Муҳим келишувлар амалда

Хусусан, Сурхондарё вилоятида Покистон тадбиркорлари билан ҳамкорликда янги қўшма лойиҳалар амалга оширилади.

Маълумки, шу йилнинг 26 февраль куни Тошкентда олий даражадаги Ўзбекистон-Покистон саммити якунланди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ўртасида кечган музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-демократик ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим келишувларга эришилди.

Томонлар келишувларни том маънода Покистон ҳукумати раҳбарининг мамлакатимизга расмий ташрифи якунланганининг эртаси куниёқ амалга оширишга киришди.

Жумладан, Покистон ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистоннинг Покистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев ҳамроҳлигида янги савдо шартномалари ва инвестиция лойиҳаларини тузиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Сурхондарё вилоятига борди.

Делегация таркибидан тўқимачилик, фармацевтика, терини қайта ишлаш, қурилиш материаллари, транспорт-логистика соҳасида фаолият юритувчи компания вакиллари ўрин олди.

Ташриф Имом ат-Термизий мажмуасини зиёрат қилишдан бошланди. Шундан сўнг, Покистон вакиллари “Айритом” эркин иқтисодий зонасида бўлди. Меҳмонлар ЭИЗ фаолияти билан танишдилар. Ҳудудда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, янги лойиҳаларни амалга оширишда бериладиган имтиёз ва қулайликлар тўғрисида тақдимот ўтказилди.

Покистоннинг “NLC” транспорт-логистика компанияси билан “Айритом” ЭИЗ ҳудудида сақлаш омборини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Шунингдек, “Herbion Naturals” компанияси билан ҳам дори воситаларини сақлаш омборини яратиш бўйича музокаралар бошланди.

Покистон тадбиркорлар делегациясини Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов қабул қилди. Учрашувда ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Вилоятнинг етакчи иқтисодий тармоқлари – қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, озиқ-овқат ва бошқа йўналишлардаги салоҳияти тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Пешовар шаҳрида Сурхондарё саноат маҳсулотларини, жумладан, кўмир, олтингугурт, минерал ўғитлар, ип-калава ва бошқа товарларни сақлаш омборини ташкил этиш ва шу ердан Покистон турли нуқталарига етказиб бериш юзасидан келишилди.

Вилоятда тўқимачилик, тери ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида фаолият юритаётган корхоналар самарадорлигини янада ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш мақсадида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.

Термиз туманида жойлашган “Амударётекс” корхонаси базасида Покистоннинг “Diners Group” компанияси  томонидан замонавий тўқимачилик ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш лойиҳаси  ишлаб чиқилди.

Делегация аъзоларининг “Nova pharm” фармацевтика компанияси ва “Top Quality Brand” терини қайта ишлаш корхонасига ташрифлари чоғида ҳам дори субстанцияларини етказиб бериш ва Покистонга тайёр терини экспорт қилиш бўйича шартномалар тузилди.

Шунингдек, Жарқўрғон туманида жойлашган “Surxonsementinvest” корхонаси негизида Покистон компаниясининг оператив бошқаруви орқали жаҳон бозорига замонавий ва рақобатбардош маҳсулотлар билан кириб бориш бўйича лойиҳа келишилди.

“Дунё” АА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − nine =