Буюк мероснинг замонавий талқини

Ислом цивилизацияси маркази билан журналистик ҳамкорлик

Тошкент шаҳрида қад ростлаган Ислом цивилизацияси маркази — халқимизнинг кўп асрлик тарихий, илмий ва маънавий меросини бир маконда жамлаган ноёб маскандир. Бу ерга қадам қўйган ҳар бир инсон нафақат тарихий экспонатлар билан танишади, балки асрлар давомида Мовароуннаҳр заминида шаклланган илм-фан, тафаккур ва маърифат анъаналарини теран ҳис этади.

Марказ экспозициялари ислом цивилизацияси ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий мероси ҳақида ҳикоя қилади. Она заминимиз Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Мирзо Улуғбек каби донишмандлар номи билан узвий боғлиқ. Уларнинг математика, тиббиёт, астрономия, география, ҳадис илми ва бошқа соҳаларга қўшган бебаҳо ҳиссаси бугунги замонавий илм-фан тараққиётида ҳам муҳим ўрин тутади.

Марказнинг ўзига хос жиҳатларидан бири — тарихий жараёнларнинг еттита асосий тематик портал орқали ёритилишидир. Ушбу порталларда Ўзбекистон ҳудудидаги қадимги цивилизациялар, ислом динининг кириб келиши ва ривожланиши, илм-фан ва маданият тараққиёти, Темурийлар даври ҳамда ундан кейинги тарихий жараёнлар изчиллик билан намойиш этилади. Шу тариқа ташриф буюрувчилар тарихни алоҳида экспонатлар йиғиндиси сифатида эмас, балки ўзаро боғлиқ ва яхлит жараён сифатида тасаввур қилиш имконига эга бўлади.

Тарихни асраб-авайлашнинг энг муҳим йўли — уни келажак авлодга бекаму кўст етказишдир. Бунинг учун эса тарихий ҳақиқатларни фақат дарсликлар ёки музей витриналарида сақлаб қолишнинг ўзи кифоя қилмайди. Уни замонавий тилда ва илғор воситалар ёрдамида ҳикоя қилиш, ёшлар қалбига етказиш зарур. Бугун журналистика айнан шу эзгу вазифани бажаришда муҳим воситага айланмоқда.

Шу нуқтаи назардан, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилганини алоҳида аҳамиятга эга дейишимиз мумкин. Мазкур тадбирда ­оммавий ахборот воситалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, талабалар ва ёш изланувчилар иштирок этди. Учрашув тарихий меросни замонавий журналистика воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш, ёш журналистларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда таълим ва маданият соҳалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилгани билан эътиборлидир.

Марказнинг бой илмий салоҳиятини унинг кутубхонаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ерда 2 500 дан ортиқ қўлёзма ва тошбосма асарлар, яъни қарийб 40 минг босма нашр ҳамда 350 мингдан зиёд электрон материал жамланган. Бундай кенг манбалар базаси нафақат тарихчи ва тадқиқотчилар, балки журналистлар учун ҳам улкан билим ва маълумотлар хазинасидир.

Зеро, замонавий журналист учун тарих шунчаки сана ва рақамлар йиғиндиси эмас, балки инсон тақдири, илмий кашфиётлар, буюк ғоялар ва жамият хотираси ҳақида мукаммал билимга эга бўлиш талаб этилади.

Ана шу жиҳатдан ЎзЖОКУ ва Ислом цивилизацияси маркази ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида гид-журналистика алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу йўналиш орқали талабаларни тарихий объектлар, музейлар ва маданий мерос масканларини журналистик нуқтаи назардан ўрганишга, улар ҳақида профессионал экскурсиялар ва медиаматериаллар тайёрлашга йўналтириш кўзда тутилган.

Гид-журналист оддий гид ёки шунчаки маълумот етказувчи мухбирдан фарқли равишда тарихий манбани синчковлик билан ўрганади, фактларни текширади, воқеалар ўртасидаги мантиқий боғлиқликни топади ва уни аудиторияга қизиқарли ҳикоя шаклида етказади. Бугунги мультимедиа журналистикасида бу кўникмалар видеорепортаж, подкаст, фотосуратлар, ижтимоий тармоқ контенти ва ҳужжатли лойиҳалар билан уйғунлашиши мумкин.

Ҳамкорлик доирасида келгусида тарих, маданият, маърифат ва журналистика йўналишларида танловлар ҳамда ижодий лойиҳаларни ташкил этиш, иқтидорли талабаларни рағбатлантириш кўзда тутилганлиги ҳам эътиборли. Муваффақиятли натижа кўрсатган талабаларни стипендиялар билан қўллаб-қувватлаш имконияти яратилиши эса ёшларни илмий изланиш ва ижодий фаолиятга янада руҳлантиради.

Ислом цивилизацияси маркази ана шу жараён учун улкан маърифий майдон. ЎзЖОКУ эса ушбу тарихни профессионал журналистика воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказадиган ёш мутахассисларни тайёрлашда муҳим роль ўйнайди.

Фарангиз АБРУЕВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × three =