Жамиятнинг яширин душмани

Коррупция бу — жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллат. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва инсонлар хавфсизлигига жиддий таҳдид солувчи жиноятларнинг гуллаши учун шароит яратиб беради.

Нимага айнан “яширин душман” деб таърифлаймиз? Негаки, коррупциянинг хавфлилиги шундаки, бу иллат фақат моддий манфаатдангина иборат эмас. У жамиятдаги ишончсизлик, бюрократия, адолатсизлик, ижтимоий тенгсизлик ва назоратнинг сустлиги натижасида вужудга келади. Масалан, агар фуқаро давлат идораларидан хизмат олишда қийинчиликларга дуч келса, у муаммони “тепадан ҳал қилиш” йўлини излайди. Бу эса тизимни ичидан емира бошлайди. Айнан шу сабабли ҳам, коррупция тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган жиддий хатарлардан биридир.

Давлатга хиёнат қилиб, жумладан, ўз лавозимини суиистеъмол қилиб қинғирликдан қайтмаётган мансабдор шахсларни ҳам ўз вақтида тўхтатиш, тегишли тартибда жавобгарликка тортиш оқилона йўлдир.

Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “…жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди”. Кейинги пайтларда мамлакатимизда коррупцияга қарши беаёв кураш эълон қилинган. Ушбу курашда нафақат давлат, балки жамият ҳам қатнашиши лозим. Кўп ҳолларда коррупцияга қарши курашишни фақат ҳукумат органларининг вазифаси деб ҳисоблашади. Аслида эса, бу жамиятнинг ҳар бир аъзоси: оддий фуқаро, ўқитувчи, шифокор, тадбиркор — ҳамма ўз ҳиссасини қўшиши керак бўлган умумий курашдир. Чунки коррупция ҳолатларини камайтириш кўп қиррали ёндашувни талаб қилади. Энг самарали ёндашувлардан бири — инновацион ёндашув. Масалан, сунъий интеллект ёрдамида коррупциявий хатти-ҳаракатларни аниқлаш, блокчейн технологияси орқали давлат маблағларининг ҳаракатини кузатиб бориш, ижтимоий тармоқларда фуқаролик назоратини кучайтириш — булар замонавий жамият учун самарали воситалардир. Дарҳақиқат, инновацион ёндашувлар, технологик имкониятлар, очиқлик ва фуқаролик назоратини кучайтириш орқали биз коррупцияга қарши самарали тизим яратишимиз мумкин. Зеро, коррупцияни жиловлаш — тараққиётимиз, адолат ва ҳалоллик устувор бўлган келажак сари ташланган муҳим қадам.

Йўқса, моддий манфаат, таниш-билишчилик, турфа ғирром ўйинлар туфайли адолат, ҳақиқат мезонлари поймол бўлаверади. Буни истамаган миллат — унга қарши курашмоғи шарт. Зеро, бошқа йўл йўқ.

Дилноза ИСАНОВА,

Ўсимликлар карантини ва

ҳимояси илмий тадқиқот институти

бош юрисконсульти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + three =