Она дарахт

Ҳикоя

Булутлар қуюқлашар, шамол тобора кучаяр, дарахт шохларини тебратарди. Шох-шаббалар учар, ўрмон ваҳимали гувилларди.

Ўрмон четидаги ёлғизгина дарахт. Унинг юрагида безовталик. Ўрмондаги бу тўс-тўполон зурриёти-ниҳолига зиён-заҳмат етказиши мумкин деган ўйда хавотирга тушган. У ниҳолининг безавол униб-ўсишини, кўкларга бўй чўзишини, ҳаётни кўриб, бахтиёр яшашини хоҳлайди. Шамол шу тахлит забтига олаверса, ниҳолининг ҳоли нима кечади?

У бор кучи билан шамолнинг қаршилигини енгиб, зурриёти томонга шохларини эгар, кутилаётган жала, дўлдан пана қилишга уринарди.

Бир пайтлар ёнгинасида ниҳоятда бақувват, адл ўсган, шохлари осмонга тегай-тегай деб турган дарахт бўларди. Балки у онаси бўлгандир. Кўп эслайди: ёмғир, қор, мана шундай изғирин шамол кунларида ёки жазирама қуёшда боши узра қуюқ шох, баргларни кўрарди. Унга офтоб ўтмас, баргларини куйдирмас, қор, ёмғир, дўл бошига тушмасди. Баъзан бу дарахтнинг барглари майин тебраниб, хиргойи қиларди. Бу оҳанг шундай ёқимли, аллаловчи бўлардики, мудроқ босиб, уйқуга кетганини билмай ҳам қоларди.

Шундай кунлардан бирида уч-тўрт чоғлиқ одамлар шу атрофда айланиб қолишди-ю, ишга киришиб кетишди. Тариллаб кучли овоз чиқарадиган арра билан унга ҳамиша ғамхўрлик қилиб келган улкан дарахтни қулатишди. Ана ўшанда ич-ичидан нимадир “чирс” этиб узилганини ҳис қилди. Илк бор ўзини ҳимоясиз, ёлғиз қолганини англади-ю, тамом вужуди зирқираб кетди.

Эҳ, бошидан нималар ўтмади-я!.. Не-не довуллар, қор-у ёмғирлар… Саратоннинг жазирамаси-ю, сувсизликдан азият тортганлари… Бошида ғужғон ўйнаган чуғурчиқлар-у, қағиллаб тинчлик бермаган қарға-зоғлар…

Барига чидади. Ёлғизлик, ҳимоясизлик изтироблари унга азоб бериб турса-да, ниҳоят у ҳам бақувват, бўйлари осмонга чўзилган, чексиз ўрмон четида, баландликда, манаман деб кўзга ташланадиган улкан терак бўлди.

У ҳам зурриёт қолдиришни, авайлаб-асраб вояга етказишни, қомати адл, текис бўлишини, кўрганлар ҳавас қилишини, ўзи ҳам бундан фахр туйишни орзулади.

Аввалги йили бир эмас, икки зурриётидан айрилди. Жуда оғир бўлди ўшанда. Вужудида қаттиқ оғриқни туйди. Кундан-кун яшнаб бораётган, чўзилаётган қадди эгилди, шохлари шалвираб қолди, барглари сарғайиб, эрта тўкилди. Ахир жон томиридан яралган бу ниҳоллар унинг умиди, орзуси, ҳаётининг мазмуни эди-да! Уларга қараб завқланар, бор меҳри, қувватини берарди.

Афсус… Ўрмон ёқалаб бораётган одам уларнинг ёнгинасига келгани ва “буниси сопликка ярайди”, дея зурриётини дастаррасида арралаганини ҳеч қачон унутолмаса керак. Ҳарчанд уринса ҳам бу одамни тўхтата олмади. Томирларида сим-сим оғриқни ҳис қилди, ҳолсизланди. Аччиқ айрилиқ азоблари тамом вужудини куйдирди.

Яна бир зурриётини эса қўйларини боқиб юрган бола синдириб, хипчин ясаб олди.

Эҳ, болажонлари, жигарбандлари… Уларнинг фарёдини ҳеч ким эшитмади… Унинг оҳу нолаларини ҳам…

Бу айрилиқлар унинг бутун жисмини зирқиратди. Шохларида ҳаёт нишоналари кўринмай, қурий бошлади. Кейин эса танаси сарғайди…

Сўлиб, руҳи тушган кунларда ҳали қуриб улгурмаган томиридан яна бир ниҳолча униб чиқди. Вужуди ҳаловат топди, бу ёруғ олам унга янада гўзал, тароватли кўрина бошлади. Ҳаётига мазмун кирди. Энди унинг яшашдан мақсади бор. Истак унга куч бағишлади. Яна янги новдалар чиқарди. Барглари сабо эпкинида рақс тушаётгандай тебранар ва бутун ўрмон унинг бахтиёрлигидан сўзлашаётгандай туюлар, мамнун эди…

Энди эса… мана бу довул… Зурриётининг ниҳоятда ингичка новдаси, ниш урган иккитагина шохчаси у ёқ-бу ёққа бориб келар, синиб кетишидан хавотирда бўлган она дарахт юрагини ҳовучлаб турарди, иложи борича шамол йўлини тўсишга уринарди.

Қаттиқ шамол ўрнини ёмғирга бўшатди. Шиддат билан ёққан ёмғир ўрмонни сувга тўлдирди. Суви-ку, танга мадор, қувват… Бироқ ниҳолчасининг нозик бўйи бўтана сув ичида кўринмай қолди. “Илоҳим, ўзинг асра”.

Сукутга чўмган, дийдираган ўрмон, дов-дарахтлар… Ҳаммаёқ шалаббо…

Вужуди билан сувга ботган дарахт кўз очганида ёмғир тинган, шамол ҳам йўқ, қуёшнинг илк зарралари ўрмонга ёғила бошлаганди. “Эй, она қуёш, болажонимни исит. Сувларини қурит!”

Тушга яқин ниҳолчаси бош кўтариб, ўзини офтобга тоблай бошлади. Дарахт қувониб кетди,  шохлари тебранди. “Тўғри ўсгин, болам. Тўғри ўсгин! Ўтинга яраб, умринг қисқа бўлмасин”.

Ниҳол кўкка бўй чўзди. Шукур, шундай кунларга етди. Лекин яна бироз вақт керак. Кимдир унга жароҳат етказишидан, бемаврид кесиб кетишидан хавотирда. Ахир шунча йил зурриётини шамол-у довуллардан, қор-у ёмғирдан, ҳатто қурт-у қумурсқадан бежизга асрадими? Зурриётининг камолини кўришни орзулаб яшади-ку! Энди эса, нима бўлади, деган савол тинчини ўғирлаган.

Ўйлаганидай, қуёшли кунларнинг бирида ўрмонга шарпалар оралаб қолди. “Одамлар… Мавсум бошланган кўринади”.

Одамлар яқинлашиб қолганида вужудига титроқ кирди. Дарахт кесувчилардан бирининг: “Мана бу теракка қара, нақ олти метр-а! Тўсинга ярайди. Шохларини қара. Бир уйнинг томига етади-я”, — деган сўзларини эшитди-ю, юраги шув этди. “Наҳот энди тиниқ осмонни, ҳароратли қуёшни кўра олмаса. Зурриётини қандай ташлаб кетади?”

Юраги тўла дард билан зурриётига қаради. У она дарахтнинг юрагида кечаётган ғалаёнлардан бехабар, қуёш нурларида тобланиб, ором олаётганди. “Йўқ, йўқ, унинг ёнида бўлишим керак. Ёлғизланиб қолади”. Дарахтнинг ноласи ижобат бўлди.

— Кесишга кесамиз-у, техника бу ерга келгунича тун киради, — деди дарахт кесувчилардан бири. — Бу жойни белгилаб қўяйлик. Ҳозир йўл бўйидаги учта теракни оламиз.

Одамлар узоқлашди. Она дарахтнинг хавотири пасайиб, юраги тинчланди.

Улар қайтгунча зурриёти улғаяди. Шамоллар эголмайди. Қор-ёмғир кор қилмайди. Қурт-қумурсқа-ю қушлар зиён беролмайди. Тик, алп қомат терак бўлади.

Одамлар ҳавас билан уйларининг томларига, безак бериб, устунларга ишлатадилар. Она дарахт ширин орзиқиш билан чуқур тин олди. Вужудига ёйилган ҳузурбахш ҳолат баргларида акс этди.

Қишдан дарак бериб, изғирин шамол эсди. Терак шохларида қолган сўнгги заъфарон япроқлар шаббода эпкинида уча-уча ер бетини қоплай бошлади.

Лобар РУСТАМОВА

Муаллиф ҳақида:

Лобар РУСТАМОВА Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида туғилган.
1975 йилда Наманган давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
“Катта йўлга туташ сўқмоқлар” (ҳаммуаллифликда), ­“Дарёда айтилган алла”, “Оймомо жилмайди”, “Ишқ озори”, “Ўргимчак тўрида”, “Эзгуликка йўғрилган умр”, “Тоғдаги фожиа”, “Саодат манзили”, “Ўшанда ҳам қиш эди”, “Тақдир тарозиси”, “Кўл тубидаги хазина”, “Соғинч сочилган йўл” китоблари муаллифи.
Ижод намуналари Туркия, Озарбайжон, Кения, Италия, Германия, Қирғизистон, Бельгия газета-журналлари ва интернет сайтларида эълон қилинган.
Америка ва Францияда “Ўшанда ҳам қиш эди” ҳикоялар тўплами ҳамда “Тақдир тарозиси” қиссалари инглиз, француз тилларида китоб ҳолида чоп этилган.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + twelve =