Турксой – туркий дилларни туташтирган илдиз

Адабиёт чегара билмайди, унинг учун масофалар ўлчами дахлсиз. Унинг кучи мозий ва келажакни боғлайдиган, дилларни ва йўлларни бирлаштирадиган даражада қудратли.

Адабиёт — барча даврларда халқлар ўртасидаги дўстликни, сиёсий ва маданий муносабатларни янада мустаҳкамловчи кўприк бўлиб хизмат қилган.

Бугунги қардош мамлакатлар ўртасидаги ўзаро борди-келди алоқалар, қўшничилик муносабатларининг янада яқинлашувида ҳам унинг ўрни асосий мезон сифатида қараляпти.

Яқин йилликлар оралиғида тили ва дили бир-бирига яқин, илдизи бир қардош мамлакатлар ўртасидаги адабий алоқалар тизими янада ривожланди.

Қардош халқлар адабиётидан бир-бирига таржима китобларнинг салмоғи ва саноғи ошди. Халқаро адабий тадбирларнинг кўлами янада кенгайди.

Юқоридаги фикрларимнинг тасдиғи сифатида Турксой — халқаро туркий маданият ташкилоти томонидан амалга оширилаётган тадбирларнинг ўрни беқиёс.

Ташкилот туркий халқлар ёзувчилари, шоирлари ва таржимонларини мунтазам бир майдонга жамлаяпти, айниқса, ёш ижодкорларнинг ўзаро танишувлари ва ижодий ҳамкорликлари учун йўл очиб беряпти.

Ташкилотнинг навбатдаги тадбири ҳам кўтаринки руҳда, гўзал таассуротларга бой бўлди.

Шу йилнинг 16-17 июль кунлари Озарбайжоннинг маданий пойтахти Шуша шаҳрида Туркий дунё ёш шоирларининг II фестивали ўтказилди. Анжуманда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия, Туркманистон давлатларидан йигирмадан ортиқ ижодкорлар қатнашди.

Ушбу тадбирда юртимиздан вакил сифатида тўрт ижодкор — Ислом Али, яъни мен ва Мадина Норчаева ҳамда Аллаёр Дарменовлар иштирок этдик.

Ассалом, Озарбайжон!

Боку аэропортида истеъдодли шоир акамиз Шуҳрат Орифни учратиб қолдик. У фестивалга фахрий меҳмон сифатида таклиф этилган экан. Ватандошларимиз гуруҳи яна биттага кўпайгани ҳаммамизни хурсанд қилди. Аэропортдан чиқишда бизни ташкилотчилар томонидан тайинланган ҳайдовчи акамиз самимий кутиб олди. Ҳазил-мутойибалар билан Боку марказидаги “Марриот” меҳмонхонасига етиб бордик. Барчамизнинг кўнглимизда бир олам завқу шавқ, ҳайрат. Машинадан тушишимиз билан юзимга намчил ва хушбўй ҳаво урилди.

“Ака, денгизнинг ҳидини қаранг, роса ёқимли экан. Меҳмонхонага яқин, шекилли”, — деди Мадина.

Шуҳрат Орифнинг “Сал нарида денгиз бор” деган гапидан сўнг осмон билан туташаётган тўлқинларни кузатиш иштиёқи кўнглимга тинчлик бермади. Шуҳрат ака меҳмонхонада рўйхатга олиш ишларини тугатгунга қадар биз сабр қилмасдан ташқарига ошиқдик. Меҳмонхонанинг орқа томонидан чамаси икки юз метр юргач, Каспий денгизи бошланди. Соҳил бўйлаб қурилган Боку бульварининг адоғи кўринмайди. Шамол кучли. Беш-олти чағалай бошимиз узра чарх урар, бу ҳолат ҳайратимизга тағин завқ улашарди. Сувнинг юзида ёғ (нефть) қалқиб турибди. Анча вақтгача сув бўйида суҳбатлашдик, эсдалик учун суратларга тушдик.

Меҳмонхонага жойлашгач, бирин-кетин бошқа қардош мамлакатлар делегациялари келишди. Гарчи улар билан биринчи марта кўришаётган бўлсак-да, кўп йиллик танишлардек саломлашдик. Барчанинг кўнглида қардошлик туйғулари жўш уриб, зумда минг йиллик қадрдонларга айландик. Кечки таомдан сўнг соҳил бўйида расмий танишув тадбири ўтказилди. Турксой ташкилоти раҳбари Султон Раев билан кечган суҳбатлар самимий ва эсда қоларли бўлди. Туркий халқларнинг улуғ шоирлари, ёзувчилари, арбоблари эсланди.

Шундан сўнг биз Оқ шаҳарни сайр қилишга ошиқдик. Бокунинг энг қадимий маскани — “Ички шаҳар” кўчаларини кездик. Бу кўчада тарихий иншоотлар жуда кўп экан. Йўлаклар бўйлаб кезарканмиз, тарихий ва ўз ҳолича сақлаб қолинган баланд бир минора эътиборимизни тортди. Минора “Қирққиз қалъаси” деб номланар экан. У билан боғлиқ машҳур афсонага кўра, қирқ нафар қиз душманлардан ҳимояланиш учун шу қалъадан паноҳ топган. Шу боис унга “Қирққиз қалъаси” номи берилган экан. Кўча охирида машҳур “Бриллиант қўл” фильми суратга олинган жой. Бу йўлак халқ тилида “Чёрт побери” деган машҳур ибора билан аталади. Зиёратгоҳлар, дўконлар, тошли йўлаклар, қадимий ашёлар — барча-барчаси Ички шаҳар кўчаларига ўзгача зеб бериб турарди.

Шушага уланган шеърият йўли

Эрталаб Озарбайжоннинг маданият шаҳри Шушага йўлга чиқдик. Йўл-йўлакай автобусда қўшиқлар айтилди, ижодий суҳбатлар давом этди. Кайфият барчада кўтаринки. Қорабоғнинг осмонўпар тоғлари бўйлаб ястаниб ётган яшиллик руҳимизга ҳузур бағишлайди. Гоҳ ойнадан табиатнинг гўзаллигини томоша қиламиз, гоҳ кўнгилда туғилган ажиб туйғуларни сатрларга айлантирамиз. Туркманистонлик ижодкор дўстим Карим Ҳаллиев китобидан, Гараханжар оға Туркманистон миллий дўпписидан совға қилди. Биз ҳам совға улашиш бобида бўш келмадик. “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларидан, ўзбекистонлик шоир ва ёзувчиларнинг китобларидан улашдик. Қозоқ қардошимиз Қундуз Жубаева йўл-йўлакай шеърларимиздан таржима қилибди. Мана шундай хурсандчиликлар билан Шушага етиб келдик.

Ижроларнинг тили фарқ қилса-да, оҳанглар кўнгилга яқин. Барчасида туркий элатларнинг тарихи, маданияти садо беради. Мушоира ва адабий гурунглар қизигандан-қизиб, вақтни ҳам унутдик. Чиройли давра, самимий тилаклар, ўтли ва гулдурос шеърлар, соҳир қўшиқлар… Шушадаги кунимиз мана шундай гўзал таассуротлар билан якунланди.

Воқиф шеърият фестивали

Эрталаб “Воқиф шеърият кунлари” фестивалида иштирок этиш учун Ағдам шаҳрига жўнадик. Фестивални Турксой ташкилоти раиси Султон Раев очиб берди. Фестивалда мезбон мамлакатдан Нодир Ризали, Камол Ҳусейнзода, Турал Балабейли, қозоғистонлик Алия Инкарбек, Қундуз Жубаева, Нуртилеу Қодирқул, Едилбек Дуисенов, Мақсат Дауилбай, Қирғизистондан Мелис Маматжан ўғли, Ирисгул Изатова, Мақсат Жангазиев, юртимиз вакиллари сифатида Мадина Норчаева, Аллаёр Дарменов, Туркиядан Эмре Демир, Мелике Явузай, Умит Чичекчи ҳамда туркманистонлик Гараханжар Байханов, Карим Ҳаллиев, Юсуп Мередов сингари тенгдошларимиз иштирок этишди. Ташкилот раҳбари Султон Раевнинг ижодимга бўлган фикрлари ва эътирофи менга янада куч берди.

Фестивалдан сўнг Шуҳрат Орифнинг озар тилида нашр этилган “Maktubdir ömrüm” китоби тақдимоти ўтказилди. Ижодкорларга муаллифнинг китоблари тарқатилди. Шундан сўнг Шушага қайтиб, Қорабоғ хонининг вазири, шоир Мулла Паноҳ Воқиф қабрини зиёрат қилдик. Маҳаллий аҳоли ва меҳмон ижодкорлар учун маданий концерт дастури ўтказилди. Хонандалар ижросида Қорабоғ тарихини, маданиятини улуғловчи қўшиқлар куйланди. Фестиваль иштирокчилари тақдирланди. Ташкилотчилар томонидан ўзбек шеърияти эътироф этилди.

Қорабоғнинг жароҳатлари

Бир давра суҳбатида озарбайжонлик шоир Интиқом Яшар шундай деди:

“Озар шеъриятининг сўнгги ўттиз йиллиги Қорабоғга аталди. Эътибор қаратсангиз, вайроналарга аскарларимиз исмларини ёзишган. Булар шунчаки ёзув эмас, булар Қорабоғнинг исмлари, булар Ватаннинг исмлари”. Қорабоғда қайта қурилиш ишлари бўляпти экан. Замонавий бинолар қад ростлаяпти. Бироқ урушнинг асоратлари, вайроналар, қулф осилган эгасиз уйлар, очиқ қолган қаровсиз ҳовлилар, бўм-бўш кўчалар кўнгилни хира қилади. Қорабоғнинг тарихий жойларини яна айландик. Шоирларга, бастакорларга қўйилган ҳайкалларни кузатарканман, кўнглим беҳузур бўлди. Ўққа тутилган ҳайкалларнинг бадани илма-тешик. Минораларнинг мунгли ва хароба қиёфаси урушдан қолган жароҳатларга айланган. Чўлқалъа маҳалласида жойлашган “Хон қизи булоғи”га бордик. Булоқ Қорабоғ хонлигининг сўнгги ҳукмдори Меҳдиқулихоннинг қизи, машҳур шоира Хуршидбону Нотавон ташаббуси билан барпо этилган экан. Шоиранинг булоқ деворларига туширилган сатрлари ҳам ўчиб кетибди…

“Шарқ юлдузи” ва “Ёшлик” журналлари сайёҳлар нигоҳида

Бокуга қайтиб, биринчи меҳмонхонага қайта жойлашдик. Ўзбекистондан олиб борилган журналлар ва китобларнинг ярми турибди. Гуруҳимиз билан маслаҳатлашиб, олишга улгурмаган ижодкорларга улашадиган бўлдик. Залда қардошларимизга журналларимизни таърифлаб турган вақтимиз меҳмонхона ходими келди. Унинг нигоҳларидан адабиётга қизиқиши сезилиб турарди. Дилфуза опа берган иккита журналдан кейин қувониб, миннатдорлик изҳор қилди. Кузатиб турсам, тўғри бориб меҳмонхонанинг матбуот бурчагига тахланган нашрлар қаторига қўшди. Жавон ёнида уч-тўрт чоғли инглиз, ҳинд сайёҳлари журнал варақлашяпти.

Дилфуза опа менга юзланиб: “Қаранг, Исломжон, журналларимизни дунё ўқийдиган бўлди”, деди.

Мен жавоб қайтардим: “Туркий халқлар адабиёти дунёни бирлаштирмоқда, опа”.

* * *

Сафаримиз қариди. Юртга қайтдик. Самолётимиз ҳавога кўтариларкан, барчамизнинг кўнглимиздан бир ҳис кечарди. Барчамизнинг нигоҳимиздан Озарбайжонни, Қорабоғни, Шушани қайта соғинаётганимиз сезилиб турарди. Кўз олдимда гўзал хотиралар тасмаси қайта айланди. Лекин она юртимизга қайтиш янада ёқимли эди…

Ислом АЛИ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − 1 =