Дин ва оила: Анъанавий қадриятлар
Оила — инсоният тарихининг энг қадимий ва энг барқарор ижтимоий институти бўлиб, у жамиятнинг ахлоқий, маънавий ва маданий таянчини ташкил этади. Шу боис оила инсон ҳаётининг маънавий ва ахлоқий марказида турувчи муқаддас қадриятлар тизимининг негизидир. Бугунги глобаллашув, оммавий маданият ва индивидуализм кучайган даврда оиланинг маънавий пойдевори, миллий қадриятлари ва ахлоқий тамойиллари турли синовларга дуч келмоқда. Жамиятда истеъмолчилик кайфияти, шахсий манфаатни устувор қўйиш, виртуал алоқаларнинг кучайиши натижасида оилавий ришталарнинг сустлашуви — замонавий ижтимоий муаммолардан бирига айланмоқда. Шу шароитда диний ва миллий қадриятлар оиланинг ички уйғунлигини, ахлоқий масъулиятини ва руҳий барқарорлигини таъминловчи пойдевор сифатида алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасида сўнгги йилларда оилани мустаҳкамлаш, миллий қадриятларни тиклаш ва маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 27 июндаги қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси” ҳамда 2025 йил 14 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ушбу йўналишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур мавзунинг долзарблиги, аввало, замонавий ижтимоий ўзгаришлар шароитида оила институтининг барқарорлигини таъминлаш, уни маънавий-инсоний қадриятлар асосида мустаҳкамлаш зарурати билан белгиланади.
Бугунги кунда ахборот оқимининг чексизлиги, оммавий маданиятнинг таъсири, маънавий қадриятлардаги нисбийлик оилавий муносабатларга сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда. Шу боис диний ва миллий қадриятларнинг оила ҳаётидаги ўрни ва функциясини таҳлил қилиш назарий ва амалий аҳамиятга эгадир. Яна бир муҳим жиҳат — Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида оилани жамиятнинг асосий таянчи сифатида мустаҳкамлаш, миллий ўзликни англаш ва маънавий меросни асраб-авайлаш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланганидир. Бу эса оила фалсафаси ва қадриятлар муаммосини нафақат ижтимоий, балки фалсафий-назарий таҳлил нуқтаи назаридан ўрганишни тақозо этади. Шу маънода, оила мустаҳкамлигини таъминлашда диний ва миллий қадриятларнинг ўрни — миллий ўзлик, маънавий барқарорлик ва ижтимоий уйғунликни сақлаб қолишнинг энг муҳим гаровидир.
Дин инсоннинг борлиқдаги ўз ўрнини англаш, унинг руҳий олами билан олий ҳақиқат ўртасидаги ички боғлиқликни ифодаловчи маънавий жараёндир. Бу жараён орқали инсон ўз мавжудлигини чексиз маъно билан уйғунлаштиради ва ҳаётнинг илоҳий моҳиятини идрок этади. Оилавий ҳаётда диний қадриятлар инсоннинг ахлоқий онгини ва ижтимоий масъулиятини шакллантирувчи асосий омиллардан биридир. Улар меҳр, сабр, кечирим, виждон, ҳалоллик ва садоқат каби эзгулик категорияларининг амалий кўриниши сифатида намоён бўлади. Шундай қадриятлар оиланинг ички уйғунлиги, ўзаро ишонч ва тинчлик муҳитини таъминлайди. Ислом дини нуқтаи назаридан, оила “никоҳ” орқали нафақат ижтимоий, балки муқаддас бирлик даражасига кўтарилади. Никоҳ — бу икки инсоннинг руҳий уйғунлиги, иродавий садоқати ва маънавий масъулиятини мужассамлаштирувчи илоҳий аҳд сифатида талқин қилинади. Қуръони каримда бу жараён “таскин ва меҳр манбаи” сифатида таърифланиб, оиланинг руҳий барқарорлик ва тинчлик маскани эканлиги “Ар-Рум” сурасининг 21-оятида келтирилади. Бу қарашни жаҳондаги ва минтақамиздаги кўплаб тадқиқотчилар ҳам тасдиқлайди.
Мухтасар айтганда, оила инсоннинг руҳий ва ахлоқий камолот сари интилишидаги энг муҳим макондир. Диний қадриятлар инсоннинг ички дунёсини уйғунлаштириб, меҳр, сабр, садоқат ва кечиримлиликни шакллантиради; миллий қадриятлар эса ижтимоий бирдамлик, масъулият ва маданий барқарорликни мустаҳкамлайди.
Азиза НОСИРОВА,
тарих фанлари бўйича
фалсафа доктори (PhD).
