Экранга боғланган тақдир

Хоразм телевидениесида кўп йиллар самарали

фаолият кўрсатган таниқли журналист

Бекпошша ХЎЖАЕВА билан суҳбат

— Бекпошша опа, сиз телевидениеда ишлаб, ўзингиз учун гўзал бир дунё яратгансиз. Ишлаб юрган пайтларингизда ҳар хил фикр-мулоҳазалар билдиришарди. Кимдир сизни шевада гапиради деса, бошқалар халққа янада яқинроқ бўлиш учун атайин шундай суҳбатлашади, дейишарди…

— Телевидениеда ишлашнинг, кўрсатув тайёрлашнинг завқи бор. Аслида, мен адабий тилда гапираман. Тўғри, шу шева борасида ўз вақтида жуда кўп гап-сўзлар, танқидлар бўлган. Лекин элдошларимиз ҳузурига борганимда, уларнинг қалбидаги, юрагидаги ҳақиқий сўзни чиқариш учун шевада суҳбатлашишни маъқул кўрардим.

Чунки қишлоқ аёллари қошига микрофон билан бордингизми, тамом, ҳаяжондан айтадиган сўзларини йўқотиб қўйишади. Агар улар билан ўз шевасида гаплашсангиз, тили ва талаффузига яқин бўлгани учун тез тил топишасиз, кўнгилдан суҳбат қуриб, ичидаги гапларини “суғуриб” оласиз.

Телевидениеда 60 йил давомида фаолият юритдим. Ижодкор одам бир жойда ўтириб қолса қийин, ижодий инқирозга учрайди. Шунинг учун доим хизмат сафарларида бўлдим. Кўрсатув баҳонасида туман ва қишлоқларни кездим. Гўзал манзаралардан, оддий ва яхши одамларнинг ҳикматли сўзларидан куч-қувват ва илҳом олдим.

Пенсияга чиққанимдан кейин, 73 ёшдан ўтганимда “Устюрт кенгликлари” кўрсатувини тайёрладим. “Урганчтрансгаз” корхонасида меҳнат қилаётган оддий ишчиларнинг ҳаёти, фаолиятини ўз кўзим билан кўриш ва халқимизга танитиш мақсадида борганимда, одамларнинг меҳрини, ҳур фикрларини эшитиб, ҳайратда қолдим.

Бу кенгликлар, бу табиийлик ва гўзалликни таърифлашга тил ожиз! Устюртнинг тупроғи бошқача — гипс экан. Кундузи ғалати манзарага гувоҳ бўласиз: бир томонда қуёш чарақлаб турибди, нариги томонда эса ой мўралайди… Бўталоғини эргаштирган туялар, сурув-сурув қўйлар, йилқилар… Биёбон саҳро. Қулоқ тутсангиз, сизга ўз тилида нималарнидир сўзлаётгандек бўлади. Кўм-кўк бўлиб ўсиб, баъзилари қизғиш тусда гуллаётган янтоқлар… Овозингизни узоқ-узоқларга олиб кетувчи акс-садолар… Қумликларда қайгадир ўрмалаётган чумолилар, тирикчилик ташвишида тўда-тўда бўлиб йўл олаётган ҳашаротлар… Хуллас, саҳро жонзотларининг ҳам, у ердаги ишчиларнинг ҳам ўзига яраша яшаш тарзи бор.

Мана шу манзаралардан чексиз завқ олардим. Инсон борки, ҳаракатда бўлиши шарт. Умр бўйи кўпроқ пиёда юрган яхши. Яна қайтараман — мен ўз ишимдан куч олганман.

Шева масаласида яна бир қизиқ воқеани айтиб берсам. Германиялик Ингеборг хоним исмли аёл Хоразмга келди. Вилоят ҳокимлигидан менга ўша аёлга ҳамроҳлик қилишни сўрашди. Меҳмон хоразмликларнинг қадимий тарихи, тили, маданияти, халфачилик санъати ва урф-одатларимизни ўрганишга келган экан. У билан адабий тилда гаплашамиз, чунки у ўзбек адабий тилида бинойидек гапирарди.

Суҳбатларимиз жараёнида Ингеборг хоним шевамиз ҳақида шундай деганди: “Сизнинг хоразмча шевангиз энг гўзал, ёниқ тил экан. Худди алангадек ёниб турибди! Айрим тиллар борки, эшитганингда шу қадар совуқ туюлади, асти қўяверасиз…” деб шевамизга ҳавас қилган эди.

— Сизни халқимиз “Даврага кел, дугонажон”, “Бир келиб кетинг қишлоғимизга”, “Умри азиз” кўрсатувлари орқали ҳам яхши танишади ва қадрлашади…

— Раҳмат. Ушбу кўрсатувларни тайёрлашда элдошларимиз билан ҳамиша дилдан суҳбатлашганман. Оддий аҳоли вакиллари камера қаршисида адабий тилда гапиришга қийналиб қолишарди. Шундай пайтда уларга “Шевада, ўзингизга қулай тарзда гапираверинг”, дердим. Кўрсатувларимни раҳбарият билан баҳслашиб, курашиб эфирга узатардим. Ахир элдошларимизга ўз тилида гапириш осон-да. Улар эфирда бетакрор шеърларни, унутилаёзган ажойиб қўшиқларни айтиб беришарди. Бу айтимлар кўпчиликнинг ёдидан чиқиб кетган бўлса-да, менинг кўрсатув ленталаримда барҳаёт яшаяпти. Уларни юз ёшга кирган момоларимиз қадимий оҳангларда куйлашган. Эшитиб, кўнглингиз энтикади, ўзга бир дунёларга сайр қилгандек бўласиз. Бу айтимларда халқнинг минг йиллик орзулари, армонлари, курашлари ва яшаш тарзи яширинган.

Германиялик меҳмоннинг сўзлари жуда тўғри: Хоразм шеваси ҳақиқатан ҳам ўта жозибали ва кучли. Бу тилда бир ёниқлик, ҳарорат ва нур бор. Гўдаклигида қулоғига кирган бу шева одамларнинг қон-қонига сингиб кетган. Улар шу тилда сўзлашади, шу тилда ўйлайди ва фикрлайди. Шу тил орқалигина уларнинг юрагига бехато кириб бориш мумкин.

Журналист оддий, камтар ва халқчил бўлиши, кийинишида ҳам миллий маданият кўриниб туриши керак. “Бир келиб кетинг қишлоғимизга” кўрсатувини тайёрлашга борганимда, қишлоқ аҳли мени шу номли қўшиқ билан кутиб оларди… Ҳозир ҳам ўша кунларни соғинаман. Вилоятимизнинг юздан ортиқ қишлоқларида бўлиб, одамлар билан яқиндан суҳбатлашдим, уларнинг яшаш тарзини ўргандим, кўнгилларига йўл топишга ҳаракат қилдим.

— Бекпошша опа, сир бўлмаса айтинг-чи, нима учун айнан телевидениени танлагансиз? Сиз ўқишни тугатган йилларда газеталарнинг ҳам нуфузи жуда баланд эди-ку?!

— 1961 йилда Хоразм телевидениеси ташкил қилинган. Ўшанда мен 11-12 ёшлардаги қизча эдим. 1962 йилда Урганч шаҳридаги 1-сонли мактабда ўқирдик. Биз — бир гуруҳ аълочи ўқувчиларни кўрсатувда чиқиш учун телевидениега олиб боришди. Ўша пайтдаги тасвирга олиш ускуналари жуда баҳайбат эди. Юзингизга улкан прожекторларни қаратиб қўйишади, бундай чироқлар олдида ҳар қандай одам довдираб қолиши табиий. Камераларнинг “кўзлари” ҳам косадан каттадек туюларди. Ўқитувчимиз шеърни баланд овозда, ифодали ўқишни тайинлаганди. Мен устозим айтганидек қилдим. Шундай қилиб, 11 ёшимда илк бор телевизорга чиққанман. Мактаб дарслигидаги Маяковскийнинг “Совет паспорти” шеърини “Бўридай ғажирдим бюрократизмни…” дея баланд ва қатъий оҳангда ўқиб бергандим.

Бизни тасвирга олаётган студия жуда иссиқ эди, операторлар қўлларидаги сочиқ билан юз-кўзларидан оққан терни артиб туришарди. Кўрсатув тугагач, биз ҳам жиққа сув бўлиб чиққанмиз ва уйимизга — ўзимиз яшайдиган Кўҳна қалъа маҳалласига йўл олганмиз. Вақт алламаҳал бўлиб қолгани учун бизни пионервожатийимиз уйимизга кузатиб қўйганди. Келсак, эшик олдида онам хавотирланиб кутиб турган экан. Ўшанда онам: “Энди қайтиб телевидениега бормайсан!” деганлар. Мен қўрққанимдан: “Бормайман, қайтиб бормайман”, дегандим.

Бунинг сабаби бор эди: онам менга ҳомиладорлик пайтида қўшнимизнинг уйи ёниб кетган экан. Отам Мусахўжа ота қурувчи-прораб бўлганлар. Ишдан келаётиб ёнғинни кўради-да, ичкарига югуриб кириб, икки болани ўлимдан сақлаб қолади. Аммо ўзи қаттиқ куйиш жароҳати олиб, 40 кундан кейин вафот этган. Ўша қўшнимиз татар миллатига мансуб эди. Отамнинг вафотидан кейин улар онамнинг кўз ёшларига қарай олишмай, ўзларини айбдор ҳис қилиб, бошқа ерга кўчиб кетишган. Шу сабабли онам менинг ҳам хавф-хатарда қолишимни истамаганди.

Онамга “телевидениега бормайман” деган кунимнинг эртасигаёқ уйимизга Ички ишлар бошқармасидан вакиллар келиб, менга Фахрий ёрлиқ топширишди. Бу ўша “Совет паспорти” шеърини юксак маҳорат билан ифодали ўқиганим учун эди. Шу тариқа телевидениега боғланиб қолдим.

Мактабни тугатгач, 1968 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига ўқишга кирдим. Ўқиб юрган пайтларимда ҳам “Хоразм ҳақиқати” газетасида мақолаларим чоп этиларди. Олий таълим масканини битиргач, вилоят қўмитаси йўлланмаси билан мени яна телевидениега юборишди. Шу билан тақдирим бутунлай экран билан боғланди. У пайтларда кўрсатувлар тўғридан-тўғри эфирга узатиларди. Шева ишлатишга асло йўл қўйилмасди, фақат адабий тилда гапирардик.

“Кўҳна қалъа” бир пайтлар Урганчнинг маркази бўлган. Хива хони Араб Муҳаммадхоннинг ўғли, йирик давлат арбоби ва тарихнавис олим Абулғози Баҳодирхон (“Шажараи турк” ва “Шажараи тарокима” асарлари муаллифи) Туркманистоннинг Кўҳна Урганч ҳудудидан аҳолини кўчириб, тўғри шу ерга жойлаштирган. Чунки у ерда сув тошқинлари бўлиб, уйлар вайрон бўлган эди. Кейинчалик бу жой Кўҳна қалъа номини олди. Ҳозир у ерда кўп қаватли уйлар қад ростлаган. Мен ўша ердаги ширин ҳаётимиз, одамларнинг меҳр-оқибати, инсонийлиги ва бошимдан кечган қизиқарли воқеаларни жамлаб, “Кўҳна қалъа” номли китоб ёздим. Абулғозихон ўзи билан бирга ҳунарманд ва олимларни ҳам кўчириб келган эди. Китобда Жуманиёз кулол, Зарип мисгар, Мадамин пари каби ноёб инсонлар ҳақида ҳикоя қилганман.

— Бошқа ёзган китобларингиз ҳақида ҳам айтиб берсангиз…

— Илгари “Икки дона булочка” номли китобим ва “Маданиятли девоналар” қиссам чоп этилган эди. “Маданиятли девоналар” деганда мен ҳамкасбларим — журналистларни назарда тутганман. Маданиятлимиз, эл хизматидамиз, лекин топганимиз етар-етмас, маошимиз кам эди.

Шу кунларда Хоразм телевидениесининг 65 йиллигига бағишланган “Ёднома” номли янги китоб тайёрлаяпман. Унда телевидение тарихини ҳеч қандай тўқималарсиз, ҳаётий воқеалар асосида битдим.

— Оилангиз ҳақида ҳам билишни истардик.

— Мен бир вақтлар: “Тўйим айнан мен истаган кунда бўлади”, деганман. Бу гапимдан ҳайрон қолганлар. Мен ҳазрат Алишер Навоий таваллуд топган кунни танлаганман ва тўйимиз 9 февралда бўлиб ўтган.

Биз хўжалар авлодиданмиз. Бизнинг урф-одатларимизга кўра, илгари қизларни бегоналарга беришмаган, фақат ўз насли билан қуда бўлишган. Очиғи, турмуш ўртоғимни тўйдан олдин танимасдим ҳам. Онам “наслимиз бузилмасин” деб мени ўз доирамизга узатганлар. Эримнинг исми — Давлатмурод. “Жанубгазқурилиш” ташкилотида муҳандис бўлиб ишладилар. Жуда маданиятли, муомаласи гўзал, яхши инсон бўлиб чиқдилар. Мана, турмуш ўртоғим билан 53 йилдан буён тинч-тотув, бахтли яшаб келяпмиз.

Тўғри, фарзандларни анча қийналиб ўстирдик, болалигида кўп касал бўлишди. Улғайгач, Аллоҳга шукур, ҳаммаси соғайиб, олий маълумотли бўлишди. Лекин вақт ўтиб англадимки, барибир яқин қариндошлар билан қуда бўлмаслик керак экан. Ҳозир замон ўзгарди, фарзандларимиз соғлом бўлсин деб, уларни хўжа бўлмаса ҳам ўзлари танлаган муносиб инсонларга уйлантириб, узатяпмиз.

Тўрт фарзандимиз — икки қиз ва икки ўғлимиз бор эди. Кенжа ўғлим Элбек оғир хасталик туфайли ёшгина вафот этди. Бу жудолик юрагимни эзиб юборди… Унинг болалари катта бўлиб қолишди, қизини узатдик, насиб бўлса, яқинда Жавоҳир исмли набирамизни уйлантирамиз. Келиним жуда тарбияли, ақлли аёл. Ҳозир шу ўғлимнинг оиласи билан бирга яшаймиз.

— Рўзажон қизингиз ҳақида бир пайтлар газетада мақола ёзган эдим…

— Ҳа, Рўзажон немис тили мутахассиси. Бир неча бор Германияда малака ошириб қайтди. Унинг иш тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилган. Президентимиз қўлидан “Шуҳрат” медалини олган. Ҳар йили ўқувчилари грант асосида олий ўқув даргоҳларига киришади, бу — қизимнинг катта ютуғи. Иккинчи қизим Садоқат эса инглиз тили ўқитувчиси, унинг ҳам ютуқлари талайгина. Қизимнинг қизи ҳам, ўғли ҳам ҳозир Германияда. Ўғлим Собиржоннинг фарзанди эса Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида фаолият юритади, қизи немис тили бўйича магистратурада таҳсил олмоқда. Невараларимнинг муваффақиятларини кўриб, қувониб ўтираман.

— Шогирдларингиз ҳам кўп бўлса керак?

— Мен “бу менинг шогирдим” деб мақтанишга тортинаман. Аллоҳга шукур, кўпчилик ёшлар ҳеч қандай тамасиз мени “устоз” деб ҳурмат қилишади. Бундан кўнглим кўтарилади, руҳим равшанлашади. Чин юракдан уларнинг камолини тилаб, ҳамиша дуо қиламан.

— Келажакда яна қандай ниятларингиз бор?

— Ҳозир кўп вақтимни ижодга, ёзишга бағишлаяпман. Нашриётлар кўпайгани жуда яхши бўлди. Кўрган-кечирганларим ҳақида хотираларни ёзишни яхши кўраман.

60 йил одамлар ичида юриб, бир нарсага амин бўлдим: ҳар бир инсоннинг ўзига яраша дарди, ташвиши бор. “Азобингни айтсанг бўлмайди” дейди халқимиз. Шунинг учун фақат яхшиликлар, қувончлар ҳақида ёзишни истайман. Ҳикояларимда тушкунликни, дардни акс эттиргим келмайди. Шундоқ ҳам одамларнинг ташвиши етарли, хасталиклар уларни чарчатган. Китобхоннинг кайфиятини туширишнинг нима кераги бор?

Бу дунёда 75 йил яшаб, англаган ҳақиқатим шу бўлди — одамга иложи борича кулиб қараш керак. Уларнинг хотирасида яхшилик билан қолиш учун… Инсон ҳаётда нима қилса ҳам, фақат яхшиликни ўйлаб яшаши лозим. Ёмон нарсани хаёлга келтирсангиз, у, албатта, қаршингиздан чиқади. Инсон учун энг ёмон иллат — бахилликдир. Кимгадир ҳасад қилсангиз, биринчи навбатда ўзингизга зарар етказасиз. Ҳаётдаги бош шиорим — фақат яхшилик билан яшаш, яхшилик соғиниш, ҳатто ёмонлик қилганга ҳам яхшилик билан жавоб қайтаришдир. Чунки яхшилик доим янги бир яхшиликни етаклаб келади.

Баъзан “Telegram” каналларидаги психологларнинг гапларига ҳайрон қоламан. “Бўш келманг”, “Ўзингизнинг қадрингизни билинг”, “Бўш бўлсанг, кемириб ташлашади”, “Яхшилик қилманг, барибир ёмонлик кўрасиз” қабилидаги бегона ва ёт туйғуларни ёшлар онгига сингдиришяпти. Бундай фикрларни эшитиб, психологлардан хафа бўлиб кетаман. Бизнинг менталитетга ёт бўлган бундай “билағонлик”ларни назорат қилиш керак, менимча. Уларнинг гапига ишониб, оиласидан ажралиб кетаётганлар қанча…

Ҳануз газета ва журнал ўқишни, китоб мутолаа қилишни севаман. Ижтимоий тармоқларни ўқиб, газетанинг мазасини топа олмайман, тўғриси.

— Қайси ёзувчиларнинг асарларини кўпроқ мутолаа қиласиз?

— Ўткир Ҳошимов ва Саид Аҳмад асарларини суйиб ўқийман. Илгари Абдулла Қаҳҳорни кўп мутолаа қилардим. Чехов асарларини ҳам яхши кўраман. Диплом ишимни таржима назарияси бўйича Лев Толстой асарларининг ўзбек тилига ўгирилиши мавзусида ёзганман. Лев Толстой мураккаб услубда ёзган, уни таржима қилишда ижодкорларимиз ҳам анча қийналишган. Аммо рус ҳаётини ўзбек китобхонига шундай етказишганки, асарни ўқиганда кўз олдингизга рус эмас, худди ўзбек халқи келади.

Ижтимоий тармоқлар бўлаверсин, лекин давлат телевидениесини кўриш, газета ва журналларни ўқиш керак. Айниқса, севимли нашримизга айланган “Hurriyat” газетасини соғинч билан ўқийман. Газетани кўз билан ўқиб, юрак билан ҳис қиласиз, сатрлар хотирангизда муҳрланиб қолади. Газетанинг ўзига хос ҳидини биласизми? У кўнгилга жуда яқин ҳид… Китоб ва матбуотдан узоқлашмаслик керак. “Hurriyat” газетасини ҳар бир юртдошимиз ўқишини истардим, чунки унда барча соҳалар холис ёритилади, энг қизиқарли мақолалар берилади. Мен ҳар ҳафта унинг янги сони чиқишини интизорлик билан кутаман.

— Бекпошша опа, мазмунли ва самимий суҳбатингиз учун катта раҳмат. Умрингиз зиёда бўлсин.

Суҳбатдош: Феруза ТАНГРИБЕРГАНОВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =