Фарзанд тарбияси: Кечаги қадрият, бугун ва эртанги тараққиёт

Тараққиёт ҳақида гап кетганда кўпинча иқтисодиёт, инвестиция, рақамли технологиялар ва йирик қурилишлар тилга олинади. Бироқ тарих шуни кўрсатадики, буюк давлатларнинг ҳақиқий қудрати, аввало, инсон капиталида, инсон капиталининг эса мустаҳкам пойдевори тарбияда мужассам. Агар тарбия мустаҳкам бўлса, жамият ҳар қандай синовни енгиб ўтади; агар тарбия заифлашса, энг катта бойлик ҳам миллатни таназзулдан асрай олмайди.

Маърифатпарвар шоир, драматург Абдулла Авлонийнинг машҳур фикри — “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот…” — бугун янада теран маъно касб этмоқда. Чунки XXI асрда рақобат давлатлар ўртасида эмас, аввало билим, маънавият ва инсон капитали ўртасида кечмоқда. Демак, тарбия энди фақат оила ёки мактабнинг вазифаси эмас, балки миллий тараққиёт ­стратегиясининг ажралмас қисмига айланди.

Кўпинча тарбия фақат ота-она зиммасидаги вазифа сифатида баҳоланади. Аслида эса боланинг дунёқарашига маҳалла, мактаб, оммавий ахборот воситалари, маданий муҳит ва рақамли макон ҳам таъсир кўрсатади. Агар ушбу тизимлар бир мақсад йўлида ҳаракат қилмаса, оилада берилган тарбиянинг таъсири сусайиши мумкин. Шунинг учун тарбияни умуммиллий вазифа сифатида англаш муҳимдир.

Бугун фарзандлар ахборотни, асосан, телефон орқали қабул қилмоқда. Масала телефоннинг ўзида эмас, ундан қандай фойдаланишдадир. Замонавий тарбия фарзандда ахборотни танлаш маданиятини, танқидий фикрлашни ва ёлғон ахборотни ажрата билиш қобилиятини шакллантириши керак. Бу маънавий иммунитетнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Китоб ўқиган бола нафақат билим, балки тафаккур ва ҳиссиёт маданиятини ҳам ўзлаштиради. Китоб инсонни сабр қилишга, мулоҳаза юритишга ва бошқаларнинг тақдирини ҳис қилишни ўргатади. Шу боис ҳар бир хонадонда китобхонлик муҳитини шакллантириш тарбиянинг ажралмас қисми бўлиши лозим.

Фарзанд катталарнинг айтган гапини эмас, балки уларнинг бажарган амалдаги ҳаракатини эслаб қолади. Агар ота-она ҳалол меҳнат қилса, китоб ўқиса, катталарни ҳурмат қилса, бола бу фазилатларни табиий равишда ўзлаштиради. Шунинг учун тарбиянинг энг таъсирчан усули — шахсий намуна бўлишдир. Бу ҳақиқатни эса ҳеч қандай технология ўзгартира олмайди.

Бугунги келажак авлод аввалги авлодлардан фарқли ўлароқ тезкор ахборот уммони ичида ўсмоқда. Смартфон, ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллект платформалари унинг фикрлашига таъсир кўрсатмоқда. Шунинг учун фарзандни ахборотдан узиш эмас, ахборотни саралаш, танқидий фикрлаш ва маънавий иммунитетни шакллантириш муҳим вазифага айланди.

Бола учун биринчи таълим маскани она бағри, биринчи устоз эса ота-онасидир. Ҳалоллик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат, масъулият каби фазилатлар китобдан олдин оила муҳитида шаклланади. Психологлар ҳам бу борада бола кўпроқ кўрган нарсасини амалда такрорлашини таъкидлайди ва бу ибора  ҳаёт ҳақиқатига айланиб улгурган.

Буюк аллома Абу Наср Форобий комил жамият ҳақида сўз юритар экан, унинг асосида комил инсон туришини таъкидласа, ибн Сино бобомиз илм ва ахлоқ уйғунлигини инсон камолотининг шарти деб билади. Сўз мулкининг султони Алишер Навоий эса инсоннинг энг катта безаги унинг одоби эканини асарлари орқали уқтиради. Бу мерос бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Нетонгки, биз фарзандларимиз учун энг яхши мактабни қидиряпмиз, энг яхши ўқитувчини излаяпмиз, энг замонавий технологияларни харид қиляпмиз. Аммо бир саволга ҳар доим ҳам жавоб топа олмаяпмиз: фарзандимизга қанча вақт ажратяпмиз?

Ахир бола учун энг катта тарбия воситаси қиммат телефон эмас, ота-онасининг меҳри; энг катта бойлик эса моддий имконият эмас, оиладаги ишонч ва меҳр-оқибат муҳитидир.

Ҳар куни минглаб ахборотлар онгига кириб бораётган фарзандга “нима ўйлаш”ни эмас, “қандай фикрлаш”ни ўргатишимиз зарур. Чунки ахборотни ёдлаш  эмас, уни таҳлил қилиш муҳимдир.

Агар бугун тарбияга бефарқ қарасак, эртага унинг оқибатларини қонунлар билан ҳам, иқтисодий ислоҳотлар билан ҳам тўлиқ бартараф эта олмаймиз. Чунки тарбияда бой берилган вақтнинг ўрнини ҳеч қандай тараққиёт тўлдира олмайди.

Бугунги кунда мамлакатлар нафақат иқтисодиёти, балки инсон капитали билан рақобатлашмоқда. Инсон капиталининг асоси эса тарбиядир. Шунинг учун тарбия масаласи фақат оила ёки мактабнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий масъулиятига айланиши зарур.

Эртанги Янги Ўзбекистон қандай бўлиши ҳақида гапиришдан олдин, бугун қандай фарзанд тарбиялаётганимиз ҳақида ўйлашимиз керак. Улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлоний қарийб бир аср аввал айтган ҳақиқат бугун ҳам ҳаётий аҳамиятини йўқотгани йўқ: тарбия — ҳаёт масаласи. Уни кечиктириб бўлмайди, бошқалар зиммасига юклаб ҳам бўлмайди. Зеро, миллатнинг эртаси, аввало, бугунги тарбияга боғлиқ.

Шундай экан, ҳар бир ота-она, ҳар бир устоз ва ҳар бир фуқаро ўз олдига бир саволни қўйиши зарур, назаримда: “Мен келажак авлодга қандай инсонни тарбиялаб қолдиряпман?” Ана шу саволга берилган ҳаққоний жавоб эса ҳаётимизнинг эртанги истиқболини белгилайди.

Навбаҳор ДАРХОНОВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Ахборот хизмати раҳбари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × one =