Матбуот – жамият табиби бўлиши керак!
“Хива тонги” газетаси бош муҳаррири, ёзувчи Шержон Машарипов билан суҳбат
— Ассалому алайкум, Шержон Машарипович! Сиз билан суҳбатимизни энг кўҳна мавзулар ҳақида олиб борсак… Чунки Хиванинг 2500 йилдан ортиқ ёшини назарда тутадиган бўлсак, аввало, Абдулла Қодирийнинг “Мозийга кўриб иш кўрмоқ хайрлидур” деган сўзлари хотиримга келади… Устоз, азим Хиванинг қайсидир ҳокими айтган “Хивада туғилмоқ, Хивада яшамоқ ва Хивада ўлмоқ катта бахтдир”, деган сўзлари эсимдан чиқмайди.
— Ва алайкум ассалом. Катта раҳмат. Албатта, Хива шу қадар қадимий ва ўтмиш хотираларини бағрида босиб яшаб келаётган шаҳарки, унинг ҳар бир тошини кўзга тўтиё қилгимиз келади. Неча хонларни кўрган, неча азизларнинг, илму толибларнинг, олимларнинг нафаслари, қадамлари қолган бу азим шаҳарда дунёга келиб, шу ерда яшаётганимдан фахрланаман…
Ҳақиқатан ҳам Машриқдан Мағрибгача маълуму машҳур кўҳна Хивадаги кейинги ўн йил ичида рўй берган шиддаткор ўзгаришларни санаб адоғига етиш қийин. Ичонқалъани кезсангиз, худди минг бир кеча кўчаларига саёҳат қилгандек бўласиз. Дешонқалъадаги бунёдкорлик ишлари ҳам улардан кам эмас. Исломхўжа орзу қилган поезднинг келиши, Президент ва Огаҳий ижод мактаблари, “Arda Xiva” сайёҳлик мажмуаси… — аввал булар бир орзу, хаёл эди, холос.
— Бугунги кунда қадимий Хивага бориб қолган одам унинг ўзгаришларини кўриб, ҳайратда қолади. Бу табиий ҳол. Аммо айнан зиёратгоҳ бўлган баъзи қадамжолар ва улуғларнинг сўнгги манзиллари абгор ҳолатда ётганлиги бу янгиланишларга соя ташлагандек туюлади…
Хивага сафаримиз асносида Комил Хоразмий яшаган уйнинг таъмирга муҳтож бўлиб қаровсиз ҳолатда ётганлиги, Муҳаммад Раҳимхон Ферузнинг қабри жойлашган зиёратгоҳнинг ва буюк Хоразмшоҳлар музейининг эътиборга, таъмирга муҳтож эканлигидан кўнгил оғрийди, албатта. Бу ҳолга сиз қандай қарайсиз?
— Ҳақиқатан ҳам сиз таъкидлаган қутлуғ қадамжоларнинг бугунги абгор ҳолати ачинарли. Биз бармоқ букиб санашга уста халқмиз. Фалон-фалон тарихий-маданий мерос иншоотлари фалон-фалон йиллари ўн марталаб қайта таъмирланган-ку, деймиз. Лекин қандай қилиб? Сифати, орадан ўтган йиллар ҳақида лом-мим демаймиз.
Мен ҳар куни ишга Ичонқалъа мозийсидан кириб, Дешонқалъа замонасига қайтиб чиқиб келаман. Йўлда учраган доғлар менинг ҳам нигоҳимдан ўтади. “Онангни отангга бепардоз кўрсатма”, деганларидек, Хивага бир кун эмас, ҳар куни қараш керак.
Биз танқидий-таҳлилий мақолаларимизда жуда кўп таклифларни ўртага ташлаганмиз. Ҳатто “Хивага поклик ва гўзаллик ярашади” мазмунида шаҳар аҳлига мурожаат ҳам йўллаганмиз. Афсуски, бепарволигимиз туфайли ўзимиз яшаётган заминимизни кўз қорачиғидек асрашга кучимиз етмаётгандек туюлади.
Ватанни севиш — иймондандир дейдилар. Иймон-эътиқодимиз мустаҳкам бўлгандагина кўз очиб, киндик қонимиз томган масканимизни обод тутамиз. Шу ўринда бир воқеа бот-бот эсимга тушади: бундан 30-35 йиллар муқаддам Хью Бернеби деган Буюк Британия фуқароси Хивага ўзининг мотоциклида етиб келган эди. Лондон билан шаҳримизнинг ораси 9000 километр экан!
Мен ундан келишининг мақсади, йўл қийинчиликлари ҳақида сўрадим.
— Бобом раҳматли бундан 120 йил олдин Хивага келган эканлар. Бу ерда олган таассуротлари ҳақида китоб ёзиб қолдирганлар. Мен энди шу китобнинг давомини ёзмоқчиман, – деди у.
Мана сизга чинакам эътиқоднинг намунаси. Агар биз сайёҳларга қандай хизмат кўрсатсак, остонамизни қандай озода тутсак, заминимиз шуҳрати ҳам шунчалик ошади.
— Хивадаги мадрасаларда буюк туркман шоири Махтумқулидан тортиб, дунёнинг турли бурчакларида яшаган алломалар таҳсил олишган. Марказий Осиё ва бутун Шарқ Уйғониш даврининг буюк олими бўлган инсон, ўз даврининг илғор табиий-илмий, маърифий-педагогик фикрлари билан ягона саналган мутафаккирлардан бири, араб, юнон, санскрит каби бир қанча тилларда мутолаа қилган Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий “Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала” (“Тўлдириш ва қарама-қарши қўйиш ҳисобига оид қисқача китоб”) китобини ёзган. Ҳатто Абу Али ибн Сино ҳам 1005-1012 йилларда Маъмун академиясида олимлар билан ҳамкорликда ишлаб, ўзининг “Тиб қонунлари” ва бошқа асарларини яратган. Хоразм — аз-Замахшарий, мутасаввиф шоир Сулаймон Боқирғоний, ал-Чағминий, Носириддин Бурҳониддин Рабғузий, Мунис Хоразмий, Огаҳий, Нажмиддин Кубро, ал-Хоразмий, ал-Беруний, Ҳайдар Хоразмий, Ҳофиз Хоразмий, Паҳлавон Маҳмуд, буюк давлат арбоби ва етук тарихчи олим Абулғози Баҳодирхон, Муҳаммадниёз Нишотий ва бошқа буюкларга бешик бўлган, бу макон. Шундайми?
— Маъмун академиясининг қайта кўз очиши мудраган уйғоқлигимизни очиб юборди. Буюк аждодларимизнинг яна қанчадан-қанча асарлари, кашфиётлари илм-фанга маълуму машҳур бўлди. Биз булар ҳақида газетамизнинг яқиндаги сонида Хоразм Маъмун академияси раиси, биология фанлари доктори, профессор Икром Абдуллаевнинг “Академия: илк давридан Янги Ўзбекистон давригача!” сарлавҳали мақоласида атрофлича ёритдик.
— Ижодингиз ҳақида ҳам тўхталсангиз. Қандай китобларингиз чиққанини билишни истардик…
— Илк ижодим мактаб даврларидан бошланган. Мактаб саҳнаси учун кичик-кичик интермедиялар, ҳажвиялар ёзардим. Мақола ва ҳикояларим ўзимизнинг газетамизда, “Хоразм ҳақиқати”, “Ёшлар овози”да босилиб чиққан. Лекин катта ҳажмдаги асарларимни чоп этишга шошилмадим. Негадир ҳали меъёрига етмагандек туюлаверди. Илк “Умр ўтиб боради” қиссам 1994 йилда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган. Шундан сўнг “Ёрқин умидлар” (қисса), “Юлдузлар порлайверади” (ҳикоялар), “Вазири акбар” (тарихий қисса), “Олтин қалъа” (ҳаммуаллифликда), “Заҳмат ортидаги нур” (ҳужжатли қисса), “Туҳфа”, “Хива солномаси”, “Яхшилик-ла яшаган одам” (ҳужжатли қиссалар), “Ҳаловат нелигин билмай”, “Шаҳлохон шоҳсупаси”, “Заминга пайваста кўнгил” (публицистика ва туркум очерклар), “Исломхўжа орзуси ёхуд Хивага поезд келган кун” каби асарларни қораладим.
Айни пайтда Хоразм бахшичилик санъатининг яловбардори Қурбонназар Абдуллаев ҳақида “Бола бахши” романи ҳамда газетамизнинг бир асрлик тарихидан ҳикоя қилувчи “Юзинчи бекатда учрашамиз” китоблари устида изланишлар олиб боряпман.
— Қандай қилсак, мутолаадан чиқиб бораётган авлодни яна газета-журналга, китобга қайтариш мумкин? Илло, илм-маърифат инсон ҳаётини равшан қилади.
— Бугунги авлод мутолаадан чиқиб бораётгани ҳақида бот-бот бонг уряпмиз. Биз ахборот асрида яшаяпмиз. Воқелик ҳали матбуотда босилмасданоқ “эскириб” қоляпти. Даврий нашрлар эндиликда аста-секинлик билан бой тарихий архив мақомига ўтиб боряпти. Бу дегани, қуёш ҳар куни чиқаверганидек, газета-журналлар ҳам нашр этишда давом этаверади. Буни ҳеч ким инкор қила олмайди. Илм-маърифат асло сўнмайди.
— Хивада газетачиликка эътибор қандай? Ҳокимликлар ўзларининг муассислигидаги газетага ғамхўрлик қилишадими? Масалан, “Hurriyat” хиваликлар хонадонига борадими?
— Обуна бўйича битта таклифни ўртага ташламоқчиман. Ҳар шаҳар ёки туманда икки мингдан тўрт мингтагача ижтимоий-иқтисодий субъект бор. Ҳар бир ташкилот биттадан газетага обуна бўлса ҳам, уч мингтадан, тўрт мингтадан обуна деган гап. Жамоа аҳли ўқиши учун нашрлар тахламда турса, нимаси ёмон?
Аслида, муассислар — ҳокимлар ўз нашри ҳақида қайғуриши керак. Муассис кучли бўлса, газетаси ҳам шубҳасиз зўр бўлади…
“Hurriyat” нафақат журналистларнинг, балки оддий қатламларнинг ҳам онгу шуурига тобора кўпроқ сингиб бормоқда. Танқидий-таҳлилий мақолаларни ҳар битта сонида учратиш мумкин. Жойларда (шаҳар-туманларда) мухбирлик пунктлари очилса, кўпроқ ижодий учрашувлар ташкил қилинса, айни муддао бўларди.
— “Инсон энг олийжаноб фазилатлар соҳибидир, — деб ёзган буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний “Минералогия” асарида, — яқин дўсти бор киши чинакам бахтиёр кишидир. У дўст муносиб ҳаёт тарзига эга, ёқимли хусусиятлар соҳиби бўлиши лозим. Ана шундай чин дўст ҳар бир кишида битта бўлади. Бундан ортиқ бўлмайди. Одам ҳамиша бошқаларга яхшилик кўрсатиши керак, агар яхшилик қилиш имконига эга бўлмаса, яхши тилаклар изҳор этсин”, — дейди буюк олим. Шу ҳикматли сўзларга муносабатингиз?
— “Шубҳасиз, инсон буюк куч соҳиби, фақат уни уйғота билиш керак!” деган экан алломаларимиздан яна бири. Бунда матбуот айнан кучли восита эканлигини унутмайлик! Матбуот — жамият элчиси ва табиби. Доимий уйғоқликка чорловчи мақолаларни муштарийлар эътиборига ҳавола қилишдан чарчамайлик!
Суҳбатдош:
Феруза Тангриберганова.
