Имкониятлар беқиёс натижаларга элтади
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 февраль куни ёшлар билан ўтказган очиқ ва самимий учрашуви мамлакатимизнинг келажаги, ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг имкониятларини кенгайтиришга қаратилган мутлақо янги босқични бошлаб берган тарихий воқеа бўлди, десак, хато бўлмайди. Ушбу учрашувда кўтарилган масалалар ёшларимизнинг таълим, ижодий ва спортдаги ютуқларидан тортиб, уларни тадбиркорликка жалб қилишгача бўлган кенг кўламли ташаббусларни ўз ичига олди.
Бугунги кунда юртимизда 22 миллиондан ортиқ ёшлар бор. Бу — улкан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч. Зероки, ёшларга қаратилаётган ҳар бир ташаббус — бу мамлакат келажагига қилинган стратегик инвестициядир. Президентимиз таъбири билан айтганда, ёшларимизнинг ҳеч бири давлат эътиборидан четда қолмаслиги керак. Шунинг учун ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка жалб этиш, спортга қизиқтириш, ижодкорлик ва ижтимоий фаолиятларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Юртимиз ёшларининг турли соҳаларда эришаётган ютуқлари бунга яққол мисолдир. Хусусан, сўнгги йилларда халқаро спорт мусобақаларида мамлакатимиз бўйича 700 дан ортиқ олтин, 600 дан ортиқ кумуш, 800 дан зиёд бронза медалларининг қўлга киритилгани Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрўсини янада оширмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси орасида оммавий спорт билан шуғулланувчилар сони 15 миллион нафардан ошгани эса бу йўналишдаги ишлар самарадорлигининг жуда баландлигини кўрсатади.
Давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилган ушбу ютуқларга эришган спортчилар қаторида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаларининг ҳам борлиги, биргина 2025 йилда бўлиб ўтган XXXII Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинларида талабаларимиздан Тахмина Икромова, Нажмиддин Қосимҳожиев, Шарифа Давронова, Шоҳжаҳон Каримбоев, Марат Мавлонов, Шамсиддин Қурбонов делегациямиз ҳисобига 4 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўшиб қўйгани ёки тарихимизда илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма олган футбол терма жамоамиз сафида муносиб иштирок этиб келаётган, дунё тан олган Абдуқодир Ҳусанов, Аббосбек Файзуллаев, Фаррух Сайфиев каби маҳоратли футболчиларни етиштириб келаётгани фахр туйғусини уйғотиши билан бирга, келгусидаги халқаро мусобақалар ва жаҳон биринчиликларида иштирок этадиган юқори малакали спортчиларни тайёрлаш, уларни саралаш, натижадорликни ошириш ҳамда илмий-услубий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида университетимиз олдига қатор долзарб вазифаларни ҳам қўяди.
Зеро, замонавий спорт фақат жисмоний тайёргарлик билангина эмас, балки илмий ёндашув, инновацион технологиялар, спорт психологияси ва таҳлилий методлар асосида тизимли фаолият юритишни талаб этади. Шу боис университетимиз зиммасига юклатилган масъулият янада ортиб, миллий спорт тараққиётининг муҳим илмий-амалий таянчига айланиш вазифаси долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Келажак тадбиркори”, “Янги авлод тадбиркорлари”, “Ёшлар бизнес инкубатори”, “УПШИФТ” каби дастурлар ёшларимизнинг иқтисодий ва ижодий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Айниқса, “Келажак тадбиркори” дастури орқали 7 йил муддатга йиллик 15 фоизлик устама асосида имтиёзли кредитлар берилиши ёшлар учун катта имконият, уларга ўз бизнес ғояларини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Таълим муассасалари, жумладан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳам ушбу ташаббусларнинг ижросини таъминлашни ўзининг энг устувор вазифаларидан бири сифатида белгилаб олган. Биз ёшларни янада сифатли таълим билан қамраб олиш, уларни халқаро мезонларга мос кадр сифатида тайёрлаш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш устида тинимсиз ишлаймиз.
Ёшларни ижтимоий фаолиятга жалб этиш, волонтёрликни ривожлантириш, уларнинг фикр ва ташаббусларини қадрлаш — бугунги кун талаби. Чунки ёшларимизнинг келажаги — бу, аввало, бизнинг келажагимиздир.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг ушбу учрашуви яна бир бор давлат томонидан ёшларга бўлган юксак эътибор ва ишончнинг амалий тасдиғи бўлди. Биз, университет жамоаси, ёшларнинг овозини эшитишга, уларни қўллаб-қувватлашга ва уларнинг ҳар бир ташаббусини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларни сафарбар этишга доимо тайёрмиз.
Айни пайтда келажагимиз давомчиларига яратилаётган имкониятлар улкан бўлиши билан бирга, улардан онгли ва масъулиятли фойдаланишни ҳам талаб этади. Ҳар бир талаба ўз келажаги учун жавобгар эканини чуқур ҳис этиб, билимга, касбга, тил ўрганишга, тадбиркорлик ва ижтимоий фаолликка интилиши зарур. Зеро, имконият — бу тайёр натижа эмас, балки меҳнат ва интилиш орқали муваффақиятга эришиш йўлидир.
Рашид МАТКАРИМОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва
спорт университети ректори,
профессор.
