Ватанни севиш фани

Яқинда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тарих факультетида Самара давлат маданият институти профессори, маданиятшунослик фанлари доктори Владимир Ионесовнинг “Академик Аҳмадали Асқаров ва унинг маданий қатлами” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Ушбу рисола Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, таниқли тарихчи-археолог олим, профессор Аҳмадали Асқаровнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган. Рисола археология, ҳаёт сабоқлари, маданий мерос, тарихий хотира ва замонамиз ҳақида устоз билан қурилган суҳбатлар асосида тузилган ҳамда “Самара илмий маркази” (“СНЦ”) нашриёти томонидан чоп этилган.

Тадбирда академик А.Асқаровнинг ҳамкасблари, шогирдлари, тарих ва археология соҳаси вакиллари, мамлакатимиздаги етакчи илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда олий таълим муассасалари профессорлари иштирок этиб, ушбу китоб ва устоз академик ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашдилар. Дастлаб китоб муаллифи Владимир Ионесов рисоланинг Самара давлат маданият институтида ўтказилган тақдимоти, китобнинг таркибий тузилиши, устознинг курашларга бой ҳаёт йўли, шунингдек, унинг Ўзбекистон ва жаҳон археология фани тараққиётига қўшган ҳиссаси хусусида қисқача тўхталиб ўтди:

“Рисола тўрт қисмдан иборат: ‘Маданият тарихи тафаккур мактаби сифатида’; ‘Археология касб ва ҳаёт йўли сифатида: фикрлар қазишмаси ва уларни англаш’; ‘Қадимги деҳқончилик маданияти ҳақида’; ‘Ўзим, фан ва олам ҳақида’. Мана шу тўрт бўлим орқали устознинг ҳақиқат учун курашлардан иборат мазмунли ҳаёт йўлини ёритишга ҳаракат қилдик. Аҳмадали Асқарович ҳар доим — ҳам ўтмишда, ҳам бугунги кунда яшайдиган олимдир. У киши бугунги кун саволларига тарихдан жавоб излайди ва топа олади. У такрорланмас, халқаро миқёсда эътироф этилган улкан олимдир”, — деди В.Ионесов ва рисолани нашрга тайёрлашда яқиндан ҳамкорлик қилган тошкентлик ҳамда самарқандлик ҳамкасбларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, рисола иловаларидан академик А.Асқаровнинг асосий илмий ишлари, монография ва илмий мақолалари рўйхати ҳамда турли йилларда олинган тарихий суратлар ўрин олган.

“Самарқанд археология институти ташкил этилишида Аҳмадали Асқаровичнинг кўрсатган фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этишни истардим, — деди Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, тарих фанлари доктори Мирсодиқ Исҳоқов. — Мен ҳам Самарқандга бориб, устоз билан ёнма-ён ўн йил бирга меҳнат қилдим. Ўша даврда ўзбекистонлик олимлар учун бироз янгича, ғайриодатий туюлган илмий ишларимни ҳимоя қилишимда Аҳмадали ака яқиндан кўмаклашди, менга барча шарт-шароитларни яратиб берди. Энг муҳими, Аҳмадали Асқаровичнинг ҳаётий ва илмий мактабини ўтадим. Бу мактаб бир неча авлод мутахассисларини, етук олимларни ва ҳақиқий инсонларни тарбиялаб вояга етказди. Биздан кейин Темур Ширинов ва унинг сафдошлари етишиб чиқди. Ижтимоий археологиянинг социология тармоғи бўлиши зарур. Бунинг учун Аҳмадали Асқаров томонидан улкан илмий база ва манба яратиб берилган. Мамлакатимизнинг тарихий-маданий ўтмишини ўрганишда Турон ва Туркистон заминини яхлит ҳолда кўриш, уни сунъий равишда парчаламасдан тадқиқ этиш лозим. Академик Асқаров бу масалага айнан шундай ёндашганини унутмаслигимиз шарт”.

Академик Яҳё Ғуломовни ўзига устоз деб билган А.Асқаров фан оламига “Замонбобо маданияти”, “Чуст маданияти” сингари ёдгорликларни тадқиқ этиш орқали улкан янгиликлар олиб кирди. Шунингдек, археологик топилмаларнинг хронологияси, маданий типологияси, ижтимоий-иқтисодий тузилиши ҳамда этномаданий жараёнларини таҳлил қилиш воситасида Ўрта Осиёда илк деҳқончилик ва давлатчилик илдизлари шаклланишини янгича қарашлар асосида қайта баҳолаш зарурлигини илмий асослаб берди.

“Аҳмадали ака — фидойи, меҳнаткаш инсон. Ҳам ақлан, ҳам жисмонан бақувват бўлиб, барчамизга ибрат тимсоли бўлиб келганлар. ‘Курашларда тобланган ҳаётим’ номли эсдаликлари жуда катта аҳамиятга эга. Кўплаб тарихий даврларни бошидан кечирган инсон сифатида улуғ кишиларнинг мемуар ёзиб қолдириши келажак авлод учун беқиёс сабоқдир. Ушбу суҳбат-диалог тарзида тайёрланган асар учун муаллифга самимий ташаккур билдирамиз”, — деди тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов.

Тадбирда сўзга чиққанлар академик А.Асқаровнинг Сополлитепа, Жарқўтон, Бўстон, Кучуктепа сингари кўплаб ёдгорликларда олиб борган археологик тадқиқотлари, миллий археология тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси, моҳир педагог сифатида тарих дарсликларини яратишдаги ташаббускорлиги ҳамда юзлаб шогирдларни тарбиялашдаги жонкуярлиги ҳақида тўхталиб ўтдилар.

“Мен касбим сирларини ўрганишда устозларим Я.Ғуломов ва М.Грязновлардан сабоқ олган бўлсам, раҳбарлик ва бошқарув санъатини яна бир устозим — академик И.Мўминов ҳамда йирик давлат арбоби Шароф Рашидовдан ўргандим, — деди устоз тадбир ниҳоясида сўз олиб. — Ўзбекистонни катта бир оила деб биламан. Ташқаридан ҳеч ким келиб бизнинг оилавий муаммоларимизни ҳал этиб бермайди. Шу боис, уларни шу ерда, ўзимиз ҳал этишимиз лозим. Қайси давр бўлишидан қатъи назар, ҳеч қачон юртимиз муаммолари хусусида салбий кайфиятда фикр билдирмаганман. Мен мамлакатимиз ичида ҳам, унинг сарҳадларидан ташқарида ҳам Ватаним ҳақида ҳамиша фахр билан сўз юритганман. Ҳар бир юртдошимиз шундай йўл тутиши, ўзи камол топган муқаддас Ватанига садоқатли бўлиши лозим. Мен Низомий номидаги мана шу илм даргоҳида таҳсил олдим, улғайдим. Шу боис мазкур жамоага садоқат билан хизмат қилишни, талабаларга сидқидилдан таълим беришни ўз бурчим деб биламан”.

Тадбир якунида “Академик Аҳмадали Асқаров ва унинг маданий қатлами” рисоласини ўзбек тилига таржима қилиш ҳамда миллий китобхонларимиз ҳукмига ҳавола этиш бўйича келишиб олинди.

 Тарихий хотира сабоқлари

(“Академик Аҳмадали Асқаров ва унинг маданий қатлами” китобидан)

* * *

Устозларим хотираси ҳамиша қалбимда ва мен улардан бениҳоя миннатдорман.

* * *

Ҳақиқатга интилган инсон ҳар доим курашчан ва жасоратли руҳда бўлади.

* * *

Ўтмишни англаш зарурати бугунги замон моҳиятини тушуниш ва келажак тараққиётини тўғри белгилаш учун ғоят муҳимдир.

* * *

Маданиятлар тарихи — бу шунчаки ўтмишни билиш эмас, балки инсониятнинг ўз-ўзини англаш воситасидир.

* * *

Тарихий жараён — бу машаққатли, драматик ва турфа йўналишлар мужассам бўлган йўл; бунда биргина тасодифий воқеа ҳам кўп нарсаларни ўзгартириб юбориши мумкин.

* * *

Бугунги замоннинг кўплаб фавқулодда ҳодисалари илдизи асрлар қаърига — инсониятнинг дастлабки тамаддунларига бориб тақалади.

* * *

Умуминсоний қадриятлар негизи бўлмиш ҳалоллик ва холислик йўқолиб борар экан, инсониятни истиқболда нималар кутаётганини олдиндан башорат қилиш тобора мушкуллашиб бораверади.

* * *

Тарих тарозисида инсон — дунёни ўзгартиришга қодир фаол субъектдир, у ташқи кучлар қўлидаги ожиз қўғирчоқ эмас.

* * *

Ҳар бир маданий қатламнинг ўз бой тарихи, қаҳрамонлари ва муҳим воқеалари мавжуд бўлади.

* * *

Ўтмиш садоси бугун ҳам бизни огоҳликка чорлаб, бемулоҳаза қадамлардан асраш учун бонг уриб туради.

* * *

Тарихий хотира инсонни ўз асл қиёфасини йўқотиб қўйишдан асрайди.

* * *

Маданиятлар мулоқоти жараён иштирокчиларидан чинакам мустақиллик ва фикр эркинлигини талаб этади.

* * *

Археология мероси миллий тараққиётимизнинг мустаҳкам ва илмий асосланган захираси сифатида қабул қилиниши зарур.

* * *

Археология ўз академик эркинлигини сақлаши, манбаларнинг танқидий таҳлилига ҳамда халқаро тадқиқот стандартларига таяниши шарт.

* * *

Археология ўтмишга боқиб, истиқболга дадил йўл очади.

* * *

Археология — Ватанни чин юракдан севишни ўргатувчи фан.

* * *

Археология мени фақат ҳақиқатни сўзлашга ўргатди.

* * *

Инсон қалбида бўшлиқ пайдо бўлган жойда рамзлар ва мифлар илдиз отиши табиий ҳолатдир.

* * *

Қадим аждодларимиздан бизга суянч бўла оладиган буюк мерос қолган экан, ҳар қандай эзгу ва улуғвор ишларни бемалол амалга ошириш мумкин.

* * *

Мен ўз юртимнинг асрлар ва авлодлар оша умуминсоний ва миллий қадриятларга суянган ёруғ келажагини орзу қиламан.

* * *

Ўзбекистон менинг ягона Ватаним ва менинг бутун ҳаётим ўз она юртимни теран англаш ҳамда уни чексиз меҳр билан севишга интилишдан иборат бўлди.

Ҳумоюн АКБАРОВ тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × three =