Умр йўлларимнинг нурли нуқталари
(“Йўлчироқларим” туркумидан)
Мен ўқувчилигимда ҳам домланинг исмлари қандайдир муносабатлар билан оиламизда тез- тез тилга олинарди. Кейин билсам, домла урушдан қайтиб келгач, бизнинг қишлоқдаги мактабда муаллимлик қилган эканлар. Онам ҳам шу даврда муаллимлик қилган, қисқаси, ҳамкасб бўлишган экан.
Хуллас, вақтлар ўтиб, Фарғона давлат педагогика институтини битириб, Тошовузда муаллимлик қилиб юрган пайтларим эди. Мактаб ўқувчилигимдаги шеъриятга қизиқишим институтда деярли тўхтаб қолди. Чунки факультетимизда зўр ёзадиган ёш шоирлар кўп эди. Матлуба Аҳмедова, Абдулаҳад Ўрмонов, Аъзам Орипов, Абдували Қамбаралиев, Муҳтарама Улуғова, Отахон Темуров… Бу пайт майда-чуйда у-бу ёзиб юрардим-ку-я, аммо жиддий шуғулланганим йўқ. Бор вужудим билан ўқишга берилган эдим. Айниқса, бизнинг гуруҳ кимўзарга ўқирдик. Бир йил Фарғонада ишлаб, юртга қайтгач, яна шеър дардим уйғониб қолди. Ёза бошладим. Яна туман газетаси “Пахтакор”да туркум-туркум шеърларим чоп этиларди. Лекин марказий матбуотга юбориб кўрмадим. Аммо у ёқ-бу ёқдан совчилар чиқса, онамга: “Тошкентга кетаман”, деб изиллардим. Тошкентга бориб нима қиламан, марказий матбуотда (“Ёш ленинчи” газетасида биттагина шеърим босилган эди, талабалигимизда қайсидир мухбири келиб, ҳаваскор қаламкашларнинг машқларини олиб кетган, шуларнинг ичида чиқиб қолган эди) бирор нарсам чиқмаган бўлса… Нималардир қилгим, ҳаётимни ўзгартиргим келарди. “Бу ерда қолмайман”, деган аҳдим тобора мустаҳкам тортиб борарди. Аммо қаерга, қандай бораман, бунисини билмасдим.
Ёз эди. Қишга мол-қўйларга ўт ғамлаш учун дала кезардик. Ўт ўриб юрсам, орқамдан хабар келди: Фарғонадан меҳмонлар келганмиш. Ўроқни отиб юбориб, учдим. Чунки Фарғонага қишда бориб келган бўлсам-да, жуда соғинган эдим. У пайтлари ҳали империя парчаланмаган, йўллар очиқ эди. Қайсидир ўртоғим бирор иш билан бу тарафларга ўтган бўлса, мени йўқлаб келдимикан, деб қувониб кетдим. Борсам, фольклоршунос олим, ўз даврининг машҳур шахсларидан бири Тўра Мирзаев, академик (у пайтда ҳали академик эмас эди) Баҳодир Саримсоқов, шоир, тадқиқотчи Асқар Мусақулов, фольклоршунос олима Зубайда Ҳусаинова, тадқиқотчи Абдулла Матёқубовлар бизнинг уйга тушишган экан. Онам раҳматли гужумнинг тагига супага жой қилган. Ариққа тарвуз думалатилган. Келинойим қозоннинг бошида… Улар юк машинасида экспедицияда, фольклор материалларини йиғиш учун юрган эканлар. Ёз жуда иссиқ эди. Назаримда, салқинроқ бир жойда дам олгилари келган ё озиқ-овқатдан қийналишган. Чунки у пайтларда ҳозиргидай ҳар қадамда ош-овқат қиладиган жойлар йўқ эди. Пуллари бўлсаям, дурустроқ овқат қилинадиган жой бўлмаганлиги учундир, балки, Баҳодир аканинг эсларига мен тушганман.
— Бизнинг факультетда ўқиган бир тошовузлик қиз бор эди, шеър ёзарди, назаримда, — деган.
Шунда Абдулла ака раҳматли:
— Агар ижодкор бўлса, унинг манзилини газетадан сўрасак бўлади, — деган.
“Пахтакор” таҳририятига боришганда, улар дарров манзилимни беришган. Шу тарзда азиз меҳмонлар бизнинг уйимизга келиб қолишган. Аслида, уларнинг ташрифи мен учун Худойимнинг буюк бир марҳамати бўлган. Яратган эгам менинг тақдиримда кескин бир бурилиш бўлиши учун шу ташрифни раво кўрган экан. Гап шундаки, суҳбат устида мушоира бўлди. Асқар ака шеър ўқидилар. Менга ҳам “Ўқинг”, дейишгач, ўқидим. Шунда улар (раҳматли Тўра Мирзаев айтгандилар, назаримда):
— Сиз нега шеърларингизни олиб, Тошкентга, Зулфия опанинг олдига бормайсиз? — дейишган.
Мен Зулфияхонимдай машҳур бир шоиранинг ҳузурларига бундай шеърлар билан боришни тасаввур ҳам қилиб кўрмаган эдим. Шунинг учун:
— Зулфияхоним мана шундай шеърлар ёзадиган шоирани ҳам қабул қиладиларми? — деб сўраганман.
— Албатта, уларнинг ҳузурларига мамлакатимизнинг барча шаҳару қишлоқларидан ёш ижодкорлар келади. Албатта, боринг, — дейишди.
Шу-шу менинг ичимга ўт тушди. Меҳмонларни кузатибоқ: “Тошкентга, Зулфия опанинг ҳузурларига бораман”, деб туриб олганман. Меҳнат таътилида эдим. Шеърларимни кимгадир бериб, машинкада кўчиртирганман. Менимча, “Пахтакор”га бориб кўчиртирдим, шекилли. Кейин Тошкентга кетдим. Икки-уч куним бекор ўтди. Чунки мен машқларимни олдин Матёқуб Қўшжонов домланинг назарларидан ўтказишни ният қилгандим. Агар домла бир ижобий гап айтсалар, кейин опанинг олдига бормоқчи эдим. Аммо мени домланинг ёнларига олиб боришга ҳеч кимнинг юраги бетламасди.
— У киши шеър кўрмайдилар, — дейишарди баъзилар.
Баъзилар яна бир нарса деб баҳона топарди. Қарасам, вақт кетяпти. Уйга қайтишим керак. Таътилим тугаяпти, мактабда ишлайман ахир. Сўраб- суриштириб, домланинг уй манзилини топдим. Бу орада якшанба бўлиб қолди. Таваккал қилдим-да, домланинг уйларига бордим. Бахтимга, домла ҳовлида ўтирган эканлар. Салом бериб кириб борсам, мени қизларининг олдига келди, деб ўйладилар, шекилли:
— Гулнор ичкарида, — дедилар.
— Домла, мен сизнинг олдингизга келдим, тошовузликман, — дедим.
Домла юзимга диққат билан қарадилар-да:
— Пошшанинг қизимисан? — дедилар. Мен онамга жуда ўхшайман.
— Ҳа, — дедим. Нима мақсадда келганимни айтдим. Домла индамай папкага солинган қўлёзмаларни олиб ўқий бошлади. Жимгина ерга қараб ўтирибман. Ҳар замонда юзларига қараб-қараб қўяман. Юз ифодасидан ҳеч нарсани билиб бўлмайди. Мен папкани домланинг қўлларига бераётиб:
— Агар ёзганларим сизга маъқул бўлмаса, кетаман. Сизгаям, бошқага ҳам юк бўлиб юрмайман, — дедим. Домла ним табассум қилдилар. Жуда чиройли табассум қилардилар.
Ўттизтача шеър бор эди. Диққат билан ўқиб чиқдилар-да:
— Яхши, — дедилар. Менинг ўша пайтдаги қувончимни тасаввур қила оласизми? Қушга айланиб қолдим, назаримда. Раҳмат айтдимми, айтмадимми, буни ҳам билмайман. “Яхши” сўзи сўзларнинг султони бўлиб кўринди ўша пайт.
— Зулпия (домла худди шундай талаффуз қилдилар) “Саодат” журналида ишлайди, билсанг керак. Айдинхан “Шарқ юлдузи”да. Қўлёзмаларингни уларга олиб бор. Топиб бора оласанми? — деб сўрадилар.
Шу лаҳзада Кўҳи Қофни ҳам топиб борадиган кайфиятда эдим. Кетдим. Кейинги кунларда устоз Зулфияхонимнинг, сўнгра Ойдин опамларнинг ёнларига бордим. Улар билан бўлган суҳбатларни ўзлари ҳақидаги хотираларимда ёзаман. Мени ҳар иккала шоирамиз ҳам жуда яхши қарши олди. Ўша пайтда эмас-ку-я, кейинчалик домла, балки, уларга телефон қилиб, мен ҳақимда бир оғиз яхши гап айтгандирлар, деб ўйладим.
Шу бўйича домла билан уч йилча кўришмадим. Мен бир неча марта Тошкентга келиб кетган бўлсам-да, домланинг олдига бормадим. Безовта қилгим келмади. Энг ёмон кўрган нарсам бировга малол келадиган иш қилиш. Аммо мен домлани ҳарчанд безовта қилишни истамасам ҳам, шу нарса тақдиримда бор экан. 1976 йилнинг қаҳратон қишида таваккал қилиб Тошкентга келдим. Раҳматли тоғам (аслида у киши бизга қон-қариндош эмас. Курсдош дугонамнинг дадаси. Мен институтни битирганимдан сўнг бир йил Акбарободда ишлаганман. Ўша тоғамларнинг уйларида турганман. Тоғам орзуларимни билардилар. Шунинг учун ўзлари савдо институтида сиртдан ўқиётган пайтларида мени чақирган эдилар) ўша пайтда қишки сессияга келган эканлар. “Ўзбекистон” меҳмонхонасида турган эканлар. Аям, кенжа қизлари Холидахон ҳам улар билан бирга экан. Мен ҳам шу меҳмонхонада турдим. Тоғам савдо техникумидан иш топган эканлар. Зулфия опам (бу пайтгача улар билан анча яқинлашиб кетган эдик) билан маслаҳат қилсам, улар:
— Сен савдо одамларининг орасида ишлай олармикансан? Ижодий иш бўлса, бошқа гап эди, — дедилар ва мен тоғамлар билан бирга яна Акбарободга кетдим. Бу вақтда тоғамнинг қизи, ўртоғим Холисхоннинг турмуши бўлмай қайтиб келган, Акбарободдаги мен ишлаган мактабда директорлик қилаётган экан. Мактабларда сўнгги чорак ўқишлари бошланган, бундай пайтда ким ҳам мактабга ишга оларди? Лекин Холис бир амаллаб мени мактабга жойлади. Ишлаб юрибман. Онам: “Тошкентга бориб ўрнашмасанг, уйга қайт”, деб хат ёзадилар. Тошкентга борсам, қандай, қаерга ишга киришимни билмайман. Ахийри, онам Қўшжонов домладан ёрдам сўраб хат ёзиб юборибдилар. Бу хатни онам почтадан юборганларми ё менга жўнатиб, мен домлага олиб бориб бердимми, бу воқеалар мутлақо эсимда йўқ. Фақат домланинг олдига борганим:
— Агар прописка (ўша пайтлари бу жуда муҳим нарса эди, пропискасиз ишга қабул қилинмас эди) ва яшаш учун уй-жой масалаларини ҳал қила олсанг, мен лаборант қилиб ишга оламан. Фақат бизда илмий даражаси борларнинг ойлиги яхши, қолганларнинг маоши анча кам бўлади. Кун кўра оласанми? — деганлари эсимда.
— Менинг икки елкамдан бошқа оғирлигим йўқ. Ўзимни эпласам бўлди, — дедим. Пропискамни тоғам раҳматли ҳал қилиб бердилар. Янгийўлда Абдуллажон исмли савдо институтида бирга ўқиётган курсдошлари бор эди. Ўшаларнинг уйларига пропискага қўйиб бердилар. Сўнг ўзлари квартира топишимга ёрдам бердилар. Тоғам раҳматли ниҳоятда басавлат инсон эдилар. Йиғма каравотим (раскладушкам)ни кўтариб, Қорақамишда менга ижара уй ахтариб юрганлари кўз олдимга келса, ҳали-ҳануз тақдиримда шундай ажойиб инсонлар борлигидан қувониб кетаман. Дунёда қандай яхши инсонлар бор-а… Тоғамга нима эди… Ўша пайтда бир рестораннинг директори эдилар… Хуллас, тоғам менинг пропискамни тўғрилаб, Қорақамишда бир бухороликларнинг уйига ижарага қўйиб, Фарғонага қайтиб кетдилар. Мен эса Александр Сергеевич Пушкин номидаги Тил ва адабиёт илмий текшириш институтининг матншунослик бўлимида ишлай бошладим. Бўлимимиз ўша пайтда Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг “Мукаммал асарлар тўплами”ни нашрга тайёрлаётган эди. Мен иш бошлагандаёқ бўлимда:
— Тайёрлаётган китобимиз “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий асарларининг мукаммал тўплами” деб номланиши керак. Чунки бу китобларга кирган барча асарларни мукаммал деб бўлмайди-ку, — дея маҳмадоналик қилганман. Бўлимимиз раҳбари Содир Эркинов исм-шарифли фан доктори эдилар. Осим ака (уйғур), Шарофиддин ака, Назира, Дилбар, Фароғат опа исм- шарифли фан номзоди бўлган аёллар бор эди. Фароғат опа машҳур мичуринчи олим Ризамат отанинг қизлари эди. Бўлимимиз бошлиғи ниҳоятда маданиятли, зиёли инсон эдилар. Шарофиддин ака анча инжиқ, Осим ака қувноқ киши эди. Опалар, назаримда, бир-бирига жуда ўхшаб кетишарди. Бир йил ишлаган бўлсам, Ҳамзанинг асарларини тайёрлашда иштирок этдим. Домлани деярли кўрмасдим. Фақат шу масканда ишлашимга домла сабабчи эканлигини билардим. Бир йилга яқинлашиб қолганида домла билан юзма-юз бўлдим.
— Назаримда, сенинг илмий иш қилиш ниятинг йўқ, шекилли. Илмга интилишни ҳис қилганим йўқ, — дедилар домла. Балки, онам хатларида “Илмий иш қилиш нияти ҳам бор”, деб ёзгандирлар…
— Йўқ, илм менга оғир карвондай туюляпти. Тўғрисини айтсам, бетоқатроқман. Илм қилишга тоқатим етмаса керак, — дедим.
— Омон (Матжон)нинг бўлимида бир ўрин бўшабди. Хоҳласанг, сени тавсия қиламан. Ижодкорлар орасида бўласан, — дедилар. Заррача иккиланганим йўқ. Дарров рози бўлдим. Бу раҳматли Матёқуб Қўшжонов домланинг менга қилган учинчи яхшиликлари эди (яхшилик бўлгандаям, ҳаётимда кескин бурилиш ясаган яхшиликлар бўлди). Мен эртасигаёқ ўша пайтда Ўзбекистоннинг энг йирик нашриёти бўлган Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриётига ишга бордим. Бўлимнинг кичик муҳаррири Назми опам (бу ажойиб аёл билан кейинчалик опа-сингилдай яқин бўлиб кетдик) туғуруқ таътилига чиқаётган экан. Вақтинчага ўринларига одам керак экан.
— Бир ишга кириб олсангиз, бўлди, кейин ўрнашиб кетасиз, — дедилар Омон ака. Ва мен ўша кунданоқ Ғафур Ғулом нашриётининг шеърият бўлимида иш бошладим.
Шу бўйича домлани кўрмадим, ҳисоб. Қорақамишда бир татар кампирнинг уйида ижарада турганимда, баъзан эрталаб ишга кетаётганимда пиёда айланиб юрганларини кўриб қолардим. Уларнинг ҳар куни эрталаб икки соат пиёда юрадиган одатлари бор экан. Турмушга чиққанимдан сўнг онам уйимизга келганларида, рафиқалари билан бирга меҳмонга чақирганмиз. Бу, менимча, онамнинг ташаббуслари бўлган. “Саодат” журналида ишлаётганимда Ойдин опамнинг топшириқлари билан “Қўша қариганлар” рубрикаси остида материал тайёрлаш учун уйларига борганман. Рафиқалари, ўзлари билан суҳбатлашиб, мақола ёзгандим. Журналда чоп этилган. Ҳеч бўлмаса, ижод йўлларимда йўлчироқ бўлган, бу яхшилигини ҳеч қачон ҳеч қаерда миннат қилмаган ажойиб инсонга ўша журнални қўлим билан ҳам олиб бориб бермабман… Кимдир (шогирдларидан бўлса керак) келиб олиб кетган. Одам ёши улғайган сари яхшилик қадри ҳақида кўпроқ ўйлар экан. Агар ҳозирги ақлим бўлганида, домлани сўнгги нафасларигача йўқлаган бўлардим. Яна бир марта нуронийларнинг йиғинида кўриб қолдим. Уруш фахрийларини чақиришган экан. Ўшанда минбардан туриб, менга қилган яхшиликлари ҳақида гапириб, миннатдорлик билдирганман. Йиғиндан сўнг ҳол- аҳвол сўрашганимизда, шу айтган гапларимдан ҳам суюнганларини билдим. Тошовузлик ижодкорлар ҳақида китоб ёзаётганларини айтиб, мендан китобларимни олиб бориб беришимни сўраганлар. Шу ишниям қилмадим мен нодон. Тўрткўллик шоира (узоқ йиллардан буён борди-келдимиз бор эди) Ҳалима Жуманиёзова ҳам:
— Домла китобларингизни сўраяпти, — деди. “Хўп”, дедим-у, ҳафсала қилмадим. Сўнг… сўнгги йўлга кузатишга бордим… Ҳаётим, тақдиримда ўчмас из қолдирган бу беназир инсонни энди фақат дуоларимда йўқлайман. Жойлари жаннатдан бўлсин.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА.
