Юракларда қолган из

ёки таниқли тележурналист Соҳибжон АЛИЖОНОВни ёд этиб…

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида Фарғона вилояти Бағдод тумани ахборот-кутубхона марказида таниқли тележурналист, “Дўстлик” ордени соҳиби, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Соҳибжон Алижонов хотирасига бағишланган маънавий-маърифий кеча бўлиб ўтди.

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, улар орамиздан эрта кетган тақдирда ҳам, тириклик чоғида қилган эзгу амаллари, элга кўрсатган беминнат яхшиликлари ва ўз соҳасида чин профессионал сифатида яратган мактаби туфайли халқ хотирасида яшайверади.

Миллий тележурналистикамизда ўз мавқеи, жарангдор овози ва муносиб изига эга бўлган Соҳибжон Алижонов ҳам қалбларда ёрқин хотиралар қолдирган чин ватанпарвар, самимий ва бетакрор ижодкор эди.

Бундан 30 йил муқаддам — 1996 йилнинг 10 октябрь куни водийдаги “Бағдод” телестудияси ўз фаолиятини бошлаган эди. Ўшанда телеканалнинг илк кўрсатуви — “Умидли дунё” дастурини Соҳибжон ака маҳоратли журналист Озода Тўрақулова билан биргаликда эфирга олиб чиққан эди. Мазкур воқеа кейинчалик республика телерадиоканалларида бош муҳаррир ва раҳбар сифатида эл эътиборини қозонган Соҳибжон Алижонов ижодий йўлининг муҳим дебочаси бўлиб хизмат қилди.

Телестудиядаги икки йиллик самарали фаолиятдан сўнг у оиласи билан Тошкент шаҳрига кўчиб келиб, ижодини Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида давом эттирди. Ижодкор турли йилларда “Ёшлар”, “Маҳалла”, “Ўзбекистон 24” телерадиоканалларида, шунингдек, бошқа масъул лавозимларда меҳнат қилди.

Журналистикада суяги қотган моҳир қаламкаш ўз ижодида жамиятнинг ўткир ва энг долзарб муаммоларини турли жанрларда моҳирона ёритиб, уларнинг ижобий ечим топишига амалий ҳисса қўшди. Енгил юмор, сўз залвори ва томошабин истагини теран англаш унинг ўзига хос ижодий услубига айланган эди.

Шу билан бирга, у ўзи туғилиб ўсган Бағдод тумани билан алоқаларини ҳеч қачон узмади. Ҳамкасблари ундан пойтахтдаги фаолиятини вилоят телевидениесида давом эттиришини таклиф қилганида: “Мен пойтахтда ишласам, Бағдодга фойдам кўпроқ тегади”, деб жавоб қайтарди. Бу сўзлар унинг касбига бўлган садоқати ва она юртига чексиз меҳр-муҳаббатининг яққол тасдиғи эди, десак, хато бўлмас.

Тадбир доирасида тумандаги 65 та мактаб кутубхонасига муаллифнинг “Бизни қаритолмас йиллар, замонлар” китоби совға қилинди. Шунингдек, мазкур китоб асосида туман мактаблари ўқувчилари ўртасида жорий ўқув йилида “Соҳибжон Алижонов номидаги ижодий танлов” ўтказилиши эълон қилинди. Унда ғолиб бўлган 10 нафар ўқувчига 1 миллион сўмдан пул мукофоти Наврўз байрами арафасида, республиканинг таниқли журналистлари иштирокида топшириладиган бўлди.

— Ушбу хайрли тадбирнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана арафасида ташкил этилганида чуқур рамзий маъно бор, — деди тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзоси, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Лазиз Раҳматов. — Соҳибжон ака телевидениеда ишлаган йилларида ўзбек адабий тилининг софлигини асраш, тўғри талаффуз қоидаларига қатъий амал қилиш ва ортиқча шевачиликка йўл қўймаслик борасида ниҳоятда талабчан эди. Муаллиф бу борадаги қатъий позициясини ўз чиқишларида ҳамиша очиқ билдириб борар, ижтимоий тармоқлар, интернет нашрлари ва кўчадаги пешлавҳалардаги имловий ҳамда услубий хатоларни кескин танқид қиларди.

— Отамиз нафақат суянчимиз — падари бузрукворимиз, балки ҳаёт сабоқларини ўргатган илк устозимиз ҳам эди, — деди Соҳибжон аканинг ўғли, тележурналист Азиз Алижонов. — Азиз отамиз туғилиб камол топган гўша — Бағдод туманига меҳри тамомила бўлакча бўлган. Имкон туғилиши билан туман ёшлари учун маҳорат мактаби очиш режалари борлигини кўп таъкидлардилар. Об-ҳаво ёки вазият қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар ойда бир неча бор бобом ва бувимни кўриш, яқинлари дийдорига тўйиш мақсадида туманга келиб-кетардилар. Бугунги даврада отамиз ҳақида у кишининг сафдошлари, дўст-қадрдонларидан жуда кўп хотираларни тинглаб, қаттиқ тўлқинландим. Насиб этса, “Бизни қаритолмас йиллар, замонлар” китобининг навбатдаги нашрини ана шу хотиралар билан бойитишни режалаштирдик.

— Туман ахборот-кутубхона марказида отам таҳсил олган 6-умумтаълим мактабининг устоз ва ўқувчиларини, тенгдошларини кўриб кўнглим тоғдек юксалди, — деди марҳум журналистнинг қизи, филология бўйича фалсафа доктори Садоқат Соҳибжон қизи. — Оталаримиз биз учун борини беришга ҳамиша тайёр туради, заҳмат чекиб бизни ўқитади, улғайтиради. Уларнинг хотирасини ардоқлаш эса ҳар биримизнинг чин фарзандлик бурчимиздир. Яқинда Ургут туманида отамнинг устози Абдусаид Кўчимов номидаги кутубхона очилганини кўриб, “Биз ҳам маърифат улашувчи шундай хайрли ишларни давом эттира олармиканмиз?” деган савол кўнглимдан кечган эди. Бугун отам ўқиган мактабга “Қанот” лойиҳаси кўмагида 100 нусха сара бадиий асарларни тақдим этдик. Йил охиригача мактаб фондига яна 200 та китоб туҳфа этмоқчимиз.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда “Қанот” лойиҳаси ташаббуси билан Қибрай туманида журналистлар ўртасида Соҳибжон Алижонов номидаги шахмат турнирини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Лола ЖЎРАЕВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 1 =