Ўзбекистон–Корея: Таълим ва технологиялар ҳамкорлиги – тараққиётнинг янги омили

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Ли Чже Мённинг таклифига биноан шу кунларда давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиб турибди. Мазкур ташриф бутун дунёда жуда катта қизиқиш билан кузатиб борилмоқда. Президентимизнинг давлат ташрифини Корея Республикасининг бир қанча етакчи нашрлари кенг ёритмоқда. Жумладан, “The Chosun Daily” газетасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ва Корея Республикаси: Ўзгаришлар даврида келажак сари интилаётган ҳамкорлик” номли мақоласи чоп этилди.

Ташриф арафасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тарихида илк бор ўтказилган Ҳудудлараро форум натижалари юқори баҳоланди. Кейинги форумни Самарқанд шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

Президентлар музокаралар давомида таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратишгани янада диққатга молик бўлди.

Дарҳақиқат, бугун дунёда жадал кечаётган технологик ўзгаришлар, сунъий интеллект, рақамли иқтисодиёт ва инновацион ишланмаларнинг ҳаётимизга тобора чуқур кириб келаётгани олий таълим тизими ­олдига ҳам янги ва масъулиятли вазифаларни қўймоқда. Энди университет фақат билим берувчи муассаса эмас, балки янги ғоялар, илмий ишланмалар, замонавий технологиялар ва юқори малакали кадрлар шаклланадиган муҳим маскан бўлиши керак. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистоннинг дунёдаги илғор давлатлар билан таълим, илм-фан ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлигини кенгайтириш бугунги тараққиётимизнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилаётгани қувонарли. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Кореянинг “The Chosun Daily” газетасида эълон қилинган мақоласида таъкидланганидек: “Ишончим комилки, айнан шу асосда ҳамкорлигимизнинг янги саҳифасини очишимиз — алоҳида соҳалардаги муваффақиятли ҳамкорликдан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантиришга ўтишимиз мумкин. Бу эса мамлакатларимиз барқарор ва узоқ муддатли фаровонлигининг янада мустаҳкам пойдеворини барпо этади”.

Шубҳасиз, бу фикрлар, аввало, таълим, илм-фан ва инсон капитали соҳасидаги ҳамкорликка бевосита дахлдор. Чунки замонавий технологияларни яратадиган, уларни бошқарадиган ва ишлаб чиқаришга жорий этадиган асосий куч — билимли, малакали ва инновацион фикрлайдиган кадрлардир. Қувончлиси, сўнгги йилларда Ўзбекистон-Корея муносабатларида ана шу йўналишда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 5 баробарга ошгани, Корея инвестицияларининг Ўзбекистондаги ҳажми 8 миллиард доллардан ортгани, корейс капитали иштирокида 700 дан зиёд қўшма корхона ва лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳамкорликнинг кенг кўламидан далолат беради. Бироқ иқтисодий кўрсаткичлар билан бир қаторда, биз учун таълим, илм-фан ва инсон капиталига инвестиция киритиш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Фарғона давлат техника университетининг Корея Республикасидаги етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги айнан шу эҳтиёждан келиб чиқиб ривожланмоқда. Сеул шаҳрида “Seoul National University of Science and Technology — SeoulTech” президенти Ким Донг Хван билан ўтказган учрашувимизда университетларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишнинг аниқ механизмларини муҳокама қилдик. Бугун сунъий интеллект саноат, транспорт, энергетика, шаҳарсозлик, тиббиёт, таълим ва бошқа кўплаб соҳалар ривожининг муҳим омилига айланмоқда. Шу боис университетимизда сунъий интеллект соҳасида қўшма лаборатория ташкил этиш, ушбу йўналишдаги ўқув дастурлари ва электрон таълим ресурсларини ўзаро алмашиш, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг академик мобиллигини таъминлаш бўйича аниқ келишувларга эришдик.

Яқин истиқболда “SeoulTech”нинг 5 нафар профессор-ўқитувчисини университетимизга меҳмон-лектор сифатида таклиф этиш, Фарғона давлат техника университетининг 10 нафар профессор-ўқитувчисини сунъий интеллектнинг устувор йўналишлари бўйича қисқа муддатли стажировкага юбориш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 2 нафар илмий тадқиқотчини илмий стажировкага юбориш ва уларнинг тадқиқотларига ҳар икки университетдан илмий раҳбарларни бириктириш бўйича ҳам келишувларга эришдик. Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари “Smart City”, робототехника, киберхавфсизлик, ахборот технологиялари ва сунъий интеллектни бошқариш масалаларини қамраб олади. Мен бу лойиҳаларни оддий академик алмашинув эмас, балки университетимизнинг илмий салоҳиятини халқаро даражага олиб чиқишга хизмат қиладиган узоқ муддатли ҳамкорликнинг муҳим пойдевори, деб ҳисоблайман.

Зеро, бугун мамлакатимиз олдида турган тараққиёт вазифалари ҳам айнан юқори технологиялар ва инсон капитали билан узвий боғлиқ. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган етти миллий дастур орасида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Учинчи миллий дастур — иқтисодиётимизни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш. Ушбу дастурда ёшларимизнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланиши белгилангани бежиз эмас. Чунки бугунги ёшлар — эртанги технологик тараққиётнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи.

Биз олий таълим муассасаси сифатида бу вазифани ўз фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўрамиз. Талабаларимизни нафақат мавжуд технологияларни ўзлаштиришга, балки янги технологиялар, стартаплар ва инновацион ечимларни яратишга қодир мутахассислар сифатида тайёрлашимиз керак. Бунинг учун эса уларга замонавий лабораториялар, халқаро тажриба, кучли илмий мактаблар ва хорижий ҳамкорлар билан ишлаш имкониятини яратиш зарур. Корея билан ҳамкорликдаги яна бир муҳим йўналиш — ёшларимизнинг тил ва маданий салоҳиятини оширишдир. “World Educational and Cultural Aid — WECA” ташкилоти билан ҳамкорликда Фарғона давлат техника университетида Корея тили ва маданияти марказини ташкил этиш бўйича келишувга эришдик. Марказ замонавий жиҳозлар билан таъминланади ва бу ерда нафақат талабалар, балки Фарғона шаҳри ва атроф ҳудудлардаги ёшлар ҳамда аҳоли учун корейс тилини бепул ўрганиш имконияти яратилади.

Тил — халқларни бир-бирига яқинлаштирадиган муҳим кўприк. Корейс тили ва маданиятини ўрганаётган ёшларимиз келгусида Кореяда таҳсил олиш, стажировка ўташ, халқаро лойиҳаларда иштирок этиш ва меҳнат бозорида рақобатбардош бўлиш учун янада кенг имкониятларга эга бўлади. Корея ташрифи доирасида “Yonsei University Mirae Campus” билан ҳам ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдик. “Mirae” кампуси ректори Yeonseob Ha ва Халқаро муносабатлар офиси декани, доцент Park Eungsu билан учрашувимизда талабалар алмашинуви, магистратура дастурларига талабаларимизни юбориш, қўшма докторантура — “Co-Tutelle” тизими асосида илмий кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Биз учун хорижий университетлар билан ҳамкорликнинг асосий мезони — имзоланган меморандумлар сони эмас, балки уларнинг талабалар, профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчилар учун реал имкониятларга айланишидир. Шу сабабли ҳар бир келишувни аниқ лойиҳалар, қўшма дастурлар ва натижадор механизмлар билан тўлдиришга ҳаракат қиляпмиз. Сеулда ўтказилган биринчи Ўзбекистон-Корея ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ҳам биз учун ана шу жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлди. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация таркибида иштирок этиб, форумда “Ўзбекистон-Корея: бугунги ҳолат ва истиқболлар” мавзусида маъруза қилдим.

Форум доирасида таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, “University of Ulsan” билан қўшма дипломли магистратура дастурларини йўлга қўйиш, “SeoulTech” ва “AHA Co.,Ltd” билан университетнинг “Endowment Fund” тизимини ривожлантириш бўйича методик ҳамкорликни йўлга қўйиш ташаббуслари илгари сурилди. Корея билан ҳамкорликда биз, аввало, ёшларимизнинг келажагини кўрамиз. “KT&G Scholarship Foundation” билан мулоқотларда ҳам замонавий касбларга ёшларни тайёрлаш, халқаро таълим дастурларини кенгайтириш, Кореяда таҳсил олиш ва меҳнат қилиш имкониятларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Бугун Фарғона давлат техника университетида 20 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг ҳар бири учун халқаро таълим муҳити, замонавий технологиялар ва муносиб меҳнат бозорига чиқиш имкониятини яратиш биз учун нафақат вазифа, балки катта масъулиятдир. Шу маънода, Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги университетимиз ёшлари учун янги таълим траекториялари, илмий стажировкалар, қўшма дастурлар ва халқаро лойиҳалар эшигини очмоқда. Корея ташрифининг яна бир муҳим жиҳати — олий таълим ва илмий салоҳиятни реал ишлаб чиқариш билан боғлаш имкониятларининг кенгайганидир. Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегациянинг Корея Республикасига амалий ташрифи доирасида Сеонгнам шаҳридаги махсус саноат зонасида фаолият юритаётган компанияларнинг маҳсулотлари ва инновацион ишланмалари билан танишдик.

Мазкур ташрифда Фарғона давлат техника университети делегацияси ҳам фаол иштирок этди. Сеонгнам махсус саноат зонасида фаолият юритаётган компаниялар вакиллари билан ўтказилган музокараларда илмий-техник ҳамкорлик, инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш, талабалар учун амалиёт ва стажировкалар ташкил этиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда илғор технологияларни таълим жараёнига олиб кириш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш, автоматлаштириш ҳамда муҳандислик йўналишларида корейс компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш учун янги имкониятлар белгилаб олинди. Бу биз учун жуда муҳим. Чунки университетда шаклланган илмий ғоя ва инновацион ишланма ишлаб чиқаришда ўз ифодасини топсагина, унинг ҳақиқий қиймати намоён бўлади. Талаба эса назарий билимни замонавий корхонадаги реал жараён билан боғлагандагина рақобатбардош мутахассис бўлиб шаклланади. Шу маънода, Сеонгнам махсус саноат зонаси билан ҳамкорлик университетимизнинг таълим — илм-фан — ишлаб чиқариш занжирини янада мустаҳкамлаш учун муҳим имкониятдир. Президентимиз таъкидлаганидек, бугунги ҳамкорликни алоҳида соҳалардаги муносабатлардан умумий ишлаб чиқариш тизимлари, технологик платформалар ва янги бозорларни шакллантириш босқичига олиб чиқишимиз зарур. Менимча, бу вазифанинг мустаҳкам пойдевори — таълим ва илм-фан. Чунки технологик тараққиётнинг ортида, аввало, инсон турибди. Инсоннинг билими, салоҳияти ва янгилик яратиш қобилияти эса университетларда шаклланади.

Фарғона давлат техника университети ҳам Корея Республикасининг нуфузли олий таълим муассасалари, илмий марказлари ва юқори технологияли компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали ана шу жараённинг фаол иштирокчиси бўлишни мақсад қилган. Бизнинг асосий мақсадимиз — талабаларимизга фақат диплом эмас, балки замонавий билим, халқаро тажриба, илмий муҳит ва дунё меҳнат бозорида рақобатлаша оладиган салоҳият беришдир.

Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги таълим, илм-фан, инновация ва юқори технологиялар соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги янги босқичи ҳам нафақат университетимиз, балки ёшларимиз ва мамлакатимиз технологик тараққиёти учун янада катта имкониятлар эшигини очмоқда.

Рустам ТОЖИЕВ,

Фарғона давлат техника университети ректори,

техника фанлари доктори,

профессор.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 11 =