Зиё билан зийнатланган умр
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Хоразм вилояти болалар кутубхонаси директори лавозимида самарали меҳнат қилиб келаётган, воҳада тажрибали ва ташаббускор раҳбар сифатида танилган, ёш авлодни маънавий етук, билимли ҳамда баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш йўлида жонбозлик кўрсатиб келаётган фидойи касб эгаси Назира Раҳмонованинг муносиб хизматлари ҳам кўплаб юртдошларимиз қаторида эътироф этилди.
Ўз ишига садоқатли Назира Раҳмонованинг ёш авлод келажагига дахлдорлик туйғуси билан йўғрилган ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга бағишланган самарали фаолияти юксак баҳоланди. Унинг II даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан мукофотланиши бутун жамоага чексиз ғурур ва шуҳрат келтирди.
Китоб — қалбга ҳузур, кўнгилга сурур, кўзга нур, юракка меҳр, очилмаган сеҳр, дилга равшанлик, ҳорғинликка таскин, битмас-туганмас хазина, энг яқин сирдош ва дардларга малҳамдир!
Китоб мутолаа қилар экансиз, маънан юксалиб бораверасиз. Қаҳрамонлар билан бирга қувонасиз, ғам чекасиз ва ниҳоят хотиржамлик топасиз. Китобнинг сеҳри шундаки, у сизни сирли дунёларга етаклайди; онгингиз ва тафаккурингиз асар мағзи билан чамбарчас боғланиб қолади. Шундай асарлар борки, улар ҳикматга йўғрилган — ҳаёт йўлларида адашиб, тўғри йўлни тополмай қолганингизда китоб сизга йўлчи юлдуз, беминнат маслаҳатчи бўлади. Чиндан ҳам, китоб ўқиш — беқиёс саодат, мутолаа жараёни эса бетакрор завқдир…
Биз бежиз китоб ва унинг ҳикматлари хусусида сўз юритмадик. Боиси, бугунги қаҳрамонимиз — китобни чин дўст билиб, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаётган, ўттиз йилдирки ушбу маърифат оламида яшаб, ғамгин дамларда ҳам ундан таскин топиб келаётган фидойи инсон Назира Раҳмоновадир.
Миллат фарзандларини мутолаага қизиқтириш йўлида
— Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Бу миллатнинг китоб ўқимаслиги кимга керак?” деган фикрни куйиниб айтганларида кўзимга беихтиёр ёш келган эди, — дея хотирлайди Назира опа. — Давлатимиз раҳбари бу ҳаётий ҳақиқатни таъкидлаётган экан, демак, китобхонлик тарғиботини янада кучайтиришимиз шартлигини юракдан ҳис қилдим. Ходимларимиз билан биргаликда кутубхонамиз яқинидаги мактабларга бордик, ўқувчилар билан юзма-юз суҳбатлашдик. Китобга қизиқиши бўлган, мутолаага ташна болаларни қамраб олиб, фаол китобхонларимиз сафини кенгайтирдик…
Президентимизнинг маънавият ва мутолаа ҳақидаги сўзлари ҳамон қулоғим остида жаранглаб тургандек: “Китоб ўқиган, ўзининг устида ишлаган одамда қанот бўлади. У бефарқ бўлмайди. Унинг кучи билимида бўлади. Шунинг учун ҳеч кимни писанд қилмайди. “Катталар”га хушомад қилмайди. Унинг билими бор, илми бор. Мана, нима учун китоб ўқинглар деймиз. Китоб ўқисангиз, савол беришни биласиз”. Давлатимиз раҳбарининг ана шундай теран ҳикматларини унутиб бўлармиди?
Юртбошимиз томонидан китобхонликни оммалаштириш, юртдошларимиз орасида ўқиш ва уқиш маданиятини тарғиб қилиш зарурлиги кўп бор таъкидланди. Шундай экан, бу йўналишдаги ишларимизни жадаллаштирмасак, зиммамиздаги бурчни адо этмаган бўламиз.
Опа билан дилдан суҳбатлашамиз. Унинг сўзлари самимий, фикрлари аниқ ҳамда лўнда. Назира опа — ўз касбининг чинакам устаси. У китобдан завқ олиб, ундан ҳикмат тераётганини, ҳаёт сўқмоқларидаги айрилиқлар ва ташвишларни айнан мутолаа билан енгиб ўтганини тўлқинланиб ҳикоя қилади.
Бухоролик талаба қизнинг Хоразмдаги тақдири
— Асли бухороликман, — деди Назира Раҳмонова. — Турмуш ўртоғим Юсуф Раҳмонов билан Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да бирга таҳсил олганмиз. Мен кимё факультетини, Юсуф ака эса ҳуқуқшунослик факультетини битирганлар. У киши узоқни кўра биладиган, зукко, билимдон ва кўп китоб ўқийдиган инсон эдилар. Талабалик даврида ортиқча гаплашмасдик; у кезлар бор диққат-эътиборимиз фақат ўқишда бўлган.
Олий таълим ўчоғини тамомлагач, кунларнинг бирида уйимизга совчи юбордилар. Очиғи, бунгача оила қуриш ёки севги-муҳаббат ҳақида умуман гаплашмаган, фақат салом-алик билан чекланганмиз. Шу сабабли совчилар келганида роса ҳайрон қолганман.
Ота-онамнинг оқ фотиҳаси билан 1969 йили тўйимиз бўлиб ўтди. Оила қургач, мактабда ўқитувчилик қилиб, ёш авлод тарбияси билан машғул бўлдим. Турмуш ўртоғим эса прокуратура органларида хизмат қилдилар. Хизмат юзасидан қанчалик банд бўлмасинлар, фарзандлар камоли ва тарбиясига ҳамиша катта масъулият билан қарардилар. Тўрт нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказдик.
Фарзандларимиз ота изидан бориб, ҳуқуқшунослик йўналишини танлашди. Умр йўлдошим боқий дунёга кетгач, бу оғир айрилиқдан сўнг ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Китобга бўлган чексиз меҳрим мени кутубхонага етаклади. Мана, шу даргоҳда ишлаб келаётганимга ҳам ўттиз йилга яқинлашиб қолди. Ёш авлодни мутолаага жалб этиш йўлида аҳил жамоамиз билан ҳамжиҳатликда меҳнат қиляпмиз. Президентимизнинг китобхонликни ривожлантириш борасидаги ташаббуслари биз учун дастуриламал, фаолиятимиз истиқболини ёритувчи маёқ бўлди, десам, сира муболаға бўлмайди.
Айни пайтда кутубхонамиз фондида 120 минг нусха китоб мавжуд: уларнинг 100 мингтаси босма, 20 мингтаси эса электрон шаклда. Ҳудудимиздаги мактаблар билан доимий ҳамкорлик ўрнатганмиз; тез-тез мазмунли маърифий тадбирлар ташкил этиб турамиз. Болаларнинг қадами кутубхонамизга файз ва нур бағишлайди. Ўқувчилар оқимининг тобора кенгаяётгани — бизнинг энг катта ютуғимиз. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барча китобхонларга хизмат кўрсатишдан бахтиёрмиз.
Биномиз жуда қулай ҳудудда — умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотларига яқин жойда жойлашган. Маҳалламиздаги хонадонларга, айниқса, кексалар ҳамда имконияти чекланган фуқароларнинг уйларига китобларни шахсан етказиб берамиз. Ўқиб бўлишгач, янгиларига алмаштирамиз.
Масалан, Санобар қизимиз шу маҳаллада истиқомат қилади; барча оилаларни яхши танийди. Айниқса, кексалар ва ногиронлиги бўлган юртдошларимиз билан тез тил топишади. Шунинг учун уларга мутолаа адабиётларини етказиб бериш вазифасини унга ишонганмиз.
Назира Раҳмонова ҳар бир боланинг қалбида мутолаага завқ уйғотиш учун мактабларга боришдан сира чарчамайди. Кўпинча бир машина китоб билан ўқувчилар ҳузурига шошади. Унинг раҳбарлиги даврида мазкур маърифат маскани салмоқли муваффақиятларга эришди. Кутубхонанинг фаол аъзолари бир қатор нуфузли танловларда ғолиб бўлаётгани ҳам ана шу тинимсиз меҳнатларнинг ширин мевасидир.
Моҳир ташкилотчи бўлган қаҳрамонимиз сермаҳсул фаолияти туфайли давлатимиз эътиборига тушган. У “Халқ таълими аълочиси”, “Мўътабар аёл” ва “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Оила — жамиятнинг таянч устуни. Оилада тотувлик, осойишталик ҳукм сурса, барака ва ютуқлар ҳам ўз-ўзидан келаверади. Бу борада қаҳрамонимиз ҳаёти — ибрат намунаси.
Бухоролик қизнинг Хоразмдек гўзал заминга келин бўлиб тушиши, ҳаётда ўз ўрнини топиб, воҳа аҳли меҳрини қозониши, шу ерда палак ёзиб, элга эзгулик билан хизмат қилиши — пешонасига битилган муборак тақдир туҳфаси бўлса не ажаб…
Бош вазирнинг ташрифидан сўнг бошланган янгиланишлар
— Якшанба куни эди, — дея сўзини давом эттиради Назира опа. — Вилоят ҳокимлигидан сим қоқиб, кутубхонамизга Бош вазир Абдулла Арипов келаётганини билдиришди. Дарҳол ишга шошдим. Чунки кутубхонамиз биноси қурилганига салкам юз йил тўлган эди. Бино кўҳна бўлишига қарамай, биз уни доимо таъмирлаб, озода ва саранжом тутишга ҳаракат қилардик.
Бош вазиримиз вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов ҳамроҳлигида кириб келдилар. Абдулла Ниғматович шу қадар самимий ва кўнгли очиқ инсон эканларки, лол қолдим. Хоналарни айланиб, ходимларни сўрадилар, чунки якшанба бўлгани сабабли атроф сукутга чўмган эди.
— Китобхонлар қани, ходимлар қаерда? — дея сўрадилар.
— Бугун якшанба — дам олиш куни-ку, — дедим. Ҳукумат раҳбарининг ҳамиша масъулиятли иш билан бандлиги, тиним билмай меҳнат қилиши сабаб ҳафта кунларининг ҳисобини ҳам “унутиб” юборганларини шу онда англадим.
Бош вазиримиз суҳбатдошини диққат билан тинглайдиган, муаммонинг туб моҳиятини чеҳрасидан уқиб оладиган, зукко ва теран фикрли раҳбар экан. У инсон кишини довдиратмасдан, очиқ мулоқот асосида савол-жавоб қилиб, мавжуд масалаларни атрофлича ўргандилар. Китоб сақланадиган ҳар бир жавонни, барча хоналарни синчковлик билан кўздан кечирдилар. Шу аснода деярли бир асрлик тарихга эга пианинони кўриб қолиб, чалиб кўрдилар ва “Буни созлаб қўйиш керак экан”, дедилар.
Ана шундай эътиборли ва олижаноб инсонлар билан учраштиргани учун тақдиримдан беҳад миннатдор бўлдим. Президентимиз атрофида шундай фидойи ва самимий раҳбарлар борлигини кўриб, порлоқ келажагимизга бўлган ишончим янада мустаҳкамланди.
Эндиликда мазкур кўҳна бино ўрнида мутлақо янги, замонавий кутубхона қурилишига тараддуд кўрилмоқда. Бундан жамоамиз беҳад мамнун. Ҳукумат раҳбарининг ташрифидан сўнг маърифат масканимизда туб янгиланишлар нафаси бошланди. Айниқса, Бош вазиримиз Абдулла Арипов камтарона меҳнатларимни юқори баҳолаб, кўксимга юксак давлат мукофотини ўз қўллари билан тақиб қўйганлари бизни беҳад ҳаяжонга солди.
— Кутубхонангиз ҳам, тарбиялаётган ёшларингиз ҳам Президентимиз эътиборига тушди, — дедилар у киши. Қувончим ичимга сиғмай, узоқ умр тилаб, миннатдорлик билдирдим. Дарҳақиқат, даргоҳимиз ва китобхонларимиз муҳтарам Президентимизнинг юксак эътиборида экани айни ҳақиқат. Фаол китобхонларимиздан бири Мафтунахон Очилова ўтган йили “Ёш китобхон” республика танловида фахрли 1-ўринни эгаллаб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг совғаси — “BYD” автомобили ҳамда янги хонадон билан тақдирлангани бутун жамоамизга катта қувонч ва илҳом бағишлаган эди.
Ташрифнинг эртаси куни ходимларимизни самимий қутлаб, хушхабарни етказдим. Қувончдан кўзларимизга ёш келди: “Сабрнинг таги сариқ олтин, деганлари рост экан. Президентимиз меҳнатимизни қадрладилар. Энди кўркам, замонавий бинода яйраб ишлайсизлар”, дедим. Жамоамизнинг эски бинони ҳам кўз қорачиғидек асраб, озода тутиб келгани уларнинг ўз касбига бўлган чексиз садоқатини намоён этади. Мана, ҳозир ҳам ҳаммаёқ чиннидек тоза…
Китоб — инсониятга инъом этилган бебаҳо неъмат. Ўзим ҳам мутолаадан асло тўхтамайман. Ҳозирда Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Ёлғизликнинг юз йили” асарини учинчи бор қайта ўқияпман.
Шу пайт кутубхонага Урганч шаҳар Ички ишлар бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Насиба Абдуллаева кириб келди.
— Мен бу ернинг доимий аъзосиман, — деди Насибахон самимият билан. — Китоб мутолаасини яхши кўраман. Янги нашрлар келганини эшитиб, дарҳол етиб келдим.
Ҳа, бу ерга ютуқлар қўшалоқ келмоқда. Тажрибали раҳбарнинг юксак орден билан тақдирланиши ва бир асрлик кўҳна бино ўрнида замонавий кутубхона қад ростлаши бутун урганчликларни чексиз қувонтирмоқда.
Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА.
