Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда…

Радио ёки телевидениеда Фахриддин Умаров қўшиқлари янграса, бефарқ эшита олмайман. Бирор юмуш билан кетаётган бўлсам, тўхтаб қулоқ тутаман. Қўшиқ тугаганидан кейин ҳам бир неча дақиқа унинг оҳанги оғушида сеҳрланиб тураман. Нега шундай эканини кўп ўйлайман.

Ахир қанчадан-қанча машҳур санъаткорларнинг қўшиқларини мароқ билан тинглайман. Аммо Фахриддин Умаров ижросидаги қўшиқ янграганда ундан узилиб кетишим жуда қийин бўлади. Ҳатто кун бўйи шу қўшиқ билан бирга яшайман, хиргойи қилиб юраман. Бунинг сирини эса отам — Худойберди бобонинг бир ҳикоясидан топгандай бўлдим.

Отамнинг ҳикоя қилишларича, 1961 йилнинг февраль ойида (ўша пайтда Қашқадарё вилояти Сурхондарё вилояти таркибида бўлган) Термиз шаҳрида йил якунига бағишланган қурултой ўтказилган. Қатнашчилар Қарши шаҳридан юк машинасида йўлга чиқишган. Улар орасида отам ҳам бўлган экан.

Қурултой сўнгида, албатта, концерт қўйилган. Буни қарангки, Термиздаги қурултойга Фахриддин Умаров таклиф этилган экан.

Улуғ ҳофиз савлат билан саҳнага чиқиб келганида, одамлар уни гулдурос қарсаклар билан қарши олишган. Фахриддин Умаровнинг соҳир овози зал бўйлаб янграганда эса томошабинлар бу сеҳрдан, бу бетакрор оҳангдан шунчалар сел бўлишганки, отам бу воқеани йиллар ўтиб ҳам мароқ билан сўзлаб берарди.

Томошабинлар ҳофизни кетгани қўйишмабди. Қарсаклар тинмагач, у яна саҳнага чиқиб, қўшиқ куйлабди. Шу оқшом Фахриддин Умаров 23 та қўшиқ айтган экан.

Аммо отам ҳикоясининг мен учун энг қизиқ, энг таъсирли жойи ҳали олдинда.

Отам Термиздан уйга қайтганларида, ўғил фарзанд дунёга келибди. Отам: “Ўғлимнинг исми Фахриддин бўлади”, деган эканлар. Ўша чақалоқ мен эдим. Менинг исмим улуғ ҳофиз Фахриддин Умаровга ихлоси баланд отам томонидан унинг шарафига қўйилганидан доим ғурурланиб юраман. Бугун Фахриддин Умаров қўшиқларини тинглаганимда юрагимнинг бошқача ура бошлашига ҳам, эҳтимол, шу тақдир сабабдир.

Чунки болалик пайтларимда отам Фахриддин Умаров қўшиқларини тинглаётганда мен у кишининг ёнида кўп бора бўлганман. Гарчи қўшиқнинг маъносини тушунмасам-да, оҳанг онгу шууримга сингиб борган. Болалик тасаввурларим шу куй ва шу оҳанглар оғушида шаклланган.

Отам раҳматли Фахриддин Умаровнинг пластинкаларини йиғиб юрар, уларни кўз қорачиғидек асрар эдилар. Ҳар тонг уйимизнинг очиқ деразасидан Фахриддин Умаровнинг Бобур ғазали билан айтиладиган қўшиғи янграб турарди.

Отам шу қўшиқ янграганда кўзларини юмиб олардилар. Қўшиқ тугагачгина кўзларини очардилар:

Оёғим етганча Бобурдек кетар эрдим,

нетай,

Сочининг савдоси тушти бошима

боштин яна…

Бу қўшиқ янграганда отам маҳзун бўлиб қолардилар. Гоҳида кўзларида ёш кўрардим. Негалигини эса сўрашга ботина олмасдим.

Отам жуда қаттиққўл одам эдилар. Шунинг учун пластинкаларига ҳам қўл теккиза олмасдик. Фақат ўзлари қўшиқни қўйганларида эшитардик, холос.

У пайтларда “сотка” деган матоҳлар йўқ эди, албатта. Телевизор ҳам битта каналдан, фақат кундузи кўрсатув берарди. Агар радио орқали севимли ҳофиз қўшиғи янграса, ҳамма ишларни қўйиб тинглардик. Бу биз учун энг бахтиёр онлар ҳисобланарди.

Балки, болаликнинг энг катта бахти ҳам шунда эди: бир қўшиқ, бир оила, бир хонадон ва қалбга сингиб кетган бир оҳанг…

Йиллар ўтди. Болалик ортда қолди. Аммо ўша оҳанглар қалбдан бир умр жой олди.

Кейинчалик Фахриддин Умаров қўшиқларига бутунлай маҳлиё бўлиб қолдим. “Эй, муҳаббат”, “Ҳаргиз илтимосга кунинг қолмасин”, “Онам дерман”, “Умр ўтмоқдадир” каби қўшиқларини бутун вужудим билан тинглардим.

Қўшиқлар шунчалик кенг ва ширали овозда ижро этилардики, қалб бу оҳангдан тўяр, вужуд қониқар, онгу шуур эса безанарди. Аммо оҳанглар орасида қандайдир дард борлигини ҳамиша сезиб турардим.

Бу дард нимадан эканини кейинчалик изладим. Топдим. Бу — Фахриддин Умаровнинг гўдаклиги, болалиги осон кечмагани билан боғлиқ дард эди. Машъум даврнинг қатағон машинаси уларни ҳам четлаб ўтмаган. Ҳофизнинг отаси — Аслпўлат ота оиласи 1931 йилда Украина заминига сургун қилинган. Ёш Фахриддин 6 ёшида бегона юртда, Ватандан айри заминда саросар яшаган.

Шунда мен яна бир ҳақиқатни англагандек бўлдим: айрим қўшиқлар шунчаки куйланмайди. Улар инсоннинг бошидан кечирган умри, кўрган азоби, соғинчи ва дарди билан туғилади. Шунинг учун ҳам улар йиллар ўтса-да, қалбдан қалбга кўчиб юраверади.

Фахриддин Умаровнинг овозидаги дардни, эҳтимол, шу боис болалигимдан ҳис қилганман. Чунки мен бу оҳангларни шунчаки эшитиб улғаймаганман. Мен улар билан бирга ўсганман. Отамнинг қўйнида, радиодан таралаётган ҳофиз овози оғушида, ҳали дунёни англамаган болалик йилларимни ўтказганман. Шунинг учун ҳам бу қўшиқлар мен учун оддий қўшиқ эмас. Уларда отам бор. Уларда менинг болалигим бор. Уларда отамнинг кўзларидаги сирли ёш бор. Уларда Ватандан айрилган боланинг, машъум даврнинг изтироблари бор.

Эҳтимол, мен Фахриддин Умаровнинг “Эсиз, болаликни қолдириб ортда, умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда” қўшиғини эшитганимда бир зум беғубор болалигимга қайтарман. Ўша болаликнинг бир парчаси ҳали ҳам ўша оҳангларда яшаб келаётгандир…

Урушдан сўнг ҳофиз оиласи билан Ватанга қайтди. Унинг қонида санъатга муҳаббат бор эди. Бу муҳаббат отаси — Аслпўлат отадан ўтган эди. Отаси дуторни шундай келиштириб чалардики, эшитганлар беихтиёр лол бўлиб қолишарди. Шундан бўлса керак, ҳофиз: “Энг биринчи устозим — падари бузрукворим, ундан қолган менга шу дуторим”, деб бот-бот такрорлар эди.

Фахриддин Умаровнинг илк қўшиқлари, саҳна, мухлислар, олқишлар… Булар йил сайин ҳофизни машҳурлик шоҳсупаси сари чорларди. Аммо санъаткор учун машҳурликнинг ўзи кифоя эмас эди. У қўшиқнинг мазмунига, сўзнинг қудратига алоҳида эътибор берарди. “Санъаткор учун муҳим жиҳат — шеър танлаш ва уни дона-дона қилиб, мухлисга етказиш. Мухлис шу сўзлар мағзини чақсин, фақат оҳангга маҳлиё бўлиб қолмасин”, дер эди ҳофиз.

Бу фикрни буюк ҳофизга 37 йил ҳамнафас бўлган шогирди Ҳожиакбар Ҳамидов ҳам тасдиқлайди.

— Устоз фақат ширали овоз ва машҳур қўшиқлар ижрочиси эмас, балки маънавияти юксак, ҳаётни чуқур англаб етган инсон эди, — деди Ҳожиакбар Ҳамидов. — У ўз Ватанини, халқни, мухлисларни жуда севар, ҳурмат қилар эди. “Инсонийлик ҳар недан улуғ”, дер эди. Ўзлари ҳам нодир фазилат соҳиби эди. Бу уни бир умр эл ардоғида бўлишига, одамлар қалбида яшашига олиб келди.

Улуғ ҳофизнинг қўшиқчи бўлиб элга танилганидан кейинги ҳаёти ҳам бир текис кечмади. Мевали дарахтга тош отишади, деганларидек, ҳофизни орқаворатдан ғийбат қилувчилар, унинг номига доғ туширишга интилувчилар кўпайди. Чунки ҳофиз тўғрисўз, ҳақиқатни очиқ айтадиган, ҳалол йўлдан юрадиган инсон эди. Бундай фазилатли кишиларни эса ҳамма ҳам хуш кўравермайди.

Ўша замон лаганбардор, бошлиқ олдида доим таъзимда юрадиган кишиларга кулиб боқарди. Бундай пасткашликларни ҳофиз ёқтирмасди, майда-чуйда гапларга парво ҳам қилмасди. Чунки ғийбату бўҳтонлар унга тегишли эмас эди.

Барибир уларнинг асорати сезилди. Ундан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвонини қайтариб олишди. Шаънига ножоиз гаплар билан матбуотда танқидлар қилишди. Ҳофиз бунга ҳам парво қилмади.

“Менга қанча кўп тош отишса, тош оёғим остига тушиб, мени баландга кўтараверади”, дер эди улуғ санъаткор.

Вақт — одил ҳакам. Олтин-у жавоҳирлар тупроқ остида ётса ҳам, асл ҳолида туради. Артсангиз, яна ярақлайди. Асоссиз қоралашлар фақат ўша даврга ва бир гуруҳ кишиларга хизмат қилади. Ҳақиқий истеъдод эса ҳеч қачон йўқолмайди.

Буни Фахриддин Умаров қўшиқларининг барҳаётлиги мисолида яққол кўриб турибмиз. Унга мустақиллик йилларида “Ўзбекистон халқ ҳофизи” унвони берилгани ҳам тасдиқлайди. Зеро, йиллар ўтади, замонлар ўзгаради, аммо халқ қалбидан жой олган ҳақиқий санъат ва унинг соҳиблари хотираси ҳеч қачон унутилмайди.

Шу ўринда падари бузрукворим — Худойберди бобо ҳикоясига яна бир бор қайтишга тўғри келади. Қаранг, отам ўз фарзандига — яъни менга машҳур ҳофиз исмини қўйганига ҳам неча-неча қовун пишиғи ўтиб кетди. Вақт эса саракни саракка, пучакни пучакка ажратди. Кимдир йиллар билан бирга номини ҳам қолдирмай ўтди, кимдир эса бир авлоднинг эмас, бир неча авлоднинг хотирасига айланди.

Ҳартугул, шундай улуғ исм ҳурмати, шундай буюк санъаткор хотираси олдидаги қарз туйғуси мени ушбу мақолани ёзишга ундади. Чунки улуғ инсонларни ёд этиш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди. Зотан, хотира бор экан, айтиладиган сўз ҳам, янграйдиган қўшиқ ҳам, қалбда яшайдиган исм ҳам ҳеч қачон қадрини йўқотмайди.

Фахриддин БОЗОРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − 10 =