Яхши ном асло ўчмагай…
Сурхон воҳасининг Жарқўрғон тумани нафақат вилоятда, балки мамлакатимизда ҳам ўз ўрнига, салоҳиятига эга ҳудуд ҳисобланади. Меҳнаткаш, самимий ва содда одамлари, олтинга тенг тупроғи тарифга сиғмайди. Бу заминда етиштирилган мева ва сабзавотлар ўзига хос таъми ҳамда фазилати билан ажралиб туради. Халқи содда, тўғрисўз, меҳнаткаш ва ҳалол. Ўғлонлари юртимиз равнақига беминнат ҳисса қўшган бўлса, аёллари одил ва мард фарзандларни тарбиялаб вояга етказган. Бу заминдан эл юкини елкасида мардонавор кўтарган кўплаб фидойи инсонлар етишиб чиққан. Шундай эл фарзандларидан бири Норали Боймуродовдир.
Норали Боймуродов 1913 йилда Жарқўрғон туманидаги Кўртуғай қишлоғида, оддий деҳқон оиласида таваллуд топди. Бошқа тенгқурлари сингари унинг ҳам болалиги қишлоқда ўтди. “Бўладиган бола бошидан маълум”, деганларидек, Н. Боймуродов болалигиданоқ хуш хулқи, ҳалим табиати, илмга чанқоқлиги ва тиришқоқлиги билан тенгдошларидан ажралиб турарди. Оила бошлиғи Боймурод Раҳимовнинг етти ўғил ва бир қиз фарзанди орасида тўнғичи Норалига меҳри бўлакча эди. Ўша давр шароити туфайли бошланғич таълим билан чекланган Н. Боймуродов 15 ёшида янги ташкил этилган “Батрак” артелида колхозчи, звено ва бригада бошлиғи бўлиб ишлади. У ерда 1928-1937 йилларда самарали меҳнат қилиб, эл-юрт ва раҳбарият эътиборини қозонди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида тўпланган катта тажрибаси сабабли 1937 йилда у “Меҳнат — роҳат” колхозига раис этиб сайланди ва умрининг охиригача шу хўжаликни бошқарди.
Норали Боймуродов 24 ёшида колхоз раиси бўлди. “Ақл ёшда эмас — бошда”, дейдилар. У ёш бўлишига қарамай, Ватан ва халқ фаровонлиги йўлида сидқидилдан меҳнат қилди. Унинг раҳбарлигида қисқа фурсатда хўжаликда пахтадан юқори ҳосил олишга эришилди. Қаҳри қаттиқ уруш йилларида Н. Боймуродов қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш орқали фронтга моддий мадад бериш билан бирга, етим-есирлар ҳамда муҳтожлар ҳолидан хабар олишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Оқилона бошқарув туфайли колхоз аъзоларининг турмуш тарзи кун сайин яхшиланиб, даромадлари ошиб борди. Албатта, бундай фидокорона меҳнатлар эътиборсиз қолмади. Ҳукумат томонидан ўнлаб орден ва медаллар қаторида унга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор”, кейинчалик “Меҳнат Қаҳрамони” унвонлари берилди.
Норали Боймуродов 1967 йилда вафот этгач, унинг хотирасига ўзи раислик қилган колхозга Норали Боймуродов номи берилди. Кейинчалик унинг хотирасини янада абадийлаштириш мақсадида туман марказида уй-музейи ташкил этилди. Ушбу музей бугунги кунда ҳам фаолият юритмоқда. Унда Сурхон юртининг фидоий фарзанди ҳаёти ва меҳнат йўли билан боғлиқ юзлаб суратлар, тасвирий асарлар ҳамда ўша давр муҳитини акс эттирувчи ноёб экспонатлар ўрин олган.
1973 йилдан бошлаб Жарқўрғон туманидаги “Қизилмозор” даштида Н. Боймуродов хотирасига бағишлаб ҳар йили спортнинг мотокросс тури бўйича Ўзбекистон чемпионати ва биринчилиги мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Норали отанинг саккиз фарзанди бўлиб, бугунги кунда улардан икки нафари — Чори Боймуродов ҳамда Қурбоной Боймуродовалар ҳаёт. Иккинчи фарзанди Жўра Норалиевни эса кўпчилик яхши танийди: у бир неча йил Жарқўрғон тумани ва Сурхондарё вилояти ҳокими сифатида масъул лавозимларда ишлаган.
Бугун Норали Боймуродовнинг кенжа укаси Хушбоқ Боймуродов Жарқўрғон туманидаги “Меҳнат — роҳат” маҳалласида 78 ёшни қаршиламоқда.
— Раҳматли акам ўзгача фазилат эгаси эди, — деди Хушбоқ Боймуродов. — Акам бор-йўғи 54 йил умр кўрган бўлса-да, ўзбек халқи тарихида ўчмас из қолдирди. Бугун у киши ҳаёт бўлмаса-да, юртдошларимиз кўп эслашади. Ҳали-ҳануз уй-музейининг фаолият кўрсатаётгани, ҳар йили февраль ойида “Қизилмозор” сўқмоқларида мотопойга бўйича Ўзбекистон чемпионати ва республика биринчилиги ўтказилаётгани акамнинг хотирасини эъзозлаш йўлидаги улкан ишлардандир. Невара-чеваралари ҳам ҳозирда турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда.
Халқ фаровонлиги, эл осойишталиги ва эзгулик йўлида босилган излар ҳеч қачон ўчмайди. Бу излардан ҳамиша эзгулик унади. Юрт равнақи учун қилинган холис хизмат, элу юртга бағишланган умр ҳеч қачон унутилмас экан.
Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
журналист.
