Муқаддас опанинг ижодий олами

Яқинда биз ўзгача ҳаяжон ва эҳтиром билан бир даврага жам бўлдик. Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази ҳамда Олмазор туманидаги “Қуёш” маҳалласи кутубхонаси ҳамкорлигида ажойиб ижодий кеча ўтказилди. Ушбу тадбир серқирра фаолияти ва маданиятимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси билан халқимиз ардоғига сазовор бўлган ижодкор – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени ва биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳибаси ҳамда “Олтин қалам” миллий мукофоти совриндори Муқаддас Абдусаматова ижодига бағишланди.

Маънавий-маърифий кечада Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази жамоаси, пойтахтимизнинг 10 та туманидаги ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари, М.Абдусаматованинг яқинлари, касбдошлари ва шогирдлари иштирок этишди. Шунингдек, тадбирда Олмазор тумани “Қуёш” маҳалласи кутубхонасининг фаол китобхонлари, “Нуроний” жамғармасининг Олмазор туман бўлими ва маънавият бўлими вакиллари, маҳалла фаоллари, таниқли ёзувчи ва шоирлар ҳамда ОАВ ходимлари қатнашдилар.

Ҳар бир инсон умри – бир достон, бир саҳифа. Аммо шундай умрлар борки, улар жамият маънавияти ва маданиятига ёруғ нур олиб кириб, мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бундай ҳаёт йўлини чин маънода “саодатли умр” деб аташ мумкин. Ушбу маънавий-маърифий кеча айнан шундай сермаҳсул ижодий умр эгаси — Муқаддас Абдусаматова фаолиятига бағишланди.

Муқаддас опа Тошкент шаҳрида зиёли ­оиласида таваллуд топган. Унинг умр саҳифалари илк даврлардан бошлаб илмга чанқоқлик ва сўзга муҳаббат билан йўғрилди. 1960 йили пойтахтдаги 22-ўрта мактабни муваффақиятли тамомлаган Муқаддас Абдусаматова олий таълимни Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультети кечки журналистика бўлимида давом эттирди. Бу давр у кишининг келгуси ижодий фаолияти учун мустаҳкам пойдевор бўлди.

Ижодкорнинг меҳнат фаолияти 1966 йилдан бошланган бўлиб, у ўзбек журналистикасининг йирик вакилларидан бири сифатида салмоқли ишларни амалга оширди. “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасининг адабиёт ва санъат бўлимида адабий ходим сифатида иш бошлаган Муқаддас опа қарийб 30 йилдан ортиқ вақт давомида ушбу газетада меҳнат қилди, ўзбек журналистикаси ва адабиёти ривожига катта ҳисса қўшди. Унинг устозлигида неча юзлаб ижодкор ёшларнинг қалами чархланди, асарлари кенг жамоатчиликка етказилди.

Муқаддас Абдусаматованинг “Умр лаҳзалари”, “Оналик бахти”, “Фазилатим – фозилалигим”, “Умр – ипга терилган маржон”, “Шукрона”, “Сайланма”, “Ортда қолган излар”, “Уйғоқ туйғулар”, “Оила муқаддас”, “Бунча ширинсан, ҳаёт!” каби қатор шеърий ва насрий китоблари нашр этилиб, кенг китобхонлар оммасининг меҳрини қозонган. Ушбу асарлар инсон руҳиятининг энг нозик қирраларини, она Ватанга муҳаббатни, оила муқаддаслиги ва инсоний фазилатларни теран тараннум этиши билан алоҳида ажралиб туради.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Китобга бўлган муҳаббат – маънавий камолотнинг энг муҳим пойдевори, у ҳар қандай ривожланишнинг асоси ҳисобланади”. Айнан шу пойдеворни мустаҳкамлашда, маърифатли жамиятни барпо этишда кутубхоналар, хусусан, маҳалла кутубхоналари энг муҳим бўғин вазифасини ўтайди. Бу масканлар ёшларимизнинг дунёқарашини кенгайтириб, уларга чуқур билим бериш билан бирга, миллий қадриятларимизни, ўзбекона одоб-ахлоқни ҳам сингдиради.

Маҳалла кутубхонаси – бу бирлик масканидир. У ерда турли авлод вакиллари бир даврада жам бўлиб, китоб ҳақида суҳбатлашади, фикр алмашади, ўзаро тажриба улашади. Бу эса ўз-ўзидан маҳалла ҳаётини янада жонлантиради, иноқ ва аҳил муҳитни шакллантиради. Бундай зиё масканлари фаолиятини жонлантиришда М.Абдусаматова каби фидойи ижодкорларимизнинг ҳам ўрни беқиёс.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Г.Йўлчиева, “Нуроний” жамғармаси Олмазор тумани бўлими раиси М.Мирпўлатов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гулчеҳра Умарова аёл нафақат оила файзи ва фарзанд тарбиячиси, балки жамиятнинг маънавият кўзгуси эканлигини таъкидладилар. Айниқса, Муқаддас опа каби ўз ижоди билан минглаб диллар маънавиятини бойитган, сўз санъати гулшанида ўз ўрнига эга ижодкор аёлларимиз фахримиз ва ғуруримиз эканлиги, уларнинг ҳар бир асарида Ватан туйғуси, инсоний қадриятлар ва беғубор меҳр тараннум этилиб, она ерга чексиз садоқат ва аёллик латофати барқ уриб туришини алоҳида эътироф этдилар.

Дарҳақиқат, китобсиз жамиятда тараққиёт ҳам, маънавият ҳам бўлмайди. Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётган бир даврда Муқаддас Абдусаматова каби маърифат тарғиботчиларининг хизматлари беқиёсдир. Зеро, устоз ўз шеърларидан бирида ёзганидек:

Китоб – қалбга бергувчи садо,

Руҳимизга бахш этар ҳаёт.

Унда яшар ҳикмат ва даво,

Нур йўлига бошлар бепоён.

Дарҳақиқат, Муқаддас опанинг ижодий оламига назар ташлар экансиз, ундаги самимийлик ва ҳаётийлик ҳар қандай ўқувчини ўзига ром этади. Шоира лирик қаҳрамонининг тилидан тўкилган мана бу сатрларни тингланг-а:

Ҳар бир сатримда яшайди умид,

Ҳар бир сўзимда Ватан ифори.

Кўнглим дарёсини халқимга бердим,

Эзгу дуоларни устимга кийдим.

Яшадим дунёда фидойи бўлиб,

Сатрлар бағрида мангу тирилиб.

Самимий дил изҳорлари бу! Шундай, устоз Муқаддас Абдусаматованинг ҳар бир сўзидан Ватан ифори келади, ҳар бир сатрида инсонларга бўлган чексиз меҳр яшайди. Маънавий-маърифий кечада биз мана шу мўъжизакор ижод йўлига биргаликда саёҳат қилиш билан бирга, устознинг ўзларидан ҳикматли сўзларни тинглаб, дилимизни нурга тўлдириш имконига эга бўлдик.

Ҳафиза КАРИМОВА,

Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона

маркази директори,

педагогика фанлари бўйича

фалсафа доктори (PhD).

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + 13 =