Кўзгу ортидаги кўриниш

Биз кўзгуга қараганимизда ўз аксимизни кўрамиз, бироқ бу акс ҳам борлиғимизнинг тўлиқ ифодаси эмас. Ижтимоий тармоқлар ҳам ҳаётимизга тутиб турилган бир кўзгуга ўхшайди. Фақат унинг ортида қандай ҳақиқат яширинганини ҳар доим ҳам билавермаймиз. Биз кўраётган манзаралар кимнингдир ҳаётидан олинган лаҳзалар, пухта танланган кадрлар, таҳрирланган тасвирлар ва бошқаларга намойиш этиш учун яратилган таассуротлардир. Аммо кўпинча уларни бутун бир ҳаётнинг акси сифатида қабул қиламиз.

Бугун кимнингдир ҳашаматли уйини, яна бировнинг бахтли оиласини, муваффақиятга эришган ёшларни ёки дунё кезаётган инсонларни кузатамиз. Уларнинг ҳаёти бизга мукаммалдек кўринади. Ўзимизнинг кундалик ташвишларимиз, амалга ошмаган режаларимиз ва оддий ҳаётимиз эса шу манзаралар қаршисида қадрсиздек туюла бошлайди. Шундай қилиб, инсон ўз ҳаётини бошқаларнинг энг чиройли лаҳзалари билан таққослайди. Бироқ бир нарсани унутади: у ўз ҳаётининг барча саҳифаларини билади, бошқаларнинг эса фақат оммага кўрсатишни истаган саҳифаларини кўради.

Ана шу таққослаш инсон қалбида норозилик уруғини қадаши мумкин. Борига шукур қилолмаслик, эришган ютуқларини арзимас санаш, ўзини бошқалардан ортда қолаётгандек ҳис этиш бора-бора руҳий чарчоқ ва тушкунликка олиб келади. Аслида эса, экранда кўрилган бахт ортида қандай синовлар, табассум ортида қандай кечинмалар, муваффақият ортида эса қанча меҳнат ва муваффақиятсизликлар борлигини билмаймиз. Балки биз ҳавас қилаётган инсон ҳам айни дамда ўзи эриша олмаган бошқа бир ҳаётга ҳавас қилаётгандир.

Ижтимоий тармоқларда фақат бахтли манзаралар эмас, қайғу, можаро ва фожиалар ҳам намойиш этилади. Баъзан биргина лавҳа, узиб олинган жумла ёки контекстдан ажратилган тасвир инсонларда нотўғри тасаввур уйғотади. Шошилинч хулоса ва текширилмаган ахборот эса ҳақиқатни англашга тўсқинлик қилади. Демак, кўзимизга ёқимли кўринган ҳолат ҳам, бизни даҳшатга солган манзара ҳам ҳар доим воқеликни тўлиқ акс эттиравермайди.

Ижтимоий тармоқлар ҳаётнинг ўзи эмас, унинг намойиш этилган бир бўлагидир. Ҳар бир тасвир ортида биз билмаган сабаблар, айтилмаган гаплар ва кўрсатилмаган ҳақиқатлар бўлиши мумкин. Шунинг учун кўрганимизга ишонишдан аввал ўйлаш, таққослашдан аввал англаш, хулоса чиқаришдан аввал эса ҳақиқатни излаш муҳимдир.

Бахтни бошқаларнинг экранидан излайверган инсон ўз қўлидаги неъматларни кўрмай қолиши мумкин. Балки, баъзан экрандан нигоҳимизни узиб, ўз ҳаётимизга диққат билан қарашимиз керакдир. Чунки кўзгу ортидаги кўриниш бизни ҳайратга солиши мумкин, аммо ҳаётнинг асл ҳақиқатини англаш учун нигоҳнинг ўзи эмас, тафаккур ҳам керак.

Фарангиз АБРУЕВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − 19 =