Наврўза — чодакбоши қувончи

ёхуд “Беш ташаббус” олимпиадаси маҳаллага спорт майдончаси олиб келди

Поп туманининг сўлим, тоғлар бағрида жойлашган Юқори Чодакбоши маҳалласи ёшлари учун спорт шунчаки мусобақа ёки ғолибликка эришиш воситаси эмас. У — ирода, сабр-тоқат, интилиш ва ўз имкониятларига ишонч рамзи. Бугун маҳалламиз ёшлари “Беш ташаббус” олимпиадасида қўлга киритаётган ютуқлар нафақат ҳудудимиз номини республика миқёсида танитмоқда, балки кўп йиллардан буён қалбимизда яшаб келган бир эзгу орзуни ҳам рўёбга чиқариш арафасига олиб келди. Маҳалла ёшлар етакчиси сифатида ёшларимизнинг ютуқларини кузатар эканман, бир ҳақиқатни чуқур ҳис қиламан: инсоннинг имкониятини унинг қаерда яшаши эмас, балки мақсади, меҳнати ва интилиши белгилайди. Тоғли ҳудудда яшаш, айрим шароитларнинг чекланганлиги бизни ортга қайтармади.

Аксинча, ёшларимизни қийинчиликларга бардош беришга, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишга ва катта марралар сари дадил қадам ташлашга ўргатди. Бугун Юқори Чодакбоши ёшлари эришаётган натижалар ана шу қатъият ва ишончнинг амалий ифодасидир. 2024 йил маҳалламиз спортсевар ёшлари учун муваффақиятли мавсумлардан бири бўлди. Маҳалламиз вакили Элмира Эшонхонова стол тенниси бўйича “Беш ташаббус” олимпиадасининг республика босқичида фахрли учинчи ўринни эгаллади. Бу натижа Элмиранинг шахсий ютуғи бўлиш билан бирга, маҳалламиздаги бошқа ёшлар учун ҳам катта мотивация манбаига айланди. Унинг муваффақияти спортда юксак натижаларга эришиш учун, аввало, ўзига ишониш ва мақсад сари изчил ҳаракат қилиш зарурлигини кўрсатди. Шу йилнинг ўзида енгил атлетика бўйича 22-26 ёш тоифасидаги қизлар жамоамиз ҳам республика босқичида учинчи ўринни қўлга киритди.

Бу ютуқ маҳалламиз қизларининг спортга бўлган қизиқиши, жамоавий бирдамлиги ва мусобақалардаги қатъиятини намоён этди. 2025 йилда эса енгил атлетика бўйича қизларимиз яна республика босқичининг учинчи поғонасидан жой олди. Бир натижанинг такрорланиши айримларга оддий ҳолдек кўриниши мумкин. Аммо спортнинг ички машаққатларини яхши билган инсон бу натижа ортида қанча тайёргарлик, меҳнат ва фидойилик борлигини англайди. Энг муҳими, ёшларимиз бир йилги муваффақият билан чекланиб қолмади, балки ўз натижаларини сақлаб қолиш ва янада яхшилашга интилди.

2024 йилги мавсум эса маҳалламиз тарихида алоҳида саҳифа очди. Енгил атлетиканинг узунликка сакраш йўналишида иштирок этган маҳалламиз қизи Наврўза Тоштемирова республика босқичида биринчи ўринни эгаллади! Бу ғалабани фақат олтин медаль ёки мусобақа натижаси сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди. Чунки унинг замирида йиллар давомида шаклланган спорт тажрибаси, олдинги натижалардан олинган сабоқ ва муваффақиятга бўлган қатъий ишонч мужассам. Кеча учинчи ўринни эгаллаган жамоа бугун ҳам ўз натижасини мустаҳкамлаб, маҳалламиз вакили орқали биринчи ўринга кўтарилди. Бу эса изчил меҳнат ва тўғри йўналтирилган интилиш, албатта, самара беришини яна бир бор исботлади.

Спортдаги ғалабанинг энг катта қиймати баъзан унинг эгасига берилган медаль ёки диплом билан эмас, балки бошқаларнинг ҳаётида қандай ижобий ўзгаришларга сабаб бўлиши билан ўлчанади. Наврўзанинг ғалабаси ҳам ана шундай катта ижтимоий аҳамият касб этди. Унинг республика босқичида биринчи ўринни эгаллагани муносабати билан маҳалламизда универсал спорт майдончаси қурилиши учун ваучер тақдим этилди. Бу хабарни эшитганимизда, қувончимизнинг чеки бўлмади. Негаки, шу вақтга қадар Юқори Чодакбоши маҳалласида ёшлар мунтазам спорт билан шуғулланиши учун мўлжалланган махсус спорт объекти мавжуд эмас эди.

Ёшларимизнинг спортга бўлган қизиқиши ва интилиши бор, бироқ бу қизиқишни мунтазам машғулотга айлантириш учун зарур инфратузилма етишмас эди. Спорт билан шуғулланишни истаган йигит-қизлар имконият излашга, мавжуд шароитлардан фойдаланишга мажбур бўлишарди. Шундай вазиятда замонавий спорт майдончаси қурилиши ҳақидаги хабар биз учун йиллар давомида кутилган орзунинг рўёбга чиқишидир. Энг муҳими, спорт майдончаси ёшларимизга бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, жамоада ишлаш ва ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиш имконини беради. Спорт орқали ёшларда нафақат жисмоний чиниқиш, балки масъулият, ўзаро ҳурмат, интизом, ғалабага интилиш ва мағлубиятдан тўғри хулоса чиқариш каби муҳим фазилатлар ҳам шаклланади.

Бугун мамлакатимизда ёшларнинг истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни қўллаб-қувватлаш, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун шарт-шароит яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, амалга оширилаётган дастурлар ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг ташаббусларини рағбатлантиришга ва маҳаллаларда соғлом муҳитни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшлар билан ишлашнинг маҳаллабай тизимини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди. Мазкур қарор асосида маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, спорт ва маданий тадбирларни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, Президентнинг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори “Беш ташаббус” олимпиадаси доирасида ёшларни оммавий спортга жалб этиш ва маҳаллаларда спорт мусобақаларини тизимли ташкил қилиш учун муҳим асос яратди. Мусобақаларнинг босқичма-босқич ўтказилиши ёшларнинг ўз қобилиятини намоён этиши, иқтидорли спортчиларни саралаш ва ғолибларни рағбатлантириш имкониятларини кенгайтирди.

“Беш ташаббус” олимпиадасининг қадр-қиммати ҳам шунда: у ёшларни фақат мусобақага жалб этиб қолмай, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш, ўз кучига ишончини ошириш ва эришилган натижаларни маҳалла ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан боғлашга хизмат қилади.

Маҳалладаги ёшлар етакчиси сифатида ўз фаолиятимни фақат тадбирлар ташкил этиш ёки мусобақаларда иштирокчилар сонини ошириш билан чекламайман. Энг муҳим вазифамиз — ҳар бир ёшнинг қизиқиши, қобилияти ва муаммосини ўрганиш, унинг имкониятларини аниқлаш ҳамда ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур кўмакни ташкил қилишдир. Ҳар бир маҳаллада кашф этилишини кутаётган истеъдодлар бор. Кимдир спортда, яна кимдир илм-фан, санъат, ахборот технологиялари ёки тадбиркорликда катта натижаларга эришиши мумкин. Бунинг учун уларни вақтида аниқлаш, руҳлантириш, тўғри йўналтириш ва бошлаган ишини давом эттириши учун шароит яратиш лозим. Ёшлар билан ишлашда энг самарали ёндашув — уларнинг фақат муаммоларини эмас, имкониятларини ҳам кўра билишдир. Ёшларнинг ташаббусини тинглаш, уларга ишонч билдириш ва эришган ютуқларини эътироф этиш янги марралар сари интилишларига куч беради. Наврўзанинг натижаси ҳам ёшлар билан тизимли ишлаш, уларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш ва истеъдодини намоён этиш учун имконият яратиш нақадар муҳим эканини кўрсатди.

2026 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича мамлакатимизнинг энг фаол “ТОП-100” ёшлар етакчилари рейтингида эътироф этилишим ҳам мен учун катта шараф ва айни пайтда масъулиятдир. Бундай эътироф, энг аввало, маҳалламиз ёшлари билан амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятини янада чуқурроқ англашга ундайди. Бу натижамни шахсий муваффақиятдан кўра, ёшларимизнинг интилиши, ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар ва олдимизда турган вазифалар учун берилган рағбат сифатида қабул қиламан.

Ҳа, ёшларнинг муваффақияти бутун жамият учун фойдали натижага айланиши мумкин. Бунинг учун истеъдодга ишониш, меҳнатни қадрлаш ва ёшларнинг интилишларини қўллаб-қувватлаш зарур. Тоғли ҳудудда жойлашган маҳалламизнинг республика миқёсидаги ғалабаси бошқа чекка ҳудудлардаги ёшларга ҳам умид ва ишонч бағишлайди: имкониятлар чеклангандек туюлган жойда ҳам катта мақсадлар сари интилиш мумкин. Наврўзанинг ғалабаси бизга яна бир ҳақиқатни эслатди: бугун ёшлар учун яратилган имконият эртага бутун маҳалланинг ютуғига айланади. Спорт майдончаси эса бу ютуқнинг моддий ифодаси бўлиш билан бирга, келажак авлоднинг соғлом, фаол ва мақсадли бўлиб вояга етишига хизмат қилади.

Шу боис барча ёшларимизни “Беш ташаббус” олимпиадасида фаол иштирок этишга, ўз кучи ва қобилиятига ишонишга, олдига катта мақсадлар қўйиб, улар сари қатъият билан интилишга чорлайман. Ҳар бир ёшнинг ютуғи — оиласининг қувончи, маҳалласининг фахри ва Ватанимиз келажагига қўшилган ҳиссадир. Бугун сиз қўлга киритган ғалаба эртага маҳаллангизда янги имкониятлар эшигини очиши мумкин. Наврўзанинг муваффақияти бунга ёрқин мисол. Демак, интилишдан тўхтамаслик, меҳнатдан чарчамаслик ва орзуларга ишониш керак.

Умида ТОШПЎЛАТОВА,

Поп тумани Юқори Чодакбоши

МФЙ ёшлар етакчиси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + twelve =