Ватан манфаати муқаддас

Ички ишлар органларида ходимларнинг касбий тайёргарлиги ва малака ошириш жараёнларини ягона узлуксиз таълим тизимига бирлаштириш йўлга қўйилди

Инсон туғилиб ўсган юрт тупроғи, тарихи, тили ва қадриятлари унинг қалбида алоҳида ўрин эгаллайди. Ватанга муҳаббат ва садоқат эса ҳар бир фуқаронинг юксак бурчидир. Ватанга садоқат фақат сўзда эмас, балки амалий ишларда намоён бўлади. Зеро, Ватанга хизмат қилиш — юрт тинчлигини асраш, қонунларга риоя этиш, ҳалол меҳнат қилиш ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш демакдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган маросимда: “Мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталик халқимизнинг энг катта бойлигидир”, дея таъкидлаган эди. Давлатимиз раҳбари бу бебаҳо бойликни асраш, жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари ходимларининг хизмати беқиёс эканини айтиб, тинчликни асраш нафақат касбий вазифа ва мажбурият, балки Ватан олдидаги муқаддас бурч, халққа хизмат қилиш эса юксак шараф эканини уқтирдилар.

Дарҳақиқат шундай. Ички ишлар органи ходимлари учун ҳам Ватанга садоқат, аввало, ўз хизмат вазифасини виждонан ва ҳалол бажаришдан бошланади. Ходим ҳар қандай вазиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда юрт тинчлигига таҳдид солувчи хавф-хатарларнинг олдини олиш учун юқори касбий тайёргарликка эга бўлиши зарур. Ушбу вазифаларни сидқидилдан бажаришда ходимдан юксак касбий маҳорат билан бир қаторда мардлик, жасорат, сабр-тоқат, қатъият ва садоқат талаб этилади.

Муҳими — ҳар бир фуқарога қонун доирасида, холис ва инсонпарвар муносабатда бўлиш, халқ ишончини оқлаш ҳамда ўз шаъни ва қадр-қимматини асрашдир. Ички ишлар соҳасида хизмат қилувчи ҳар бир ходим хатти-ҳаракатида давлатга, қонунга ва халққа бўлган ҳурмат ҳамда масъулият яққол сезилиб туриши лозим.

Халққа хизмат қилиш — юксак шараф. Унинг “Халқимга, Ватанимга садоқат билан хизмат қиламан!” деб қасамёд қабул қилиши замирида эл-юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида тунларни бедор ўтказиш, оғир ва мураккаб вазиятларда масъулиятни ўз зиммасига олиш, фуқароларнинг ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлашдек фидойилик ётади.

Ҳар бир ходим шахсий манфаатларидан кўра эл-юрт манфаатларини устун қўйиши, ҳар қандай шароитда ўз бурчига содиқ қолиши шарт.

Айниқса, фуқаролар билан энг кўп мулоқотда бўладиган профилактика инспекторлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги, патруль-пост хизмати вакиллари ва умуман ҳар бир ходим шуни чуқур англаши керакки, уларнинг фаолияти ортида минглаб инсонларнинг тинч ва хотиржам ҳаёти турибди.

Мамлакатимизда маҳалла профилактика инспекторининг хизмат хонаси у билан тезкор боғланиш учун махсус алоқа тугмаси билан жиҳозланмоқда. Яъни профилактика инспектори қаерда бўлишидан қатъи назар, аҳоли унинг қўл телефони ёки планшетига тун-у кун боғлана олиши таъминланиши шарт. Маълумки, жорий йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланди. Ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда эса асосий бўғин айнан маҳалла профилактикаси ҳисобланади.

2016 йил 16 сентябрда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ва 2017 йил 9 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳамда истиқболдаги вазифаларга бағишланган йиғилишдаги маърузаси соҳада янги даврни бошлаб берди. “Инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, осуда ва фаровон ҳаёти ишончли ҳимоя қилинмоғи зарур” мавзусидаги ушбу маърузада Давлатимиз раҳбари шундай деган эди: “Энг муҳими, халқимиз ўз ҳаётидан ва давлатдан рози бўлиб яшашини таъминлаш бугун барчамизнинг бош вазифамиздир. Ўйлайманки, асосий вазифаси мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлаш бўлган ички ишлар органларидан халқимиз бугунги кунда розими, улар фаолияти замон талабларига мос келадими ёки йўқми, деган саволга жавоб бериш вақти келди”.

Шубҳасиз, орадан йиллар ўтган бўлса-да, бу талаб бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Қайси ҳудудда ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар органлари ва жамоат ташкилотлари бир ёқадан бош чиқариб, оқилона, энг муҳими, адолат ва ҳалоллик билан иш олиб бораётган бўлса, ўша ерда одамлар ҳаётдан рози бўлиб яшамоқда, вазият барқарор бўлиб турмоқда. Президентимиз таъкидлаганларидек: “Ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш ишлари талаб даражасида олиб бориляпти. Профилактика инспекторлари фаолиятида уларга ҳаддан ташқари кўп иш юклаш, ишларни сохталаштириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан етарли даражада ҳамкорлик қилмаслик ҳолатлари анча камайди”.

Энг асосий мақсад — ички ишлар органларини аҳолига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, ҳар бир ходими “Халқ манфаатларига хизмат қилиш”ни ўз бурчи деб биладиган, ижтимоий йўналтирилган профессионал тузилмага айлантиришдан иборат эди.

Туб ислоҳотларнинг энг муҳим натижаларидан бири — ички ишлар органларининг халққа яқинлаштирилгани бўлди. Ходимларнинг асосий эътибори жойлардаги муаммоларни аниқлаш, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилди.

2020 йилга келиб марказий аппаратдаги шахсий таркибнинг 85 фоизи бевосита аҳоли яшаш пунктлари ва қуйи тизимларга туширилди, 200 га яқин ички ишлар бўлими ва бўлинмалари фаолияти қайта ташкил этилди. Профилактика, жиноят-қидирув, тергов, патруль-пост, йўл-патруль ва бошқа хизматлар ўн йил мобайнида янги мезонлар асосида шакллантирилди. Бу ўзгаришлар ички ишлар органлари ходимининг асосий вазифасини — аҳоли хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашни янада самарали ташкил этишга хизмат қилди. Демак, профилактика фаолияти асосий йўналишга айланди. Ислоҳотлар натижасида жиноят содир этилгандан кейин унинг оқибати билан курашишдан кўра, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга устувор аҳамият берилмоқда.

Маҳаллабай ишлаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш, профилактика инспекторларининг фаолиятини кучайтириш, ёшлар ва оилалар билан манзилли ишлаш тизими такомиллаштирилди. Кейинги босқичда ижтимоий профилактика механизмлари ҳам шакллантирилиб, профилактика инспекторлари ва “маҳалла еттилиги”нинг ҳамкорлиги йўлга қўйилди. Бундай ёндашувнинг аҳамияти шундаки, жиноятчиликка қарши курашиш фақат ички ишлар органларининг эмас, балки маҳалла, таълим муассасалари, давлат ташкилотлари ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги асосида амалга ошириладиган тизимга айланмоқда.

Замонавий бошқарув ва рақамлаштириш ислоҳотлари жараёнида бошқарув тизими ҳам қайта кўриб чиқилди. Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати оптималлаштирилиб, тезкор-қидирув, жамоат хавфсизлиги, транспорт ва туризм объектларида хавфсизлик, жазони ижро этиш, маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш каби йўналишларда 2024-2025 йилларда ихтисослашган тузилмалар ташкил этилди. Шунингдек, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳам муҳим йўналишга айланди. Ички ишлар органлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилгани фуқаролар учун қулайлик яратиш, бюрократик тўсиқларни камайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди.

Кадрлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш — яна бир муҳим йўналишдир. Замонавий профилактика ходими нафақат жисмонан бақувват ва тезкор, балки чуқур ҳуқуқий билимга эга, юксак маънавиятли, инсонпарвар ва масъулиятли бўлиши таъминланди.

Ўта муҳим йўналиш — ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилгани бўлди. Натижада улкан мақсад — халқ ишончини оқлайдиган профессионал ходимлар корпусини шакллантириш ва ривожлантириш тизимли йўлга қўйилди.

Сўнгги йилларда маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган тизимли ишлар кучайтирилди. 2025 йилда криминоген вазияти оғир маҳаллаларда ички ишлар органлари ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг ҳамкорлиги асосида “ягона фаолият занжири” ва тегишли ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди. Шунингдек, мамлакатимиз маҳаллаларининг ярмидан кўпида ўтган йили бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Айтиш жоизки, 2016 йил октябридан бошланган ва ҳозирда изчил давом этаётган туб ислоҳотлар ички ишлар органлари фаолиятини мазмунан янги босқичга олиб чиқди. Тизимда ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди, бошқарув ва хизматлар такомиллаштирилди, профилактика ишларига устувор аҳамият берилди, рақамлаштириш жараёни жадаллашди ҳамда ички ишлар органларининг аҳоли билан яқин ҳамкорлиги кучайтирилди. Шу маънода, ички ишлар органларидаги ислоҳотларнинг ҳақиқий самараси юртда халқнинг тинчлиги, хавфсизлиги ва давлат органларига бўлган ишончи билан баҳоланади. Ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад ҳам шу — халққа яқин, халқ ишончини оқлайдиган, Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган замонавий ички ишлар органларини шакллантиришдир.

Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларнинг касбий билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб бориш, уларни замонавий талаблар асосида тайёрлаш ҳамда хизмат вазифаларини юқори профессионал даражада бажаришини таъминлаш тизимли ислоҳотларнинг муҳим йўналишларини ташкил этади.

Малака ошириш тизимидаги янги ёндашув: ички ишлар органларида ходимларнинг бошланғич касбий тайёргарлиги, қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнларини ягона узлуксиз таълим тизимига бирлаштиришга асос солинди. Аввалги ўқув марказларининг штат бирликлари ва моддий-техника базасини ИИВ Малака ошириш институтига ўтказиш белгиланди. Шу орқали ходимларни тайёрлаш ва уларнинг касбий салоҳиятини янада юксалтиришда ягона ёндашувни шакллантириш имконияти яратилди.

Малака ошириш энди фақат ходимни маълум муддат ўқув муассасасида ўқитиш билан чекланиб қолмайди. Масофавий ва мобиль-сайёр ўқув курсларини ташкил этиш амалиёти ҳам жорий этилди. Бу ходимларни хизматдан ажратмаган ҳолда бевосита жойларда ўқитиш ва уларнинг амалий билимларини мунтазам янгилаб бориш имконини берди. Энг муҳим янгиликлардан бири — ички ишлар органларида узлуксиз ўқув-карьера жараёни тизимининг жорий этилганидир.

Бунда ходимнинг таълим олиши, касбий тайёргарлиги, малака ошириши ва хизматда лавозим бўйича ўсиши ўзаро узвий равишда боғланди. Яъни ходим учун “ўқиш — малака ошириш — хизмат — лавозим бўйича ўсиш” тамойили асосида аниқ касбий ривожланиш механизми шакллантирилди.

Айрим лавозимларга тайинланиш ва махсус унвонларни олишда қайта тайёрлаш ҳамда малака ошириш курсларини ўташ муҳим талаблардан бири сифатида белгиланди. Бу эса ходимнинг касбий билими ва тайёргарлиги унинг хизматдаги ўсиши билан бевосита боғланишини таъминлайди. Ислоҳотларнинг яна бир муҳим жиҳати — таълим жараёнида назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришга катта эътибор берилаётганидир.

Замонавий ўқитиш усуллари, модулли таълим, амалий машғулотлар, ситуацион ва имитацион полигонлардан фойдаланиш орқали ходимларни реал хизмат шароитига яқин бўлган вазиятларга тайёрлаш имконияти кенгайди. Малака ошириш институти базасида мақсадли ситуацион-имитацион полигонларни ташкил этилиши фақат назарий билим эмас, балки мураккаб вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш, фуқаролар билан мулоқот қилиш, қонун талабларига қатъий амал қилиш ва хизмат вазифасини профессионал даражада бажариш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.

Раҳбар кадрлар тайёрлашда ҳам янги тизимга алоҳида эътибор қаратилди. Вазирлик академиясида раҳбар кадрлар учун “Ташкилий-тактик бошқарув” ва “Ташкилий-стратегик бошқарув” йўналишлари бўйича магистратура тизими жорий этилди. Бу орқали келажак раҳбарларини замонавий бошқарув, стратегик фикрлаш ҳамда профессионал қарор қабул қилиш кўникмаларига эга мутахассислар сифатида тайёрлашга киришилди. Айни пайтда илғор хориж тажрибаларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда.

Ҳозирги пайтда ички ишлар органи ходими олдига қўйилаётган талаблар тобора ортиб бормоқда. Ходим ҳуқуқий билимга эга бўлиш билан бирга, ахборот технологияларидан фойдаланиш, фуқаролар билан самарали мулоқот қилиш, зиддиятли вазиятларни тўғри ҳал этиш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий жиноятчилик турларига қарши курашиш бўйича зарур кўникмаларни эгаллаши лозим.

Малака ошириш — бир марталик ўқув эмас, балки ходимнинг бутун хизмат фаолияти давомида давом этадиган касбий ривожланиш жараёнидир.

Ватанга садоқат — ходимнинг муқаддас бурчи, халққа хизмат қилиш эса унинг юксак шарафидир. Юрт тинчлиги, халқ осойишталиги ва қонун устуворлигини таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ходимнинг фидокорона меҳнати юксак эътирофга муносиб. Ватанга садоқатли, бурчига вафодор, халқ ишончини оқлайдиган ходимлар бор экан, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги янада мустаҳкам бўлаверади.

Олимжон АҲМЕДОВ,

ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи,

полковник.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three + 9 =