Хўқанди латиф ҳунармандлари

Қўқон қадим-қадимдан “Хўқанди латиф” (“латиф шаҳар”) дея таърифланган, номи етти иқлимга етган, ўзига хос, гўзал, бетакрор ва беқиёс шаҳар. Бу қутлуғ заминда не-не улуғ зотлар, илму ҳунар эгалари, олиму уламолар, фозилу фузалолар, шоиру ёзувчилар ва не-не ҳунарманд усталар-у, не-не кулоллар яшаб ўтмаган дейсиз! Аслида, мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси ва ҳар қарич ери азиз, муқаддас. Зеро, азиз ерларда азиз одамлар яшайдилар…

Қўқон тарихини беш қўлдай яхши биладиган таниқли тарихчи олим, Қўқон давлат музей-қўриқхонаси илмий ходими Яҳёхон ака Дадабоев (Муҳаммад Яҳёхон Хўқандий) нинг таъкидлашича, қадимги замонлардан то XX аср бошларигача Қўқонда ганчкорлик, заргарлик, мисгарлик, қоғозгарлик, кўнчилик, маҳсидўзлик, дўппидўзлик, аравасозлик каби 700 дан зиёд касб-ҳунар турлари мавжуд бўлган. Ана шу касб-ҳунарлар ичида ёғоч ўймакорлиги алоҳида ўрин эгаллаган.

— Ёғоч ўймакорлиги бадиий ҳунармандчилик санъатининг энг қадимий турларидан бири ҳисобланади, — дейди Яҳёхон ака Дадабоев. — Бунда аввал ёғочга нақш чизиқлари чизилади, кейин ана шу чизиқлар бўйлаб ишга киришилади: махсус асбоб-ускуналар ёрдамида нақш-безак берилади. Ҳосил бўлган бўртма шакллар ҳандасавий (геометрик) ёхуд ислимий (ўсимликсимон) нақш-тасвирлар дейилади.

Ёғоч ўймакорлиги ҳунарманд-устадан кўп ва хўп қўл меҳнати, нозик дид, аниқлик ва юксак маҳорат талаб қиладиган иш. Ҳар бир безак, нақш-нигор ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг тарзда бўлиши керак, албатта. Қўқонлик машҳур уста Қодиржон Ҳайдаров (1899-1983)нинг невараси Мирзаюнус Умаров айтадики, бадиий ҳунармандчиликда, хусусан, ёғоч ўймакорлигида гириҳ, ислимий, паргари, мадоҳил каби хилма-хил нақш кўринишлари мавжуд.

— Гириҳ форсча сўз бўлиб, муаммо, тугун, чигал маъноларини англатади, — дейди биз билан суҳбатда Мирзаюнус Умаров. — Мадоҳил араб тилида остона, эшик, кириш-чиқиш жойи деган сўз. Паргари эса циркулнинг шарқча номи.

Маълумотларга кўра, Қодиржон Ҳайдаров ёғоч ўймакорлиги бўйича нафақат Қўқонда, балки мамлакатимизда улкан мактаб яратган, ўзидан бой моддий-маънавий мерос қолдирган, юзлаб ва минг-минглаб шогирдларни тарбиялаб вояга етказган устоз сифатида кўпчиликка маълум ва машҳур. Бу ҳақда янада кўпроқ ва тўлиқроқ маълумот олишни истасангиз, Муҳаммад Яҳёхон Хўқандийнинг 2021 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан нашр этилган “Хўқанди латиф ҳунармандчилиги” асарига мурожаат қилишингиз мумкин. Ушбу асарда таъкидланишича, “Ҳайдаровларнинг бобокалонлари асли шаҳрисабзлик бўлиб, уларнинг барчаси устазода ҳисобланадилар. Боболари Уста Нурмуҳаммад етук дурадгор ва ўймакор уста бўлган. У киши ўз ҳунарини ўғиллари Нажмиддинга ўргатган. Зўр уста бўлиб етишган Нажмиддиннинг довруғи бутун Ўрта Осиё бўйлаб тарқалади. 1865 йилда Хўқанд ҳукмдори Саййид Муҳаммад Худоёрхон шаҳарнинг Афғонбоғ мавзесида ёзлик сарой қурдиради. Ёғоч ишларини бажариш учун Шаҳрисабздан уста Нажмиддинни таклиф қилади. Уста Нажмиддин ўғли Ҳайдарали билан бирга сарой қурилишидаги барча турдаги ёғоч ишларини бажаради…”

Уста Қодиржон Ҳайдаров Тошкентдаги Ўзбекистон халқлари тарихи музейи, Тошкент цирки биноси ва Ўзбекистон Бадиий Академияси кўргазмалар зали эшикларини яратиш орқали ёғоч ўймакорлигининг юксак намуналарини яратган уста сифатида катта шуҳрат қозонди. Шунингдек, Қўқон ёғоч ўймакорлиги санъати мактабини яратиш, миллий анъаналарни сақлаб қолиш ва уни ривожлантиришда Қодиржон ота Ҳайдаровнинг хизматлари беқиёс.

Қодиржон Ҳайдаровнинг бадиий ҳунармандчилик, хусусан, ёғоч ўймакорлиги соҳасидаги кўп йиллик ҳалол ва фидокорона хизматлари муносиб тақдирланди. 1963 йилда Ўзбекистон халқ рассоми унвони берилди: 1970 йилда Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати бўлди. Вафотидан сўнг (1983 йил 15 декабрь) уйлари музейга айлантирилди: Ўзбекистон Бадиий академияси Қўқон тасвирий ва амалий санъат билим юрти (коллежи) га Қодиржон Ҳайдаров номи берилди.

Энг муҳими, чин маънода айтганда ҳам, рамзий маънода айтганда ҳам, бугунги кунда Хўқанди латифда машҳур уста Қодиржон Ҳайдаров ёққан чироқлар йўлчи юлдуз каби ёруғ нур сочиб, порлаб турибди. Устоз-шогирд анъаналари давом этмоқда. Устанинг набиралари Мирзаусмон, Мирзаюнус, Ҳасанжон Умаровлар ҳамда уларнинг фарзандлари Шамсиддин, Жаҳонгир, Отабек, Жамшид, Абдулҳаким, Абдураҳмон, Абдулазиз ва Шаҳобиддинлар, содиқ шогирдлари Салимжон Эргашев, Абдуғани Абдуллаев, Мансур Жалолов, Набижон Хушназаров, Бурҳон Абдуллаев, Одил Жалолов, Рафиқ Маҳмудов, Иброҳим Содиқов, Ислом Каримов, Мурод Абдуллаев ва бошқалар давом эттириб келмоқдалар. Мирзаусмон, Мирзаюнус ва Ҳасанжон Умаровлар Қодиржон Ҳайдаров мактаби ичра ўз мактабларини яратишга муваффақ бўлдилар.

— Сўнгсўз ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда ер юзида расман “Ҳунармандлар шаҳри” мақомини олган 27 та шаҳар бор. Шулардан бири, шубҳасиз, Хўқанди латиф ҳисобланади. Қўқонликлар ўзларининг гўзал, латиф ва бетакрор шаҳри муаззамлари билан, меҳнаткаш, меҳмондўст, хушфеъл, мард ва олийжаноб одамлари билан ҳақли равишда фахрланадилар. Тадбиркорлик, ишбилармонлик, хусусан, ҳунармандчилик қўқонликларнинг қон-қонига сингиб кетган, десак, асло муболаға бўлмас. Бу борада амалга оширилаётган ишлар кўлами тобора кенгайиб, юксалиб бормоқда. Устоз-шогирд анъаналари давом этмоқда. Зеро, бу ёруғ дунёда илм-фан, илму ҳунар бор экан, устоз-шогирд анъаналари абадулабад давом этаверади. Ахир илму ҳунар — гавҳар ила зар, деган гап…

Олимжон ДУШАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + 7 =