Бугунги талаба – эртага журналист!

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика ва ўзбек филологияси факультетида босма ОАВ йўналишида таҳсил олаётган талабалар пухта билим олиш билан бир қаторда ижодий маҳоратини ҳам оширишга интилмоқдалар. Қуйида бир гуруҳ ёш ижодкор талабаларнинг мақолалари ҳавола этилди.

ҲАЁТ КЎЗГУСИ

“Матбуот — ҳаёт кўзгуси” деган гап бежиз айтилмаган. Газеталарда ёритилаётган ҳар бир мақола замирида замондошларимиз қиёфаси, фаолияти ўз аксини топади.

Қашқадарё вилояти Китоб тумани бетакрор манзараси, бу заминда амалга оширилаётган ишлари билан кўпчиликни мафтун этади. Манбаларда қайд этилишича, “китоб” сўзи “кифт” — елка, “об” — сув, яъни елкадан ўтган сув деган маънони англатади. Китоб шаҳрининг икки томонидан икки дарё — Қашқадарё ва Оқдарё оқиб ўтади. Икки дарё оралиғида эса Кифти-об — сув боши, яъни Китоб шаҳри жойлашган. Китоб шаҳри қадимдан Шаҳрисабз билан ёнма-ён жойлашганлиги ва бу ердан Буюк Ипак йўли ўтганлиги сабабли ҳар йили юзлаб, минглаб савдо карвонлари ўтиб турган. Шаҳар аҳолисининг кўпчилиги ҳунармандчилик ва савдо билан машғул бўлган. Қадимда бу шаҳарда тўқувчилик, бўёқчилик, гиламдўзлик, каштадўзлик, дўппидўзлик, заргарлик, мисгарлик, темирчилик, кўнчилик, маҳсидўзлик, кулолчилик, дурадгорлик, тегирмончилик, жувозкашлик каби 30 дан ортиқ ҳунар тури мавжудлиги ва у яхши ривожланганлиги қайд этилган.

Пурвиқор тоғларга туташ Китоб тумани ўзининг гўзал табиати, серфайз боғлари, ҳосилдор далалари билан ҳам барчани бирдек мафтун этади.

Миллий қадриятларимиз қадр топаётган бугунги кунда китобликлар ота-боболарининг ана шу анъаналарини давом эттиришга интилмоқдалар. Бу борада, аввало, ёш авлодларга миллий анъаналар, қадимий қадриятларимиз ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бу борада туманимиз газетасида ранг-баранг мавзуда ёритилаётган мақолаларнинг ўзи бир сабоқдир. Биз бўлғуси журналистлар келгусида маҳаллий газеталаримизни янада ўқишли, сермазмун ва оммабоп қилишга ҳаракат қиламиз. Токи, газета том маънода “Ҳаёт кўзгуси”га айланиб қолиши лозим.

Иномхон АҲМЕДОВ,

Бобур САЙДАЛИЕВ,

“Китоб овози” газетаси

жамоатчи мухбирлари.

ТОШКЕНТИМ – ФАХРИМ

Мен орзулар оғушида улғайган қишлоқ қизларидан эдим. Қишлоғимиз тоғлар этагида, Норин дарёси соҳилида, майсалари ҳам, одамларининг орзулари ҳам соддалигидан фахрланадиган жой эди. Тонг саҳарда қушлар нидоси билан уйғониб, далаларга, чорвага отланганимиз, кечқурун юлдузлар остида достон эшитганимиз билан бахтли эдик.

Мени китобларда тасвирланган Тошкент тасвири сеҳрлаб қўйган эди. Бу серфайз шаҳарнинг кенг кўчалари, осмонўпар бинолари, кутубхоналари, университетлари мафтун этарди. Болалигимдан Тошкентга ҳавас билан улғайганман.

Ўрта мактабни битириб, бир неча йил олий ўқув юртига кира олмадим. Сўнг турмуш қурдим. Умр йўлдошим ижодкор эди, икки фарзандли бўлдик. Уй-рўзғор, болалар, ҳаёт ташвишлари. Аммо кўнглимдаги Тошкентга бориш орзуси сўнмади. Тун ярмида бешикка елка берганча, болаларим уйқуда, мен эса дераза ортидаги тўлин ойга термилиб, Тошкентда ўқиш ҳақида ўй сурардим.

Бир куни турмуш ўртоғим жиддий нигоҳ билан менга қараб меҳр билан шундай деди:

— Мен сенинг орзуларинг ҳақида кўп ўйладим. Улар орзулигича қолиб кетмасин. Ўқишга тайёрлан, Тошкентга олиб бораман.

Ҳаётимда янги саҳифа очилди. Яна китоб варақлашга тушдим. Дарс, интернет орқали изланишлар, кечалаб ўқиш, имтиҳонлар… Ниҳоят, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика ва ўзбек филологияси факультети босма ОАВ йўналиши сиртқи бўлимига ўқишга қабул қилинганим ҳақида хушхабар келди! Энди ҳар йили икки марта Тошкентга — орзулар шаҳрига келиб, танлаган соҳам сирларини пухта эгаллаяпман. Бизга назарий билим бераётган профессор-ўқитувчилар амалиёт сирларини ҳам ўргатар экан, доим ижод бўстонига чорламоқда.

Мунаввархон ТЎХТАСИНОВА,

Учқўрғон туманидаги “Ёрқин ҳаёт” газетаси жамоатчи мухбири.

ГАЗЕТА ЎЗИГА ХОС МИНБАР!

Туман газетаси қачон сермазмун мақолаларга бой бўлади? Аввало ҳаёт шунга яраша фаровон, турмуш чароғон, меҳнаткаш халқимиз рози бўлиб яшасалар, бу воқеликлар, албатта, “ҳаёт кўзгуси” саналмиш газетада ўз аксини топаверади. Бугунги кунда “Бекобод янгиликлари” газетасининг қай бир сонини варақласангиз, Бекобод тумани ва шаҳрида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ва бошқа хайрли ишлар ҳақида ёзилган хабар ҳамда таҳлилий мақолаларни ўқиб, дилингиз яйрайди. Ҳар куни ўзимиз юрадиган йўлларни таъмирлаб бориш, маҳаллаларга файз киритиш, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳамда уларнинг самараси туман газетасида ҳозиржавоблик билан ёритилмоқда.

Газета ижодий жамоаси Бекободдаги улкан бунёдкорлик ишларини холис ёритмоқда. Кенг жамоатчилик туман ҳокимлигидан тортиб, барча ташкилотлар фаолиятини, бу заминда амалга оширилаётган улуғвор ишлар моҳиятини ана шу газета саҳифалари орқали кузатиб борадилар.

Эл дарди билан яшаётган ижод аҳли учун маҳаллий газетамиз ўзига хос минбардир.

Мадинабону КИМСАНЖОНОВА,

“Бекобод янгиликлари” газетаси

 жамоатчи мухбири.

ГАЗЕТА ЎҚИШ КАМАЙМАЙДИ

Бугунги кунда интернет ва ижтимоий тармоқлар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Янгиликларни бир неча сонияда телефон орқали билиш имконияти мавжуд. Шундай шароитда газетага бўлган талаб қандай ўзгармоқда? Босма нашрлар ҳали ҳам ўз ўқувчиларига эгами, деган оғриқли савол кўпчиликни ўйлантиради.

Газета узоқ йиллардан бери ахборот тарқатишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб келган. У жамиятда содир бўлаётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий воқеаларни ёритиб келмоқда. Газета орқали инсонлар нафақат янгиликлардан хабардор бўлади, балки турли масалалар юзасидан таҳлилий маълумотлар ва фикрларни ҳам ўқиш имкониятига эга.

Ҳозирги вақтда айрим ўқувчилар газеталардан кўра электрон нашрларни афзал кўрмоқда. Бунинг асосий сабаби — интернет орқали ахборотнинг тезкор ва қулай етказилишидир. Электрон газеталарни исталган жойда, телефон ёки компьютер орқали ўқиш мумкин. Бу эса босма газеталарга бўлган талабнинг ўзгаришига таъсир кўрсатмоқда.

Аслида, босма нашрларнинг ўзига хос афзалликлари кўп. Газетани қўлга олиб ўқиш, мақолаларни диққат билан таҳлил қилиш ва керакли маълумотларни сақлаб қўйиш кўплаб китобхонлар учун қулайдир. Айниқса, ёши катта инсонлар орасида босма нашрларни ўқишга қизиқиш сақланиб қолган.

Очиғи, бугунги кунда газетага бўлган талаб аввалгидек бўлмаслиги мумкин, аммо унинг жамиятдаги аҳамияти камаймайди. Газета ишончли ахборот манбаи, таҳлил ва фикр алмашиш воситаси сифатида ўз ўрнига эга.

Севара МАДРАҲИМОВА,

“Бугунги Тошкент” газетаси

жамоатчи мухбири.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНАСИЗ?

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳаётий заруратга айланган. Бирор зарур маълумот ёки ахборот керак бўлса, дарров интернетга кирамиз. Шундай экан, савол туғилади: ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланяпмизми? Биз олаётган хабар ёки маълумот қанчалик тўғри ёки нотўғри эканини ажрата оляпмизми? Бунинг учун биздан кучли билим ва малака талаб қилинади.

Ижтимоий тармоқлардан тўғри мақсадда фойдаланаётганлар ҳам кўп. Аммо тармоқлардаги хабарларнинг фарқига бормай, фирибгарлар тузоғига осонгина илиниб, жабр кўраётганлар ҳам кам эмас. Баъзи соддадил кимсалар саёз фикрлаши оқибатида қимор ўйинларига қўшилиб, бор-будидан ажралиб, яна бўйнига катта қарзларни илиб олаётганларига нима дейиш мумкин? Бу жуда ачинарли ҳолат. Лекин бундан ҳам ачинарлиси, турли хил оқимларга кириб кетиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Бу энг оғриқли, мудҳиш ҳолдир.

Миллийлигимизга ёт бўлган баъзи чет элларнинг либосларига ўйламай-нетмай тақлид қилаётган ёшлар тубанлик ботқоғига ботиб бораётганларини тушунмаса, билмаса, уларнинг хатоларини тушунтириш, тарбиялаш бизнинг вазифамиздир.

Аслида интернетнинг пайдо бўлиши замонамизнинг катта ютуқларидан биридир. Энди интернетсиз жамиятни тасаввур қилиш қийин. Илгари ярим йилда битадиган ишлар ҳозир интернет орқали бир соатга қолмай ҳал қилиб қўйиляпти. Фақат ундан тўғри фойдалансак, кўзлаган барча орзу-мақсадларимизга сўзсиз эриша оламиз.

Мирзоҳид ҲУСИНОВ,

“Зарафшон” газетаси

жамоатчи мухбири.

“ЖИЗЗАХ ОВОЗИ”НИНГ ЎЗ ОВОЗИ БОР!

Мактаб партасида таълим-тарбия олиб юрган кезларимизда вилоятимиз газетасини қизиқиш билан ўқиб борардим. Бу газетада бир пайтлар Шароф Рашидов, Ҳамид Олимжон, Сарвар Азимов, Оқилжон Ҳусанов, Нурали Қобул, Шуҳрат Жабборов каби атоқли ёзувчи-шоирлар, публицистларнинг асарлари, мақолаларини барча бирдек мутолаа қилишган. Демоқчиманки, бугун “Жиззах овози” номи билан чоп этилаётган газетамиз ўзининг шонли тарихига эга!

Биз бўлғуси журналистлар ана шу устозлар изидан бориб, уларнинг ижод карвонларини изчил давом эттиришимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

Бугун газета орқали жамоатчилик назоратини ўрнатиш, муаммоларни дадиллик билан очиқ-ойдин ёзиш мумкин. Биз бўлғуси журналистлар ижод ва мафкура майдонига фаол фуқаролик позициямиз, ўз овозимиз, дадил қадамларимиз билан кириб келиш ниятидамиз.

Азизабону ҲИКМАТОВА,

“Жиззах овози” газетаси

жамоатчи мухбири.

КОСОННИНГ БИР КУНИ

Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Косоннинг ҳар бир куни асрларга татийди!” деган гапини фахр билан эслаб юрамиз. Устоз шоир бу заминда кунда-кунора асрларга татийдиган асарлар ёзилаётгани, илмий тадқиқотлар олиб борилаётгани, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, боғ-роғлар яратилаётганини назарда тутгани сир эмас, албатта. Атоқли шоирнинг ҳар бир ўлмас ва бетакрор шеъри ҳам аслида асрларга татигулик маънавий нур, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Сўнгги ўн йил мобайнида Косон тумани қиёфаси тубдан ўзгарди. Бу ерда бунёдкор халқимиз шижоати ила кўплаб замонавий иншоотлар қад ростлаган бўлса, танти деҳқонлар матонати билан боғлар яратилмоқда.

Матбуот замоннинг хотираси, жамиятнинг виждони ва келажакнинг йўлчи юлдузидир. Қоғозга битилган сўз ҳам, экранда порлаган сатр ҳам ҳақиқатга хизмат қилса, халқ қалбидан жой олади. Чунки тараққиёт фақат ахборотнинг кўплиги билан эмас, ҳақиқатнинг қадри баландлиги билан ўлчанади. Матбуотнинг кучи унинг овозида эмас, ҳақиқатни қанчалик дадил айта олишидадир.

Кимёхон ФАРМОНОВА,

“Косон” газетаси

жамоатчи мухбири.

“ПИСКЕНТ ҲАЁТИ”ДА АКС ЭТАР ҲАЁТ

Ёшлигимизда ота-оналаримизнинг қўлларида ҳамиша газета кўрардик. Улар ҳар куни ишдан келгач, газета ўқишдан бош кўтармасдилар. Бутун дунё янгиликларидан тортиб юртимиз ҳаётига оид хабарларгача газеталар орқали билиб юришарди. Ижтимоий тармоқлар тараққий этган бугунги кунда ҳам газетага бўлган эҳтиёжимиз сусайгани йўқ. Газеталар орасида, айниқса, туман газетаси бизга маънан яқиндек туюлаверади. Пискент туманининг “Пискент ҳаёти” газетаси саҳифаларида ўзимизга таниш қиёфалар, ажиб воқеликлар кенгроқ ёритилади.

Туманимизнинг табиати барчани бирдек мафтун этади. Қурама тоғ тизмалари этакларида ва Оҳангарон дарёси чап соҳилида, Чирчиқ ҳамда Оҳангарон водийсига туташ бу замин ижод аҳлига туганмас илҳом бахш этади. Қурама тоғларига боқсангиз, адирлар, чўл, кенг яйловларни кўриб, баҳри дилингиз очилади. Серунум тупроқлари, ям-яшил ўтлоқлари ҳам файз киритиб туради бу заминга. Пурвиқор тоғлардан оқиб келаётган Оҳангарон дарёси борлиққа ҳаёт бахш этади. Қизота, Ковулди, Олмалиқсой, Парганда, Қорақиёсой ичра оқиб ўтадиган ирмоқлар ажиб манзаралар кашф этади.

Тошкент сув омборига туташ туманимиз манзараси ҳақида айтишга тил, ёзишга қалам ожизлик қилади. Ирмоқлар, дарё ва денгиз бўйларида ўсиб турган бўтакўз, арча, дўлана, заранг, олча, олма дарахтлари кишини сармаст қилади. Улар устида қанот қоқиб юрган ўрдаклар, ғозлар, қирғовуллар, какликлар, беданалар, майналар парвозини кўриб, илҳомланиб кетасан.

Малика ҚОДИРОВА,

Шаҳбоз ҒУЛОМҚОДИРОВ,

“Пискент ҳаёти” газетаси

жамоатчи мухбирлари.

ҚАЛБ САДОСИГА АЙЛАНГАН “ҚЎҚОН САДОСИ”

Водий гавҳари ҳисобланмиш Қўқон шаҳри ўзининг бой тарихи, фусункор табиати, маданияти ва маърифий муҳити билан барчани ўзига мафтун этади. Бундай ҳаётбахш муҳит такомиллашиб боришида матбуотнинг ҳам ўрни беқиёс. Матбуот нафақат янгиликларни етказади, балки жамиятдаги муаммоларни ёритиш, халқ фикрини ифодалаш ва инсонларни фикрлашга ундашга хизмат қилади.

“Қўқон садоси” газетаси саҳифаларида шаҳар ҳаётидаги янгиликлар, бунёдкорлик ишлари, таълим, маданият ва ижтимоий муаммолар атрофлича ёритилмоқда. Интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожланиб бораётган айни замонда ахборот тарқатиш имкониятлари ҳам кенгаймоқда.

Бугун журналистнинг энг муҳим вазифаси — ҳар бир хабарни ишончли манбалар асосида ёритиши зарур. Негаки, ишончсиз хабар ва мақолалар жамиятга катта зарар келтиради. Шу билан бир қаторда одамларни ўйлантираётган, тараққиётимизга тўғоноқ бўлаётган муаммоларнинг ечимини ўрганган ҳолда таҳлилий мақолалар ёритиш мақсадга мувофиқдир. “Қўқон садоси” газетаси ижодкорлари шу аснода ҳамиша ҳаёт билан ҳамнафасдир.

Наргиза ШАВКАТЖОНОВА,

“Қўқон садоси” газетаси

жамоатчи мухбири.

СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ТАРАҚҚИЁТГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ…МИ?

Технология тараққиёти ёшлар олдига янги имкониятлар билан бирга масъулият ҳам қўймоқда. Бугун дунё жадал ўзгариб бормоқда. Бир неча йил аввал илмий-фантастик асарларда учрайдиган айрим технологиялар эндиликда кундалик ҳаётимизнинг бир қисмига айланди. Сунъий интеллект ҳам таълим, тиббиёт, ишлаб чиқариш ва ахборот алмашинуви каби кўплаб соҳаларга кириб келмоқда. Энди муҳим савол шуки, биз бу имкониятлардан қай даражада тўғри фойдаланяпмиз? У жамият тараққиётига қай даражада хизмат қилиши мумкин?

Сунъий интеллект инсоннинг вақтини тежаш, мураккаб маълумотларни таҳлил қилиш ва янги ғояларни шакллантиришда ёрдам бериши мумкин. Масалан, ўқувчи тушунмаган мавзусини содда изоҳлаши, талаба чет тилини машқ қилиши ёки мутахассис катта ҳажмдаги ҳужжатларни тартибга солиши мумкин. Демак, ундан мақсадли фойдаланилса, бу технология билим олиш ва меҳнат самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Бироқ ҳар қандай қулайликнинг ўз масъулияти бор. Тайёр жавобларни текширмасдан қабул қилиш, топшириқларни тўлиқ сунъий интеллектга бажартириш ёки унинг берган маълумотини ҳақиқат деб билиш инсоннинг мустақил фикрлашига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Сунъий интеллект баъзан хато қилади, эскирган ёки ишончсиз маълумотларни ҳам ишончли оҳангда тақдим этиши мумкин. Шу сабабли унинг жавобларини бошқа ишончли манбалар билан солиштириш, далилларни текшириш ва якуний хулосани ўзимиз чиқаришимиз муҳим.

Таълим муассасалари, ота-оналар ва ёшларнинг ўзлари бу борада ҳамкорлик қилиши керак. Ўқувчиларга технологияни тақиқлашнинг ўзи етарли эмас; ундан қандай фойдаланиш, манбаларни қандай текшириш ва муаллифлик ҳуқуқига қандай риоя қилишни ҳам ўргатиш лозим. Сунъий интеллектдан фойдаланилган ишда буни яширмаслик, ўз ҳиссасини аниқ кўрсатиш ва топшириқ талабларига амал қилиш ҳалолликнинг муҳим белгисидир. Энг муҳими, технология инсоннинг ўрнини эгаллаши эмас, унинг салоҳиятини ошириши керак. Сунъий интеллект бизга йўл кўрсатиши, фикрларимизни тартибга солишга кўмаклашиши мумкин, аммо мустақил фикрлаш, ижодкорлик, меҳр-оқибат ва масъулият инсоннинг ўзида шаклланади. Келажакда муваффақиятга эришадиган ёшлар янги воситаларни шунчаки ишлатадиганлар эмас, балки уларни танқидий фикр билан баҳолаб, эзгу мақсадлар йўлида қўллай оладиганлар бўлади.

Комилахон ИСМОИЛОВА,

“Маърифат” газетаси

жамоатчи мухбири.

ЭЪТИБОР

Бугун биз ахборотлар оқимида яшаяпмиз. Ҳар куни юзлаб хабарларни ўқиймиз, минглаб суратларни кўрамиз, ижтимоий тармоқларда соатлаб вақт ўтказамиз. Аммо бир савол бор: шунча ахборот орасида инсон ўзига, яқинларига ва атрофидаги ҳаётга қанчалик эътибор қаратмоқда?

Баъзан ёнимиздаги инсоннинг кўнгли синаётганини сезмаймиз, аммо узоқдаги нотаниш одамнинг ҳаётидан хабардор бўламиз. Бир оғиз ширин сўз айтишга вақт тополмаймиз, лекин изоҳлар ёзишга дақиқаларимиз етади.

Аслида, бугун ҳаётнинг энг катта муаммоларидан бири вақт етишмаслиги эмас, балки эътиборимизнинг нотўғри тақсимланишидир.

Технологиялар бизни бир-биримизга яқинлаштирди, бироқ айрим ҳолларда қалбларимиз орасидаги масофани узайтирди. Бир дастур орқали дунёнинг нариги чеккасидаги инсон билан суҳбатлашиш мумкин, аммо баъзан бир дастурхонда ўтирган яқинларимиз билан самимий гаплашишга қийналамиз…

Эътибор оддий тушунча эмас. У фарзанднинг саволига сабр билан жавоб бериш, кексаларнинг суҳбатини тинглаш, тушкун инсоннинг ҳолидан хабар олишдир. Жамиятни фақат катта ислоҳотлар эмас, ана шундай кичик, аммо самимий муносабатлар ҳам ўзгартиради.

Балки бугун ўзимизга беришимиз керак бўлган энг муҳим савол шудир: биз дунёдан қанча хабар топдик эмас, балки ўзимизга яқин инсонларни қанчалик ҳис қила олдик?

Зеро, инсоннинг қадри қанча кўп кўринишида эмас, бошқаларга қанча меҳр бера олишида намоён бўлади.

Ўғилой ПАРПИЕВА,

“Наманган ҳақиқати”

газетаси мухбири.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 4 =