Ўзбекистон – Россия: Чегаралар оша ахборот ҳамкорлиги
Шу йилнинг 9-10 ноябрь кунлари Тошкентда III Ўзбекистон – Россия медиафоруми бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат журналистлари, йирик медиа ташкилотлари раҳбарлари ва соҳа мутахассислари иштирокида ахборот алмашинуви, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, медиатаълим ҳамда қўшма контент яратиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Бир хабар икки мамлакат аудиториясида икки хил тасаввур уйғотиши мумкин. Бунда воқеанинг ўзи қанчалик муҳим бўлса, унинг қайси манбага таяниб, қандай талқин ва ёндашув билан ёритилгани ҳам шунчалик аҳамиятли. Шу маънода, медиа ҳамкорлиги таҳририятлар ўртасидаги тажриба алмашинувидан кенгроқ тушунчадир. У мамлакатлар ҳақида холис тасаввур шакллантириш, ишончли ахборот алмашиш ва аудиторияга сифатли контент тақдим этиш билан бевосита боғлиқ.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган III Ўзбекистон – Россия медиафоруми айнан шу масалаларни муҳокама қилишга қаратилган эди.
Унда 200 нафардан ортиқ журналист ва медиа соҳаси вакиллари, 50 дан зиёд етакчи медиа компаниялар раҳбарлари, давлат идоралари, IT компаниялари ҳамда креатив индустрия вакиллари қатнашди.
Форумнинг асосий мақсади — икки мамлакат медиа ташкилотлари ўртасидаги профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, рақобатбардош миллий контент яратиш ва янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун имкониятларни кенгайтириш. Муҳокамалар фақат мавжуд ҳамкорликни сарҳисоб қилиш билан чекланмай, унинг истиқболдаги амалий йўналишларини белгилашни ҳам назарда тутади.
Ўзбекистон – Россия медиафорумининг илк учрашуви 2018 йил 6 октябрда Тошкентда ўтказилган. Иккинчи форум эса 2021 йил 18 ноябрь куни онлайн форматда ташкил этилган. Учинчи форумнинг ўтказилиши икки мамлакат медиа вакиллари ўртасидаги мулоқот изчил давом этаётганини кўрсатади. Бу галги кун тартибида эса ахборот ишончлилиги, журналистлар малакасини ошириш, рақамли трансформация ва маданий алоқаларни медиа орқали ривожлантириш каби долзарб масалалар ўрин олган.
Форумнинг “Ўзбекистон – Россия: медиа, коммуникация ва ахборот соҳасида стратегик ҳамкорлик” мавзусидаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов, Россия Президентининг стратегик шериклик ва ҳамкорлик бўйича бошқармаси бошлиғи Вадим Титов, ТАСС (Россия) бош директори Андрей Кондрашов ва бошқа масъуллар иштирок этдилар.
Ялпи мажлисда Ўзбекистон медиа соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар ва халқаро ҳамкорликнинг устувор вазифалари ҳақида сўз юритилди. Шерзод Асадов келтирган маълумотларга кўра, мамлакатимизда медиа фаолиятини молиялаштиришнинг 67 фоизи хусусий капитал ҳиссасига тўғри келади. Оммавий ахборот воситалари сони қарийб 3 мингга етган, интернет қамрови эса 94 фоизни ташкил этмоқда. Жорий йилда қарийб 15 минг номдаги китоб нашр этилгани, умумий босма адади 60 миллион нусхадан ошгани ҳам ахборот ва нашриёт соҳасидаги жараёнлар кўламининг баланд эканлигини ифодалайди.
Шу билан бирга, ахборот оқимининг кенгайиши унинг ишончлилиги масаласини ҳам кескинлаштирмоқда. Дезинформация бир мамлакат доирасида қолиб кетмайди, қисқа фурсатда турли аудиторияларга тарқалади. Бундай вазиятда журналистнинг масъулияти, манбаларни текшириш, факт ва тахминни фарқлаш, хабарни холис ёритиш тамойиллари алоҳида аҳамият касб этади. Форумда ёлғон ахборотга қарши ҳамкорликда курашиш ва фактчекинг бўйича умумий ёндашувларни шакллантириш масалаларига эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас.
Ялпи мажлисда ҳамкорликнинг тўртта устувор йўналиши белгиланди. Булар — журналистлар ўртасида касбий тажриба алмашиш ва малака ошириш, дезинформацияга қарши биргаликда курашиш, сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, таҳририятлар, журналистлар ва блогерлар ўртасида бевосита алоқаларни кенгайтиришдан иборат.
Мазкур йўналишлар доирасида мунтазам стажировкалар ташкил этиш, қўшма журналистика мактаблари ва таълим платформаларини яратиш, фактларни текшириш бўйича умумий стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш таклиф этилди. Бу ташаббусларнинг аҳамияти шундаки, улар форумдаги фикр алмашинувини аниқ касбий ҳамкорлик шаклларига айлантириш имконини беради.
Форум дастуридан ўрин олган тўртта мавзули сессия ҳам икки мамлакат медиа соҳаси олдида турган вазифаларни қамраб олади. Улардан бири туризм, спорт ва гуманитар алмашинувларда оммавий ахборот воситаларининг ўрнига бағишланган. Унда медиа орқали мамлакатларнинг сайёҳлик салоҳияти, маданий ҳаёти ва инсонлар ўртасидаги алоқаларни кенгроқ ёритиш масалалари кўриб чиқилди.
“Рақамли даврда медиа келажаги” сессиясида эса контент ишлаб чиқариш ва тарқатишнинг янги усуллари, сунъий интеллект имкониятлари ҳамда медиа ташкилотларининг технологик ўзгаришларга мослашуви муҳокама қилинмоқда. “Yandex”, “Uzinfocom”, НТВ ва “Коммерсант” каби ташкилотлар вакилларининг иштироки мавзунинг амалий аҳамиятини оширди.
Яна бир сессия аудиториянинг ахборот истеъмоли ўзгаришларига бағишланди. Анъанавий нашрлар ва телевидение билан бир қаторда ижтимоий тармоқлар, видеохизматлар ва турли медиаплатформаларнинг таъсири ортиб бораётгани журналистлардан янги форматлар ва ёндашувларни талаб қилмоқда. Бу жараёнда контентнинг тезкорлиги билан бирга унинг мазмуни, ишончлилиги ва аудитория эҳтиёжига мослиги ҳам муҳим мезон бўлиб қолмоқда.
“Миллий маданий код медиа маконида: анъанавий қадриятлар ва келажак нигоҳининг уйғунлиги” мавзусидаги сессияда эса тарих, санъат, маданий мерос ва миллий анъаналарни медиа воситасида тарғиб этиш масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, қўшма ҳужжатли ва бадиий фильмлар, анимацион асарлар ҳамда махсус медиалойиҳалар яратиш имкониятлари муҳокама қилиниши режалаштирилган. Бундай ташаббуслар икки мамлакат томошабинларига бир-бирининг маданияти ва тарихини янада чуқурроқ танитишга хизмат қилиши мумкин.
Форумнинг иккинчи кунига мўлжалланган дастурида ҳам амалий машғулотлар ва касбий мулоқотга алоҳида эътибор қаратилди. Киберхавфсизлик ва болаларни кибермаконда ҳимоя қилиш бўйича семинар, медиатаълимга бағишланган учрашувлар, шунингдек, “New Media Workshop” доирасида маҳорат дарслари ташкил этилиши бежиз эмас. Машғулотларда сохта ахборот ва генератив контентни текшириш, ижтимоий тармоқлардаги медиа таъсирини таҳлил қилиш, аудитория фаоллигини ўрганиш ҳамда ҳужжатли ҳикоячилик масалалари ёритилди. “B2B” учрашувлари эса медиа ташкилотлари ўртасида бевосита алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорлик лойиҳаларини муҳокама қилиш имконини берди.
Шундай қилиб, III Ўзбекистон – Россия медиафоруми кун тартибига бир-бирини тўлдирувчи бир неча муҳим вазифани олиб чиқди: ишончли ахборот алмашинуви, журналистлар малакасини ошириш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, миллий маданиятни тарғиб этиш ва қўшма медиамаҳсулотлар яратиш. Уларнинг ҳар бири алоҳида йўналиш бўлиб кўринса-да, барчасини битта мақсад — профессионал, масъулиятли ва рақобатбардош медиа муҳитини ривожлантириш ғояси бирлаштирди.
Форумнинг натижаси, шубҳасиз, унда билдирилган таклифларнинг кейинги босқичда қай даражада амалга оширилиши билан белгиланади. Стажировкалар, қўшма таълим лойиҳалари, фактчекинг ҳамкорлиги ва медиамаҳсулотлар яратиш бўйича келишувлар амалий тус олса, Тошкентдаги мулоқот икки мамлакат журналистикаси учун узоқ муддатли ҳамкорликка замин яратади.
Фарангиз АБРУЕВА,
“Hurriyat” мухбири.
