Ижодкорнинг бедор ўйлари

Истеъдодли журналист, Балиқчи тумани “Ғалаба” газетаси муҳаррири, “Дўстлик” ордени соҳибаси Шаҳзода ШАМС (Каримова) ижодига чизгилар

Ўзбекона лутф-у балиқчиликларнинг ўзига хос шеваси билан мулойим гапирувчи, атрофдагиларда ўзи ҳақида яхши таассурот қолдирувчи бу ижодкорни мен қарийб 20 йилдан буён биламан ва ҳайратдаманки, асло ўзгармайди. Яъни Шаҳзода Каримованинг 65 ёшга қараб кетаётганини сезмайсиз, боягидек латофатли. Ва 20 йилдирки, туман газетасини маҳорат ва тадбиркорлик билан бошқариб келмоқда. Ваҳоланки, бугун бутун мамлакатда саноқлигина туман, тармоқ газеталари чиқаётган паллада газетанинг савияси ва мазмунини сақлаган ҳолда, фаолиятини мунтазам юритиш айтишга осон…

Аслида, жамоанинг сабру бардоши, қийинчиликларга чидами асосий бўлса-да, туман ҳокимлигининг саъй-ҳаракати, туман ҳокими Жасурбек Абдураимовнинг маънавият, маърифат, тарғиботга алоҳида эътибор бериши натижаси, дея урғу беради.

Шаҳзода опа ҳаётда, ишда, ижодда курашувчанликни, илм, ўрганиш, изланиш билан натижага эришиш фазилатини, элнинг назарига тушиб, дуосида бўлишни раҳматли падари бузруквори Абдуғаффор Шамсуддиновдан олган. Ўз даврида катта бир хўжаликда раис, агроном бўлиб ишлаган дадаси ўқишдан, билим олишдан тўхтамаган. Ва тўрт фарзандининг ҳам ана шундай бўлишини истаган. Афсуски, у болаларининг ана шундай гўзал лаҳзаларини кўра олмаган. Туну кун даладан бери келмай, ҳосил учун кураш палласида, ғўзага сепилган доридан заҳарланиши оқибатида вафот этган.

“Отасиз улғайиш — фақат йўқотиш эмас, балки эрта улғайишдир.

Мен ҳаётга бошқалардан тезроқ жиддий қарашни ўргандим. Қийинчиликлар олдида сукут сақлашни, қарор қабул қилишда ўзимга таянишни ўргандим.

…Отамнинг овозини 6 ёшимдан кейин эшитмадим, аммо ҳаётимда тўғриликка чорловчи бир ички овоз доимо бор эди. У овоз мени ҳалолликка, сабрга ва масъулиятга ундади. Мен ҳар бир қадамимда отамга муносиб инсон бўлишни ўйладим. У кўрмаса-да, билиб тургандай туюларди…”

Мана шу ибрати Шаҳзода опанинг етук журналист, муҳаррир, раҳбар бўлишида катта омилдир ва бунинг миннатдорчилигини у ўзининг яқиндагина чоп этилган “Баҳоримда баҳор бор” номли хотиралар ва ҳикоялар тўплами бўлган иккинчи китобида алоҳида изҳор этган. Айтганча, опа ўзига жуда чиройли тахаллус танлаган. Шаҳзода ШАМС. Қуёш нурлари билан қалбга илиқлик берса, опа қалами билан элнинг назарига тушишни мақсад қилган, десак, муболаға бўлмас. 2022 йили жазм ва журъат қилиб, илк насрий тўплами – “Қалбимдаги оқ гуллар”ни мухлисларга тақдим этган эди. Навбатдагиси янада ёқимлироқ номланган: “Баҳоримда баҳор бор”.

Ҳамкасбингизнинг ютуғи албатта назарингизда туради. Шу маънода мен ҳам опанинг ушбу китобини варақлаб, ўқиб, анчагина илиқ таассурот олдим.

Унинг номи эса муҳтарама онасининг хотираси учун танлангандек гўё…

Аслида, отадан эрта етим қолган тўрт фарзандни бағрига босиб, уларни оёққа турғазиш учун курашган Махпиратхон она каби икром матонат соҳибаси романларга лойиқ. Ана шу маънода Шаҳзода Каримова онаси хотирасини армон, оғриқ ва албатта, эҳтиром билан ёдга олади:

“Баҳор! Сенга боғлиқ хотираларим хаёлимда ғужғон ўйнайди…

Ўша кезлари китобдан бош кўтармай дарс қилаётган бизларга:

— Келажак сизларники бўлади, — деб дуо қилган онам кўз ўнгимда гавдаланаверади.

Рамазон ойи баҳорда келса, ҳовлимиздаги бодом, ўрик, шафтолилар гуллаганда:

— Гўё жаннат ифорлари оғушида кўз юмсам… — деб кўз ёшларини яширган онам…”

Муаллиф Баҳор тимсолида онасини кўргандек. Чунки баҳорлар қайтади, гуллар очилади, ифорлар атрофга сочилади. Оналар ҳам жисман йўқ бўлса-да, ҳамиша баҳордек бизнинг қалбимизни забт этиб, ҳидини туйгандек бўламиз. Ана шу туйғу Шаҳзода опанинг юрагини тўлдириб, қоғозга тўкилганини ҳис қиласиз.

Шаҳзода Каримова ҳақиқий маънода ватанпарвар. У нафақат қалами билан, балки фаол раҳбар аёл сифатида ҳам ҳамиша вилоят, айниқса, Балиқчи туманининг ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётида мунтазам иштирок этади. Юртнинг ҳар бир ютуғидан қалбан қувонади. Ҳиссаси қўшилаётганидан фахрланади. Мана шу ғурур янги китобнинг аввалида “Ватан, сенсиз нетардим мен?” сарлавҳали бадиага замин бўлган бўлса, не ажаб?

“…Йўлдан давом этар экансиз, туман маркази ва бошқа қишлоқларнинг қиёфаси тубдан ўзгарганига гувоҳ бўласиз…

Туман марказида кенг ва равон кўчалар, катта шаҳарлардагидек чиройли миллий ва замонавий архитектура асосида бунёд этилган икки, уч, беш қаватли бинолар кўзга ташланади…”

Шаҳзода опа сўз ила тасвирлаб, сизга Балиқчининг суратини намоён этади. Дарҳақиқат, Андижон вилоятининг йирик туманларидан ҳисобланган, айни пайтда 210 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Балиқчи туманида азалдан ободлик, бун­ёдкорлик, гулу гулзорларга иштиёқмандлик баланд. Айниқса, катта йўл бўйларидаги анвойи гулу дарахтлар қўли гул туман аҳлининг шинавандалигидан дарак. Шаҳзода опа мана шу юртнинг бир жонкуяр, Ватанини севувчи фарзанди сифатида бу эҳтиромни ўзининг китобидаги бадиасига жо қилган.

Ушбу китоб менга яна бир ибрат бўлдики, Шаҳзода Каримова садоқатли ва муносиб шогирд сифатида ҳаммамиз учун ардоқли бўлган устоз Назиржон Саидов ҳақида жуда таъсирли ёзган. Андижон журналистика мактабининг дарғаларидан бири, хокисор, бағрикенг, хушфеъл, ҳаммага яхшилик илинувчи Назиржон Саидов ҳақида кўп хотиралар, эсдаликлар ёзилиши керак. Шаҳзода опа бу борада бизга йўл бошлаб берибдиларки, ташаккур, дейман.

Қўлида қалам, қалбида ёзишга истеъдоди бор инсон, албатта, кузатувчан бўлади. Шу билан бирга улар таъсирчан, ҳамдардликка мойил инсонлардир. Шаҳзода опа ҳам бундан мустасно бўлмаган ҳолда, янги китобига фаолияти давомида учратган тақдирларнинг энг юракни қийнаган муаммоларини ҳаётий ҳикоя тарзида олиб чиқишга журъат этган. Чунки ҳар бирида ибрат, хулоса чиқариб, ўзни тузатишга туртки, даъват бор.

Опанинг янги китобидан ўрин олган “Зарба”даги Зебочеҳранинг аянчли хатоси туфайли ўзга тақдирларнинг ҳам аросатда қолгани таъсирли очиб берилган. Ҳикояда “Ҳеч ким билмайди” деб қилинган нотўғри хулоса йиллар ўтиб, ҳақиқат барибир очилиши, очилганда ҳам Яратганнинг назаридан зарра нарса қочиб қутулмаслиги аччиқ аён бўлади.

Худди мана шундай хатони “Эркак боши эгилмасин” ҳикоясида ҳам кузатасиз. Умид ўзининг нуқсонини беркитиш, ҳар қандай йўл билан бўлса-да, фарзандли бўлиш учун тубан йўлни танлайди. Охир-оқибат эса уч аёлнинг тақдири аросатда қолади, туғилган фарзандлар улғайгач эса уни эътиборсиз, хору зор аҳволга ташлаб қўяди, чунки уларни боғловчи ришта нотўғри уланган эди…

“Увол бўлган меҳр” ҳикоясида эса бугунги куннинг энг долзарб мавзуси — оилавий зўравонликнинг қурбонлари кўрсатилади. Шоҳруҳ гарчи отасининг ичувчи, онасини туганмас азоб билан эзувчи ёмон одам эканини кўриб-билиб турса-да, ҳамиша унга бўйсунади, оталик ҳурматини сақлашга уринади. Оқибатда ўзи унинг қўлида қурбон бўлади. Ёш умри бир зумда сўнади.

“Бағритош меҳрибонлар”да ҳам яна ўша оилавий зўравонлик, фақат “меҳрибонлик” ниқоби остида. Башоратхон касал ҳолида тинмай меҳмон кутади, эртадан кечгача тинмайди, якунида эса яна касалхонага тушади.

Шаҳзода опанинг қаҳрамонлари ёнимиздаги, орамиздаги одамлар, сизнинг, бизнинг яқинимиз, қўшнимиз, қариндошимиз. Чунки бугун ана шундай аччиқ қисматлари, фожиали тақдирлари, аросатли ҳаётларида яшаётганлар қанчалаб топилади… Китобнинг “Турмуш чорраҳаларида” рукнидаги Маҳмуд ва Дилабзо, Фарида, Султон, Имрон ва бир қатор образлар борки, нозик туйғулари исканжасида хатолар қилади. Бу хатолар эса бошқа тақдирларга таъсир қилади. Инсонгарчилик шу, хатоларсиз, туйғуларсиз, муҳаббатсиз, ришталарсиз яшаб бўлмайди. Бу муносабатларнинг аксари сизу биз айтгандек, орзу қилгандек бўлавермайди. Шаҳзода ШАМС ўз китоби орқали мана шуни айтишни уддалаган.

Тўғри, адабиёт талаби нуқтаи назаридан китобдаги аксар ҳикоя ва бадиаларни зўр, камчилик-нуқсондан холи, дейиш фикридан йироқмиз. Ижодкор ҳам кўнгил қули, туйғулар силсиласида ҳаммасини ўқувчи кутгандек ёзолмаслиги бор гап. Аммо қаҳрамонларни гавдалантира олгани – катта ютуғи.

Мухтасар айтганда, Шаҳзода ШАМСни иккинчи китоби билан қутлаймиз, ёза олгани, китоб қилиб чиқариб, озми-кўпми мухлисларга тортиқ қилгани учун ташаккур! Чунки бугун китоб ўқувчиларни кўпайтириш борасида давлат миқёсидаги саъй-ҳаракатларга бу ҳам яхшигина ҳисса. Қолаверса, ижод сандиғи тўла бормоқда.

Амаллар ниятга боғлиқ, шу маънода устоз журналист, “Ғалаба” газетаси муҳаррири, “Дўстлик” ордени соҳибаси, севимли рафиқа, икки нафар ўғлоннинг онаси, тўрт нафар набиранинг меҳрибон бувижони, ташаббускор, изланувчан ижодкор Шаҳзода Каримовани изланиш, ижод завқи ҳеч қачон тарк этмасин.

Матлуба ЮСУПОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 8 =