Миллий виждон йўли, руҳи, мадади

Журналистикада шундай ҳолатлар борки, айниқса, соҳадан йироқ эътироз этувчиларга батафсилроқ тушунтирилса, фойдадан холи бўлмайди. Улардан бири — “Журналист ўзига дахлдор бўлмаган муаммога аралашмасин!” деган иддао юзаки қарагандагина асослидай туюлади. Биринчидан, журналист ўзи аъзоси, вакили бўлган жамиятдаги ҳар қандай муаммога дахлдор касб соҳиби ҳисобланади. Бамисоли жамиятнинг барча қон томири унинг қон ҳужайраларига уланган деяверинг! Иккинчидан, журналистлик касб-корининг табиати шундай: у энг фаол, энг ҳақпарвар, энг куюнчак, зийрак ва ҳушёр инсон сифатида халқ ва жамият қозонида яшайди ва қайнайди. Ушбу қозонда зиғирча кемтиклик кўрдими, у қараб турмайди: оловни ё кўтаради, ё пасайтиради, ё ўчиради.

Журналистларни тирноқ орасидан кир изловчига чиқарувчилар бор. Шахсан мен бу пичинг-кинояни инкор этмайман, зеро журналист тушунган-тушунмаган “дўстлари” томонидан қанча таъна-маломатга қолмасин, қаршиликка учрамасин, жамият тиш-тирноғига қадар тоза, озода ва покиза бўлиши орзусида ижод қилади, изланади, елиб-югуради, ҳаётини бахшида қилади.

Қаранг, салкам қирқ йил муқаддам, шўронинг паймонаси тўлиб бораётган, бутун республикада яккаю ягона журналистика факультети (ТошДУ таркибида) фаолият юритиб турган бир замонда ушбу илм даргоҳи фарзандлари, яъни талабалари йиғилишиб олса-да… факультетда ўқув ишларининг қониқарсизлигини дастурхон қила кетса! Дарслик борми, дарс жадвали борми, ўқитиш услуби борми, домлаларнинг лаёқатсизлиги борми, айтилмаган гап қолмади ҳисоб!

Муҳокама иштирокчиларидан бири кутилмаган муаммони ўртага ташлади: нима эмиш, талабалар не ҳасратда ёзиб-чизиб, безатиб чиқарган ва деворга илган газеталарни факультет раҳбарияти томонидан пайдар-пай олиб ташлаш, йўқотиш одат тусига кирибди! Шогирдлар газета илади, устозлар олиб ташлайди: ана, сизга соф миллий ҳангома! Сабаби…

Сабабини қўя турайлик, ушбу масалани кўндаланг қўйган талаба — мақоламиз қаҳрамони, ҳозирда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори, фан доктори, кенг жамоатчилигимиз орасида таниқли ва ҳурматли Ҳалим Сайид эди!

* * *

Ҳалимжон ўша талабалик кезларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи бир-биридан залворли миллий ва халқаро қонун-қоидаларни нечоғлиқ ўзлаштиргани менга қоронғи, албатта, аммо-лекин “фикр ва сўз эркинлиги” дея аталгувчи энг илоҳий, энг табиий ва энг инсоний туйғунинг мавжудлигини, бу туйғуга монелик кўрсатиш ғайриинсоний, ғайриҳуқуқий, ғайримаданий, ғайримаърифий ва ғайриахлоқий хатти-ҳаракат эканини қалбан ҳис қилгани яққол кўзга ташланиб турганди. Биз оламшумул муаммоларни қаторлаштириб, ўқувчи ё тингловчини глобал ва глобаллашув деган мавҳумликнинг у ёғидан олиб кириб, бу ёғидан олиб чиқишга одатланиб қолмоқдамиз. Майли, бунинг ҳам ўрни йўқ эмас, аммо!.. Гап деворий газетадаги фикр, мулоҳаза, танқид, тадқиқ, таҳлил, таклиф, истак ва ҳоказога тоқат қилиш ҳақида, гапирувчининг оғзига, ёзувчининг қўлига уриш билан иш битмаслиги, муаммо йўқолиб қолмаслиги ҳақида бормоқда! Фикр, сўз ардоқли ва мўъжизаларга бой хилқат экани назарда тутилмоқда.

Тилга олинган ўша машварат иштирокчиларининг аксарияти бугунги адабий, маърифий, ижодий жамоатчилигимиз орасида эъзоз-эътибордалигидан фахрланасан, ғурур туясан киши!

Қайта қуриш, ошкоралик муҳити тарбиялаган, ҳаётга оқ йўл берган авлод вакиллари эдилар улар!

* * *

Шахс ва шахсиятнинг шаклланишида сабаб ва оқибатларнинг саноғи йўқ. Ҳалимжоннинг Абдуллохон Абдулвоҳид ўғли исмли бобоси боғбону деҳқончиликдан қўли бўшаган пайтлар китоб таъмирлаш билан машғул эди. Йиртилган-нетган, варақлари тўзиб кетган китобларни айланиб-ўргилиб, уларга қайта жон бағишлашнинг савобини айтинг! Ҳалим Сайид инсон сифатида савоб-одам, яъни маърифатли, зиёли бобонинг пухта эътиқоди ва албатта, савобли амалларидан бунёд бўлган тирик савоб! Бундай бўлмаса, нафақат Тойлоқ тумани Шопўлат қишлоғининг оддий ва одми одамлари, балки бу ёғи Қашқадарё-ю Бухородан китоб ишқибозлари таъмирлаш учун ташлаб кетган, вақтинча ертўлада сақланаётган эски-туски китобларни варақламай, ҳижжаламай, тенгқурларига қўшилиб кўча чангитиб ўйнамасмиди? Абдуллохон бобонинг хонаки муаллимлигида арабий ҳарфни танигани, “Муаллими соний”, “Ҳафтияк”, “Чоркитоб”ни хатм қилгач, ертўлага биқиниб олиб, “Кўзгу”, “Миръот”, “Зеркало” отлиқ бир нашрни соатлаб варақлаб ўтириши, “Ойина” журналининг муҳаррири Маҳмудхўжа Беҳбудий деган зот мукаррам инсон эканига қизиқиши, нима, ҳаётнинг биз ақлимиз етмас синоатими, синовими, тақдири азалми?

Абдуллохон бободан қолган маънавий мерос мактаб муаллими Амониллохон ота ва шафқат ҳамшираси Санталатхон она оиласида давом этгани ва бу соғлом муҳит фарзандлар тарбиясида чандон қутлуғ аҳамият касб этгани-чи? Ўша икки авлоддан мерос қутлуғ ва мунаввар удуму анъаналар Ҳалим Сайид ва ҳассос олима Нилуфархон Намозова оиласида — учинчи авлод зиёлилари тутумида ҳам инъикосини топаётган бўлса-чи?

* * *

Оилавий муҳитда олинган инжа тарбия қай манзиллар сари етаклашини ҳали ўқувчи, ҳали талаба мақомидаги Ҳалим Сайид билмаса билмагандир, кейинчалик у китобларидан бирида иқтибос сифатида келтирган Зиё Кўкалпнинг “Ҳар нарсадан олдин, керак бўлса, мамлакатимизда, бошқа ислом ўлкаларида доимий миллий виждонни уйғонтиришга ва қувватлантиришга киришиш керак. Чунки ҳар қандай тараққиётнинг манбаи миллий виждон бўлгани каби миллий мустақилликнинг туғиладиган жойи ҳам, таянчи ҳам ана шудир”, деган олтинга тенг гапларини ҳали ўқимаган, англаб етмаган эса-да, “миллий виждон” дея аталмиш йўлни инсоний виждон, маънавий виждон, маърифий виждон… илмий-интеллектуал виждонга уйқаш ҳолда ўз ҳаётининг, фаолиятининг, инсонийлик аъмолининг шоҳ кўчаси этиб белгилаб олган эди!

Миллий виждон учун миллатнинг соғломлиги, фаровонлиги, ғурур-ифтихори, номусу орини сақлашдан-да улуғроқ мақсад-маслак йўқ. Журналистни эса жамиятнинг табиби дейишади. Шундай экан, журналистикадан улуғроқ касб-кор ҳам йўқ. Ниҳоятда гуллаб-яшнаб кетган жамият ҳам ҳамиша бундай табиб кўмагига муҳтож. Журналистнинг дунёвий фанлардан хабардорлиги, билими, янгиликка интилиши билан бир вақтда, асосийси, ёзишга малакаси бўлмоғи керак. Амриқода ҳар бир дорилфунун ўзига яраша алоҳида маданий марказ ҳисобланади, керак бўлса, ҳар бир зиёли, маърифатли инсон, чунончи, ўз шахси, маънавияти шаклланган фидойи журналист ўзича маданий марказдир! “Хулосам шуки, кеч бўлса-да, жадидчилик оқими, уларнинг вакиллари меросини билишимиз, уларнинг ўгитлари, фойдали тажрибаларини ижодимизга, ҳаётимизга татбиқ этишимиз шарт!”

Ҳалим Сайид шулар сингари ўз ҳаётий дастурларидан айрим бандларни матбуотда эълон қилганида шўролар салтанати, ҳар қалай, тарих саҳнини тўла бўшатиб қўймаган эди!..

* * *

Ҳалимжон Ватанимиз мустақиллигини даставвал публицист сифатида қарши олди. Турфа ва долзарб мавзуларга қўл урди. Суҳбатлар уюштирди. Ёзарманларнинг, уларга қўшилиб ўқирманларнинг ҳам куни туққан эди-да, ўзиям!..

Миллий матбуотимизга мутлақо янгича, беғубор, самимий нафас олиб кирган “Оила ва жамият” газетасида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида ишлади. Сўнгроқ “Маърифат” газетаси унинг бош муҳаррирлигида миллий босма нашрлар етакчиларидан бирига айланди.

Ҳозир бир қатор қалами ва ижоди пухта ҳамкасбларимиз Ҳалим Сайид раҳбарлигидаги “Маърифат” мактабида сабоқ олганлари билан фахрланади. Ўша давр “Маърифат”ининг салмоғи ортди, чунончи, кўп саҳифали газета мақомига кўтарилди, муаллифлар доираси кенгайди, мактаб — жамият ҳаётининг негизи, пойдевори, деган ақиданинг қарор топиши йўлида беминнат ва астойдил изланди, меҳнат қилди, равнақ топди. Адолат юзасидан эслашга бурчлимизки, халқ таълими вазири Жўра Йўлдошев чинакам маънода ўз соҳасининг фидойиси, билимдони эди. Домла вазирлик тизимидаги барча бўғинлар, жумладан, таҳририят, матбуот ишларини замонавий талаблар даражасига кўтарди. Ҳалим Сайид ташаббуси билан таҳририят қошида ташкил этилган “Маҳорат мактаби”дан ўнлаб ижодкорлар учирма бўлди. Алоҳида таъкидламоқ даркорки, мазкур мактаб мударрислигига Сайди Умиров, Маҳмуд Саъдий каби забардаст устозлар фаол жалб этилди.

* * *

Ҳалимжон талабалик йилларини ёдга олар экан, “Биз жамиятнинг таназзулга юз тутганини илк бор Тоғаев маърузаларидан англагандик”, деб ёзади. Эътибор берайлик: қисқа бир жумлада талабалик дарси, домла Очил Тоғаев шахси, маъруза кўлами, жамиятнинг аҳволи қамраб олинмоқда. Соҳага, ҳақиқатга, соҳа фидойиларига бўлган бу тарздаги ибратга лойиқ ҳурмат ва эҳтиром, зийраклик ва фидойилик Ҳалимжоннинг устозларга ва сафдошларга бўлган садоқати тимсолига айланди. Иброҳим Ғафуров, Нажмиддин Комилов, Сайди Умиров, Бойбўта Дўстқораев, Маҳмуд Саъдий, Қулман Очилов, Гуландом Боқиева сингари ҳурматга сазовор устозлар билан ҳамкорлик хотиралари алоҳида китобларга жо бўлади.

* * *

Ҳалим Сайид учун ҳаётий мақсад-маслак, илмий-ижодий йўл тарҳини Беҳбудий ҳазрат чизиб берган экан, бу чизгига садоқат бобида шогирд устоз ўгитларидан бир бахя-да чекинмади. Ҳаёти увол кетган устознинг маънавий мероси увол бўлмаслиги йўлида саъй-ҳаракат кўрсатди, тиним билмади. Муҳаррир бўлди, муаллимлик қилди, газетачиликни ўрнига қўйди, мақолалар, китоблар ёзди. Олимлик мартабасига эришди.

Жадидчилик ҳаракатини, бу ҳаракатни ўрганишга ҳаётини, истеъдодини бахш этган устозлар илмий-адабий меросига суянди. Озод Шарафиддинов, Наим Каримов, Иброҳим Ғафуров, Бегали Қосимов, Солиҳ Қосимов, Шерали Турдиев, Бойбўта Дўстқораев, Сирожиддин Аҳмад изланишларини ниҳоятда пухта ўрганди. Номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлади.

Улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигига бағишлаб чоп этилган “Туркистон даҳоси” монографияси билан олим узоқ йиллик изланишлари йўлидаги навбатдаги маррани забт этди. Ҳалим Сайид номи ҳозиргина ёдга олинган биллур рўйхатдан ҳақли равишда ўрин олди.

Илм-фаннинг ажралмас мўъжизаларидан бири шундаки, ҳар қандай мавзу-муаммо қанчалар чуқур ва атрофлича ўрганилмасин, тадқиқот тадқиқотга, изланиш изланишга йўл очиб бораверади. Шу маънода “Туркистон даҳоси”нинг “Ўқиб-ўрганиш ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди — аҳамиятини йўқотмайди” деган сўзлар билан тугалланиши кўнгилга тугилган режаларнинг бепоёнлигидан, кўлами ва миқёсидан далолат беради.

* * *

Парадоксни қарангки, жамиятдаги муаммоларга кўз-қулоқ бўлиш миссиясини зиммасига олган журналистика ўз “томорқа”си ташвишларига кўмилиб қолмоқда. Афсуски, муаммолар камайиши ўрнига йил сайин урчимоқда, баъзан газак олмоқда. Матбуотимиз саҳифаларида кўриниб қолаётган фикр-мулоҳазалар, баҳс-мунозаралар орасида қимматли тавсиялар, таклифлар нечоғлиқ кўп бўлса, шунча яхши, албатта. Яна шуниси ҳам маълумки, ахборот ва матбуот дунёсида кузатилаётган муаммолар умумбашарий кўламда кечмоқда, мутахассису мутасаддиларни умумбашарий миқёсларда бош қотиришга ундамоқда.

Сирасини айтганда, ҳозир кузатилаётган аҳвол айрим хорижий манбаларда ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб тилга олинган, муҳокамага тортилган. Хусусан, фундаментал тадқиқотларда илгари сурилган хилма-хил башоратлар, фаразлар, нуқтаи назарлар мароқ билан ўқилади. Яширишнинг ҳожати йўқ, миллий журналистика фанимизда мутахассисларимиз олдида турган бу каби вазифалар тоғ-тоғ бўлиб бўй чўзиб бормоқда. Сўз, фикр ва ахборот эркинлиги бўладими, ахборот майдонидаги янгиланишлару медиа оламидаги қоришиқ жараёнлар бўладими, оммавий коммуникация — оммавий мулоқот жин кўчаларими, оммавий ахборот воситаларининг халқ ва жамият ҳаётидаги ўрни билан боғлиқ конвергенция жараёнларидан сўз очиладими, хуллас, соҳага доир нимаики масала-муаммога дуч келсак, ечимни-чорани… хориждан излаймиз, хориж мутахассисларига кўз тикамиз, онасини соғинган гўдак ҳолида термилиб ўтирамиз!

Хўш, нима қилмоқ керак?

Назарий жиҳатдан пухта фундаментал тадқиқотлар зарур! Мустақил давлат, мустақил миллий ахборот майдони, мустақил матбуот, мустақил журналистика, сон жиҳатидан кўпайиб бораётган журналистика факультетлари ва албатта, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида шаклланган илмий салоҳият соҳамизга доир ҳар қандай муаммонинг энг замонавий ечимларини топишга, ишлаб чиқишга ва албатта, амалиётга татбиқ этишга қурби, имконияти етади!

Ҳалим Сайиднинг “Матбуот — миллий манфаатлар ҳимоячиси” номли ихчамгина рисоласида (“Маънавият” нашриёти, 2008 йил) бу борада залворли мулоҳазалар бор. “Модомики, — деб ўқиймиз рисолада, — дунёдаги ҳар қайси мустақил давлатнинг ўз миллий манфаати бор экан ва унинг журналистикаси ана шу манфаатларни халқаро ахборот майдонида ҳимоя қилиш учун курашар экан, табиийки, ўзбек журналистикаси ҳам ана шундай юксак бурч ва масъулиятдан холи эмас”.

Гап нима ҳақда бормоқда? Бу ўринда мустақил ахборий жамият матбуот назарияси яратилишининг аҳамияти назарда тутилмоқда. Дарҳақиқат, Ҳалим Сайиднинг филология фанлари доктори илмий даражасини олиш учун ёзган диссертацияси айнан монографик характерда экани ва журналистика илми, концепцияси ва амалиётига дахлдор ҳар жиҳатдан МУСТАҚИЛ муносабат асосларини ишлаб чиқишга қаратилгани билан қимматлидир. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бу каби мулоҳазалар зинҳор миллий маҳдудликка чорлов сифатида талқин қилинмаслиги керак, қолаверса, ахборот билан боғлиқ ҳеч бир муаммо эндиликда алоҳида олинган давлат чегараси ҳудудида ҳал бўлмаслиги ҳеч кимга сир эмас, янгилик ҳам эмас. Ҳалим Сайид ҳам халқаро журналистика принципларига нисбатан ҳурматни сақлаган, яъни илмий одоб талабларига риоя этган ҳолда, мавжуд халқаро “назарияларни ўзаро қиёслаб ўрганишимиз ўз йўлимизни топишимизга ёрдам беради” демоқда. Катта мақсадларга вазминлик, босиқлик ва буткул илмий ёндашув даркорлигини таъкидламоқда.

Жўн таклиф ташланаётгани йўқ ўртага. Зотан, улуғ мақсадларга қаратилган ҳар қандай саъй-ҳаракат замирида, марказида оқилона миллий манфаат мезонлари қад ростлаб турмоғи зарур. Мақоламиз аввалида тилга олинган васият мақомидаги миллий виждон руҳини сақлаш, асраш, муттасил илғор замонавий такомилга етказиш маслагига хизмат қилиш бизларга ҳам қарз, ҳам фарздир.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − five =