Закий устоз
филология фанлари доктори, профессор Очил ТОҒАЕВ ёди
Таниқли олим, публицист, филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаев ҳақида абитуриентлик чоғимдаёқ эшитганман. Ўқишга киргач, биздан олдинги курсда таҳсил оладиган талабалар домланинг характери жиддийлигини таъкидлаб, билимсиз, уқувсиз талабаларни аяб ўтирмаслигини, бироқ яхши ўқийдиган, матбуотда материаллари билан тез-тез кўриниб турадиган толиби илмларни ўзига яқин олиб, йўл-йўриқ кўрсатадиган закий устоз эканини айтишарди.
Қадди-басти келишган, яғриндор, пешонаси кенг, қуюқ қошлари оқ оралаган сочларига мос тушган устозимиз биз учинчи курсга ўтгач, матбуот назарияси ва амалиёти бўйича публицистик маҳоратдан сабоқ бера бошлади. Тўғрисини айтсам, талабаларга дарс бериш қандай бўлишини шунда кўрганмиз. Азбаройи қизиққанимиздан машғулот қандай тугаб қолганини сезмай қолардик. Устозга бўлган меҳримиз, ҳурматимиз кундан-кунга ошиб борарди.
Талабалик чоғларимиздаёқ республика нашрларида материалларимиз кўзга ташланиб турар, университетнинг кўп нусхали “Тошкент университети” ҳамда факультетнинг “Журналист” газетасида мунтазам кўриниб туришга ҳаракат қилардик. Устоз талабаларнинг машқлари билан эринмай танишиб чиқар, ўзига ёққан мақола эгасини топиб, холис фикрини айтар, ютуқ ва камчиликларини кўрсатиб, далда бериб турарди.
Шундан сўнг талабаларнинг домлага бўлган ишончи янада ортарди. Ижодкорларни ҳурмат қилишини билганимдан сўнг, мен ҳам матбуот мухлисларининг эътиборига тушадиган материаллар ёзишга киришдим. Тўртинчи курсда ўқиб юрган кезларим, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидаги таниқли пахтакор, Меҳнат Қаҳрамони Каромат Рустамованинг номи абадийлаштирилиши ва инсон қадри улуғланиши кераклиги ҳақида каттагина мақола ёздим.
Машинкада ёзилган салкам беш варақли материалимни домла эринмай ўқиб, таҳрир қилиб берганида бошим осмонга етди. Устоз “яхши муаммони кўтарибсан”, деб уни “Саодат” журналига беришни тавсия қилди. Мақоламдаги исм-фамилиям остида “ТошДУ журналистика факультети талабаси” деб ёзгандим. Устоз бунга қатъий эътироз билдириб: “Уюшмага аъзо бўлганингга ҳам бир йилдан ошди-ёв, Журналистлар уюшмаси аъзоси эканингни билмаганлар билиб қўйсин”, дедилар. Мақолам “Саодат”нинг 1988 йил март ойидаги 3-сонда “Номи яшаши керак…” сарлавҳаси остида икки саҳифада босилиб чиқди. Адашмасам, саксонинчи йилларнинг охирида журналнинг адади 800000 (кейинчалик бир миллиондан кўпроқ) эди. Журналнинг қалам ҳақи ҳам чаккимас, ўша вақтнинг пулида мақоламга 60 рубль олганман.
Почтадан қалам ҳақини олиб, 15 сўмига дўкондан кўйлак харид қилиб, домланинг “Марказ-13”даги хонадонига бордим. Олтмиш сўм қалам ҳақи олганимни айтиб: “Бунда сизнинг ҳам ҳиссангиз бор”, деб кўйлакни узатганимда, хурсанд бўлиш ўрнига киноя аралаш кулиб, бу ишим нотўғрилигини айтди. “Бу сенинг ҳалол гонораринг. Мен холис ният билан таҳрир қилганман, бунинг учун ҳақ олмайман”, деб кўйлакни ўзимга қайтариб берганлар.
Хуллас, мақола анча шов-шувга сабаб бўлди. Энг муҳими, шу пайтгача “Партия XIX съезди” номи билан аталиб келинган йирик хўжалик мўътабар аёл Каромат Рустамованинг номи билан юритиладиган бўлди. Матбуотнинг кучи мана шундай эди у пайтлар.
“Устоз отангдан улуғ”, дейдилар. Домла билан ота-боладай яқин бўлиб кетдик. 1986 йилнинг ёзида домланинг Шайхонтоҳур маҳалласидаги хонадонига бордим. Устоз мени илиқ қаршилади. Гурунг орасида: “Устоз, сентябрда 60 ёшга тўласиз, туғилган кунингиз арафасида сиз ҳақингизда мақола ёзсам ёки суҳбат уюштирсам, рози бўлармикансиз?” дедим. Домла кулимсираб қўйди-да: “Шу шартмикан?” дедилар. Бироз ўйлаб, фикримни маъқулладилар. Шундан сўнг устознинг ҳаёти ва ижоди ҳақида савол-жавоб тарзида суҳбатни ёзиб олдим.
Орадан бир ҳафта ўтиб, суҳбат-мақола тайёр бўлгач, домланикига келдим. Устоз интервьюни ўқиб: “Анчагина чала жойлари бор экан, айрим жавобларимни тўлиқ ёритмабсан”, деб материалимни олиб қолди. Эртаси куни уйимизга қўнғироқ қилиб, камчиликлар тўлдирилганини айтди. Етиб борганимда, варақлар ҳошиясига аниқ-тиниқ қилиб, кўплаб ўзгартиришлар киритилган эди.
Уни қайта машинкалаб, “Гулистон” журналига олиб бордим. Суҳбатимиз журналнинг 1986 йил сентябрь сонида эълон қилинди. Устоз бундан ғоят мамнун бўлган эди.
Гап орасида: “Мақолаларни чиройли таҳрир қиларкансиз, сизга кўз тегмасин”, деганимда: “Журналистика факультетига ишга келмасимдан олдин қарийб ўн йил “Шарқ юлдузи” журналида ишлаганман, катта-катта асарларни таҳрир қилишимга тўғри келган. Бироқ таҳрирлаш бобида Маҳмуд Саъдийга тенг келадиган ижодкорлар саноқли”, деди Очил ака.
Эсимда, 1987 йилнинг ёз фаслида меҳнат таътилига чиққан домла яқин қариндошларидан хабар олгани ўзи туғилиб ўсган туман — Яккабоғга келган экан. Жияни Шаҳрисабз туман ички ишлар бўлими масъул ходими, майор Бозор Тўхтаевга: “Машинангни Китоб туманининг Қорабулоқ қишлоғига қараб ҳайда, Азамат деган шогирдим бор, шунинг ота-онаси билан танишиб, уларга раҳмат айтиб келмоқчиман”, дебдилар.
Ёзги ўқув таътили эмасми, мен ҳам шу кунлари қишлоқда эдим. Кеч соат 5-6 лар атрофида ота ҳовлимизнинг дарвозасига нотаниш “Жигули” машинаси келиб тўхтади. Машина руль чамбарагида майор, ёнида домламиз профессор Очил Тоғаев ўтирган экан, уларга дарҳол пешвоз чиқиб, уйга таклиф қилдим. Устоз уйимизнинг иккинчи қаватига темир зинапоя орқали кўтарилар экан: “Кавсархон шу кошонага келин бўлиб тушганми? У ҳам собиқ талабамиз, истеъдодли шоира, ота-онаси ҳам филолог-олимлар, уларни яхши биламан”, деб қўйдилар. Гурунг асносида ота-онамга қараб: “Азамат ҳақпараст, ҳалол-пок, мард йигит, уни яхши тарбия қилгансизлар, сизларга катта раҳмат”, деб кўнгилларини кўтариб қўйгандилар раҳматли устозимиз. Мақтовдан шунчалик шод бўлдимки, асти қўяверинг. Ота-онамнинг хурсандлигини айтмасам ҳам бўлаверади. Онам раҳматли устозга қараб: “Домлажон, шогирдингиз шу қишлоқдан чиққан бир мусофир бола, энди бу ёғига ўзингиз қўллаб-қувватлаб турасиз”, деб миннатдорчилик билдирдилар. Гурунг алламаҳалгача давом этди. Домла спиртли ичимлик ичмасди, тамакидан узоқ юрарди. Ичиб-чеккан одамни унчалик хушламасди. Дастурхонга қўйилган коньяк ва ароққа қайрилиб ҳам қарамай, бир чеккага суриб қўйдилар. Овқатни кам едилар, фақат маймунжондан тайёрланган шарбатни севиб истеъмол қилдилар. Меҳмонларни бир кеча тунаб қолишга ундагандик, қўймасдан жияни билан яна Шаҳрисабзга жўнаб кетишди.
Охирги курс талабаси эдим. Диплом ишини қайси мавзуда олишни билмай бошим қотди. Яхшиси, устоздан маслаҳат сўрай-чи, деб кафедрада ишга шўнғиб турган домланинг олдига келдим. Мақсадимни айтгандим, бироз ўйлаб турди-да: “Сен “Ҳамид Олимжон публицистикаси” деган мавзуда диплом ишини ёқласанг дуруст бўлади, уни кейинчалик давом эттириб, кандидатлик диссертациясини ёқласанг ҳам бўлади, унгаям ўзим илмий раҳбар бўламан, — дедилар. — “Қишлоқ ҳақиқати” (ҳозирги “Қишлоқ ҳаёти”) газетаси бош муҳаррири, ёзувчи-олим Неъмат Ёқубов “Ойбек публицистикаси”дан, таниқли публицист-олим Ғулом Ғафуров эса “Ғафур Ғулом публицистикаси” бўйича кандидатлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилганлар. Гарчи Ҳамид Олимжон узоқ умр кўрмаган бўлса-да, бу сермаҳсул ижодкорнинг бадиий публицистик материаллари академик ёзувчи-шоирларникидан кўп бўлса кўпдир, лекин кам эмас”, деб маслаҳат берди.
Бу беминнат маслаҳат менга жуда маъқул бўлди. Диплом ишимни домланинг шогирдларидан бири, таниқли олим — филология фанлари номзоди, доцент Ғулом Ғафуров оппонентлигида “аъло” баҳога ҳимоя қилдим.
Менинг фикримча, бугунги кунда ҳам Ўзбекистон халқ шоирлари Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид, Усмон Азим, Иқбол Мирзо, халқ ёзувчилари Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, эл суйган шоирлар Ўткир Раҳмат, Минҳожиддин Мирзо, Ғайрат Мажид, Асрор Мўмин, Сирожиддин Рауф сингари зукко ижодкорларнинг долзарб мавзуларда ёзган публицистик материаллари тадқиқ қилишга арзийди. Домла ҳаёт бўлганида таниқли адибларнинг матбуотда эълон қилинган журналистик ишларини тадқиқот қилиш учун талабаларга тавсия этган бўларди, деб ўйлайман.
Энг яхши дарс ўтадиган домлалар ким десангиз, аксарият талабалар профессорлар Очил Тоғаев, Ҳамидулла Акбаров, доцентлар Сайди Умиров, Бойбўта Дўстқораев ва шулар қаторида бошқа устозларни ҳам ҳурмат билан тилга олишар эди.
Улар қаторида кўпчиликнинг назарига тушган кучли профессорлар Ғайбулла Саломов, Нажмиддин Комилов, Тўғон Эрназаров, Талъат Солиҳов, доцентлар Анвар Шомақсудов, Омонулла Мадаев, Сайёра Низомиддинова, Маърифат Шоиноятова, Тилак Жўраев (устозларни Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) сингари домлаларни ҳам талабалар ўзларига жуда яқин олишарди. Уларнинг ҳар бири ўзгача бир дунё бўлиб, ўзига хос илмий мактаб яратган фидойи олимлар сафидан жой олган улуғ инсонлар бўлган.
Профессор Очил Тоғаевни ҳам ғиж-ғиж билим ва ҳаётий тажрибага эга, илм фидойиси бўлган журъатли инсон сифатида журналистика факультетида ўқиган катта авлод вакиллари яхши эслашади. Умуман олганда, бадиий публицистика жуда кам ўрганилган фан бўлишига қарамасдан, Очил Тоғаев шу соҳага меҳр қўйиб, унинг мураккаб тадқиқи билан астойдил шуғулланган изланувчан, қатъиятли олим эди. Домла ҳар бир дарсини ғоят қизиқарли ва мароқли ўтар, биз — талабалар 45 дақиқа давомида унинг маърузасини жон қулоқларимиз билан тинглардик. Домла ўзбек бадиий публицистикасининг жанрлари, айниқса, очерк, фельетон, памфлет бўйича маъруза ўқиганларида, гўё моҳир актёрга ўхшаб, ролга кириб кетар, таниқли адиблару журналистларимиз ёзган долзарб мақолаларни моҳирона таҳлил қилган ҳолда, жуда содда ва тушунарли тарзда гапириб берар эдилар.
Устоз Очил Тоғаев республика даврий матбуотини мунтазам кузатиб борар, яхши ёзилган долзарб мақолаларни бизларга номма-ном санаб ўтиб, муаллифлардан ибрат олишни маслаҳат берарди. Матбуотда эълон қилинган айрим очерк ва мақола муаллифларининг ғализ жумлаларидан ташқари, сўзларни ноўрин қўллаганини айтиб, талабаларга мисоллар билан исботлаб берарди. Сўзда бадиий дид, нафосат ва ҳиссиёт уйғунлашсагина ўқувчида ўзгача таассурот қолдириши, шу унсурлар бўлмаса, акс таъсир қилишини алоҳида таъкидлаб ўтарди. Дарс жараёнида шулар қаторида устоз журналист этикаси — касб одоби, сўз масъулияти, публицистик маҳорат, миллий матбуотимиз олдида турган муҳим масалалар хусусида ҳам қимматли маслаҳатларини дариғ тутмасди.
Профессор Очил Тоғаевнинг ўзи ҳам қалами ўткир олим-публицистлардан бири эди. “Журналистика соҳасида дарс ўтадиган ўқитувчи талабаларга ўрнак бўлиши учун ўзи ҳам муносиб ибрат кўрсата олиши, ижод намуналарини матбуот саҳифаларида бот-бот эълон қилиб туриши шарт”, дер эдилар. Домланинг ўзи бунга мунтазам амал қилар, нимаики мақола ёзса, у, албатта, долзарб масалани кўтариб чиққан бўларди. Ўзбек адабий танқидчилиги, адабий жараённинг муҳим воқеалари, бадиий публицистикасини ривожлантириш масалаларидан ташқари, давлат тилини янада мустаҳкамлаш, экологик вазият, хусусан, Орол муаммоси, ижтимоий-сиёсий мавзуларда ҳам баҳолиқудрат қалам тебратиб турарди. Мақолалари “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”), “Ёзувчи” газеталари, “Шарқ юлдузи”, “Гулистон”, “Ёшлик” журналларида босилиб чиқар, бу ўзига хос, маҳорат билан ёзилган ижод маҳсуллари ўқувчиларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабабчи бўлар эди. “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганида устоз беҳад хурсанд бўлган эдилар. Афсуски, мустақиллик йилларида кўпгина соҳаларда амалга оширилган изчил ислоҳотларни кўриш олимга насиб этмади.
Домла талабаларга сабоқ берар экан, “Кўп ўқиган кўп нарса билади, республика матбуотини мунтазам ўқиб, кузатиб бориш керак, — деб доим таъкидларди. — Ўз вақтида янгиликлардан воқиф бўлиб туриш, журналист ўзининг мустақил фикрини айта олиши учун муносабатларга ҳар доим шай туриши лозим, ҳамиша олдинда юриши керак, эскирган ахборотнинг сиёғи кам бўлади. Турли мавзуларда ёзилган мақола-репортаж бўладими, очерк ёки хабар бўладими, уни ўқиган одамнинг ахборотга ташналиги, чанқоқлиги, албатта, қондирилиши керак, сийқаси чиққан материаллар ҳар қандай ўқувчининг фикрини ўтмаслаштиради”, дерди. Талабаларнинг диплом ишини эринмай ўқиб чиқар, жиддий таҳрир қилиб, шогирдларига жўяли маслаҳатларини бериб, муваффақият тиларди. Домла ёзги меҳнат таътилида ҳам бекор ўтиришни хуш кўрмасди. Вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида бутун вужуди билан ижодга шўнғиб кетарди.
Профессор Очил Тоғаев ўз эътиқодига, аъмолига содиқ принципиал инсонлардан бири эди. Чаласавод, номига дарс ўтадиган ўқитувчиларни умуман ёқтирмас, журналистика факультетига таниш-билиш орқали ёки пул билан адашиб кириб қолган талабалардан нима кутиш мумкин, деб улар билан ҳадеганда муроса қилавермасди. Очиғини айтганда, домла бироз муросасиз, такаллуфсиз бўлиб, меҳр ила қаҳр ҳам йўқ эмасди. Ёқтирмаган одамини аяб ўтирмас, саводсизлигини очиқдан-очиқ юзига айта оладиган жасоратли шахс эди. Шу боис факультетда бу тили аччиқ профессорга нисбатан ғаразгўйлик қиладиганлар анчагина топилар, алалхусус, бу илм масканида бироз носоғлом муҳит юзага келгани кўпчиликни ғазаблантирарди.
Устознинг ўнга яқин китоб ва дарсликлари бўлғуси талабалар учун дастуриламал бўлиб келаётгани эътиборга лойиқ. Очил Тоғаевнинг 1963-1990 йиллар мобайнида босилиб чиққан “Асқад Мухтор”, “Кураш ва қаҳрамон”, “Ўзбек бадиий публицистикаси”, “Идрок ва ижод”, “Қаҳрамон — ижтимоий ҳодиса”, “Адиблар ва жанрлар”, “Ибратли сабоқлар”, “Прометей олови”, “Публицистика жанрлари” сингари ўнга яқин китоблари, журналистика соҳасига оид бир нечта ўқув-услубий қўлланмалари, дарсликлари ўзининг чуқур мазмуни, юксак профессионал тарзда ёзилгани билан оддий талабадан то фан доктори, профессоргача маъқул бўлган эди.
Хизмат сафари билан Ўзбекистонга чет элдан келган таниқли олимлар, шунингдек, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг ўша пайтдаги декани, профессор Ясен Николаевич Засурский ва бошқа профессор-ўқитувчилар домланинг илмий мулоқотидан кўнгли тўлганини факультетимиз домлалари яхши эслашади.
Академик Воҳид Зоҳидов “Публицистика назарияси бўйича филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаев нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёда ҳам йирик мутахассислардан бири ҳисобланади. Олим ўзбек адабиётшунослиги бўйича шу соҳанинг асосчиси”, дея эътироф этганди.
Домла пойтахтнинг қоқ марказида жойлашган кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватида истиқомат қиларди. Тўрт хонали бошпананинг иккита хонаси турли китобларга лиқ тўла бўлиб, дурадгор-усталарга китоблар учун махсус жавон (этажерка) ясаттирган эди. Чамамда, жавонда тартиб билан жойлаштирилган нодир китоблар сони ўн минг атрофида бўлган-ов. Ҳар қандай ноёб китоб ва дарсликларни домланинг шахсий кутубхонасидан топиш мумкин эди. Китоблари шунчалик кўп бўлишига қарамасдан, домла ҳар гал ойлик маошини олган куни одатдагидек китоб дўконларига ташриф буюрар, ўқишга арзийдиган бир нечта қизиқарли китоблар харид қилишни ўзига одат қилиб олганди (ҳозирги кунда ҳам қийматини йўқотмаган устозга тегишли минглаб нодир китобларнинг тақдири нима бўлганидан хабарим йўқ).
Маълумки, мутаржимлик юмуши анча мураккаб жараён. Асар руҳига кириб бориш таржимондан кучли билим, маҳорат талаб этади. Ҳали республикамиз мустақилликка эришмаган, собиқ иттифоқ даврида домламиз бадиий таржима бобида буюк испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Самарқандга, Амир Темур саройига саёҳат кундалиги” китобини ўзбек тилига ўгиришга киришиб, уни ниҳоясига етказган эди. Ғоят қизиқарли саёҳатнома асарини “Санъат” журнали бир нечта сонларида кетма-кет эълон қилиб борди. Маҳорат билан ўгирган таржима асари чиройли китоб ҳолида чоп этилганини кўриш, афсуски, устозимизга насиб этмади.
Ҳа, Очил Тоғаев юраги катта, жасоратли қалб эгаси эди. Дунёнинг манаман деган сиёсатшунос арбоблари, тарихчи ва муаррихлари етти иқлимга машҳур музаффар саркарда Амир Темур шахсига нисбатан ижобий ёндашиб, давлат бошқарувига оид адолатпарварлик фаолиятига холис баҳо берган ҳолда юзлаб китоблар ёзиб қолдирган бўлса-да, ўша вақтлар собиқ иттифоқ даврида Соҳибқирон бобомиз шахсига нисбатан қарашлар ҳаминқадар эди. Устоз ҳеч иккиланмасдан Кастилия қироли Генрих III нинг Соҳибқирон ҳузурига юборган элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг асарини таржима қилишдек залварли, масъулиятли юмушга журъат эта олди.
Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, пойтахтнинг Амир Темур хиёбони яқинида жойлашган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида турли адабий йиғинлар тез-тез ўтказилар, устоз бу тадбирларнинг деярли барчасида қатнашиб, ўзининг жўяли фикрларини қўрқмасдан дадил айта оларди. Аксарият зиёлилардан иборат тадбир иштирокчилари домланинг сўзларини бир овоздан қўллаб-қувватлаб турарди. Чунки профессор Очил Тоғаев чин маънода миллатсевар, адолатпарвар инсон бўлганини кўпчилик яхши биларди. Қайсидир машваратда “Туркистон” санъат саройининг Максим Горький номидаги академик рус драма театрига берилишига биринчилардан бўлиб дадил қарши чиққан довюрак олим эди.
Машҳур ўзбек адиби, жамоат ва сиёсат арбоби, таниқли дипломат, ёзувчи ва олим Сарвар Олимжонович Азимов домлани ғоят ҳурмат қиларди, уларнинг муносабатлари жуда яқин эканлигидан хабарим бор. “Дўстнинг юзтаси оз, душманнинг биттаси кўп”, деганларидек, Сарвар Азимовдек буюк қалб эгасининг ғанимлари ҳам етарли эди. Эшитишимга қараганда, саксонинчи йилларнинг охирроғи бўлса керак, Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган катта машваратда Сарвар Азимовни қўллаб-қувватлаб, минбардан сўз олган жасоратли инсонлардан бири профессор Очил Тоғаев бўлган экан. Домла Сарвар Олимжоновичга ҳавас қилиб, янги туғилган набирасига яхши ният билан Сарвар деб исм қўйган экан. Тақдирнинг иноятини қарангки, Шарқшунослик институтининг араб филологияси факультетини муваффақиятли битирган Сарвар Очил бобосини яхши билган таниқли тилшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Ҳисом Ғуломовнинг эвараси (зукко олима, филология фанлари доктори, профессор Гуландом Боқиеванинг невараси) Ҳилолахонга уйланди. Сарвар айни пайтда оиласи билан хорижда истиқомат қилади.
Ўтган асрнинг 90-йилларида домлага ҳукумат томонидан янги, ноёб саналган фил суяги рангли “Газ-2410” русумли “Волга” енгил автомобили ажратилди. Ўша вақтнинг пулида 15000 (ўн беш минг) рубль, қора бозорда эса 50000 (эллик минг) рубль атрофида турарди. Собиқ иттифоқ даврида “Волга” машинаси анча тақчил бўлиб, ҳар кимга ҳам берилавермасди. Устозимизнинг республика раҳбарияти ва жамоатчилик олдида ҳурмати бор эканки, янги уловга лойиқ кўрилган.
Профессор Очил Тоғаев фақат ойлик маош билан кун кўрадиган ҳалол, покдомон инсонлардан бири бўлиб, порахўрлик, тамагирлик иллатларидан анча нари юрарди. Янги машинанинг пулини тўлашда устознинг қўли калталик қилиб қолди. Илмий жамоатчиликка яхши танилган машҳур профессорнинг йиллар давомида йиққан бисотидаги жамғармаси атиги 4000 (тўрт минг) рубль экан. Ноилож қолган домла яқинларидан қарз кўтарди. Шуниси қизиқки, ўша пайтлар домланинг ўрнида ишлаган айрим устозларда бир эмас, иккита “Волга”нинг пули топиларди. Чунки устоз ёзган китоблари, дарсликлари учун баъзиларга ўхшаб катта-катта қалам ҳақи талаб қилмас, ҳалол яшар эди. Юқорида кўп таъкидлаганимиздек, энг яқинларидан олган қарзини устоз қийналиб бўлса ҳам секин-аста узди. Ҳеч кимдан қарз бўлиб қолмади. Аксинча, устоздан биз каби юзлаб шогирдларининг берган билим, маслаҳатлари, ўгитлари боис улардан қарзимиз кўп эди.
Домланинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлса-да, машинани деярли ҳайдамасди. Қаерга бориш керак бўлса, мени ўзига ҳамроҳ қилиб оларди. Аксарият ҳолларда машина ҳайдашни менга ишониб топширарди. Устоз янги автомобилнинг олд ўриндиғида ўтириб, ён-атрофни томоша қилиб кетишни ёқтирарди. Домла кўринишидан анча жиддий, мағрур инсондай туюлса-да, камтарин олим эди. Янги машинасини бирор марта бўлсин, мақтаниб, хўжакўрсин учун факультетга олиб келганини эслолмайман.
Домла билан муносабатларимиз илиқлигини эшитган бир танишимиз “Ўғлимни университетда ўқитмоқчийдим, профессор Тоғаев ёрдам бермасмикан, рози қилардим”, деб сўради. Кунларнинг бирида домлага бу гапни ётиғи билан айтгандим, устознинг бироз жаҳли чиққандай бўлиб: “Билими бўлса, шундоғам таниш-билишсиз кириб ўқийверади. Порахўрлик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган, ҳалол луқмага нима етсин! Буни менга бир айтдинг, бу мавзуда менга бошқа гапирма”, дедилар. Очиғини айтганда, домла олти нафар фарзандини ўзи ишлаб турган нуфузли университетда ўқитиши мумкин эди, бироқ ориятли устозимиз буни ўзига эп кўрмади.
Профессор Очил Тоғаев ортиқча ҳою ҳавас, мансаб-амалга ҳам унчалик қизиқмасди. Эшитишимга қараганда, саксонинчи йилларнинг охирларида журналистика факультетининг “Матбуот назарияси ва амалиёти кафедраси” мудирлигига доцент Бойбўта Дўстқораев билан устознинг номзоди қўйилганди. Шунда домла фан доктори, профессор бўлишига қарамасдан, шахсий манфаатини ўйламай, кафедра мудирлиги лавозимига шогирди Бойбўта ака номзодига овоз берганини ҳануз эслаб юришади бу воқеадан хабардор бўлган домлалар.
Айрим пайтлари ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари домла билан Тошкент туманидаги Кўксарой маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган ҳовлисига тез-тез бориб турардик. Қўлимдан келганча ҳовлидаги дарахтларга шакл бериб, ерни чопишга кўмаклашардим. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида кўп йиллар фаолият юритган республикада хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ҳамза мукофоти лауреати Мақсуд Юнусов устознинг ён қўшниси эди. Домланинг келганини эшитган заҳоти Мақсуд ака гурунгга келарди. Икки фан ва санъат арбоблари ижодий масалалар юзасидан узоқ суҳбатлашар, бундан камина маънавий завқ олардим. Ҳозирги кунда бу файзли ҳовлида олимнинг божхона хизматидан нафақага чиққан фарзанди Фурқат Тоғаев оиласи билан истиқомат қилиб келмоқда.
Шодлик ва қайғунинг ораси бир қадам, деганларидек, тўқсон биринчи йилнинг бошида домла қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Кундан-кун озиб кета бошлади. Муолажаларнинг фойдаси бўлмагач, домланинг янги машинасида Оҳангаронда бир табибникига боришга тўғри келди. У табиий гиёҳлардан турли малҳамлар тайёрлаб берди. Булар ҳам наф бермагач, ўша вақтлар Андижонда номи чиққан бир табибга боришга мажбур бўлинди. Тушдан кейин водий томон йўлга отланиб, кечга яқин фарғоналик таниқли журналист Шокирали Нуралиевнинг хонадонига бориб, бир кеча тунадик. Эрта тонг саҳарда, аввало, Аллоҳдан шифо истаб, яхши ниятлар билан “Андижон, қайдасан?” дея йўлга чиқдик. Андижонга келиб, табибнинг уйини суриштириб топдик. Бу табиб ҳам турли хил гиёҳлардан дамламалар тайёрлаб, бир нечта тавсиялар берди.
Пойтахтга қайтиб келгач, устоз табиий малҳамларни ича бошлади. Бироқ буларнинг ҳеч қайсиси кор қилмади, аксинча, домланинг дарди баттар оғирлашиб, кундан-кун озиб-тўзиб кета бошлади. Оғир хасталик ортга чекинмади. Барча қилган саъй-ҳаракатлар зое кетди. Устознинг қазоси етган экан, орадан кўп ўтмай, 1991 йилнинг 28 октябрида 66 ёшида, илмий-ижодий ишлари айни чўққига кўтарилаётган чоғда бу фоний дунёни тарк этди. Қашқадарёдан хешу ақраболар етиб келишди, жанозада анча одам йиғилди, Устоз “Минор” қабристонига қўйилди.
Устоз ўлими олдидан каттагина васиятнома ёзиб қолдирган экан. Шогирдларига иложи борича Анора ва Бахтиёрнинг олий маълумот олишига ёрдам бериш тўғрисида васият қилинган эди. Анора ўзининг билими билан ўқишга кирди. Учинчи босқич талабалиги чоғида менинг уяли телефон рақамимни кимдандир суриштириб топиб олган экан, мен билан боғланиб: “Устозингиз Очил Тоғаевнинг қизи Анора бўламан. Ўқишим билан боғлиқ бир илтимосим бор эди, Ўзбекистон Миллий университети биносида учрашсак бўладими?” деди бироз хижолат тортиб. “Бўпти, синглим, ёрдам беришга ҳаракат қиламан, ҳақиқатан раҳматли даданг устозим бўларди”, дедим. Эртаси куни учрашдик. Анора кўринишидан дадасига жуда ўхшаб кетарди. Унинг арзимаган муаммосини ҳал қилиш мақсадида ўзбек филологияси факультетининг ўша пайтдаги декани, таниқли олим, филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовнинг қабулига кирдик. “Шу арзимаган нарса учун Азамат акани овора қилиб юрибсанми? Тўғридан-тўғри менинг олдимга келиб, профессор Очил Тоғаевнинг қизиман, десанг бўларди-ку! Биз ҳаммамиз дадангни яхши танирдик, ҳурмат қилардик, катта олим эди”, деганида Аноранинг кўзидан ёш чиқиб кетди. “Деканимиз дадамни танишини, ҳурмат қилишини билганимда, сизни овора қилмасдим, узр”, деб мен билан хайрлашиб, факультетда қолди. Анора пойтахтга ўқишга келган заҳоти ака-опаларини топиб, мулоқотга киришиб, иноқлашиб, борди-келди қилиб юрганидан хабарим бор.
Устознинг садоқатли шогирдлари бисёр эди. Катта олим ва зукко мунаққид Маҳкам Маҳмуд (Андижоний), профессорлар Бойбўта Дўстқораев (Аллоҳ раҳмат қилсин), Мансур Бекмуродов, етук олим ва публицист Ғулом Ғафуров, ёзувчи ва журналист, қирқдан зиёд китоблар муаллифи (унвонсиз ижодкор) Ҳаким Сатторий, шоир ва журналист, “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси бошқаруви раиси Амирқул Карим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Михли Сафаров, Салим Ашур, “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири, журналист-ҳуқуқшунос, шоир Сирожиддин Рауф, таниқли олим-публицист, филология фанлари доктори, профессор Ҳалим Саидов ва бошқа юзлаб олим, шоир ва журналистлар билан фахрланарди. Олим ва ёзувчилар — академик Наим Каримов, филология фанлари доктори, профессор, фан арбоби Бегали Қосимов, таниқли филолог-олим, профессорлардан Асил Рашидов, Шариф Юсупов, Ботир Норбоев, фан номзодлари Наримон Ҳотамов, Норқул Бекмирзаев, Маҳмуд Сатторов сингари зиёлилар билан яхши муносабатда эди. Шулар қаторида катта адиб, миллатпарвар ёзувчи Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон)нинг ижодига ўзгача бир хайрихоҳлик билан холис муносабат билдирарди.
Журналистика факультетининг собиқ талабалари — Ўзбекистон халқ ёзувчилари Шукур Холмирзаев, Эркин Аъзам, Тоғай Мурод, халқ шоирлари Усмон Азим, Анвар Обиджон сингари таниқли ижодкорларнинг ўзини ҳам, ижодини ҳам бағоят ҳурмат қиларди. Домланинг бевосита ташаббуси билан машҳур ижодкорлар билан талабалар ўртасида ижодий учрашувлар тез-тез ўтказиб турилганига гувоҳ бўлганман. Машҳур шоир ва ёзувчилар, таниқли олимлар Уйғун, Асқад Мухтор, Мирмуҳсин, Омон Мухтор, академик Матёқуб Қўшжонов, филология фанлари доктори, профессор, фан арбоблари Асил Рашидов сингари зиёли инсонлар билан бўлган қизиқарли мулоқот учрашувларида талаба сифатида шахсан иштирок этганимни яхши хотиралар билан эслайман.
Ҳадиси шарифда “Бешикдан қабргача илм изла”, дейилган муқаддас калом бор. Инсон қанча кўп яшагани билан эмас, умри давомида амалга оширган эзгу ишлари, маънавий-маърифий сабоқлари, келажак авлоднинг камол топиши учун беминнат хизмат қиладиган илмий-тадқиқотлари, хайрли ва савобли юмушлари орқали кишилар қалбида чуқур из қолдиргани билан аҳамиятли. Устоз узоқроқ яшаганида яна бир нечта китоб ва дарсликлар муаллифига айланармиди, деган ўй ҳамон безовта қилади мени.
Гапнинг индаллосини айтганда, домланинг китоб, дарсликларини қайта кўриб чиқиб, ўша мустабид тузум давридаги мафкурадан холи тарзда қайта нашр этилса, нур устига аъло нур бўлар эди. Чунки илмга чанқоқ, билимдон устозимизнинг журналистика, бадиий публицистик маҳорат муаммоларига бағишланган фикр-мулоҳазалари, чуқур таҳлиллари ҳанузгача ўз аҳамиятини йўқотганича йўқ. Қолаверса, жонкуяр, илм-фан фидойиси, профессор Очил Тоғаевнинг номини абадийлаштириш масаласи ҳам кун тартибига киритилса, ғоят хайрли, адолатли юмушлардан бири бўлар эди. Чунки бу инсоннинг илм-фан равнақи, етук мутахассислар тайёрлашга қўшган бемисл ҳиссаси буларга арзийди.
Яна бир таклиф шуки, журналистика соҳасида таҳсил олаётган ёшлар — бўлажак журналистлар профессор Очил Тоғаевнинг китобларини ўқиётган бўлишлари мумкин, аммо улар у кишини кўриб улгурмаган, ҳақиқий илм фидойиси бўлган бу инсон ҳақида тасаввурлари ҳам деярли йўқ ҳисоби. Ҳали ҳам кеч эмас: домла Тоғаев, унинг камтарона хизматларини заррача камситмаган ҳолда, суратини факультет жамоаси расмлари қаторида қўйиб, қисқача таржимаи ҳоллари, илмий-ижодий фаолияти, ёзган китоблари ҳақида маълумотлар берилса, яна бир эзгу-савоб ишга қўл урилган бўлур эди.
Шу йил беқиёс қалб ва илм соҳиби, профессор Очил Тоғаев таваллудининг 100 йиллиги, бир асрлик сана. Устоз номига чуқур эҳтиром кўрсатилса арзийди. Зеро, ўзбек илм-фани, педагогикаси ҳамда журналистикасида Очил Тоғаев феномени ҳақида ҳали деярли ҳеч нарса айтилгани йўқ.
Азамат СУЮНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар ва
Журналистлар уюшмалари
аъзоси.
