Инсон шаънига чуқур эҳтиром

Ёзувчи Қулман Очилнинг “Эркак” номли китобини ўқиб…

Миллий адабиётимиз янги асарлар билан бойиса, бадиият шайдолари ундан қандай хабар топади? Китоб “Кока-кола” ёки “Пепси-кола” эмаски, рекламаси ҳар қадамда кўзга ташланиб ёки қулоққа чалиниб турса.

Ўзимдан гапирсам, яхши китоб қўлимга тушса, фикру зикрим уни ўқишда бўлиб қолади. Мутолаадан сўнг дилимдан ўтганларини адабиётга ихлоси баланд дўстларим, даврадошларим, ҳамкасбларим билан, баъзан эса интернет ижтимоий тармоқларида ҳам бўлишгим келаверади. Китобхўрлик менга отамдан ўтган. Оилавий анъана. Қайд этмоғим зарурки, бунда мунаққидлигу ҳакамлик даъвосидан йироқман. Айни замонда мен каби китобга меҳр қўйган савобталаб сафдошларимиз кўпайиб бораётгани жуда қувонарли.

Дейлик, битиклар ҳар томонлама пишиқ, матни ширали, қаҳрамонлар ишонарли, воқеалар, сюжет чизиғи кутилмаган йўсинда ривожланса, якунланса, китобсевар уни хазина топган одамдай ёхуд узоқ ташналикдан кейин тўйиб сув сипқоргандай мириқиб ўқийди, роҳатланади. Китобнинг таъсирида юради, воқеаларни бошқаларга сўзлаб беради. Гапнинг қисқаси, байраму тантана қилади. Айтинг, бундай завқу шавқни, ҳузурни, жўшқинликни бандаси мутолаадан бошқа яна қаердан, нимадан олиши мумкин?

Қулман Очилнинг “Эркак” номли ҳикоялар ва қиссалар тўпламини ўқир эканман, шундай ҳузур туйдим.

Китобга сўзбоши ёзган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам қайд этганидек, узоқ муддат “расмий идорада қора меҳнатнинг тагида бўлиб”, бамисоли “қиш уйқуси”дан қайтган Қулман Очилнинг навбатдаги ушбу забардаст китобига сизнинг ҳам кўзингиз тушгандир?

Мабодо унинг асарлари билан кўпдан танишиб улгурмаган бўлсангиз, 2025 йили “PIR nashr” нашриётида чоп этилган “Эркак” китобини излаб топишни ва астойдил ўқишни маслаҳат берган бўлар эдим.

Мазкур тўпламдан адибнинг “Эркак”, “Ғаров”, “Надур хаёлинг”, “Жума куни”, “Сени дейман”, “Цензура”, “Йигит сўзим”, “Топор”, “Қизил кўрпача”, “Ботил, қотил ва мақтул”, “Гери гедан”, “Пуфак”, “Донобиби”, “Боғ сайри”, “Сени яна кўрарманми?”, “Савдо” каби сара ҳикоялари, “Гардан ва гардун”, “Қасд” қиссалари жой олган.

Ёзувчи умуминсоний муаммоларни қаламга олиш баробарида бизнинг юзимизга ҳам ойна тутади. Ойнаки, мутолаа давомида мухлис ажиб бир эврилишни туяди: ўтаётган кунлари, қизиқишлари, мақсадлари ҳақида ўзини сўроқлагиси келади. Дунёнинг ўткинчилиги-ю одам боласининг асл маслаги тўғри яшаб ўтиш эканини ҳис қилади. Бунда адибнинг катта ҳаётий ва ижодий тажрибаси ҳам муҳим омил бўлган, албатта.

Шу боисдан бўлса керак, адиб асарлари марказида асосан ҳаёт синовларида тобланиб, фикри теран тортган тажрибали инсонлар, уларнинг жиддий ўй-хаёллари, орзу-умидлари ва ўзаро муносабатлари туради. Адиб асарлари ўзига хос ақл машқи, қалбга етар қайроқи сўзлар воситасида жилоланган теран бадиий тафаккур воситаси бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир. Нега десангиз, муаллифнинг кузатишларида нозиклик, туғёнларида инсонийлик, хулосаларида чуқур фалсафийлик бор. Кишини ўйлашга, чин инсонга хос покизаликка ундайди.

Мен аввалроқ интернет саҳифамда китобдан жой олган ҳар бир асар ҳақида мухтасар бўлса-да, фикрларимни шарҳ усулида баён қилган эдим. Бу гал ёзувчининг бадиий маҳорати алоҳида бўртиб кўринган икки асарига тўхталиб ўтмоқчиман.

“Эркак”ни ўқир эканман, юрист сифатида хаёлимда бир фикр бот-бот айланиб қолганини сездим: муаллиф ўзи тасвирлаётган қаҳрамонлар руҳиятини — психологиясини ипидан игнасигача тасаввур қилади, яхши билади. Яхши билгани учун пишиқ-пухта, ишонарли тасвирлайди.

Инсонни инсон сифатида юксалтириб турадиган меҳвар нима? Унинг ўзига ва жамиятга муносабатида намоён бўладиган маънавий қиёфасидир. Бу ҳалоллик, ор-номус, меҳр-оқибат, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларига ҳурмат, қалтис вазиятда ҳам одамийликни унутмаслик, инсон шаънига эҳтиром демакдир. Инсон шаъни эса дахлсиздир.

Илк бор 1985 йили эълон қилинган “Пуфак” ҳикоясида қаламга олинган қарз сўраш азоби кўпчиликка таниш: бошидан ўтган билади буни. Мабодо пул сўраб борган одамингиз сизга ёрдам қўлини чўзмаса, айни уқубат каррасига ортади. Бироқ ҳикоя бош қаҳрамони — Болта полвон устомон, чечан, ушлаган жойини кесиб оладиганлар хилидан. Шунга қарамай, Ўлжа бувадек ишига маҳкам одамдан қарз ундириш ҳам осон эмас. Полвон тушмагур қариянинг ўнг иқидан келади: уйига “янги эшик қўндирган”ини сўрашдан бошлаб, то чолни эритиб-ийитмагунча аврайди. Мақтайдики, чол ёрилиб кетмаганига ҳайрон қоласиз.

Ҳикояда тергов жараёнига хос кечадиган ана шундай ўзига хос даҳанаки жанг маҳорат билан тасвирланган. Муаллиф воқеаларга аралашиб, бирини кўкларга кўтариб, бошқасини қоралаб ташламайди. Бошдан-охир холис ва ҳалол тасвирлайди. Тили ширали, жозибали, залворли, бой. Энг муҳими, меъёрни сақлай олади. Инсон қалбининг туб-тубида яшириниб ётган сирлар тасвирида монолог, имо-ишоралар, нутқ хусусиятларидан усталик билан фойдаланади.

Асар қаҳрамонларининг феъли ажабдан-ажаб. Шубҳа-гумонлари, ҳадиклари, яширин мақсадлари ва изтироблари шундай жонли ва самимий очиб берилганки, гўё ўзингизни воқеа содир бўлаётган жой — Ўлжа буванинг уйида ўтиргандек ҳис қиласиз. Юзаки қараганда арзимасдек кўринадиган деталлар, хатти-ҳаракат, гап-сўзлар, енгил юмор персонажлар характерини бор мураккабликлари билан батафсил очишга хизмат қилган.

Учига чиққан қув йигит — Болта полвон кўз олдингизда бамисоли устомон изқувар-терговчига, Ўлжа бува эҳтиёткор, лекин содда гумондорга айланади. “Терговчи” қарз бергиси келмаётган чолнинг ўнгу сўлига қилдан нозик тузоқ қўйишга, “гумондор” эса бу домдан ўзини гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа ташлаб, қочишга уринади. Бир қарасангиз, ҳангомага ҳам ўхшаб кетади. Аслида нима айтилгани эмас, балки қандай айтилгани муҳим эмасми?

Дарвоқе, Болта полвон қарз сўраш учун кираётганида ҳовли-боғда сочи тақир қирилган болакай қўлида пучайиб қолган пуфакни пуфлаб шишираётганига кўзи тушган эди. Асар якунида полвон мақсадига эришиб, чолдан пул ундириб чиқаётганда қараса, болакай ёрилган пуфагидан сибизға ясашга уринаётганини кўради. Полвон гўдакнинг елкасига қоқиб қўяр экан, “Пуфагингни ахийри ёриб тинчидинг-а!” дейди. Худди ўзи қарияни мақтайвериб, гап билан шиширмагандай, охири пуфак каби “ёрмагандай”… Юзингизга табассум югуради.

Асарлари чуқур психологизм, детектив асарларга хос интрига ва ўткир ижтимоий йўналиши билан ажралиб турадиган адибнинг бадиий маҳорати “Қасд” қиссасида ҳам ёрқин намоён бўлган. Ҳаётий воқеаларни одамларнинг шахсий фожиаси билан узвийликда тасвирлаш Қулман Очил ижодий маҳоратининг муҳим жиҳатларидандир. Адолат туйғусини, ҳақиқат учун курашувчи инсонни кўрамиз. Бундай ноёб жиҳатни атоқли ҳуқуқшунос, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист, устозимиз Убайдулла Мингбоев ҳам “Шарқ юлдузи” журналининг 2015 йили чоп этилган ўн иккинчи сонида мазкур қиссага бағишланган мақоласида алоҳида таъкидлаган эди.

Устозимиз қайд этганидек, асарда маънавий таназзул билан бир қаторда ижтимоий-ҳуқуқий муаммо ҳам қаламга олинган. Бахтсизлик рўй берганида баъзи айбдор одамлар бағрикенглик қила олмагани ҳолда, ҳеч бўлмаса, ўз қилмиши учун бир оғиз узр сўрамайди. Афсус-надомат чекмайди. Тавба-тазарру қилмайди. Боз устига, айбини хаспўшлашга уринадики, балолар болалаб, бошига кўргиликлар устма-уст тушаверади. Ҳар қандай замон ва тузумда доим долзарб бу муаммонинг номи — лоқайдлик, қонунсизлик ва оломон психологияси билан яшаш кўникмасидир.

Қиссада содир этилган жиноятга муносиб жазо берилмаслиги оқибатида кетма-кет икки-учта фожиа бир-бирига эргашиб келгани очиб берилган. Натижада аҳил-иноқ қўшнилар ўзаро душманга айланади. Минг уринмасин, ҳаётда адолат тополмаган фуқаро, табиийки, калавасининг учини йўқотиб, хаёли паришон тортади. Ўксик аҳволга тушади: осмон узоқ, ер қаттиқ. Ҳимоясиз, мададсиз, ёлғизланиб қолган аламзаданинг нияти бузилиб, адолатни ўз билганича тиклашга уринади. Ҳукмни ўзи чиқариб, жазони ҳам ўзи ижро этиш пайига тушади. Натижада уч ака-ука зимдан маҳв этилади. Аниғини айтсак, олатасир замон — ўтган асрнинг 80-йилларига хос бир воқеа.

“Қасд” қиссаси одам боласидаги кибр қандай бадбахтликка олиб келишига яхши мисолдир. Бир одам кўнглида бош кўтарган беписандлик, пасткашлик ва ҳасад уруғи уни шайтон малайига айлантиради. Воқеанинг “асар ичида асар” шаклида битилгани унинг бадиий қувватини янада оширган. Адиб учун ҳаёт — бир умрлик синов майдони. Ҳаётнинг ўзи каби тотли, ранг-баранг, мураккаб: қувончу фожиа, садоқату хиёнат, бойлигу ночорлик, учрашиш ва айрилиш…

Фуқаролик позицияси мустаҳкам ва адолатни буюк қадрият деб биладиган адиб ҳаётни борлигича тасвирлайди. Бўяб-бежамайди. Ёлғизлик ва ночорликка дуч келса-да, қадди букилиб қолмайдиган, некбин инсонлар қисмати жонли ва равшан нақл этилган, ибратли қисса ва ҳикоялар. Ҳаёт мантиғига мос, ноёб мафтункорлик барқ уриб турган бундай асарларни қийналмай, завқланиб, маънавий баҳра олиб ўқийсиз. Қасдлашиш эса аслида инсоннинг ожиз томони.

Қасдлашишнинг охири вой.  Қисса қаҳрамони аламзадалик ўтида ёниб, ғанимларидан ўзича қасос олганидан кейин марҳум ота-онаси, укасининг қабрини зиёрат қилгиси келади. Нега иттифоқо бундай зиёратга эҳтиёж сезганини ўзи ҳам англамайди. Балки уларнинг иссиқ тафтини, меҳрини қўмсагандир. Балки ғойибона дардлашгиси келгандир. Эҳтимол, шу йўл билан ўзининг ножўя қилмишлари учун тавба-тазарру қилиб, руҳи дунёсини эзиб, азоб бериб ётган оғир ўйларни, ёлғизликни қувгиси келгандир.

Аммо ниятига етолмайди. Қабристонга жўнаш олдидан машинасини астойдил ювади. Сўнг ўзи ҳам покланиш, ҳам кийимларини алмаштириш учун уйига киради ва чиқиб қараса, уловининг тўрттала шинаси ҳам пучайиб ётибди. Кимдир тешиб, йўқ, қовундай тилиб-тилиб кетибди. Ямашнинг, тузатишнинг ҳеч иложи йўқ!

Ким бўлиши мумкин? Атрофига олазарак аланглайди. Сал нарида, баланд қайрағоч тагида уч ўспирин – уч йигит ўзига синовчан қараб турганини кўради. Танийди. Марҳум уч ака-ука ғанимларининг ўғиллари. Ич-ичидан бир нидо, балки олов отилиб чиққандай бўлади: унинг ўғли йўқ-ку! Энди нима бўлади?!.. Беш қизни берган Худойим унга биргина ўғилни раво кўрмаган эди.

Қасоскорнинг ўкинчи шундай сатрлар билан тугайди: “Ўша куни қабристонга боролмадим. Бир ҳафтадан сўнг, ярим тунда тутқаноқ келиб бўғзимдан олди. Туни билан қон пуркаб чиқдим. Ушбу сатрларни ўқиётганингизда эса мен раҳматли укам, ота-онам билан хилхонамизда суҳбат қуриб ётган бўламан”.

Энди китобда жамланган асарларнинг тили ҳақида тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Ёзувчи қаҳрамонлари оддий, ўзига хос ва ўзига мос сўзлайди. Адиб уларга зўраки гапларни тиқиштирмайди. Ранг-баранг мақолу иборалардан, маънодош сўзлардан кенг фойдаланади. Афоризмларга бой. Масалан: “Тўн кийишмаган бўлса-да, кийишгандан қалин”, “Акамиз етимдай мискин, синиқ”, “Америкага оёқ узиб кетди”, “Бу норасо дунёда ўғрилик қилмаган одам борми?”, “Тирттанглагани қолди”, “Қуйруғи тоғорага солинса, кимга ёқмайди?”, “Жиззаки, тоши жуда енгил…”

Эҳҳе, китобдан бундай оҳори тўкилмаган, сизу биз баъзан эшитиб, баъзан умуман учратмаган қанчадан-қанча иборалар, қочиримлар, ўхшатишларни топасиз. Фожиали ҳодисаларни тасвирлайдими ёхуд кундалик оддий воқеалардан ҳикоя қиладими, қатъи назар, бундай топилмалар унга ажиб жозиба ва шира бағишлаган. Адибнинг узун гапга тоқати йўқ.

Аслида, Эркин Аъзам таъбири билан айтганда, “ҳазиллашиб бўлмайдиган асл бир адиб”нинг асарлари шундай бўлиши ҳам керак-да!

Ўқирманларни мутолаа завқига муносиб яна бир янги ва бадиий бақувват китоб билан табрикласак арзийди, деб ўйлайман. Қулман Очилдан эса яна янги асарларни ихлосу қизиқиш билан кутиб қоламиз.

Аваз АЛИЖОНОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × four =