Йилларнинг чархида йигирилди жон

НАБИРАМГА

Отим етовига қолмади кучим,

Танни қақшатади беморлик баъзан.

Йилларга талашдир умримнинг кучи,

Мадорсиз ҳолингда кимга ёқасан?

 

Оёғинг етмас от узангисига,

Эгарга қўнмоққа сўрайсан мадад.

Гапирган гапингга чиқмайин эга,

Ўйинг қуроқланиб, чалғийсан беҳад.

 

От ўрнин той босар — бу кўҳна мақол,

Тойчоғинг гижинглаб истайди парвоз.

Хархаша, озоринг туғдирмас малол,

Нашидали дамлар туну кун ҳамроз.

 

Булут кўкда сузса, қўзғайди бодим,

Ҳар кимнинг ўзига ширин экан жон.

Қозиққа боғланиб қолмайин отим,

Ўзинг етакка ол, Саидкомилжон!

ҲАСРАТ

Бу ёқда дўстларим койишар ҳар гал:

“Сенга қолганми, — деб, — дунё ишлари?”

У ёқда қишлоқдош аяб-да сал-пал,

Гап ташлар: “Юрма, — деб,

— элингдан нари”.

 

“Опангизни жилла қурса бир йўқланг,

Ўрмонга ўт тушмас, анчайин чўккан”.

“Уйимни танимай қўйганман, жиян,

Қўлим бўшамайди мажлисбозликдан”.

 

                        * * *

Эй сайёд, кел энди, тузоғингни қўй,

Ўлдирмак ўйидан озод бўл бирпас.

Ўзингни суйгандай қушларни ҳам суй,

Парвози қалбингда уйғотсин ҳавас.

 

Муҳтож эмас сира тутган донингга,

Итингнинг битини термаслиги чин.

Доғ ҳам туширмайди, қўрқма, шонингга,

Рағбат истамайди парвози учун.

 

Барча жонзот борки, менгадир ошно,

Ўртамизда эса ҳеч қандай йўқ сир.

Қушларга дон тутсам яйрайман, ҳатто

Чумолилар билан нонуштам бирдир.

03.04.2025

                        * * *

Лойимни қормаган кимса қолмади,

Ким пана-пастқамда кўтарди девор.

Кимдир ҳуштак ясаб, пуфлаб толмади,

Бошқаси гувала ясаб бахтиёр.

 

Лой қормоқ одати азалдан маълум,

Бундан хумор қилар нодонлар ҳар он.

Не бўлган чоғда ҳам бўлмасин удум,

Қадрият саналса, буниси ёмон.

                        * * *

Пахтага азалдан ҳавасимиз зўр,

Боламиздан кўра суйдик, алқадик.

Отамизни йиллаб кўрмай, ўсдик ғўр,

Кўзимизда қотган гумонли ҳадик.

 

Замонлар эврилиб, бўй чўзди даврон,

Энди амалдорга пахта қўямиз.

Токи бошимизга тушгунча гаврон,

Гапимиз ҳазилга атай йўямиз.

 

Дунёни сув босса, бизда не гуноҳ?

Ғафлат бандасимиз, яйраб яшнаймиз.

Чўчиманг, уқмайин бирор сўз ногоҳ,

Қулоқларга пахта тиқиб яшаймиз.

11.04.2025

ДУО

Мени йўқлаб келди шифохонага

Қизларим — Наргиза, Хуршида, Дилдор.

Бир инжа дийдорнинг оташидан-да

Маъюс юрагимда жаранглади тор.

 

Момом қазосида титрамаган жон

Улкан коинотнинг бузди сарҳадин.

Гўёки наздимда тебранди осмон,

Мажнунтол алп мисол тик тутди қаддин.

 

Қушлар бозорига айланди хонам,

Озурда жимликнинг этагин силкиб.

Бошим силагандай бўлди-ку онам,

Кипригим куйдирди кўз ёшим килкиб.

 

Вужуддан хасталик қувилди буткул,

Авлиё отадай очганча бағрим,

Мен шошиб дуога чўзганимча қўл:

“Омон бўлсин, — дедим, — она қизларим”.

 

                        * * *

Гап ташишга уста, гапи йўқ одам

Ўзини подшодан баландроқ чоғлар.

Қасрга ўт тушар босса гар қадам,

Судраб қочар яшил кимхобин боғлар.

 

Хизр дуч келсами, бермас саломин,

Салом берган чоғ ҳам олмас алигин.

Ит ҳам хушламайди бадъаз каломин,

Тиригидан қиммат ўлиги лекин.

 

Ғаддорликда маккор, Иблис эркаси,

Кўзида чақнайди қасос ва алам.

Сувни юқтирмас-ку асло сиркаси,

Йўлдан адаштирар отасини ҳам.

02.05.2025

                                                     * * *

Қани ёшликдаги жўшқинлик, ошнам,

Учаётган қушни тутиб олардик.

Дарёга кўндаланг ётганча беғам:

“Денгиз бўласан!” — деб ғовға солардик.

Бўрон тушовланиб ҳиддатимиздан,

Игнанинг кўзидан ўтарди туя.

Тоғлар қалтирарди шиддатимиздан,

Аксирсак, тошларга тушарди куя.

 

Олақуроқ булут нафасимиздан

Чуркаб-да куйинди ҳидин сочарди.

Мабодо им қоқсак, қўрққанча биздан

Сўқмоқлар из ташлаб, ҳуркиб қочарди.

 

На ҳайрат туямиз кунлардан бу кун,

Саёз ҳам тортибди биз кечган дарё.

Кекса бир тутқундек боқамиз нигун,

Танимаган каби ҳеч кимни, аё.

 

Майда ташвишлар-ла оворамизки,

Нимага эришдик югуриб тинсиз?

Кимлардир тортмоқда аравамизни,

Ўзимиз бехабар, томошабинмиз.

ДАШТ СОҒИНЧИ

Баҳор адоғида Ҳайиткўл дашти,

Уч кунлик келиндай чирой очган дам.

Тантиқ табиатнинг сурардик гаштин —

Расул, Бойқобил-у Ҳамид бўлиб жам.

 

Ногоҳ юрагимга солди қалдироқ

Ўркачли қирларнинг унсиз боқиши.

Ва ҳайратда ёқди зум ўтмай шу чоқ

Бир парча булутнинг ёмғир ёғиши.

 

Ахир бу қирларда қолган изларим,

Болалигим ўтган сибизға чалиб.

Димоғимда қотган чечак ислари

Турналар мунгидай турар таралиб.

 

Ўртаниб дедим мен: “Соғинибди дашт,

Кўз ёшин тиёлмай йиғлади узоқ”.

Сен-чи, маккорликда овсар, ҳалакаш,

Учқур хаёлингга қўйдингми тузоқ?

 

Еёлмай ўтдинг-ку еяр ошингни,

Насия айладинг соғинчингни, ё!

Кечир, эй улуғ дашт, бағритошингни,

Бир томчи кўз ёшга кўрмабман раво.

09.05.2025

ТЎҚСОН БОБО АРЗИ

Қарийб бир аср кутдим нимани?

Билсанг, қаноатдан бошпанам бор, рост.

Кутдим кутган каби қайтмас кемани,

Ўзимни ўзимдан айлаб-да халос.

Сафардан қайтганлар юпатар баъзан,

Тасалли улашди нодонлар ҳам, лек.

Мен эса истайман озод бир маскан,

Орзу рўёбига бўлолсин бешик.

Қуруқ гап, сафсата — дунё шиори,

Алдовнинг бу манфур усули рўйрост.

Банги хаёлотнинг фаҳш изҳори,

Ювуқсиз давроннинг қутқуси, холос.

 

Қошиқ ўйин ўйнар ҳар бир салтанат,

Инсоний йўриқлар божин унутиб.

Келганлар, кетганлар алдашар фақат,

Ширин такаллуфдан кўрмана тутиб.

 

Нафақат мен — халқни кутишга шайлаб,

На машварат тузар, на ёқар гулхан.

Ишонч ёрлиғини насия айлаб,

Деворга суятиб кетар ҳар келган.

11.05.2025

ҲАЁТ ЎЙИНИ

Қўлида лангарчўп, набирам чорлар:

— Келинг, дор ўйинин ўйнаймиз, бобо.

Кўзида сурурли илтижо порлар,

Ноурфий изҳорни сир тутгай аммо.

 

Набирамни суйиб сўз очдим шу чоқ:

— Ҳаёт ўйинидан чарчаганман, рост.

Майли, ўз ўйининг ўйнайвер қувноқ,

Бобонг ўйинини ўйнамагил, бас.

 

Мўмин бандаларга етказдим озор,

Ёрғучоқсиз эздим донини, болам.

Ҳали тинган эмас қалбидаги зор,

Тоғни толқон қилар армону нолам.

 

Йилларнинг чархида йигирилди жон,

Лекин қор ёғилиб, излар босилди.

Менинг ўйинимни ўйнолмай, инон,

Зўрман деганлари дорсиз осилди.

12.05.2025

БОЗОР

Тингламайди бир зум ҳеч кимни ҳеч ким,

Шовқин баланд, пашша тушгандай ошга.

Харидорлар йўқдай, савдогарлар жим,

Ҳамма нарса қиммат, одамдан бошқа.

13.05.2025

ЎҒЛИМ ХОТИРАСИГА

Дунёнинг сўзи йўқ — ташбеҳсиз ғазал,

Созининг торлари узилган азал.

Гоҳ ўзингга ўзинг айларкан маҳтал,

Ҳеч банда “болам” деб куймасин, болам.

 

Қаландар хирқаси — бир чўпингга ҳайф,

Юлдузлар, ой оҳи — оз-кўпингга ҳайф,

Бармоғинг тегмаган тор, чўтингга ҳайф,

Ҳеч банда “болам” деб куймасин, болам.

 

Бир тукинг тебратмас шернинг наъраси,

Ахир кам учрайди марднинг сараси.

Кимлар тирнамади отанг ярасин,

Ҳеч банда “болам” деб куймасин, болам.

 

Гўзаллик мил тортар товус мунгида,

Чоҳ бордир ҳар банда сўлу ўнгида,

Оҳ-нола кўз очар умри сўнгида,

Ҳеч банда “болам” деб куймасин, болам.

 

Булбул сайролмаса ўзин боғида,

Қуёш — бир уюм кул ҳижрон доғида.

Бир фарёд тош қотди қалбим тоғида,

Ҳеч банда “болам” деб куймасин, болам.

 

Ҳур қизми севганинг, ошиқлик не ҳол?

Отанг озорида йўқ эрди малол.

Дунёга ўнгирин силкитган, алҳол,

Ҳеч банда “болам” деб куймасин, болам.

 

Онанг келин истаб бўлганди гирён,

Бу кун юрагида орзуси — урён.

Мен учун бир тушдир замину осмон,

Ҳеч банда “болам” деб куймасин, болам.

 

Муаллиф ҳақида:

Ўроз ҲАЙДАР 1957 йили Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг география факультетини тамомлаган.

Шоирнинг илк шеърий тўплами “Қуёш ўтови” 1984 йилда чоп этилган. “Куйловчи тошлар”, “Мусиқор”, “Ҳазилкаш қиш”, “Оқ соя”, “Аксиамо”, “Яйловдаги оқ ўтов”, “Вақт изтироби”, “Руҳафзо”, “Кечиккан фасл”, “101 сонет”, “Фалак фаввораси”, “Сукут ҳаққуши”, “Қуёш табассуми”, “Икки ўлим”, “Буғдойзор оралаган сўқмоқлар” сингари йигирмадан зиёд шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.

Ўроз ҲАЙДАР

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan