онамнинг юрти”, “Умр эса ўтмоқда”, “Бобурнинг тушлари”, “Бобурийнома”, “Тўқчилик ва йўқчилик”, “Саодат соҳили”, “Уч юз олтмиш тўрт кун”, “Кўнгил озодадур”, “Одамлардан тинглаб ҳикоя”, “Ялдо кечаси” сингари ўн бешга яқин китоблари чоп этилган.
Ёзувчи киносценарийлари асосида “Чангак”, “Мозийдан бир саҳифа”, “Меҳробдан чаён”, “Тушларимда кўриб йиғлайман”, “Ёлғиз ёдгорим”, “Улуғ амир ва Донна Мариа” каби фильмлар суратга олинган.
– “Ёшлик девони” энди нашрдан чиққан пайтлар, – деб ҳикоя қилган эди Эркин ака. – Мен учун ота мақомида бўлган тоғам Карим Сахибоевнинг уйига бир куни улфатлари меҳмондорчиликка йиғилишди.
Улфатлар ким десангиз, машҳур уламо, сиёсий арбоб Алихонтўра Соғуний, ака-ука ҳофиз Шожалиловлар, Маъруфхўжа Баҳодиров, шоир Чустий… Ҳаммаси мадраса кўрган эски одамлар. Мен чой ташиб хизмат қилиб турибман.
Бир вақт гап айланиб келиб, “Ёшлик девони”га тақалди. Суҳбатдошлар бири олиб, бири қўйиб китобни таърифлай кетишди. Уларнинг ҳаммаси бир фикрда якдил эди, яъни девонда ишқи илоҳий куйланган, ёр, дилбар, маъшуқа деганда аввало Худои таоло улуғланган. Бу эса Эркин Воҳидов ижодида мутлақо янги бурилиш бошланганидан далолат берар экан.
Бошида индамасдан, одоб билан чой қуйиб ўтиравердим. Аммо гап чуқурлашгани сари ташвиш-хавотирим орта бошлади. Нима бўлганда ҳам, партия аъзосиман, комсомол нашриёти бош муҳаррирининг ўринбосариман. Худо кўрсатмасин, агар бу гаплар эртага бирон жойга етиб боргудек бўлса…
Шунинг учун масалага ойдинлик киритмоқчи бўлдим.
– Бу машқлар бир ҳавас, катта баҳо бердинглар, раҳмат, – дедим, – аммо, муаллиф ундай юксак мақсадларни ўз олдига қўймаган. Бу ғазалларда оддий инсоний туйғулар, ёш йигит-қизларнинг беғубор муҳаббати, севги-садоқати тасвирланган, холос.
Менинг бу гапим бир умр адлия ходими, судья бўлиб ишлаган, Олий суд аъзоси ҳам бўлган тоғамга ёқмади.
– Ёш бола нарса, бу китобда нима ёзилганини сен қаёқдан биласан? – деди қовоғини солиб.
“КОНВОЙ”
“Тафаккур” журнали таҳририятида бўлиб ўтаётган бир тадбирда бош муҳаррир Эркин Аъзам даврада иштирок этаётган эр-хотин олимларни мақтаб қолди.
– Мен Фалончижон билан Фалончихонга ниҳоятда ҳавас қиламан, қойил қоламан. Булар институтда ҳам бирга ўқиган, идорада ҳам бирга ишлашади. Шунча йилдан бери аҳил-иноқ бўлиб яшашади. Мен буларни бамисоли Тоҳир-Зуҳрога ўхшатаман. Ишга ҳам бирга келишади, тушликка ҳам бирга чиқишади, ишдан ҳам бирга қайтишади…
Турсуной опа бу гапни эшитиб, мийиғида кулди.
– Айланайин ўзимнинг баҳоси йўқ укамдан, – деди мақталган эрни мақтаб, – ишга конвой билан келиб, ишдан конвой билан кетишга ҳар ким ҳам дош беролмайди, ахир.
“НОИНСОФ ДЎХТИР”
Таниқли журналист Аҳмаджон Мелибоев билан бир зиёфатда ёнма-ён ўтириб қолдик. Аҳмаджон ака докторнинг тавсиясига кўра парҳезда экан, дастурхонга кетма-кет келиб турган анвойи таомлардан нафсини тийиб, фақат сув ҳўплаб ўтирди.
Бир вақт лоладек қип-қизариб пишган, қайноқ сомса тортилди. “Олинг-олинг”, деб ҳарчанд манзират қилишимизга қарамасдан, у киши сомсадан татиб кўришга ҳам унамади. Бошқалар иштаҳа билан тановул қилишга киришди.
Аҳмаджон ака зиёфат аҳлини зимдан кузатиб турди-турди-да, охири чидаёлмади, лагандан битта сомсани олиб, иккига бўлди. Ҳил-ҳил бўлиб пишган, ичида думба ёғлари килкиллаб турган сомсанинг бурқираган ҳиди иштаҳани карнай қилиб юборарди.
Аҳмаджон ака бир қўлидаги сомсага, бир ёнидагиларга қаради, кейин ютиниб:
– Ноинсоф дўхтир, шундоқ зўр нарсани ема дейди-я! – деб хўрсинди.
“МАЙДА БУРЖУАЗИЯ КУЙЧИСИ”
80-йилларнинг охирида нашриётда Муҳаммад Юсуф билан бирга ишладик. Мен – бош муҳаррир, у кишим буюртма нашрлар бўлимининг муҳаррири.
Баъзан шоир кечаси билан ижод қилиб, чарчаганидан бўлса керак, эртаси куни ишга вақтида келолмасди. Лекин у борми-йўқми – бундан қатъи назар, кабинетининг эшиги олдида ҳамиша беш-ўнта одам илҳақ бўлиб кутиб ўтирар эди. Мен бу кишиларни нашриётга буюртма асар, яъни ўз ҳисобидан китоб чиқариш учун келган инвестор-муаллифлар, деб ўйлардим ва имкониятни бой бермаслик учун Муҳаммаджоннинг ўрнига уларни қабул қилардим. Бироқ ҳар сафар адашган бўлиб чиқардим.
Булар олис-олис вилоятлардан, ҳатто қўшни республикалардан келган, китоб-питоб ёзадиган эмас, умуман китоб ўқимайдиган одамлар экани маълум бўларди. Биттаси, масалан, қассоб, яна биттаси дорбоз, учинчиси – проводник, тўртинчиси – боксёр, кейингиси – мантифуруш ва ҳоказо кишилар эди. “Муҳаммаджонда нима ишинглар бор?” деб сўрасам, худди келишиб олгандек, баъзилари “ишим йўқ, ўзим шундоқ бир кўриб кетмоқчи эдим”, деса, яна баъзилари “Маҳамаджон акамга бир чуқум ош қилиб бермоқчи эдим”, деб жавоб қайтарарди.
Шоир вилоятга сафарга кетган, кутиб ўтирманглар, деб уларни алдаб-сулдаб тарқатиб юборсам, эртасига нашриёт йўлагида янги гуруҳ зиёратчилар пайдо бўларди: бири – сартарош, бири – улоқчи, бошқаси – пичоқсоз, кейингиси – ўт ўчирувчи ва ҳоказо. Улар ҳам ўша дард, ўша мақсад билан келган бўларди.
Муҳаммаджон нашриётга қадамранжида қилиб қолган бахтли кунларнинг бирида мен унга ҳазиллашиб:
– Шоир, мухлисларингизга қараб билдим, сиз – “майда буржуазия куйчиси” экансиз, – дедим. — Хайриятки, ошкоралик даврида яшаяпмиз, илгариги замон бўлса, мана шундоқ айб билан урилиб, абжағингиз чиқиб кетарди… Уйдаям шу аҳвол бўлса керак?
Муҳаммаджон индамай турди-да, кейин:
– Подъезддан ўтиб бўлмайди. Гоҳ қаёққа қочиб кетишни ҳам билмайман, – деб ҳасрат қилди.
– Шукур қилинг, дўстим, – дедим унга таскин бериб. — Халқ меҳри ҳаммагаям насиб қилавермайди.
– Тўғри, – деди шоир, – фақат шу меҳр дарёси ғарқ қилиб юбориши чатоқ-да.
“Навоий – 30” китобидан.
