Ҳаётбахш тизим, халқона андоза

ёки Фарруҳ Раҳматиллаев раҳбарлик қилаётган Денов тумани соғлиқни сақлаш бўлими фаолиятига бир назар

Қачон Деновга йўлим тушса, аввало, устоз ижодкор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тоштемир Турдиев билан учрашиб, суҳбатларини олишга уринаман. У кишининг билмаган нарсаси йўқ. Матбуотга ихлоси баландлигидан журналист ижодкорларни туққан-туғишганидек қадрлайди. Ёши тўқсонни қоралаб бораётган устоз ҳақиқий сўз соҳиблари ҳаётда ҳақ сўз излаб, адолат тарозиси шайинини тўғрилаб туришга уринишга ҳаракат қилишларини яхши билади. Яхши ният, ярим мол дейишгани шу маънода айни ҳақиқат. Қалби ижодга ошуфта устознинг фикри теран. У киши учун ижод ёшга қараб тўхтайдиган машғулот эмас, балки умрга мазмун бағишлайдиган, инсонни руҳан бардам тутадиган эзгу бир эҳтиёждир. Бу гал ҳам Деновга борганимда Тоштемир ака билан дийдорлашиб, анча вақт дилдан суҳбатлашдик. Кўпчилик билиб, озчиликка етиб бормайдиган муаммолар, офтоб нури тушмайдиган соя жойлар каби эътибордан қолиб кетадиган, аммо халқ учун зарур нарсалар ҳақида анча гурунг қилдик. Бундай ўйлаб қаралганда, ҳали кўнгилни хира қиладиган нарсалар ҳам оз эмас экан.

– Кўпам қайғураверманг, – деди шунда устоз менга далда бераётгандек. – Оққан дарёлар оқмай қолмас. Худога шукрларким, халқимиз орасида ҳали чин виждонли, сўзи билан иши бир инсонлар анқонинг уруғи бўлиб кетганмас, мана, масалан, бизнинг Денов туманимизда ҳам унақалар кўп. Туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Фарруҳ Раҳматиллаев ҳам ана шунақа барака топкурлардан. Агар фурсат топиб, унинг ишларини ёзсангиз, кўпчиликка маъқул иш бўларди.

Мўъжизакор нарсалар, улуғ одамлар ёнимизда эканини кўпинча пайқамай қоламиз. Тоштемир акага ўхшаган оқ-қорани таниган, қилни қирқ ёрадиган устозлар шунда бизга қандай мададга етиб келишганини ўзимиз ҳам пайқамай қоламиз. Ҳозир ҳам шундай бўлди.

Шу баҳона бўлди-ю, Фарруҳ Раҳматиллаев билан танишиш иштиёқига тушиб қолдим. Унинг тиббиёт соҳасидаги фаолияти, ташаббуслари, амалга ошираётган ишларини ёритишни ният қилдим.

Устоз билан вақтинча хайрлашиб, Денов тумани соғлиқни сақлаш бўлими идораси томон йўл олдим. Фарруҳ Раҳматиллаев вилоятда қандайдир тадбирда экан. Яхшиямки, биринчи ўринбосари Шоҳрухбек Жўраевни ҳам ўзи билан олиб кетмабди. Кўпинча шунақа бўлади. Унинг ҳамроҳлигида ишхонага кирдик. Асли деновлик бўлган Шоҳрухбек Жўраев ҳам пойтахтдаги тиббиёт муассасаларида ишлаб, анча-мунча пишиб қолган экан. Туғилган юртига қайтганига бир йил бўлибди. Суҳбатимиз аввалида Шоҳрухбек Жўраев туман соғлиқни сақлаш бўлимида амалга оширилаётган ташкилий ўзгаришлар, янги бошқарув тизими, янгича андозалар, уларнинг вазифалари хусусида сўз юритди.

– 2025 йил 1 июлдан бошлаб аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг янгича тизими туман соғлиқни сақлаш бўлимида тажриба-синов тариқасида жорий этилган, – деди Шоҳрухбек Жўраев. – Унга энг илғор хорижий тажрибалар, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифати, бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг замонавий тизими, соҳага янги бошқарув тамойиллари асос қилиб олинган. Бир сўз билан айтганда, бугунги ислоҳотларнинг асосий мақсадлари. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 19 майда қабул қилинган “Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эса ҳуқуқий пойдевор.

Шоҳрухбекнинг айтишича, янгича тизимга кўра, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш фақат тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ёки янги ускуналар билан таъминлаш билан кифояланмас экан. Ислоҳотлар доирасида Денов тумани тиббиёт бирлашмасидан туман соғлиқни сақлаш бўлимига айлантирилганда, соҳа фаолияти янги талаблар асосида ташкил этилган экан. Бу муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни такомиллаштириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш жараёнларини янада самарали бошқаришга хизмат қиларкан.

Шоҳрухбек Жўраев янги тизимнинг асосий йўналишлари ҳақида ҳам батафсил маълумот берди. Аҳолини хатловдан ўтказишганда уларнинг дардини аниқлаб, ўзларига яқин шифохоналарга қайтадан бириктиришибди. Оилавий поликлиникалар янги типология асосида шакллантирилибди. Муассасаларга юридик мақом бериш каби вазифалар белгиланибди. Рақамлаштириш ва бирламчи тиббий ёрдам бўғинини профилактик йўналишда ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилибди. Булар айтишга осон, амалда эса… эҳҳе!

Шоҳрухбекнинг мисоллар билан тушунтираётганидан уларнинг қоғозда қолиб кетмаганига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Асосий мақсад ҳамма биладиган ўша гап: аҳолига қулай, тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш. Бунинг учун кимга қандай тиббий ёрдам зарурлигини, қайси ҳудудда қайси хизмат турига эҳтиёж юқорилигини аниқлашда аҳолини хатловдан ўтказиш қўл келибди. Бирламчи тиббий ёрдамда профилактикага устувор аҳамият берилиши, ўз навбатида, касалликларни эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутаркан. Касалликни даволаш билан бир қаторда, унинг олдини олишга ҳам жиддий эътибор қаратилаётгани, аҳоли билан манзилли ишлаб, мунтазам тиббий кўриклар ва профилактик тадбирлар йўлга қўйилаётгани, тиббий маълумотларнинг тизимлаштирилиши, хизматлар сифати доимий таҳлил қилиб борилиши ҳам Денов тумани соғлиқни сақлаш бўлимида эътибордан четда қолмаётгани, ҳақиқатан, таҳсинга лойиқ. Бу борада рақамлаштириш маълумотлар билан ишлашни енгиллаштириб, бошқарув қарорларини асосли қабул қилиш ва хизматлар самарадорлигини ошириш учун муҳим имкониятлар яратиши табиий. Янги ташкилий андозанинг самараси унинг амалиётда қандай натижа бераётгани билан ўлчанади. Аҳоли тиббий хизматдан қанчалик қониқаётгани, мутахассислар фаолияти учун қандай шароитлар яратилаётгани, муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик қай даражада йўлга қўйилаётгани каби масалалар хусусида суҳбатлашиб турганимизда, туман соғлиқни сақлаш бўлими бошлиғи Фарруҳ Раҳматиллаевнинг ўзи ҳам кириб келди. Энди суҳбатимизни бевосита соҳа раҳбари билан давом эттириш, унинг фикр-мулоҳазаларини эшитиш ва туманда амалга оширилаётган ишлар билан янада яқиндан танишиш имкони туғилган эди. Шу мақсадда унинг хонасига кирдик. Иш столи устида турган “Hurriyat” газетасига кўзим тушди-ю, беихтиёр қувониб кетдим. Демак, матбуот қадрини биладиган, кундалик иш ташвишлари орасида ҳам газета ўқишга вақт топадиган раҳбарлар бор экан-ку! Устоз Тоштемир Турдиевнинг тавсияси бежиз бўлмаганини фаҳмладим.

– Туманимизда 420 минг 150 нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими шакллантирилган, – деди Фарруҳ Раҳматиллаев сўзи бошида. – Тизимда 33 та оилавий поликлиника фаолият юритади. Туман марказий шифохонаси жами 659 та шифо ўрнига эга. Соғлиқни сақлаш бўлими тизимида 447 нафар шифокор ва 2 минг 103 нафар ўрта тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда. Тиббий хизматлар бирламчи бўғин, маслаҳат-диагностика хизмати, марказий шифохона ҳамда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам йўналишлари ўртасидаги узвий боғлиқлик асосида ташкил этилган.

Ҳа, албатта, бу рақамлар ортида Деновдек йирик туманда аҳоли саломатлиги учун масъул бўлган катта жамоа ва мураккаб ташкилий жараёнлар турибди. Бу тизимнинг аҳолига энг яқин бўғини эса оилавий поликлиникалардир. Ўз номи билан ҳаммабоп. Шифокор қабули, патронаж, профилактик кўрик, скрининг ва диспансер назоратининг қай даражада ташкил этилгани ҳам кўп жиҳатдан бирламчи бўғин фаолиятига боғлиқ. Оилавий поликлиникаларда оилавий шифокорлар, тиббий бригадалар, патронаж ҳамширалари ва бошқа мутахассислар фаолияти бириктирилган аҳоли таркиби ҳамда ҳудуднинг хусусиятларидан келиб чиқиб йўлга қўйилган. Асосий эътибор профилактика, патронаж, скрининг, диспансер назорати ва касалликларни эрта аниқлашга қаратилмоқда. Бу нарсалар, яъни одамларни оилавий поликлиникаларга бириктириш ҳам электрон тизим асосида ташкил этилган экан.

– 418 мингдан ортиқ аҳоли билан электрон битим тузилган, – сўзида давом этади Фарруҳ Раҳматиллаев. – Фуқаронинг қайси оилавий шифокор ва тиббиёт муассасасига бириктирилгани электрон тарзда расмийлаштирилади, тиббий хизмат кўрсатиш жараёнини кузатиш имконияти кенгаяди. Рақамлаштириш фақат аҳолини бириктириш билан чекланмаяпти. “DMED” ахборот тизими орқали электрон йўлланмаларни расмийлаштиришни, тиббий ташрифлар тарихини, лаборатория натижалари ва бошқа маълумотларни электрон шаклда юритиш имкониятларини босқичма-босқич кенгайтирмоқдамиз. Тизимни оилавий поликлиника, маслаҳат-диагностика бўлинмаси ва марказий шифохона ўртасида бемор ҳаракатини мувофиқлаштиришда ҳам қўлламоқдамиз.

Тиббиётда рақамли технологияларнинг аҳамиятини тушуниш қийин эмас: бемор ҳақидаги маълумотлар бир тизимда жамланса, унинг аввалги мурожаатлари ва текширув натижаларини кузатиш осонлашади. Бир муассасадан бошқасига йўналтирилган бемор бўйича маълумотлар алмашинуви ҳам тизимли ташкил этилиши мумкин. Бироқ бу имкониятларнинг амалдаги самараси электрон маълумотларнинг тўлиқлиги, ходимларнинг тизимдан фойдаланиш кўникмаси ва техник таъминотга ҳам боғлиқ. Фарруҳ Раҳматиллаев айтганидек, Денов тумани соғлиқни сақлаш бўлимида “DMED” мобиль иловаси орқали шифокор қабулига олдиндан ёзилиш, таҳлил натижаларини кўриш, электрон рецептлар ва аввалги ташрифлар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланиш мумкин. Электрон битим, йўлланма ва рецептларнинг жорий этилиши тиббий ҳужжатлар айланмасини рақамли шаклга ўтказишга хизмат қилмоқда.

Суҳбат давомида Фарруҳ Раҳматиллаев тиббиёт муассасаларининг моддий-техник шароитларини яхшилаш тиббиётда муҳим масала эканини мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қилди. Бу борада ўзлари нима иш қилишаётганини, бола йиғламаса, она сут бермас қабилида айтиб берди.

– Қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан туман соғлиқни сақлаш бўлими тизимига 11 миллиард 900 миллион сўм ажратилди, – деди Фарруҳ Раҳматиллаев. – Бу маблағларнинг бир қисми иккита оилавий поликлиникани таъмирлашга йўналтирилди.

Унинг маълум қилишича, 2026 йилнинг иккинчи ярмида 8-сон ва 10-сон оилавий поликлиникалар “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб деб топилган. Ҳозирда мазкур маблағлар ҳисобидан тиббиёт масканларини таъмирлаш ва зарур тиббий жиҳозларни харид қилиш ишлари олиб борилмоқда экан. Аёнки, тиббий хизмат сифати фақат шифокорнинг билими ва малакаси билан белгиланиб қолмайди. Касал одамни қабул қилиш учун муносиб шароит, зарур асбоб-ускуналар, ишончли ахборот тизими ва ходимлар учун қулай иш муҳити ҳаммадан зарурлигини Деновда биринчи ўринга қўйишади. Бунинг натижасида поликлиникаларни таъмирлаш ва жиҳозлашга қаратилган ишлар натижасини баҳолашда уларнинг фойдаланишга топширилиши билан бирга, аҳолига кўрсатиладиган хизматда қандай ўзгариш бўлаётганини ҳам мониторинг қилиб боришади.

– Тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг янги тизими жорий этилган республикадаги 15 та туман ва шаҳар орасида Денов тумани ҳам бор, – дея ислоҳотларнинг кўлами ва масъулияти хусусида ҳамсуҳбатимни қитиқлашга уринаман. – Бу ҳолат сиз раҳбарлик қилаётган жамоа зиммасига қўшимча масъулият юклаши табиий. Бу ердаги тажриба нафақат туман, балки янги тартибни синаб кўраётган бошқа ҳудудлар учун ҳам аҳамиятли бўлиши мумкин.

– Албатта, бу биздан масъулият, ҳаракат талаб қилади, – деди Фарруҳ Раҳматиллаев. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, фаолиятимизни ташкил қилганимиз бу борада қўл келмоқда.

Унинг айтишича, қарор доирасида қоғоз шаклида юритилаётган ҳисоботларни электрон шаклга ўтказиш, тиббиёт ходимларининг иш юкламасини камайтириш ва тиббий маълумотларни ягона ахборот муҳитида юритиш бўйича ишлар амалга оширилган. 33 та поликлиника компьютер жамланмалари, планшетлар, принтерлар, сканерлар, веб-камералар, инфокиосклар, мониторлар ва патронаж сумкалари билан жиҳозланиб, локал тармоққа уланган. Тиббиёт муассасаларини компьютер техникаси билан таъминлаш ва уларни ягона ахборот муҳитига улаш рақамли бошқарув учун зарур шароит яратади. Бу жараёнда фақат техника сони эмас, ундан кундалик ишда қай даражада фойдаланилаётгани ҳам муҳим. Электрон ҳисоботлар ходимларнинг ортиқча қоғозбозлигини камайтирса, шифокор ва ҳамшираларнинг бемор билан ишлашга кўпроқ вақт ажратиши учун имконият пайдо бўлади. Денов туманида янги ташкилий тизим доирасидаги ишлар айнан шу бир-бирига боғлиқ йўналишларни қамраб олмоқда: аҳолини тиббиёт муассасаларига бириктириш, бирламчи ёрдамни профилактикага йўналтириш, электрон маълумотлар алмашинувини кенгайтириш ва муассасаларнинг моддий-техник имкониятларини яхшилаш. Энди бу ишлар натижаси аҳоли учун қанчалик қулайлик яратаётгани, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини қай даражада кенгайтираётгани билан намоён бўлиши керак. Бундай ўзгаришлар марказий шифохона фаолиятида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Бу ерда аҳолига ихтисослаштирилган, шошилинч ва режали стационар тиббий ёрдам кўрсатиш учун ҳамма қулайликлар муҳайё. Шифохона ҳудудидаги икки қаватли бино таъмирдан чиқарилиб, унинг негизида маслаҳат-диагностика бўлинмаси ташкил этилган. Бу ерда тор соҳа мутахассисларининг фаолият юритиши учун шароит яратилган.

– Тиббий ёрдам сифатини оширишда лаборатория хизматининг ўрни ҳам катта, – суҳбатга қўшилади Шоҳрухбек Жўраев. – Тўғри ташхис кўп жиҳатдан таҳлил натижаларининг ишончлилиги ва ўз вақтида олинишига боғлиқ. Биз марказлашган лаборатория хизматини шакллантириш бўйича комплекс ишлар амалга оширдик. Лаборатория материалларини қабул қилиш, ташиш ва текшириш жараёнларини мувофиқлаштириш учун етти йўналиш бўйича логистика схемаси ишлаб чиқилган. Бу тартиб таҳлил материалларининг ҳаракатини тизимли ташкил этиб, лаборатория хизматини мувофиқлаштиради. Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш эса профилактик кўриклар, патронаж, пренатал скрининг, болалар скрининги, эмлаш, микронутриентлар билан таъминлаш ва соғломлаштириш тадбирлари билан ўзаро боғлиқ ҳолда олиб борилмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, бу ишлар, аввало, касалликларни барвақт аниқлаш, болаларнинг соғлом ўсишини қўллаб-қувватлаш ва оналар саломатлигини асрашга хизмат қилиши табиий. Тиббиёт фақат рақамлар, бинолар, ускуналар ва ҳисоботлардан иборат эмаслиги борасида фикримиз бир жойдан чиқиб турган чоғда, мен яна Фарруҳ Раҳматиллаевга юзланиб, ундан уч йилдан бери раҳбарлик қилиб келаётган ишидан, шифокорлик касбидан, кўнглига илиқлик бағишлаган лаҳзалар борасида сўзлаб беришни сўрадим.

– Одамлар Яратгандан яхши ният билан соғлиқ, хотиржамлик сўрашлари бежиз эмас, – деди ҳамсуҳбатим. – Соғлиқ – бебаҳо неъмат. Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, саломатликни асраш учун оз емоқ, оз ухламоқ ва оз сўзламоқ лозим. Бу улуғ боболаримиз таълимоти, Баҳоуддин Нақшбанд таълимоти. Табобат илми бадандаги дардларни даволаганидек, шифокорнинг ширин сўзи ҳам дардга малҳам бўлади. Тиббиёт ходими совуққон бўлмаслиги, одамларга меҳр кўзи билан қараши керак.

Оддий туюлгани билан ҳақ гаплар. Қанийди, ҳамма дўхтирлар ҳам шунақа бўлса! Афсуски, шифокорнинг қалбига эмас, қўлига қарайдиган сохта дўхтирлар ҳам бугунги жамиятимизда урчиб кетган. Аввало, уларнинг ўзларини даволаш керак. Фарруҳ Раҳматиллаев айтганидек, уларнинг руҳларини даволаш керак! Унинг сўзларига қулоқ тутиб туриб, шулар ҳақида ўйладим: начора, касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади деган гап фақат иситмаси кўтарилган одамгагина тааллуқли эмас. Буни ҳаммамиз тушунишимиз керак, шунга қараб жамият тозаланиши лозим. Билим ва маҳорат зарур, аммо ҳалоллик ҳаммасидан ҳам зарур! Буни, мана, Деновдек олис маконда одамлар меҳрини қозонганлар мисолида кўриб турибмиз. Дардга чалинган одам дардига дармон бўлиш учун ичилган қасам муқаддасдир. Унга нафақат малакали мутахассис, балки тушунадиган, кўнглига таскин берадиган инсон ҳам зарур. Шифокорнинг бир оғиз ширин сўзи, беморга эътибор билан қараши ва унинг ташвишини тинглаши баъзан шунинг учун жуда зарур.

– Яқинда ёлғиз она ёрдам сўраб мурожаат қилди, – дейди Фарруҳ Раҳматиллаев бу фикрлар исботини ҳаётдан келтириб. – Ўғли иккинчи қаватдан тушиб кетиб, икки йилдан бери юра олмас экан. Жарроҳлик амалиёти учун маблағи ҳам йўқ экан. Мутахассисларимиз бепул операция қилишди. Операцияда қўлланиладиган, қиймати 8 миллион 800 минг сўм бўлган пластинкани эса ойлик маошим ҳисобидан Тошкентдан олиб келдик. Қилган мурувватимдан ўзим кўпроқ хурсанд бўлдим.

Бу гапларни тинглар эканман, суҳбатдошимнинг касбидан мамнунлиги нимада эканини яхшироқ англагандек бўлдим. Ҳа, бу баландпарвоз гаплар эмас: ҳамма вақт ҳам ёрдамга муҳтож оилага мадад қўлини чўзиш, боланинг даволаниши учун имконият яратиш, онанинг умидини сўндирмаслик ҳаётий мазмунга эга амаллардир.

Бу ўринда энг эътиборли жиҳат шундаки, раҳбар воқеани ўзини кўз-кўз қилиш учун эмас, касбидан олган қувончи туфайли эслади.

– Кўпчилик ўзаро суҳбатларда “Фарзандимиз сизга ўхшаган доктор бўлсин”, деб ният қилганида касбимдан қувониб кетаман, – деди у шифокорлик меҳнатининг ўзига хос маъносини ифодалаб.

Бундай эътирофнинг қадри ҳар қандай инсон, касб эгаси учун баланд ҳисобланади.

Фарруҳ Раҳматиллаев келгуси вазифалар хусусида сўз юритар экан, профилактика ва касалликларни эрта аниқлашни кучайтириш, аҳолини скрининг тадбирлари билан қамраб олишни давом эттириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш устувор йўналишлар эканини таъкидлади. Юқори технологик диагностика ва даволаш усулларини кенгайтириш, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш, рақамлаштиришни чуқурлаштириш ҳамда тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш эса доимий вазифалар экан. Касалликни эрта аниқлаш, аҳолининг профилактик кўриклардан ўз вақтида ўтиши, тиббий ёрдамга эҳтиёж сезган инсоннинг керакли мутахассисга мурожаат қилиши ва замонавий диагностика имкониятларидан фойдаланиши – буларнинг барчаси аҳоли саломатлигига бевосита дахлдор масалалардир. Суҳбатдан олган таассуротим шу бўлдики, соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилий ишлар ва рақамли янгиланишлар қанчалик муҳим бўлмасин, уларнинг асосий мақсади инсон манфаатига хизмат қилишдан иборат. Тиббиёт муассасаси фаолиятининг ҳақиқий натижаси эса одамларнинг дардига малҳам бўлиш, уларга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш ва саломатлигини асраш йўлидаги амалий ишлар билан ўлчанади.

Денов тумани соғлиқни сақлаш бўлимидан дилим ёришиб қайтар эканман, устоз Тоштемир Турдиевдан ич-ичимдан миннатдор бўлдим. Ҳа, билиб айтган эканлар, тиббиётда ҳаётбахш тизим, андоза яратган Денов тумани соғлиқни сақлаш бўлимида эл-юрти саломатлигини ардоқлайдиган ҳақиқий шифокорлар ишлар экан. Дардига дармон топганлар буни тасдиқлаб, уларни дуо қилишди. Илоҳим, қўллари дард кўрмасин!

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + six =