“Дунё мамлакатлари”га саёҳат

Дунё харитасига қараш билан уни англаб етиш ўртасида катта фарқ бор. Мамлакатлар номини ёд билиш мумкин, бироқ уларнинг тарихи, маданияти ва тараққиёт йўлини англаш чуқур изланишни талаб этади. Китоб эса ана шу изланиш йўлидаги энг ишончли ҳамроҳдир. Бугунги кунда мутолаа рақамли ижод ва замонавий технологиялар билан уйғунлашиб бормоқда.

7 ноябрь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Дунё мамлакатлари” видеороликлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда “Қанот” лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилган танлов муаллиф Лазиз Раҳматовнинг шу номдаги энциклопедик китоби асосида ўтказилди. Унда иштирокчилар олдига китоб мазмунини ижодий талқин қилиш ҳамда ўз билимларини замонавий медиа воситалари орқали жамоатчиликка етказиш вазифаси қўйилди. Онлайн танловда республиканинг турли ҳудудларидан 1 200 нафар ёш йигит-қизлар иштирок этди. Тақдим этилган қарийб 100 та ижодий иш ичидан 60 та энг сара видеоролик танлаб олинди.

Лойиҳанинг аҳамияти шундаки, у китобхонликка янгича ёндашувни таклиф этди. Иштирокчилар энциклопедиядаги маълумотлар асосида турли давлатларнинг тарихи, географияси, бошқарув тизими, маданияти, санъати ва адабиётини видеолавҳалар орқали маҳорат билан ёритиб бердилар. Жараёнда ахборот технологиялари ҳамда сунъий интеллект имкониятларидан унумли фойдаланилгани ижодий изланиш билан рақамли саводхонлик уйғунлигини кўрсатди. Тадбирда сўзга чиққанлар энциклопедик нашрларнинг ёшлар дунёқараши ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдаги ўрнини алоҳида эътироф этиб, бу каби ташаббуслар мутолаага қизиқишни кучайтириш баробарида, билимни амалда намойиш этиш имконини беришини таъкидладилар.

Лойиҳа муаллифи, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Лазиз Раҳматов электрон китоб негизида ташкил этилган танловда 1 200 нафар ёш йигит-қизлар қатнашганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, айрим оилалар фарзандлари ва яқинлари билан биргаликда иштирок этиб, мутолаа ва билим олиш жараёнини мазмунли оилавий машғулотга айлантирган. Мазкур китоб нафақат маърифий манба, балки амалий сафарлар чоғида ҳам беминнат қўлланма сифатида хизмат қилмоқда.

Таниқли радиожурналист Тўлқин Йўлдошев дунё мамлакатлари ҳақидаги билимлар халқаро муносабатларни тушуниш ва турли халқлар билан самимий мулоқот ўрнатишда муҳим эканини таъкидлади. Унинг фикрича, хорижий сайёҳлар оқими тобора ортиб бораётган бугунги даврда ўзга давлатларнинг ўзига хос хусусиятларини пухта билиш янада долзарбдир. Журналист китобга киритилган 236 та мамлакат ҳақидаги маълумотларни мунтазам равишда радио орқали тингловчиларга етказиб келмоқда.

Тақдирлаш маросимида тўрт нафар бош ғолибга Малайзия, Хитой, Грузия ва Озарбайжон давлатларига сайёҳлик йўлланмалари топширилди. Шунингдек, 12 нафар иштирокчи 100 тадан, 38 нафари эса 50 тадан китоб билан мукофотланди. Олти нафар қатнашчи олтита номдаги журналнинг бир йиллик бепул обунасига эга бўлди. Бундан ташқари, китобхонлик тарғиботидаги фаоллиги учун ўнга яқин журналист ва блогер эътироф этилди. Тадбир доирасида “Дунё мамлакатлари” қомусининг тўлдирилган янги нашри тақдимоти бўлиб ўтди ва лойиҳанинг учинчи мавсумига старт берилди.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январдаги китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган қарори ижроси ҳамда май ойида бошланган Миллий китобхонлик ҳаракати доирасидаги муҳим амалий қадамлардан биридир. Замонавий технологиялар инсонни китобдан узоқлаштириши ҳам, унга яқинлаштириши ҳам мумкин — буларнинг бари улардан қай даражада ва нима мақсадда фойдаланишимизга боғлиқ. Агар биргина видеоролик кимнидир китоб варақлашга, янги бир мамлакат ёки нотаниш маданиятни ўрганишга ундаса, демак, рақамли макон ҳам маърифатга хизмат қила олади.

“Дунё мамлакатлари” негизида ташкил этилган танлов китоб инсонни тафаккур ва тасаввур кучи орқали олис манзилларга етаклай олишини яна бир бор исботлади. Зеро, дунёни кашф этиш учун ҳар доим ҳам йўлга чиқиш шарт эмас, баъзан биргина китоб саҳифаларини варақлаб, чексиз дунёни кезиш кифоя.

Фарангиз Садриддин  қизи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan