Алимент тўламаслик оқибати
Ҳар бир ёш оила қуриб, янги ҳаётга қадам қўяр экан, аввало, турмуши ширин ва бахтли бўлишини истайди. Бироқ қуруқ орзу-истакнинг ўзи етарли эмас. Чунки оила деб аталмиш бўстонда ҳаёт ҳамиша бир текис кечмайди. Бу эса эр ва хотиндан сабр-тоқат ҳамда аҳилликни талаб этади. Акс ҳолда, арзимаган гап-сўзлар ва келишмовчиликлар оилавий муносабатларни емириб, ҳаётни боши берк кўчага киритиб қўйиши ҳеч гап эмас.
Тошкент шаҳрида яшовчи Рўзи Муҳсинов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам орзу-ниятлар билан Шарофатга уйланган эди. Орадан йиллар ўтиб, улар ўғил ва қиз фарзанд кўришди. Аммо фарзандларнинг дунёга келиши ҳам оила ришталарини мустаҳкамлай олмади. Рўзғордаги майда-чуйда гап-сўзлар бора-бора эр-хотинни ажрашиш остонасига олиб келди. Ажрашишгач, Шарофат бир муддат фарзандларини ёлғиз ўзи, алиментсиз боқиб юрди.
Суд ажримига асосан, Рўзи Муҳсиновга вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун ҳар ойда иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент тўлаш мажбурияти юклатилган эди. Бироқ у белгиланган маблағни тўлашдан қасддан бўйин товлаб келди. Шу ўринда айтиш керакки, Р.Муҳсинов ўзининг юриш-туриши, номақбул хулқи билан маҳаллада ҳам салбий таассурот қолдирган. Натижада ўз фарзандлари таъминотидан қочиб, алимент пулларини тўламай келган Р.Муҳсинов суд ҳукми билан айбдор деб топилди.
Ўз зурриётларини унутган ота суд ҳукмига кўра, 1 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Ота-онанинг фарзандлари олдидаги энг асосий мажбуриятларидан бири — вояга етмаган болаларини моддий жиҳатдан таъминлашдир. Бу бурчни ихтиёрий равишда бажармаган ота қонуний жавобгарликка тортилиши муқаррар. Мурғак фарзандлари тақдирига бу қадар бефарқ қарайдиган оталарнинг учраб туриши, албатта, ачинарли ҳолат. Шу боис қонунчилигимизда бундай кимсаларга нисбатан қатъий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Оила — жамиятнинг кичик бир бўлаги, унинг мустаҳкамлиги эса юрт келажагини белгиловчи муҳим омилдир. Шундай экан, муқаддас даргоҳ — оила бутунлигини сақлаш ва фарзандлар таълим-тарбиясига ҳар биримиз масъул эканимизни унутмайлик.
Баҳодир ҚАЮМОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Яккасарой туман судининг
судьяси.
