Бекобод. Меҳр ва металл таърифида
Open book on green grass in a field with daisys background concept for reading, relaxing and recreation
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири,
Олий Мажлис Сенати аъзоси
Элдошларим иродаси темирдан, ҳам метиндан,
Биз бирлашсак – буюк халқмиз, биргалашсак, биз – Ватан!
Бекободим, иродаси темир-бетон шаҳримсан,
Не-не ошиқ шоирларга орзу-армон шаҳримсан.
Ортга қайтмас шаштларинг зўр, карвонларинг бор бўлсин,
Темир-метин иродали сарбонларинг бор бўлсин!
Тинч бўлсин деб дунё тун-кун дуо айлар оналар,
Мамлакатга металл керак милён-милён тонналар.
Она шаҳрим, шамолларинг бағринг аро кезган дам,
Шеърим билан шамол бўлиб эсгим келар менинг ҳам.
Янги-янги уй-жойларга маҳалла-кўй тўлгуси,
Бу темирлар кўркам, маҳкам иморатлар бўлгуси.
Темир янглиғ, метин янглиғ яхлит бир жону танмиз,
Элдошларим, бир бўлсак биз – бир халқу бир Ватанмиз!
Шоир, сен ҳам бу ҳаётни оташ шеърларга тўлдир,
Металлургиянг шулдир! Металлургиянг шулдир!
Эгатларда қолиб кетган йилларимнинг қарзидай,
Маъданим деб, метиним деб фахрлансам арзигай.
Бизлар фарзанд ўстиргаймиз – муносиб, мутаносиб,
Ўғил – қизга муносибдир. Қиз – ўғлонга муносиб.
Ўғил-қизда келажакнинг жамолини кўргаймиз,
Бизлар Ватан ўстиргаймиз, бизлар Ватан қургаймиз.
Ўйлайманки, бир сўзимни оғир олмас шоирлар:
Замон юкин енгиллатинг, қилманг уни оғирлар.
Кўз олдимда Вақт эмас, гуррос солиб ўтар Сўз,
Давр сендан Сўз кутмоқда, замон сендан кутар Сўз.
Бир юз ўн минг эл-улуснинг кўзларига тик қараб,
Шеърлар айтсанг, юзинг ёруғ – бу не толе, не шараф!
Сизникидир бу имконлар – ҳар бир ўғил-қизники,
Бу давронлар Сизникидир! Бу замонлар – Сизники!
Рақам урсам – сафларингиз ўттиз мингдан зиёда,
Шундай ўғил-қизларим бор доно, зукко, озода.
Темирданмиз, пўлатданмиз, метиндан бир жону тан,
Биз бирлашсак – буюк халқмиз, биргалашсак – биз Ватан!
Эл номига келтирмоқ-чун рағбатлару раҳматлар,
Ҳали қанча меҳнат керак, ҳали қанча заҳматлар.
Қалбинг жўшар – худди металл қайнаётган қўрадир,
Ватан сендан сўз сўрайдир, эл-улус сўз сўрайдир.
Қурол-яроғ ўйнаб турган қаттол дунё бир тараф,
Элни китобга қайтарган инсонларга шон-шараф!
Темирқанот жужуқларинг бургут бўлсин, сор бўлсин,
Метин иродали марди майдонларинг бор бўлсин!
Янги шаҳар, Сирдарёдан нариёғи Хўжанддир,
Темурмалик полвон келса – бу тарихий ҳужжатдир.
Давру замон солномасин тарих ўзи баҳолар,
Бунда не-не чемпионлар ўсар, не-не даҳолар.
Темир янглиғ, метин янглиғ бизлар бир жону танмиз,
Элдошларим, биз бирлашсак – бир халқу бир Ватанмиз.
Темирданмиз, пўлатданмиз, метинмиз – бир жон ва тан.
Биз бирлашсак – буюк халқмиз, биргалашсак, биз – Ватан!..
“Халқ сўзи” газетасининг 2026 йил 14 июль №142-сонидан олинди.
