Инсоният қачондан бери қарзга яшаяпти?

Earth overshoot day concept: light bulb, a battery and an oil barrel on a wooden table

Агар ер банк бўлганида, биз аллақачон банкрот бўлардик. Чунки инсоният табиат берган бир йиллик “лимит”ни муддатидан анча олдин тугатади. Шундан кейин эса биз яшамаймиз — қарзга кун кўрамиз. Ўрмонлар, сув, тоза ҳаво… буларнинг барчаси келажакдан олинган қарздир. Бу чегара босиб ўтилган кун — Экологик қарздорлик куни (“Earth overshoot day”) дейилади.

Тасаввур қилинг, сиз бир йиллик маошингизни август ойидаёқ тугатиб қўйдингиз. Олдинда эса ҳали тўрт ой бор. Энди нима қиласиз? Қарздор бўлиб яшайсиз. Инсоният ҳам худди шундай яшамоқда. Ҳар йили шундай бир сана келадики, ер бир йил ичида қайта тиклай оладиган барча ресурсларини тугатиб бўламиз. Шу кундан бошлаб табиатдан “қарз”га яшаймиз. Бу сана Экологик қарздорлик куни ҳисобланади. Маълумотларга қараганда, 29 июль инсоният сайёрамизнинг 1 йилга мўлжалланган барча ресурсларидан фойдаланиб бўладиган сана ҳисобланар экан. Шу сабабли, биз барча эҳтиёжларимизни қондириш учун 1,6 сайёра ресурслари керак бўлади. 1970 йилдаёқ аҳоли сайёрамиз бера оладиган ҳамма ресурсларни тўлиқ сарфлашни бошлаган.

Ҳозирги кунимизни таъминлаш учун биз эртанги кун неъматларимизни тортиб олмаяпмизми? Ҳа, айнан шундай қиляпмиз. Ҳар йили инсониятнинг яшаш тарзи табиий чегараларни четлаб ўтади ва бу жиддий танқидга лойиқдир. Бизнинг қулайликларимиз, ортиқча истеъмолимиз ва ишлаб чиқаришимиз табиатни вайрон қилишда давом этяпти деб бемалол айта оламиз. Ўрмонлар кесиляпти, сув ресурслари камайяпти, денгизлар ва ҳавзалар ифлосланяпти, ҳаво эса заҳарли моддалар билан тўлиб кетганини инкор эта олмаймиз ҳам. Шу билан бирга, бизнинг иқтисодий ва сиёсий тизимларимиз ҳам бу ҳолатни давом эттиришга мослашган — фойда ва ривожланиш биринчи ўринда-ю, экология эса иккинчи планда қолиб кетяпти. Лекин бошқа тизимларни кундан-кунга ривожлантириб, улар учун имкониятлар яратиб, экологияга эътибор бермасликка қанчалик ҳаққимиз бор? Экологияни яхшилаш учун ташкилотлар томонидан мажлислар ўтказилади, аммо бу мажлисда муҳокама қилинаётган масалалар фақатгина қоғозларда қолмаяптими? Ахир сони бор-у, салмоғи йўқ масалалар борган сари кўпайиб кетяпти.

Бироқ биз Экологик қарздорлик кунини йилига 10 кун олдинга суришга эришсак, 2030 йилга келиб, экологиямиз анча яхшиланишига ёрдам берган бўларканмиз.

Мутахассислар фикрича, бу санани қуйидагиларга амал қилиб олдинга суришимиз мумкин:

1) чиқиндиларни ташлаш ярим баравар камайтирилса, сана 13 кунга сурилади;

2) қувват самарадорлигини оширувчи ечимлар — 21 кун;

3) углерод изини 2 баравар камайтириш — 93 кун;

4) озиқ-овқат чиқиндиларини камайтириш — 17 кун;

5) гўшт истеъмолини 2 бараварга камайтириш — 17 кун.

Ҳа, она сайёрамизни, яъни табиатни ортиқча чиқиндилардан, кўнгилни хира қиладиган вазиятлардан халос қилмоқчи бўлсак, белимизни маҳкам боғлаб, бу эзгу ишни бугундан бошлашимиз керак. Акс ҳолда, келажак авлод фақат бизнинг қарзимизни тўлашга эмас, балки биз яратган экологик инқироз билан ҳам курашишга мажбур бўлади.

Дурдона САЙФИТДИНОВА,

Ўзбекистон Миллий университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × 4 =