Қорхат

Нодирабегим ИБРОҲИМОВА

Муаллиф ҳақида:

Нодирабегим Иброҳимова 1989 йил Фарғона вилоятида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтини тамомлаган. Асарлари республика ва хорижий нашрларда чоп этилган. “Жодугар ёхуд минг йиллик ҳаёт”, “Зулм ва муҳаббат”, “Мен, дадам ва Альцгеймер”, “Оқдан қизилга”, “Ойсиз тунлар” номли китоблари нашр этилган. Жаҳон адабиётидан ўндан ошиқ қисса ва романларни ўзбек тилига ўгирган. 2017 йил Ёшлар иттифоқи мукофотининг наср йўналиши бўйича “Йилнинг энг яхши ёш ижодкори” йўналиши ғолиби. Огаҳий номидаги халқаро мукофот совриндори.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Йўлка бўйлаб хаёл суриб кетаётиб, елкамга урилган бир нимадан сесканиб тушдим. Ўгирилиб қарасам — қор тўпи. Сал нарида эса бир нечта йигит-қиз қорбўрон ўйнашаётган экан.

Улардан бири мен томон қадам ташлаб:

— Узр, опа, адашиб отиб юборибман, — деди.

— Ҳечқиси йўқ, — деб пичирлагандек бўлдим-да, бу ердан тезроқ узоқлашишга шошилдим. “Мана, энди опа ҳам бўлдинг”, дердим ўзимга ўзим. Илгари фақат “синглим”, “яхши қиз”, дейишарди, бугун ўзим тенги йигитлар учун опа ҳам бўлдим. Ёки шунчалик… у ёғини ўйлашга истиҳола қилдим. “қариманми?” дейишга ҳатто ўзимдан уялдим.

Тўғри, мен тенгиларнинг биринчи фарзанди мактабга чиқай деб қолган. Курсдошларимга байрамларда даврани безайдиган мендек дугоналарининг тўйига бориш насиб этмади. “Хўш, ким айбдор?” деб ўзимга савол бераман. Ахир ўзинг-ку, тентак, ўзинг барига якун ясадинг-ку!

Ҳаммаси кечагидек ёдимда. Бугунгидек қор ёққан, кўча болаларнинг қий-чуви, ёшларнинг қорбўрон ўйинига тўлган бир кун эди. Ўшанда биз курсдошлар ҳам нимадир бўлиб, қорбўрон ўйнашга факультетдан ташқарига чиқдик. Аслида, бу ўйинни жиним суймасди, нима зарил музлаб, қорга кўмилиб? Тўнғиллаб, ишим кўплигини баҳона қилиб кетвормоқчи бўлиб тургандим ҳамки, елкамга биринчи қор тўпи урилди. Қизарганча қарасам, курсдошим Бекзод. Турибди тиржайиб, гўё бир нимадан хижолатдай… Жаҳлим чиқди. Нега айнан менга отади, шунча қиз туриб? Қўлимда каттагина тўп ясадим-да, юзига қараб отдим. Қаёқда, чап бериб қолди. Аламим келиб отавердим, отавердим. Тегмади. Ахийри тўнимни тескари кийиб, улардан узоқлашдим. Ортимдан дарров етиб келди.

— Хафа бўлдингизми, Дилноза?

— Йўқ, хурсандман! — дедим ачитиб.

Гапимнинг оҳангидан у юраётган ерида тўхтаб қолди. Мен эса “ажаб қилдим” дедим-да, автобусимга чиқдим. Автобус ойнасидан унга кўзим тушди: ўша ерда мунғайганча, мендан кўзини узмай тикилиб турибди. Юрагим алланечук бўлиб кетди.

Эртасига ўқишга борсам, гуруҳбошимиз Сарви ёнимга келди.

— Нега ундай қилдинг, жинни? — деди ҳе йўқ, бе йўқ.

— Нима қипман?

— Нега Бекзодни… яхшимас-да, бола бечорани қийнаб.

Гапига тушунмадим.

— Ахир у сени севади-ку, тентак.

Устимдан муздек сув қуйиб юборишгандек бўлди.

— Меними… нега?

— Севади, тамом. Негамиш? Сенга айтолмай юрувди, қорбўрон баҳона гаплашиб олмоқчийди…

— Сен қаердан била қолдинг, сирлашдингми? — энди қоним қайнай бошлади.

— Жинни! Кеча шунақа қилиб кетиб қолганингдан кейин қўлимга манави мактубни берди. Қорхат экан! Кейин ёрилди. Ичи тўла…

— Дард экан, дегин! Вой, бечорагина-ей!

Ўрнимдан турдим-да, кетиб қолдим. Аслида, табиатим шунақа: ичимда муҳаббатга ташналик бўлса-да, сиртимга чиқармайман. Балки мунис онамни отам ташлаб кетгани, бошқасини топгани учун юрагим эркак зотига умрбод қулф, деб ўзимга сўз берганим учундир. Ҳар ҳолда, унинг мактубини ўқимаёқ, деразадан қор уюмига ирғитиб юбордим. Буни аудиториядагилар кўрди. Кимдир Бекзодга ҳам етказганов, энди у менга маъюс, қандайдир алам ва ғамга тўлган нигоҳларини тикишдан тортинмас, кўзларида “наҳот умид йўқ”, деган ифода қотиб қолгандек эди…

Умид… бор эди. Балки, буни вақтида англаб етганимда, ҳозир У ёнимда бўлармиди… Беозоргина қор отиб, ўша кунгидек хижолатли жилмайиб қўярмиди? Қайдам… Ўқишни битирдим-у, унинг совчилари уйимизга серқатнов бўлиб қолди. Ойимга “ҳали яна ўқий, ишлай”, деган баҳоналарни қалаштириб, уларга рад жавобини бердирдим. Шу-шу… умр ўтди, ўқидим, ишладим, барча ниятларимга етдим. Бироқ… қалб ҳамон ҳувуллаганча, ёпиқ эшикларини фақат Бекзодгагина очишини таъкидлайди… Уни охирги марта икки йил олдин курсдошлар йиғилишида кўргандим. Ҳамон ўша-ўша, нигоҳлари ҳам ўшандай. Уйланмаганини эшитиб, юрагим бир қалқиди-ю, лекин совчиларига барҳам бериш учун “севганим бор”, деб алдаганим ёдимга тушди… Ўшанда Бекзод мени тинч қўйган, шундан буён ҳаётимдан изсиз йўқолганди.

Шу хаёллар билан уйга ҳам етиб келдим. Кирсам, ойим сўзсиз имлади: уйда меҳмон бор. Кийиниб чиқиб, ошхонага ўтдим.

— Ким экан, ойи?

— Совчилар, қизим, совчилар.

Ойимнинг юзларига йўқолган қувончи қайтган, лабларида табассум ўйнарди.

— Фақат бу гал йўқ демагин, болам. Ахир мени ҳам ўйласанг-чи…

“Қадами узилаёзган совчилар кимдан экан?” ўйладим мен.

— Майли, розиман, — қўл силтадим. Чиндан ҳам бугунги хаёлларимга фақат шу гап нуқта қўя олади. Билмадим, Бекзодни унутаманми, йўқми…

— Сен танийсан, қизим. Собиқ курсдошинг экан, аввал ҳам келганди-ку…

Юрагим ўша галгидек ожиз титради.

— Ким?..

— Бекзоджон.

Сукут сақладим… Ҳа, бу сукут розилик сукути эди. Ўша куниёқ нон синдирилди. Мен эса бахтимни шунчалик илҳақ кутган эканманми, шу тун тўйиб йиғладим. Эртасига эса… Бекзод билан учрашдик. Бу гал… унга фақат меҳр билан тикилдим. Хиёбон бўйлаб суҳбатлашиб кетдик.

Аста атрофга қарайман. Ёшлар қорбўрон ўйнашарди. Бир қиз юзини ялаб ўтган қор тўпидан аччиқланиб, унга хижолатомуз нигоҳларини тиккан йигитга “нега айнан мен?” деган кўйи тикилиб турарди…

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + ten =