Дунёга эзгулик соғинган инсон
Олам мувозанатда. Кундуз — тунсиз, ёз эса қишсиз кемтик. Оқ ва қора, эзгулик ва ёвузлик, ғолиб ва мағлуб мудом рақобатда. Бусиз инсоният тамаддуни тасаввур этилиши ҳам душвор. Шу маънода, одамнинг-да дунёга келиши билан толиб бўлиши — зарурат. Аммо ушбу нозик ҳақиқатларни теран англаш, олам ва одамни бир бутунликда қадрлаш, хатоликларини кечириш, сабоқ олишига умид, ишонч билдириш ҳам кўпларнинг қўлидан келавермаслиги аён. Қоронғилик интиҳосида ёруғлик, хатоликлар сабоғида эса ибрат борлигини тушуниш ҳам осон эмас-да, аслида.
Бундай инжа туйғу беғубор болаликда, теран тафаккур эса ҳақиқий донишмандларда бўлиши қадим ҳикматларда бот-бот битилган. Шу маънода, журналистика илмида профессор, филология фанлари доктори Ҳалим Саидовни ана шундай донишманд ва қалбидарё, шогирдларга кечиримли, уларнинг камолотидан доимо умидвор УСТОЗ деб биламан. Бунга илк бор узоқ Нишон туманидаги оддий бир мактабнинг ёш (ҳали 3-курсда ўқиётган талаба) ўқитувчисини республикадаги энг етакчи нашр — “Ma’rifat” газетасига ишга қабул қилишдаги илк самимий суҳбатдаёқ иқрор бўлганман.
Кечагидек ёдимда: олий таълим даргоҳида сиртдан ўқиганим боис, мактабни битирибоқ дастлаб кичикроқ бир ташкилотда чилангар, кейинчалик эса таълим муассасаларида ўқитувчи, туман газетасида мухбир сифатидаги меҳнат фаолиятим давомида кўпгина раҳбарларнинг ходимга “муносабати”ни кўриб улгургандим. Шу боис баҳорги семестр якунлангач, таълимга доир бир-икки хабар ва кичик танқидий қораламамни акаларча тузатиб, таҳрирлаб, “Ma’rifat”да чоп этилишига кўмаклашган бош муҳаррир ўринбосари Икром Бўрибоевга миннатдорлик билдириш учун хонасига кирганимда, у кишининг мени қадрдондек кутиб олганидан кўнглимдаги иккиланишлар бир зумда тумандек тарқаганди. Шундан сўнг, ёзганларимни бош муҳаррир ҳам ўқиб, эътибор қаратганини айтиб: “Юринг, ҳозир хоналарида эдилар”, деб тўғри Ҳалим Саидов билан таништирганди. Шунда илк кўришгандаёқ устознинг ҳеч бир расмиятчиликсиз, самимият билан ишга таклиф этганидан бошим осмонга етгани рост. Бинобарин, бундай таклиф ҳаттоки олий таълим даргоҳини кундузги шаклда ўқиб битирган мутахассисларга ҳам айтилавермаслигини кейинчалик кўп кўрдим…
Устоз билан бўлиб ўтган ўша илк самимий суҳбат сабоғи мени ҳамиша сергаклантириб туради. Зотан, бош муҳаррирнинг барча ходимларга ҳурмат билан муомалада бўлиши, жамоадаги илиқ ва дўстона муҳит, доимо янгиликка интилиш учун берилган рағбат кейинчалик ҳам биз учун ибрат мактаби бўлди.
“Ma’rifat” газетаси таҳририятида фаолият юритган ҳар бир кунимиз аслида ўзига хос ҳикмат ва тажрибаларга бой бўлганини бугун ҳамкасблар билан кўп эслаймиз. Зеро, зиёлилар нашри ҳисобланган “Ma’rifat” — “Учитель Узбекистана” газеталари таҳририятида чин маънода устоз-шогирд анъанаси, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, дўстона муҳит, самимият доимо қадрланганини жамоада ишлаш давомида қалбан ҳис қилиш бахтига мушарраф бўлдик. Бунда бош муҳаррир ва ўринбосарлар ўртасида ёки бўлим муҳаррирлари ва мухбирлар орасида фақат ўзаро ҳурмат, ака-укалик ҳамда опа-сингиллик муносабатларидан ўзга, ёлғон ёки ғараз тушунчаси бўлмаганини бугун йиллар ўтиб, яқин ришталар узилмаганида ҳам кўриш, эътироф этиш мумкин. Чунки ўзим ҳам таҳририятда устозимиз берган ўгитлар, ўргатган тажрибалар ҳамда кўрсатган қўллаб-қувватлови асосида салкам ўн икки йиллик фаолиятим давомида оддий мухбирликдан бош муҳаррирнинг биринчи ўринбосари, бош муҳаррир вазифасини бажарувчи лавозимигача бўлган шарафли йўлни босиб ўтганимдан фахрланаман.
* * *
Лекин шунча меҳр, қўллаб-қувватлов ва ишончга зид равишда кўнгилга бир ғашлик соладиган воқеа ҳам айнан ушбу таҳририятдаги фаолиятимда содир бўлганидан чин кўнгилдан хижолат ҳам тортаман. Чунки маълум муддат устоздан сўнг “Ma’rifat” — “Учитель Узбекистана” газеталари таҳририятида бош муҳаррир вазифасини бажарувчи бўлиб, турли гап-сўзлар ва шубҳа-гумонлар ичида янада тобланишимга тўғри келганди. Афсусланарлиси, мазкур воқеалар таниқли журналист, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби, бош муҳаррир Ҳалим Саидовнинг туну кун таҳририятни ривожлантириш, унинг нуфузини ошириш борасидаги ўн йилдан ошиқ вақт давомидаги самарали меҳнати мевасини энди кўраётган бир пайтда, тўсатдан бир кунлик алғов-далғовда таҳририятни тарк этишга мажбур бўлганидадир…
Бугунги кунда биринчи ҳукумат даврида оммавий ахборот воситалари фаолиятининг мустақиллиги, сўз ва фикр эркинлиги билан боғлиқ вазиятларга кўпчилик томонидан баҳо берилмоқда, ўзига хос хулосалар чиқарилмоқда. Бунда ўша даврда фаолият кўрсатган давлат ва жамият арбоблари, журналистларнинг фикр-мулоҳазалари ҳамда далиллари жамият тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир соғлом фикрли кишини ўйга толдиради.
Дарҳақиқат, собиқ иттифоқ давридаги “Қайта қуриш” сиёсати ва ундан сўнг давлат мустақиллигининг илк йилларидаги фикр ва сўз эркинлиги руҳида ёзилган мақолалар ўша вақтда бутун жамиятни бирлаштириб, йиллар давомида тўпланиб қолган кўпгина муаммоларни ошкор этган ҳолда оддий халқ ҳаётига янги эпкинларни олиб кирганлигини биламиз. Натижада давлат ва жамият бир тану бир жон бўлиб, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга, дунёда ўз сўзи ва ўрни бор халқ ҳамда давлат сифатида намоён бўлишга маълум маънода эришилгани ҳам ҳақиқат. Аммо шундан сўнг яна катта давраларда таъкидланганидек, “қарсаклар” даври бошланди…
Буни қарангки, ўз даврида долзарб муаммоларни кўтариб чиққан ва тўғри сўзи учун халқимизга танилган кўпгина устозларимиз, айрим бош муҳаррирлар ҳам бу вақтда минг мулоҳаза билан фикр айтадиган бўлиб қолди. Шу боис устозларнинг: “Журналистиканинг нони қаттиқ, унинг ширин таъмини туйиш учун туну кун меҳнат қилиш, доимий ўқиб-ўрганиш, маънан ва сиёсий жиҳатдан сергак бўлиш керак”, деб уқтирган сўзлари бизга шунчаки оддий гапдек туюларди. Гоҳида эса: “Журналист ҳар бир сўзи учун жавоб берса, бош муҳаррир бутун газета учун, ҳаттоки ҳар бир ҳарф учун жавобгар. Ҳарбий аскар жанг майдонида таҳлика остида бўлса, бош муҳаррир учун газета саҳифаларидаги ҳар бир сўз, ҳарф “мина” сингари хавфли, қачон “портлаши”ни билмайсан”, деган фикрларни кўп эшитардик. Аммо ўша вақтда биз каби аксарият ёшлар ёзилган тўғри сўз, ўз ўрнида кўтарилган муаммо нега бош муҳаррир ёки журналист бошига ташвиш келтириши мумкинлигини тўлиқ англамаганимиз рост.
* * *
…2008-2010 йилларда “Ma’rifat” — “Учитель Узбекистана” газеталари деярли барча таълим муассасалари, ҳаттоки минглаб фидойи ўқитувчилар хонадонига кириб борар эди. Газетани варақлаган борки, таҳририят журналистларининг аксариятини ғойибона танир, қалами борлар ўз ўй-фикрлари ва воқеа-ҳодисаларга муносабатини таҳририятга ёзиб йўлларди. Шунга яраша таҳририят бош муҳаррири, ўринбосарлари-ю жамоа ҳам тиним билмас, давлат ва жамият бошқарувидаги деярли барча тадбиру жараёнларда фаол иштирок этишга ҳаракат қиларди. Бу ҳолатнинг бир жиҳати ижобий бўлса, иккинчи жиҳати шунда эдики, аксарият ҳолларда бош муҳаррир ёки ўринбосарлардан бирига ҳаттоки ойлаб таҳририятга келиш, ўз вазифасини бажариш имкони қолмасди. Чунки республикадаги энг етакчи нашр раҳбариятининг фикри, сўзи, қалами давлат ва жамият миқёсида ишлаб чиқилаётган қайсидир фармон ёки қарорнинг мукаммал чиқишига хизмат қилиши лозим бўларди…
Газета чоп этилиб бўлингач, уни “таҳрир” қилиб бўлмайди. Ёки ижтимоий тармоқларга қўйиладиган постлар, интернет нашрларидаги каби материални ўчириб ташлашнинг имкони бўлмайди. Шунинг учун ҳам босма матбуот — ҳақиқий матбуотдир, десак, хато бўлмас. Айтилган сўз — отилган ўқ каби, газета чиқдими, бўлди, уни ҳеч ким орқага қайтара олмас.
2009 йилнинг охирларида бир устоз профессорнинг мақоласи чоп этилди. Бош муҳарриримиз Ҳалим Саидов меҳнат таътилида эди. Мақола қаҳрамони ўша пайтдаги каттаконга ёқмай қолибди. Ўша давр “сиёсати”га мос келмади, хуллас. Роса шов-шув, тўполон бўлиб кетди. Не тонгки, ҳеч қандай айби бўлмаса ҳам, таътилда бўлсалар ҳам айбсиз айбдор — Ҳалим Саидов бўлди. Аризасини олишди. Ишдан ноҳақ кетказилди. Майли, бу ерда кўп тафсилотлар бор, барига тўхталиб ўтирмай. Аммо камина газета муҳаррири вазифасини бажарувчи сифатида туриб, бу ишга жим қараб тура олмасдим. Юқори идораларга, нашримиз муассиси бўлган вазирликка чиқдим. “Айб бўлса, фақат менда бўлди, мен ишдан кета қолай” деб ёниб-куйдим. Лекин ҳукм чиқариб бўлинган эди…
Бу нарсаларни тушуниш қийин эди, албатта.
* * *
“Баҳодиржон, бу ерда сизнинг умуман айбингиз йўқ. Мен 14 йил давомида бир жойда ишладим. Қоидага кўра, ҳар қандай давлат ташкилоти раҳбари бир жойда икки муддат (ҳар бири беш йилдан) ишлаши, ротация бўлиши кераклигини айтиб, бир неча бора юқори лавозимларга таклиф этишди. Вазир ёки ҳоким ўринбосари даражасидаги вазифалар… Беҳбудий йўли — маърифат йўли менга маъқул, газетчиликни яхши кўраман, ижозат бўлгунча ишлаб турайин, дея таклифларни доим рад этдим… Асосий сабаб шу. Лекин барчаси учун Аллоҳга шукр қиламан. Ахир биргаликда “Маърифат”да ёмон жамоа тузмадик, шундай эмасми?”
Хуллас, Ҳалим Саидов “ўз хоҳишига кўра” ариза ёзганини айтиб, жамоага ташаккур билдириб, розилик сўраб, таътил вақтида даволанишда бўлгани боис, яна шифохонага қайтиб кетди…
Мен эса, барибир, яна салкам бир йил зиммамдаги ўша оғир юкдан соқит бўлолмай юришга мажбур бўлдим. Бу фурсатда ҳам устознинг менга нисбатан ишончи сўнмагани, доимий кўмаги ва далдаси энг катта таянч бўлди. Ўша қадим ҳикмат сабоғи: тасодифлар тасодифан содир бўлмас экан. Туманлар тарқагач, атроф-олам равшан бўлганидек, вақт ўтиб, барча вазиятлар ва иддаолар ошкор бўлаётгани кўнгилга бироз таскин беради…
* * *
Ҳалим Саидов энг аввало ҳақ сўзга, адолатга ва кимнингдир бузилган ҳуқуқини тиклашда ОАВнинг ўрни ҳамда ўз айтар сўзи бўлиши кераклигига қалбан иқрор бўлгани учун биз каби ёшларнинг бир қолипга тушиб қолишимизни ҳеч ҳам истамасди. Шу боис кўп ҳолларда барча масъулиятни зиммасига олиб, биз кичик бўлса-да қайсидир муаммони кўтарганимизда, ўзи ҳам дилдан хурсанд бўлиб, ҳар қандай зуғум ёки туҳматга тоғдек кўкрак тутганини биламан. Энг муҳими, мақоламизда айтилган фикр ёки танқид зарбаси бошқа бир бегуноҳ мутахассиснинг гарданига тушиб қолмаса бўлгани эди.
Эсимда, бир гал обуна мавсуми даврида “Ma’rifat kunlari” тадбирлари доирасида Абдулла Авлоний номидаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтининг катта анжуманлар залида республиканинг турли ҳудудларидан келган 500 нафардан ортиқ таълим ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда бошқа таълим нашрлари қаторида “Ma’rifat” — “Учитель Узбекистана” газеталари бош муҳаррири Ҳалим Саидов ҳам сўзга чиқиб, баркамол авлод тарбияси йўлидаги ислоҳотлар самарасида ОАВнинг ҳам муносиб ўрни борлиги, бунинг учун таҳририят томонидан устозларга илмий-методик ва ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан кўмак беришга имкон қадар ҳаракат қилинаётгани юзасидан фикр билдирди. Бунинг учун, энг аввало, устоз-муаллимларнинг ўзлари ҳам фаол бўлиши, нашрлардаги янгиликлардан бохабар ҳолда ўз илғор амалий тажрибаларини ҳамкасблари билан ўртоқлашиши зарурлигини таъкидлади. Энг муҳими, “Ma’rifat” — “Учитель Узбекистана” газеталари таҳририяти ташаббуси билан фаол ўқитувчи-муаллимларнинг республика ОАВида нашр этилган услубий тажрибалари “Республика миқёсида оммалаштирилган илғор тажриба” сифатида, вилоят ва туман нашрларида чоп этилгани эса ўз мақомида эътироф этилишига эришилгани эълон қилинди. Бу ташаббус, албатта, Ҳалим Саидовнинг фикрлари асосида Халқ таълими вазирлигининг буйруғига киритилган бўлиб, кўплаб устозларга рағбат бергани чин. Чунки ўз педагогик маҳоратини республика миқёсида оммалаштиришга эришган ўқитувчиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тизими ҳам мавжуд эди-да. Бу Ҳалим Саидовнинг жойлардаги оддий ўқитувчилар манфаатини доимо қадрлашини кўрсатиш билан бирга, унинг нашр муассислари билан ҳам мустаҳкам амалий ҳамкорлик ўрнатганини англатади. Бунинг аҳамияти эса бугунги таҳририятлар фаолиятида ҳам жуда муҳимдир.
Яна бир муҳим жиҳат: ўша йиғилишда бир ўқитувчининг: “Нега газетангизда танқидий мақолалар жуда кам?”, дея берган саволига Ҳ. Саидовнинг жавобидан барча иштирокчилар давр муаммосини англагандек бўлганди. Устоз муаллимнинг саволига жавоб бераркан, ҳаётий бир мисолни келтирди: бундан икки-уч йил илгари олис тумандаги бир мактаб фаолиятидаги камчиликлар, директорнинг эътиборсизлиги ва педагогик жамоадаги салбий муҳит оқибатида таълим сифати пасайгани муаммосини кўтардик. Мақола республика миқёсида шов-шув бўлди. Газетамиз ва журналист эътиборга, эътирофга сазовор бўлди. Аммо айнан шу мақола ортидан дастлаб мактаб директори ишдан олинди. Бироз ўтиб туман халқ таълими бўлими раҳбарияти ҳам бутунлай алмашди. Буни қарангки, муаммонинг асл ечимига ҳеч ким эътибор қаратмасдан, вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарияти, ҳаттоки таълим вазирлигининг масъуллари ҳам жазоланиши, ишдан олиниши эҳтимоли юзага келди.
Энди бир ўйлаб кўринг: асл журналистика муаммони ёритишда унинг ечимидан, ижобий ҳал этилишидан манфаатдордир. Тўғри, гоҳида қайсидир даражадаги муаммонинг юзага келишига раҳбарнинг ҳам дахли бордир. Лекин туман, вилоят ва ҳатто республика даражасидаги масъулларга чора кўрилишидан аввал кўтарилган муаммони бартараф этиш асосий мақсад бўлиши керак эмасми?! Аслида ўша вақтда биз кўтарган муаммо республиканинг аксарият мактабларида мавжуд экани ҳеч кимга сир эмас эди. Мана — танқидга муносабат, мана — муаммони “ҳал этиш” усули! “Бундай ҳолатда журналистда, уни чоп этган бош муҳаррирда ҳаловат қоладими?!”, дея Ҳалим аканинг кўзига ёш келганини кўриб, менинг ҳам томоғимга бир нарса тиқилган, ўпкам тўлган эди…
Дарвоқе, ўқитувчининг саволини ҳам бирёқлама қабул қилиб бўлмас эди. Чунки биргина мақола ортидан ишдан олиш “чораси” билан муаммолар гўёки ҳал этилавергач, тажрибали муҳаррир Ҳалим Саидов газетада “Бир туманда икки хил манзара”, “Мулоҳаза” каби ўзига хос рукнларни ташкил этиб, ҳақиқатан таълим-тарбияга эътибор қаратмаган, ўз ҳолига ташлаб қўйган раҳбарларни танқид этишда давом этди, давр муаммоларини кўтариб чиқишни канда қилгани йўқ. Эътиборлиси, таълим-тарбияда, долзарб масалаларга ечим ахтаришда, энг аввало, ўрнак қилиб кўрсатиш, илғор тажрибани барчага оммалаштириш қуруқ танқиддан кўра таъсирлироқ эканини устоз ҳамиша таъкидларди. Шу боис хизмат сафарларига чиққанда, пахта терими-ю уни чопиқ қилишдан ортган вақтларда кўча ва йўлларни тозалаш-у қандайдир тадбирларни “тўлдириш”га жалб этилган бўлса-да, ЎҚИТУВЧИ деган шарафли касбни ардоқлаб, ўқувчиларига янги билим бериш мақсадида тунлари ухламасдан изланишда бўлган муаллимларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак бериш, кўнглини кўтариш учун “Илғор тажриба”, “Ташаббус”, “Эл ардоғидаги муаллим” каби рукнларда ибратли мақолалар ёзишга катта урғу берилгани шундан эди.
…Бугун Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини мустаҳкам қўйиш жараёнида замонавий журналистика, сўз ва фикр эркинлиги каби тушунчалар ҳам асл моҳиятига кўра янгиланмоқда. Шу билан бирга, журналистиканинг қайсидир тармоғи илдамлаб, бошқа бири узоқ йўлда ҳориган, бироз нафас ростлаётган давр.
Лекин бугун ҳам устоз Ҳалим Саидов замондан илдам, пешқадам, соҳа муаммоларига малҳам бўлишда, илғор ютуқларини дунёга кўрсатишда фаолдир. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети профессори, филология фанлари доктори сифатида ёш журналистларга сабоқ бериш билан бирга, тадқиқотчиларга илмий раҳбарлик қилиш, илғор тажрибаларни, соҳадаги муаммоларни оммавий ахборот воситаларида ёритиш учун тунлари қалам тебратиб ҳормайди. Зеро, юртимиз тинчлиги, давлат ва жамиятимиз барқарорлиги, халқимиз фаровонлиги ҳамда ёш авлод камолотида журналистика фанининг, журналист касбининг вазифалари ниҳоятда залварли. Бу йўлда устоз Ҳалим Саидовга сиҳат-саломатлик, ижодий муваффақият, оилавий бахт ва узоқ умр тилаймиз.
Баҳодир ЖОВЛИЕВ.
