Юрт қадрига етмоқ учун

ёхуд Орол бўйига сафар

“Ё дарё бўйида туғил, ё темир йўл бўйида”. Бу иборани қачон эшитганим эсимда йўқ. Аммо ёши улуғлар шундай дейишар эди. Ўйлаб кўрсам, бу гап бежиз айтилмаган. Одамлар азалдан  доимо сув бор жойга интилгани, дарёлар, сойлар қирғоғида қўним топишгани сир эмас. Темир йўллар, умуман, йўллар инсонлар идроки ва қудрати билан яратилган дарёлар каби маданият ташийди, олис манзилларга янгилик элтади, узоқни яқин қилади, одамларни бир-бири билан боғлайди…

Дарё ўз қирғоқларини гуркураган майсалар, ўт-ўланларга буркагани каби, темир йўл бўйларида ҳам тараққиёт камол топиб боради. Ҳар кўринган фаровонлик белгисида тош билан темирдан иборат темир йўлнинг, умуман, йўлларнинг ўрни жуда катта.

Сафар қилишнинг ҳам завқи ўзгача. Зеро, йўллар юрт тараққиётининг кўзгусидир. Қолаверса, Ватанни англаш ўзликни англаш демак. Ватандан узоқда бўлган пайтларимда, кўнглимдан ўтган энг катта шукроналик бу: яхшиям Ўзбекистонда туғилганим, деган улуғ туйғуни англаб етганим бўлса керак.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсиясига кўра Оролбўйи билан яқиндан танишиш, янги мавзулар устида изланиш баҳонасида ижодий сафарга отландик. Орол ҳақидаги бир нечта ҳужжатли фильмлар, спектаклларни кўриб, у ҳақдаги маълумотларни ўқиб, назарий тушунчаларимни бойитдим. Бу диёрга янги кўз билан қараш учун ушбу сафар муҳим эди. Маълумки, Оролнинг ўндан тўққиз қисми қуриб, бир қисми қолган, холос. Бир пайтлар қирғоғи улкан тўлқинларни ўзига зўрға бўйсундирган улкан уммон  ўрнида бугун одамзоднинг табиатга бўлган ёвуз муносабати туфайли  янги шўрхок Оролқум чўли пайдо бўлган. Бу ачинарли манзарани кўришнинг ўзи нақадар оғир эканини шу ерга келиб янада тийранроқ ҳис қилдим.

Кемалар қабристони… Ахир бундан атиги 60-70 йил аввал ҳам бу кемалар улкан денгиз бағрида сузган, Орол денгизидан минглаб тонна балиқлар овланган эмасмиди? Собиқ иттифоқнинг калтабин сиёсати туфайли бутун бошли денгиз қуриб битди. Оролни миллиардлаб тонна туз барханлари эгаллади. Бир ҳовуч денгиз кўлмакларидаги шўрланган сувда янги жонзотлар кўпайгани ва бошқа эшитганларимни ўз кўзим билан кўргани бу ерларга келишни анчадан буён ўйлар эдим.

Оролбўйига поездда борсангиз, деярли бир кунлик йўл. Шимолдаги охирги темир йўл бекати Қўнғиротда жойлашган. Бу узундан-узун йўл Президентимиз ташаббуси билан яна ҳам узайтирилмоқда. Айни кунларда Қирғизистон ва унга чегарадош давлатларни боғлайдиган оламшумул темир йўл қурилиши ишлари давом этмоқда.

Темир йўл вагонининг купесига жойлашиб олгач, хушмуомала борт кузатувчилари йўловчиларни аввалига иссиқ чой ва ширинлик билан сийлашди.

Яхши сафар — ижодкорга қанот, янги илҳом манбаи. Беш соатлик Қизилқум чўлларидаги йўлда телефонларда алоқа йўқлигига кўпчилик йўловчилар кўниккан. Аммо мен эса гўё яхши йўлдошсиз қолгандайман. Айрим маданияти паст йўловчиларнинг ўзларини тутиши таъбни хира қилганини эътиборга олмасликка ҳаракат қилиб борардим.

Поезд вагонлари бир маромда боради, деб бўлмайди. Баъзи йўллардаги бурилмаларда вагон худди ағдарилиб кетаётгандай туюлади.

Назаримда, чўлни ҳам Худо сийлагандай. Чексиз қум барханлариаро ўсган туронғил, жинғил, саксовул, қораўроқ, бўён, қамиш, янтоқ ва бошқа ўсимликларга нигоҳ тушади. Йўл-йўлакай симёғочлар худди қўлини силкиб сиз билан хайрлашаётгандай…

Охирги поезд бекати — Қўнғирот шаҳри. Соф туркий сўзлар кўп учрайдиган бу манзилни шамоллар шаҳри деб номласа бўлади. Негаки, бу ерда тинимсиз изғирин, шамол эсиб тураркан.

Хуллас, дастлаб Қўнғиротдаги сода ишлаб чиқариш заводида бўлдик. Элобод шаҳарчасидаги ушбу корхона ўттиз йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган асосий саноат маҳсулоти — кальцинацияланган сода енгил саноат, целлюлоза ва қоғоз саноатида ишлатиладиган асосий кимёвий маҳсулот, шунингдек, шиша, силикагель, ювиш воситалари, иссиқлик электр станцияларини сув билан тозалаш, қозонхоналар ва бошқа ишлаб чиқаришда қўлланиладиган ноёб хомашё.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, маҳаллий хомашёни комплекс қайта ишлашга жалб қилиш;  импорт ўрнини босувчи кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, халқ хўжалиги тармоқларининг кальцинацияланган содага бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида ташкил этилган Қўнғирот сода заводи Марказий Осиёда ягонадир.

Орол денгизи тарихи музейида ҳам бўлдик. Бу маскан Мўйноқдаги бир нечта музейлар ичида антиқа экспонатлари, табиий колорити билан ажралиб туради. У 1984 йилда ташкил этилган. Мўйноқнинг энг чекка қишлоғида жойлашган.

Айни пайтда музей коллекциясида Орол денгизи ҳаёти ва тарихи, шунингдек, асосан, балиқчилик билан шуғулланувчи маҳаллий аҳоли ҳаётини акс эттирувчи икки юздан  ортиқ турли-туман экспонатлар мавжуд.

Хусусан, коллекцияда Оролбўйи ҳудудларининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан намуналарни, Орол денгизининг илгариги ҳаёти тасвирланган турли фотосуратларни кўриб, энтикиб кетасан киши.

Рассомларнинг истеъдодли қўллари билан Орол денгизининг таназзулини акс эттирувчи таъсирли суратлари юракларни янада оғритади. Хусусан, “Денгиз кетди”, “Қумдаги кемалар” деб номланган картиналарда рассомлар қуриб бораётган Орол денгизини айнан шундай композицияларда кўрганлар ва ўша кўринишни ўзлари чизган картиналарга кўчиришга муваффақ бўлганлар.

Бу ердаги  балиқчилик заводларида ўндан ортиқ хилдаги консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўша даврда нақадар ривожланганлиги саёҳатчининг кўз ўнгида гавдаланади. Чиғаноқлар кўргазмасига қараган одам ҳимоя қобиғи бўлмиш паллаларнинг шаклидан ажабланади.

Беихтиёр қизиқиш билан музей ходимига савол ила юзландим: у юраксимон чиғаноқни таърифлаб берди. Кейин зебрасимон чиғаноқлар ҳақидаги маълумотни қўшимча қилди. Ҳозирда Орол денгизидаги кучли шўрланиш бундай майда жонзотларга қирғин келтирган. Аммо Орол атрофидаги аҳоли денгизнинг қайта тўлишига умид қилиб яшамоқда. Оролнинг қайтишига ишонишмоқда.

Денгизнинг чекиниши ва шўрланиши маълум турдаги ҳайвонлар қирилиши билан бирга бошқа шўрга чидамли ҳайвонлар кўпайишига сабаб бўлган. Қисқичбақасимонлар оиласига кирувчи артемия ана шундай жонзотлар тоифасидан. Бу жонзот маҳаллий аҳоли тилида “қурт” деб номланади. Уни овлашни чеклаш борасида қарорлар қабул қилинганидан кўпчиликнинг хабари бор. Артемия аквариум балиқларига яхши озуқа бўлгани учун жуда экспортбоп. Шу билан бирга, артемия фармакология ва медицинада ҳам фойдаланилгани учун унинг харидори кўп экан.

Сафарим давомида газетчи, қурувчи, ҳарбий хизматчи, ўқитувчи, киракаш сингари касб вакиллари билан суҳбатлашдим. Уларга Марказий Осиёнинг сув соҳасидаги режалари ва муаммоларига халқаро ҳамжамият эътибор қаратаётгани, Орол денгизи ҳавзасида экологик хавф-хатарларга қарши курашиш глобал миқёсдаги ўткир муаммо бўлиб турганлиги ҳақидаги фикрларимни билдирдим.

Албатта, сув муаммоси Ўзбекистонда ҳам хавотирли бўлиб турибди. Оролбўйидаги экологик ва ижтимоий вазиятни яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани кўнгилга таскин беради.

Кейинги йилларда Президентимизнинг ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида икки миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар яратиш, тузга тўлган қумларда яшаб қоладиган турли хил ўсимликларни барпо қилиш ишлари давом эттирилмоқда.  Бу жуда катта аҳамиятга эга. Биринчи навбатда, Оролда яна ёввойи табиатни пайдо қилиш туз барханлари кўчишининг олдини олиш, Орол экологиясини имкон қадар яхшилашга хизмат қилади. Негаки, қум бўронларига қарши экилган саксовуллар, қамишлар, шўрланишнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, замонавий суғориш тизимлари, бу заминдаги экологик ҳалокатнинг янада ёмонлашиб кетишига йўл қўймайди.

Орол фожиаси — бугун нафақат Қорақалпоқ элининг, Ўзбекистоннинг, балки бутун дунёнинг улкан муаммосидир. Бу ердаги вазият шу қадар улканки, одамзод йўл қўйган хатосини ўнглашнинг ўзи бўлмайди. Аммо шу нарсани айтиш жоизки, бутун Қорақалпоғистонда, Қўнғиротда, Мўйноқда рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, ­бунёдкорликларни кўриб, одам таскин топади. Бу заминда яшаб, умргузаронлик қилаётган ватандошларимизнинг матонати, шижоатига қойил қолмасдан илож йўқ. Чунки улар Орол фарзандларидир.

Ўзбектош ТЎРАХОНЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + four =