Ҳайитлик
Мана, юртимизда Рамазон шукуҳи кезмоқда. Бу саховат ойида энг эзгу амаллар бажарилади. Масалан, узоқ-яқиндаги қариндошлар, ночор оилалар ҳолидан хабар олинади. Уришиб қолганлар ўртадаги гина-кудуратни унутиб, ярашишади. Энг асосийси, бу муборак ойда ота-оналаримизни зиёрат қилиш одатга айланган.
Эргаш ака якка-ю ягона ўғлини уйлантирди. Қўшниси Рустам ака билан қуда-андалик ришталарини боғлади.
— Ўғлим, мана энди сен ҳам бир кичкина оиланинг бошлиғи бўлдинг. Энди сенинг зиммангда икки карра масъулият бўлади. Шуни ҳеч қачон ёдингдан чиқармагин.
— Хўп бўлади, дадажон, — дея кўзида севинч ёшлари билан отасини бағрига босди ўғил.
Беҳзод ёшлигидан ҳарбий соҳага қизиқарди. Шу қизиқиш уни армияда танк билан дўстлашишга ундади. Шу боис йигитлик бурчини ўтаб бўлгач, шартнома асосида яна ҳарбийликдаги ишини давом эттирди. Хизмат туфайли қўшни вилоятда яшаб қолди. Ота-онасини кўриш учун қишлоққа келиб кетишга ҳам вақт тополмайдиган бўлди. Кўпинча фақат телефондагина хол-аҳвол сўрашарди.
— Бир қишлоққа бориб келсак, яхши бўларди. Бир-икки кун аввал телефонда уйдагилар билан гаплашгандим, дадажонимнинг тоблари йўқ эмиш. Тинмай сизни сўраётган эканлар, — деди бир куни аёли.
— Майли, бугун ишдан рухсат сўраб кўраман. Сен тайёр бўлиб тур, байрам баҳона уйдагиларни зиёрат қилиб келамиз, — дея жавоб қайтарди Беҳзод.
Шундан кейин ишга йўл олди. Навбатчиликда турганида отасига телефон қилди:
— Ассалому алайкум, дадажон!
— Болам, яхшимисан? Мен ҳам тузукман. Фақат шу юрак қурғур безовта бўляпти-да. Сени жудаям соғинганман. Қачон келасан?
— Тез кунларда бораман. Мен ҳам сизни соғинганман.
— Ҳа, майли, болам. Сени бир кўрсам, армоним қолмасди.
Отасининг бу гапидан Беҳзоднинг юраги шув этди.
— Ҳали кўп яшайсиз, дадажон. Невара-чевараларнинг тўйига ўзингиз бош бўласиз, — деди кўнгли алланечук бўлиб.
Фарзандининг бу гапини эшитган отанинг кўнглида бироз бўлса-да, яшашга бўлган ишонч пайдо бўлди.
— Тўғри айтасан, сени ўзим кутиб оламан. Ўз қўлларим билан сенга ва набираларимга ўчоқда ош дамлаб бераман.
Шу билан улуғ байрам — Рамазон ҳайити арафасида Беҳзод қишлоққа отланди. У ота-онасига, қариндош-уруғларига ҳайитлик олди.
Бу пайтда бечора чол-кампир фарзандлари келишига катта тайёргарлик кўришди. Чиройли дастурхон безатиб, ўчоқда паловхонтўра дамлашди.
— Чол, ертўладан ўз қўлларим билан ёпган шарбатлардан олиб чиқинг. Набираларим яхши кўради-да. Уларни бир хурсанд қилай, — деди кампир.
— Хўп, — дея чол қоронғи хонадан компот олиб чиққани кетди.
Нима бўлди-ю, отанинг оёғи сирпаниб, боши билан ерга йиқилди. Бироз вақт ўтгач, кампир чолини қидириб ертўла томон борди. Не кўз билан кўрсинки, чоли ерда чалажон ҳолда овози чиқмай ётарди. Дарров қўшниларни ёрдамга чақирди. Ҳартугул, ҳушини йўқотмаган экан. Иссиқ хонага олиб кириб, керакли муолажалар қилишди. Ота ўзини билиб-билмай ётарди.
Орадан тахминан 3 соат вақт ўтди. Шу маҳал тўсатдан бечора отанинг аҳволи ёмонлашди. Юрак уриши секинлашиб, нафас олиши қийинлашиб бораверди. Бу орада ўғил телефон орқали онасидан отаси ҳақида сўрарди. Онаизор узоқ йўлдаги фарзандининг кўнглига ғулғула солмаслик учун “Яхши, яхши”, дейишдан нарига ўтолмасди. Онасининг далдасига ишониб, ўғил бемалол йўлини давом эттирди.
Аттанг, ота ўғлига берган ваъдасини бажара олмади. Жони узилди. Беҳзод эса роппа-роса 5 соатдан кейин жондан азиз уйига кириб келди ва бу воқеани кўриб ҳайрон-у лол қолди.
— Дадажон, кутиб оламан дегандингиз-ку. Нега бундай қилдингиз? Сизга ҳайитлик олиб келаётгандим-ку!.. — дея бўзлаб йиғлаганча қўлидаги совғаларни силкитарди у.
Атрофдан эса уни юпатувчи, далда бўлувчи гаплар эшитила бошлади. Ниҳоят, ҳайит намозидан сўнг жаноза ўқилди ва Эргаш ака абадий манзилга кузатилди.
Буни тақдир дейдилар. Ҳеч ким эртаси нима бўлишини билмас экан. Шундай экан, азиз ота-оналардан доимо хабар олиб турайлик. Агар ҳаёт бўлишса, жаннат калитларимизни асраб-авайлайлик. Оламдан ўтишганида ҳақларига дуолар қилиб, доимо қалбимизда эслаб турмоғимиз даркор!
Муҳаммадсодиқ ТЎРАЕВ.
