Сўз ҳам юрт қиёфасини белгилайди, аммо…

Кўчада кетаётиб, катта реклама баннерига кўзим тушди. Узоқдан қараганда ҳаммаси жойида: ёрқин ранглар, чиройли дизайн, кўзга ташланадиган сурат ва харидорни жалб қилувчи йирик ҳарфлар. Аммо яқинлашганимда рекламанинг энг муҳим бўлаги — сўзнинг ўзи эътиборсиз қолдирилганини кўрдим.

Биттагина имловий хато бутун тасвирнинг таъсирини чиппакка чиқарганди. Қизиғи, баннер ёнидан ўнлаб одамлар ўтди. Кимдир сезди, кимдир сезмади. Сезганларнинг аксарияти ҳам тўхтаб, “Бу ерда хато бор”, деб бош қотирмади чоғи. Чунки биз кўпинча бундай ҳолатларга кўникиб қолганмиз.

Бугун кўчаларимизда улкан реклама тахталари, пешлавҳалар, эълонлар ва баннерларни кўриш мумкин. Уларнинг айримларида бир қарашдаёқ кўзга ташланадиган имловий ва грамматик хатолар учрайди.

Баъзида сўз нотўғри ёзилади, баъзида қўшимча хатога йўл қўйилади, айрим ҳолларда эса жумла мазмунини англаш учун уни қайта-қайта ўқишга тўғри келади. Энг ачинарлиси, реклама учун катта маблағ сарфланиб, профессионал фотограф, дизайнер, видеограф ва маркетинг мутахассиси жалб этилади-ю, тайёр матнни бир марта текшириб берадиган муҳаррир ё бирор саводли одам наҳотки топилмайди?!

Бу фақат реклама берувчининг муаммоси эмас. Чунки реклама шахсий дафтар ёки компаниянинг ички ҳужжати эмас. У жамоат маконида пайдо бўлади: кўчаларда, бинолар пештоқида, савдо нуқталарида, жамоат транспортларида ҳамда ижтимоий тармоқларда минглаб одамларнинг нигоҳига тушади. Шундай экан, ундаги ҳар бир сўз, ҳар бир жумла оммавий тил муҳитининг бир бўлагига айланади. Айниқса, бу масаланинг ёш авлодга таъсирини эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Бола ёки ўқувчи китобда сўзнинг тўғри шаклини кўриб, кўчадаги рекламада унинг хато ёзилган вариантига дуч келса, қайси бирини тўғри деб қабул қилади? Бир қарашда арзимасдек туюлган бундай нуқсонлар аслида тилга бўлган муносабатни шакллантирувчи муҳитнинг бир қисмидир.

Бир марта кўзга ташланган имловий хато, эҳтимол, унутилиб кетар. Аммо айни хато турли баннерлар, пешлавҳалар ва тарғибот материалларида қайта-қайта такрорланаверса, инсон кўзи унга беихтиёр ўрганиб қолади. Кеча хато бўлиб кўринган шакл бугун одатий, эртага эса ҳатто тўғри вариантдек қабул қилиниши мумкин. Демак, масала битта ҳарф, битта тиниш белгиси ёки битта қўшимчанинг нотўғри қўлланганида эмас. Асосий масала — жамиятнинг кўз ўнгида қандай тил муҳитини шакллантириб бораётганимиздадир. Реклама нафақат маҳсулот ёки хизматни тарғиб қилади, у билвосита тил маданиятини ҳам намойиш этади. Шу боис тасвирнинг сифати, дизайннинг мукаммаллиги ва ғоянинг креативлиги қанчалик муҳим бўлса, ундаги сўзнинг тўғри ва саводли ёзилиши ҳам шунчалик аҳамиятлидир.

Бугун реклама яратишда шрифт, ранг, композиция, видео сифати ва визуал эффектларга катта урғу берилмоқда. Аммо баъзан шу пухта ишланган тасвирнинг марказида имловий хатолар ялтираб туради. Миллионлаб сўмлик дизайн, профессионал тасвирга олиш ва қимматбаҳо реклама кампанияси биргина ёки бир нечта нотўғри ёзилган сўз сабабли шубҳа остида қолиши мумкин. Негаки, рекламанинг ташқи кўриниши компаниянинг дидини намоён қилса, ундаги тил унинг савод даражаси ва жамиятга бўлган ҳурматини кўрсатади. Шу боис рекламадаги имловий хатога “Бир ҳарф-ку, нима бўпти?” дея қараш масаланинг жиддийлигини камайтирмайди. Гап биргина ҳарфда эмас, балки оммага тақдим этилаётган матнга, давлат тилига ва энг асосийси, ўқувчига бўлган эҳтиромдадир.

Бу фақат кўчада учраб турадиган тасодифий хатолар ҳақидаги кузатув эмас, балки муаммонинг кўлами расмий мониторинг натижаларида ҳам яққол акс этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, 2025 йилнинг январь-февраль ойларида республика ҳудудларида ташқи ёзувлар, пешлавҳалар, реклама ва бошқа ахборот матнларининг давлат тили ҳамда реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан 5 818 та мониторинг ўтказилган.

Афсуски, уларнинг 580 тасида, яъни қарийб ҳар ўнинчи ҳолатда давлат тили талабларига номувофиқлик аниқланган. Шундан 210 тасида ташқи реклама-ахборот матнлари бошқа тилларда берилгани ёки имловий ва луғавий хатолар билан жойлаштирилгани қайд этилган. Бу рақамларни шунчаки қуруқ статистика сифатида ўқиб бўлмайди. Чунки ҳар бир рақам ортида жамоат маконида кўзга ташланган, минглаб одамлар ўқийдиган ва кундалик тил муҳитига сингиб бораётган саводсиз матнлар турибди.

Юртимиз, айниқса, шаҳарларимиз қиёфаси фақат осмонўпар бинолар, кенг кўчалар, замонавий фасадлар ёки тунги чироқлар билангина белгиланмайди. Шаҳарнинг ўзига хос маданиятини ундаги майда деталлар: кўча номлари, пешлавҳалар, эълонлар, йўл кўрсаткичлари, реклама баннерлари ва, албатта, уларда битилган сўзлар белгилаб беради. Бир қарашда оддий ёзувдек кўринган пешлавҳа аслида шаҳарнинг жамоатчилик билан тиллашувидир. Унинг қандай ёзилгани, қайси тилда ифодалангани, сўзларнинг имло ва услуб меъёрларига қанчалик мослиги шаҳар маданиятидан дарак беради. Дунёнинг йирик мегаполисларига назар ташласак, уларнинг визуал кўриниши билан бир қаторда, ёзув маданиятига ҳам юксак эътибор қаратилганига гувоҳ бўламиз. Чунки тартибли, тушунарли ва саводли ёзувлар шаҳар муҳитига тартиб-интизом бағишлайди. Аксинча, имловий хатолар, пала-партиш таржималар, маъноси ғализ ёки меъёрларга зид ёзувлар энг замонавий бинонинг тароватига ҳам путур етказади.

Фарангиз АБРУЕВА,

журналист.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + 4 =