Сеҳрли ва суюкли она тилим

Ҳаммамизга маълумки, она Ватанимиз ўз эркига, ҳурриятига ҳали эришмасдан аввалроқ, яъни 1989 йили “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган эди. Бу жуда катта ютуқ, муваффақият бўлган, албатта. Лекин, барибир, юртимиз Истиқлолга эришгандан кейингина она тилимиз нуфузи, обрўси ҳақида баралла айтадиган, сўзлайдиган бўлдик. Хусусан, Президентимизнинг 2019 йилда қабул қилган Фармонига мувофиқ, 21 октябрь санаси мамлакатимизда Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.

Қуйида эълон қилинаётган “Сеҳрли ва суюкли она тилим” сарлавҳали мақола “Дунё ўзбеклари” интернет нашри бош муҳаррири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исмат Хушевнинг бундан қарийб 25 йилдан кўпроқ вақт аввал “Ҳамкор” – “Business partner” – “Деловой партнер Узбекистана” газеталари бош муҳаррири вазифасида ишлаган пайтлари ёзилган.

Унда ўзбек тилига, миллатимизнинг ўзлиги ва бебаҳо қадриятларига собиқ шўролар замонида нечоғлиқ тажовуз қилингани, халқимизнинг пок эътиқоди, ақидаларига аёвсиз чанг солингани қаламга олиниши билан бирга, ўзбек тилининг сеҳри, жозибаси ҳақида ҳам мушоҳада юритилади.

Таҳририят

Минг йилларким булбул каломи

Ўзгармайди, яхлит ҳамиша.

Аммо шўрлик тўтининг ҳоли

Ўзгаларга тақлид ҳамиша.

 

Она тилим, сен борсан, шаксиз,

Булбул куйин шеърга соламан.

Сен йўқолган кунинг, шубҳасиз,

Мен ҳам тўти бўлиб қоламан!

           Абдулла ОРИПОВ

Барчага яхши маълумки, советлар, яъни шўролар даврининг ғайритабиий ва ғайриинсоний сиёсати нафақат элнинг мол-мулкини умумлаштирган, нафақат инсоннинг қўл-оёғини, ҳақ-ҳуқуқини кишанлаган, балки унинг қалбига ҳам тажовуз қилган – муқаддас тили, эътиқоди, ақидаларига ҳам чанг солган эди. У замонларда, не тонгки, ҳатто “Ватан”, “Миллат” ва “Тил” каби муқаддас тушунчалар ҳам сохталаштирилди. “Катта Ватан” деган иборалар пайдо бўлди. Туғилган еринг — “кичик Ватан”, СССР эса — “катта Ватан”, уни албатта катта ҳарф билан ёзишинг шарт! Ажабки, ўша пайтлар Ватан, миллат, тил тушунчалари тугул, энг муқаддас зот – она ҳам иккита бўлди. “Менинг икки онам бор”, дея шеърлар ҳам ёзилди…

Советлар мамлакати Ватан, миллат ва тил туйғуларини чалкаштирган бўлсалар, иймонни оғу деб айтдилар. Она тилимизни “улуғ” ва “қудратли тил”га қурбон қилмоқни истадилар. Халқларни бирлаштириб, “Совет халқи”га айлантирмоқчи бўлдилар. Худди ана шу даврга келиб, миллат ва тил энг кўп таъқибга учради. Чунки шўро тузумининг асл мақсади азалдан миллатларни йўқотиш эди. “Бир давлатнинг ичида турли миллатлар бўлиши зарарлидир, биз марксчилар уларни бирлаштириб, қўшиб юборишимиз керак” (В.И.Ленин “Миллийлик ва миллий мустамлакачилик масаласи ҳақида”, Тўла асарлар тўплами. 22-том, 113-бет). Ёки “Марксизм миллатчиликка муросасиздир… Марксизм ҳар қандай миллатчилик ўрнига байналминаллик, барча миллатларнинг олий бирликда қўшилишини олға суради” (В.И.Ленин. Ўша асар, ўша том. 128-129-бетлар).

Шубҳасизки, бундай “башорат”ларидан хавотирга тушган миллий инқилобчилар ундан қоча бошладилар. “Инқилоб ғалабаси” хавф остида қолганини, чоризм асрлар давомида қон билан қурган салтанат қулашини сезган большевойлар халқларга, жумладан, 1917 йил 20 ноябрда Совнарком раиси Ленин ва Миллатлар масаласи бўйича халқ комиссари Сталин имзоси билан мусулмонларга “мурожаатнома” эълон қилдилар. Бу доғули ҳужжатда, жумладан, шундай дейилади: “Россия ва Шарқнинг эзилган, шўрлик меҳнаткашлари ва мусулмонлари, биз сизга мурожаат қиламиз! Бундан буён сизни одат ва эътиқодингиз, миллий ва маданий даргоҳларингиз эркин ва дахлсиздир. Ўз миллий ҳаётингиз билан эркин ва дахлсиз яшайверинг. Сизнинг бунга ҳаққингиз бор!” (“Документи Внешней политики СССР”, 1957 йил. 1- қисм. 34-35-бетлар). Чоризмда эзилган миллатлар большевойларнинг бу пуч ваъдаларига ишондилар, чунки “ўз мамлакатларига эга бўлиш”, “ўз миллий ҳаёти билан эркин ва дахлсиз яшаш” уларнинг азалий орзуси эди.

…Умр оқар дарё, дейдилар. Худди кечагидек ёдимда. Тилимизга давлат тили мақоми берилаётган ўша пайтларда “ўзбек тили давлат тили бўлолмайди, у жуда камбағал ва ночор тил” деганлар ҳам жуда кўп эди. Мен сизга ҳозир кимлардир, қачонлардир камситган, лекин аслида жуда гўзал, она тилимизнинг нақадар бой, латофатли ва жозибали эканлигини исботловчи қатор мисоллар келтирмоқчиман.

Ҳазрат Навоийдан бошласак. Фақат бир илтимос, ишхона-ю рўзғор ташвишларини бир лаҳза бўлса-да унутиб, қулоқ тутинг. Ана шунда, эҳтимол, сиз ҳам тилимизнинг нақадар сеҳрли ва суюкли эканлигига яна бир бор иймон келтирсангиз, не ажаб!

 

Кеча келгумдур дебон ул сарви гулрў келмади,

Кўзларимға кеча тонг отгунча уйқу келмади.

 

Лаҳза-лаҳза чиқдиму, чекдим йўлида интизор,

Келди жон оғзимғаю, ул шўхи бадхў келмади.

 

…Эй Навоий, бода бирла хуррам эт кўнгил уйин,

Не учунким, бода келган уйга қайғу келмади…

 

Бу ерда энди изоҳ ортиқча бўлса керак!

Ёки шоҳлик тожини муқаддас аёли, дилбар маҳбубаси олдида қуллик камарига алмаштиришни афзал кўрган Бобур Мирзо битган мана бу сатрларга эътибор беринг-а:

 

Сен гулсену мен ҳақир булбулдурмен,

Сен шуъласен, ул шуълаға мен қулдурмен.

Нисбат йўқдур, деб ижтиноб айламаким,

Шаҳмен элга, вале сенга қулдурмен.

 

Сизни билмадим-у, лекин менинг назаримда суюкли ёр васфини Бобурдек мукаммал куйлаган ошиқ шоирлар бу кўҳна дунёдан кўплаб ўтгандир. Аммо ўз суйган ёри ҳаққи-ҳурмати бутун бир подшолик ваколатини ўзидан мосуво этишга қарор қилган бошқа шоҳ ва шоир бу ёруғ дунёдан ўтмас, эҳтимол.

Умуман, биз аёлларимиздан, гўзал қизларимиздан, мунис рафиқаларимиздан доимо миннатдор бўлмоғимиз лозим. Қадим Шарқда доноларимиз инсоннинг нечоғлиқ ақлу одобга, маданиятга эга эканлигини, унинг аёлга бўлган муносабатидан билмоқ керак, деб бежиз айтишмаган. Энди билсам, биз ўзбеклар дунёдаги энг хушхулқ ва юксак маданиятли миллат эканмиз.

Хўш, қадим асрлардан буён не-не ижодкорлар қалбига илҳом бахш этиб келаётган қудратли ва бетимсол ўзбек тилимизнинг бугунги кундаги мавқеи қандай? Келинг, яхшиси, бу саволга ҳам дилбар шеъриятимиздан жавоб излайлик.

…Москва давлат университетининг журналистика факультетида ўқиб юрган талабалик йилларим Собиржон исмли тошкентлик бир дўстим билан худди биз каби Москвада ўқиб юрган бир ўзбек қизига исмининг бош ҳарфлари келиб чиқадиган мувашшаҳ ёзганимиз ҳали-ҳануз ёдимда:

Не бахт, сизни якшанбада меҳмонликка чорласак биз,

Армон тўла қалбимизни бир дамгина шод айласак.

Сизлар келиб даврамизда тўлин ойдек порласангиз,

Иймонли, пок, соф қизларни биз сиз боис ёд айласак.

Бу юртларда англадикки, соф туйғулар камёб экан,

Англадикки, қадри ҳам паст экан бунда муҳаббатнинг.

Гул чеҳралар ичра бунда ўзбек қизи ноёб экан,

Аёндир энди сизга таклифи Собир ва Исматнинг…

 

Камина бу билан энди ҳеч қачон қайтиб келмайдиган талабалик йилларимнинг шўх ва шаддод, гўзал дамлари нақадар серзавқ кечганини шунчаки эътироф қилмоқчи эмасман. Ҳар кимнинг ҳам ўз ёшлиги ва ҳеч кимга бермайдиган, ҳеч нарсага алмашмайдиган ўз ёруғ хотиралари бўлади. Мен бу шеър орқали биз Москвада ўзбек тилини соғинган, уни яхши кўрган ва ўз она тилим деб суйган дилбар қизларимизнинг шу гўзал сатрлар боис бизга нечоғлиқ карам ва эҳтиром кўрсатганликларини айтмоқчи бўлдим, холос. Ўзбек тилини қадрлаш, уни мадҳ этиш бизга олис мусофир юртларда ҳам ана шундай фахр ва муҳаббат бахш этган эди.

Биласизми, яқинда Германия ва Франция давлатларида бўлиб қайтдим. Сафар таассуротларимни эълон қилган мақолаларимда улуғ немис шоири Гётенинг баъзи шеърларидан фойдаландим:

 

То было мрачной порой ноября.

Хмурилось небо сурово.

Дул ветер. Холодным,

дождливым днем.

Вступал я в Германию снова.

 

Мақолаларимнинг ўзбекча нусхасида бу шеърларни таржима қилишда қийналмасмиканман деб, бироз чўчиган эдим. Лекин бизнинг ўзбек тилимиз шу қадар бой эканки, назаримда,  мен қилган таржима ҳам ёмон чиқмади:

 

Кузги, изғиринли, маъюс сония –

Осмон қовоғидан ёғар эди қор.

Шу ёмғирли кунда, эй, Олмония –

Яна қучоғингга келдим мен такрор!

 

Германиянинг шаҳар ва қишлоқлари жуда озода, ёғ тушса ялагудек. Иморатларини айтмайсизми? Бирам кўркам, бирам сервиқор! Бу ҳозирги таъриф. Лекин Гёте бундан бир неча аср илгари ёзган:

 

О, господи, как прилизано всё!

Ни мусора, ни пыли!

И богатейшие зданья везде.

В весьма импозантном стиле.

 

Мен эса она тилимизга шундай ўгираман:

 

Ё, Худоё, бу қандай жаннат,

На бир чанг бор, на кир, на ғубор.

Ҳашамдор бинолар турар серсавлат,

Қасрлар, саройлар кўркам, улуғвор.

 

Ҳа, бизнинг тилимиз ана шундай бой ва ранг-баранг. Бироз зерикдингиз, чоғи. Келинг, энди муҳаббат ҳақидаги сатрларга навбат берайлик.

Сирдарёлик Баҳор Холбекова ёзади:

 

Остонaда турма, ичкарига кир,

Бу бахтдан ўзимни қўяй йўқотиб.

Интизор яшадим кутиб кимнидир,

Энди сен турибсан эшигим қоқиб.

 

Бир оғиз сўз дема, ичкарига кир,

Мен тўлган дилимни сенга очайин.

Менинг ҳаётимнинг камини тўлдир,

Сенинг ним бахтинг ҳам тўлиши тайин…

 

Шеър ҳамма вақт ҳам сизга ёруғ хотира-ю яхши кайфиятлар беравермайди. Муҳаббати тан олинмай, юраги сиқилиб, ўксиб юрган ёлғиз ва дилтанг кунларида ҳам омадсиз ошиқлар ижод қилишган:

 

Ёндим-у ва лекин ҳижрон тунида

Сенга аҳволимни этмадим баён.

Сокин кечалари кўзим ўнгида

Мунис қарашларинг бўлди намоён…

 

Бу маъюс ва маҳзун сатрларни ўқиб, ҳаммамиз ҳам ўзимизнинг қачонлардир бошимиздан ўтган шўрлик муҳаббатнинг изтиробли дамларини эслаб кетамиз:

 

– Хайр энди…

Қалбимда бир видо қолди,

Хайр энди, сен кетдинг, бегуноҳ оҳу.

Бугун сен қайдасан? Қайларда қолдинг?

 

Бугун бош устингда кимнинг паноҳи?

Сени кеч топгандим, эрта йўқотдим,

Қарғагин, лойиқман сенинг қаҳрингга.

Ўзгалар қалбида қадр уйғотдим,

Бироқ етолмадим ўзим қадрингга…

 

Яхшиямки, ана шундай дақиқаларда сенга яккаю ягона юпанч ва таскин берувчи шеърлар бор экан бу дунёда. Эҳтимол, шоирларга одамларнинг меҳр ва ҳавас билан қарашларининг ҳам боиси шундадир. Шоир ҳаммамизнинг бошимиздан кечган ишқий изтиробларимизни фақат якка ўзи юрагининг энг тубига жойлаб, сўнгра дилбар мисраларга тизиши мумкин:

 

Чувалади ўйларим сенсиз,

Хаёлимга тароқ ургайман.

Менинг қўлим етмаган юлдуз,

Тушларимда сени кўргайман…

 

Қўлидан бошқа иш келмаган, ўз кўнгил қўйган маҳбубасига муносиб бўлиш бахтига эришолмаган ошиқ йигит энди нимани ҳам орзу қилиши мумкин?

 

Ёмғирли кун эди,

Атроф жим-сокин.

Маъюс кўзларингга боқардим сармаст!

Секин шивирладинг: “Боқмагил, йигит,

Севгинг менга янгилик эмас”.

Ёмғир ҳам тинмади ўша куни ҳеч,

У ҳам қуволмади кўзда хобингни.

Совуқ, рутубатли хонамга шу кеч

Олиб қайтдим аччиқ изтиробингни…

 

Мана, кўрдингизми? Сўзнинг, шеъриятнинг – она тилимизнинг сеҳри нимада? Ёки зерикдингизми? Йўқ, ҳали зерикишга улгурмадингиз. Негaки шу пайтгача, шунчаки “она тилим” деб юрган расмий давлат тилимиз шу қадар мафтункор ва жозибали эканлигини ҳеч қачон бугунгидек кучлироқ ва теранроқ ҳис этмагандирсиз, балки… Ана шундай бой ва бадиий, гўзал ва малоҳатли тил экан жонажон забонимиз. Демак, шоир айтганидек, тилимиз ҳеч қачон йўқолмасин!

Исмат ХУШЕВ,

“Ҳамкор” – “Business partner” – “Деловой партнер Узбекистана” газеталари Бош муҳаррири.

2000 йил. Тошкент шаҳри.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − one =