Талабага форма керакми?
Олий таълим муассасаларида кийиниш меъёрлари масаласи вақти-вақти билан жамоатчилик муҳокамасига чиқади. Аслида, бу масала кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. Ушбу муаммоли мунозара йиллар давомида таълим тизимида турли қарашлар марказида бўлиб келмоқда. Бу мавзу фақатгина ташқи кўриниш ҳақида эмас, балки таълим фалсафаси, шахсий эркинлик, профессионал тайёргарлик ва ижтимоий маданият ўртасидаги мураккаб боғлиқликни ўзида акс эттиради.
Кийим инсоннинг шахсий танлови, диди ва дунёқараши ифодасидир. Бироқ айрим касб эгалари, таълим муассасалари ўқувчилари учун махсус форма ёки кийиниш меъёрлари жорий этилиши ҳам амалиётда кенг тарқалган. Шундай экан, савол оддий: олийгоҳ талабаси учун форма зарурми?
Олий таълим муассасаси нафақат билим бериладиган, балки маданият шаклланадиган маскан ҳамдир. Ягона кийиниш талаби эса жамоавийлик ҳиссини мустаҳкамлаши, ортиқча чалғитувчи омилларни камайтириши ва муассаса ўзлигини ифодаловчи маданий рамзга айланиши мумкин. Айниқса, журналистика, ҳуқуқшунослик ёки дипломатия каби соҳаларда профессионал ташқи кўриниш муҳим омил сифатида баҳоланади. Талаба ўқиш давридаёқ расмий муҳит қоидаларига мослашишни ўрганади.
Мутасаддиларнинг наздида форма ижтимоий тенглик воситаси сифатида ҳам талқин қилинади. Турли молиявий имкониятга эга талабалар ўртасидаги “кўринадиган фарқлар” камаяди деган қарашлар мавжуд. Бироқ ижтимоий тафовут фақат кийим билан белгиланмайди. У технологик имконият, турмуш тарзи орқали барибир намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан форма ижтимоий муаммонинг тўлиқ ечими эмас.
Олий таълим талабанинг мустақил фикрлаши, шахсий позицияси шаклланишида муҳим роль ўйнайди. Ташқи кўриниш ҳам инсоннинг ўзини-ўзи ифода қилиш воситасидир. Ҳаддан ташқари қатъий чекловлар эса талабанинг ўзини эркин ҳис қилишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Олий ўқув юртининг асосий вазифаси эса талабада билим, тадқиқот ва муайян соҳа бўйича кўникмаларни шакллантиришдир. Кийиниш масаласини марказий муаммога айлантириш академик сифатни иккинчи ўринга тушириб юбориши мумкин.
Шу ва шунга ўхшаш ижтимоий-маиший ҳаётимизда муаммолар пайдо бўлганида, одатда, хориж “тажриба”сидан намуна келтирилади. Биз ҳам жаҳоннинг етакчи олий ўқув юртлари фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, кўплаб нуфузли олийгоҳларда қатъий талаб қилинган форма мавжуд эмас. Мисол учун, Оксфордда одатий кунларда эркин кийинишади, бироқ имтиҳонлар ва расмий маросимларда “sub fusc” деб аталадиган анъанавий академик кийим талаб қилинади. Гарвард университетида эса кундалик жараёнларда эркинлик устувор. Фақат битирув маросимларида академик мантиялар кийилади. Япониянинг Токио университетида ҳам шунга ўхшаш амалиёт кузатилади: кундалик эркинлик, расмий тадбирларда эса белгиланган тартиб. Ушбу мисоллар шуни кўрсатадики, халқаро тажрибада мувозанат модели қўлланилади. Кундалик ҳаётда эркинлик, расмий вазиятларда эса умумий стандарт.
Форма масаласини фақат эстетик ёки ташкилий масала сифатида кўриш етарли эмас. Бу ерда ижтимоий ва психологик жиҳатлар ҳам мавжуд. Ушбу масалада ҳаддан ташқари эркинлик ҳам академик муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Ўта очиқ, чалғитувчи ёки провокацион кийиниш талабаларнинг ўзаро мулоқоти ва диққатини бузиши эҳтимоли мавжуд. Шу боис кўплаб мамлакатларда минимал этик чекловлар жорий этилади.
Асл муаммо “форма бўлсин ёки бўлмасин” деган кескин танловда эмас. Муаммо қоидалар қандай ишлаб чиқилаётгани ва уларнинг мақсади нимада эканида.
Агар кийиниш талаблари академик муҳитни сақлаш, чалғитувчи омилларни камайтириш, профессионал маданиятни шакллантириш каби аниқ мақсадларга хизмат қилса, у ҳолда бу қоидалар мантиқан асосли бўлиши мумкин. Бироқ қоидалар ҳаддан ташқари изоҳсиз ёки мулоқотсиз жорий этилса, улар норозилик ва тушунмовчиликка сабаб бўлиши аниқ.
Олий таълим муассасаси — билим ва тафаккур маркази. Шу билан бирга, профессионал ва маданий муҳит ҳамдир. Ташқи кўриниш бу муҳитнинг бир қисми, аммо унинг маркази эмас.
Форма масаласида кескин қарор эмас, балки оқилона мувозанат муҳим. Тартиб ва эркинлик бир-бирини инкор этмайди. Аксинча, улар тўғри уйғунлашгандагина соғлом академик муҳит шаклланади. Шундай экан, саволга якуний жавоб — талаба учун форма мутлақ зарурат ҳам, мутлақ ортиқча нарса ҳам эмас. Муҳими, қоидалар эркин фикрни чекламаган ҳолда, академик муҳитни сақлашга хизмат қилсин.
Дилдора ДЎСМАТОВА.
