Медиа маконда – аёл журналистлар

Шиддат билан ривожланаётган Янги Ўзбекистонда очиқлик, ошкоралик ва сўз эркинлиги йил сайин давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. Жамиятда демократик қадриятларни мустаҳкамлаш, давлат идоралари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш бевосита оммавий ахборот воситаларининг кенг кўламли, салмоқли хизмати билан ўлчанади. Айниқса, миллий медиа маконимизнинг шаклланиши, ривожланиши ва мазмунан бойишида ижодкор опа-сингилларимиз, муҳтарама аёл журналистларимиз қўшаётган ҳисса таҳсинга лойиқ. Матбуот ва оммавий коммуникaциялар соҳасида меҳнат қилаётган аёллар нафақат воқеа-ҳодисаларни холис ёритиш, балки жамиятнинг энг нозик, оғриқли муаммоларини, ижтимоий масалаларни қалб призмасидан ўтказиш, ҳаттоки уларга ечим тақдим этишда ҳам ўз ўрнига эгадир.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг яқинда бўлиб ўтган VII конференциясида биз соҳанинг ўтган даврдаги фаолиятини сарҳисоб қилиб, 2026-2030 йилларга мўлжалланган ривожланиш концепциясини тасдиқладик. Мазкур тарихий ҳужжатнинг энг муҳим бўғинларидан бири — тизимда фаолият юритаётган аёл журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун кенг ва тенг имконият яратиш масаласидир. Замонавий ўзбек журналистикасини нафақат анъанавий босма нашрлар, балки тезкор интернет сайтлари, рақамли телевидение, радио тўлқинлари, фаол блогерлик маконисиз тасаввур этиб бўлмайди. Қувонарлиси шундаки, бу йўналишларнинг барчасида аёл ҳамкасбларимиз етакчи мавқени эгаллаб келмоқда. Улар иқтисодиёт, сиёсат, ижтимоий ҳаёт, тиббиёт, таълим, спорт, солиқ, маданият ва маънавият мавзуларида теран таҳлилий материаллар тайёрлаб, кенг муштарийлар ва кузатувчилар аудиториясининг ишончини қозонмоқдалар.

Аёл журналистларимиз хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликни таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, касб-ҳунар эгаллаш, оила институтини мустаҳкамлаш каби ўта муҳим ижтимоий масалаларни тизимли равишда кун тартибига олиб чиқмоқдалар. Улар қаламига мансуб мақола ва репортажлар ижро ҳокимияти органларини ҳушёрликка чақириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва халқ фаровонлигини оширишда кучли таъсир воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. Бироқ глобаллашув ва рақамли технологиялар асри соҳа ходимлари, хусусан, аёл ижодкорлар зиммасига янги, янада мураккаб вазифаларни юкламоқда. Бу эса уюшма раҳбариятидан уларни мунтазам равишда қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришни талаб этади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат ­Мирзиёев ҳар йили 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига табрик йўллайди. Унда журналистлар қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уй-жой ва соғлиқни сақлаш шароитларини яхшилаш борасида қатор вазифалар белгиланади. Бу имкониятлар, энг аввало, оилавий ҳаёт ва касбий масъулиятни тенг олиб бораётган аёл журналистлар учун юксак ижтимоий ҳимоя пойдеворидир. Соҳа ривожи учун қуйидаги кенг кўламли имкониятлар яратилган ва ривожлантирилмоқда.

Ҳуқуқий ҳимоя тизими: журналистлар касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, ахборот олиш йўлидаги тўсиқ ва ижодкорларга нисбатан бўлаётган руҳий-маънавий босимларнинг олдини олиш мақсадида уюшма қошида тузилган махсус юридик марказ фаолияти кучайтирилмоқда. Аёл журналистларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни медиа-ҳуқуқ йўналишида бепул маслаҳат билан таъминлаш тизими йўлга қўйилди. Ҳудудларда, айниқса, чекка туманларда фаолият юритаётган, оғир ижтимоий шароитга эга бўлган аёл ижодкорларни моддий қўллаб-қувватлаш, имтиёзли шартларда уй-жой ажратилишига кўмаклашиш, санаторий ва даволаниш масканларига йўлланма бериш жараёни такомиллаштирилмоқда.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси келгуси беш йилликда аёл журналистлар ва блогерларнинг профессионал ўсишини таъминлашга энг устувор вазифа сифатида қараб, истиқболли лойиҳаларни тайёрламоқда. Бутун мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хотин-қиз журналистларни, матбуот котибларини, қолаверса, рақамли макон ижодкорларини бирлаштирувчи ягона платформа ташкил этилади. Бу платформа тажриба алмашиш, ўзаро ижодий ҳамкорлик ва касбий бирдамликни мустаҳкамлаш майдонига айланади. Ахборот маконида сунъий интеллект, дата-журналистика технологияларини эгаллаш ҳаётий заруратдир. Шу мақсадда уюшмамиз томонидан аёл журналистлар учун рақамли кўникмаларни ривожлантириш бўйича махсус бепул тренинг ва маҳорат дарслари тизимли ташкил этилади. Фаол ва истеъдодли аёл ижодкорларни ривожланган хорижий давлатларнинг нуфузли медиа-тузилмаларига қисқа муддатли стажировкага юбориш дастурлари ишлаб чиқилмоқда.

“Атиргул” республика ижодий танловини қайта ташкил этиш. Хотин-қизлар орасидан энг иқтидорли журналистларни кашф этиш, уларнинг оғир ва машаққатли меҳнатини муносиб тақдирлаш мақсадида фаолияти маълум муддат тўхтаб қолган миллий танлов қайта ташкил этилади. Ушбу танлов анъанавий “Олтин қалам” миллий мукофоти билан бир қаторда опа-сингилларимиз учун юксак рағбат майдонига айланади. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникaциялар университети, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг журналистика факультетида таълим олаётган талаба қизларни соҳага чуқурроқ йўналтириш ва уларни тажрибали, фахрий ижодкорларга бириктириш анъаналари йўлга қўйилади. Олий таълим муассасаларининг журналистика факультетларида таҳсил олаётган талаба қизлар ишлаб чиқариш амалиётини жонлантириш жараёни қайтадан кўриб чиқилади.

Миллий матбуот ва журналистика қачон кучли воситага айланади? Қачонки соҳа вакиллари ўзини давлат ва жамият томонидан ҳар томонлама ҳимояланган, қадрланган деб ҳис қилса, уюшма ижодкорларнинг чинакам суянчи ва таянчига айлансагина миллий матбуотнинг таъсирчан кучи ошади, нуфузи мустаҳкамланади. Аёл журналистларнинг медиамакондан ўз ўрнини топиши, уларнинг тинч ва хотиржам муҳитда, юксак касбий иштиёқ билан ижод қилиши нафақат медиа соҳаси, балки бутун жамиятимизнинг тараққиёт гарови бўлиши мумкин. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ўз олдига қўйган янги ва кенг кўламли ислоҳотлар даврида муҳтарама аёл ҳамкасбларимизни, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашнинг истиқболли лойиҳалари устида бош қотирмоқда. Биз уларнинг кучига таянган ҳолда, Янги Ўзбекистоннинг ёрқин, очиқ, холис ва қудратли медиа муҳитини яратамиз ва бу йўлда бор билим, тажриба ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Ижодингизга барака! Қаламингиз ҳамиша ўткир, сўзингиз эса кескир ва ҳаққоний бўлсин, азиз опа-сингиллар!

Шаҳрибону ИМОМОВА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси раиси ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − three =