Оҳанглар наққоши
ёхуд Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, композитор Мустафо Бафоев фаолиятига бир назар
Дунёда овозлар беҳисоб: қушларнинг овози, денгизнинг, шамолнинг ва, энг муҳими, инсоннинг овози бор! Инсон эса кўплаб мусиқа асбоблари яратган — ҳар бирининг ўз характери, ўз оҳанги мавжуд. Бу созлар учун мусиқа ёзиш ҳар кимга ҳам насиб этмайди, афсуски, насиб этмайди. Насибадорларга Аллоҳ буюк эшитиш қобилиятини берган бўлади. Мустафо Бафоев буюк эшитиш қобилияти соҳибларининг энг пешқадамларидандир.
Баҳодир ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон санъат арбоби, режиссёр
Халқимизнинг кўзга сургулик композитори Мустафо Бафоев ҳақидаги ҳикоямиз ибтидоси бундай:
Куйнинг умри бошланди… У олислардан садо беради — болаликда эсган насимлар юзингизни сийпалаб ўтади… Кўнгил бир лаҳзага вақтни доғда қолдириб, йил устига йиқилган йилларни ҳатлаб, ўтмишга сафар қилади… Абдулҳамид Чўлпон лутф этганидек: “Хаёл, хаёл… Ёлғиз хаёл гўзалдир”. Кўп ҳам давроннишин бўлаверманг, маэстро. Мана, ниҳоят, кўҳна Бухоронинг Ганчкаш қишлоғидасиз! Ҳали болалик билан хайрлашиб улгурганингиз йўқ…
Бўлажак композиторнинг электрсиз, телевизорсиз болалигида фақат радио жонга ора киради. Сиймоси ниҳон хонандаларнинг қўшиқлари қулоққа илашади. Ёду қалбга муҳрланган наволар ҳавасу иштиёқ билан тўй-томошаларда ижро этилади. Ҳис-ҳаяжоннинг ортгани шеър шаклида қоғозга тўкилади. Ўғли агрономликка ўқиб, ҳурмат қозонишини, нони бутун бўлишини истаган колхозчи отага бу ҳолатлар кўп ҳам маъқул эмас. Ниҳоят, еттинчи синфни битирганида, падари бузруквор кузги зарбдор меҳнатдан олдин соғлигини тиклаб, куч тўплагани Чортоқдаги оромгоҳга кетади ва “хавфли бурилиш”га йўл очилади. Бир умр санъатга ошуфта яшаган, инисини ҳар кўрганида “Эҳ, сенинг ўрнингда бўлганимда мусиқада ўқирдим”, дея қалбига чўғ ташлаб турадиган Абдулаҳад амакиси уни етаклаб, ўша кезлардаги энг машҳур Бухоро мусиқа билим юртига олиб боради.
Ҳофизу хонандаликка орзуманд ўсмирни имтиҳон қилиб кўрган устозлар бу ёшда ҳали овоз пайлари шикастланиши мумкинлигини, фурсатини кутиш кераклигини айтиб, бошқа йўналишда ўқишни тавсия этишади. Муроди ҳосил бўлмаган ини қайтиб чиқади ва амакисининг сўроғига ўксинганнамо жавоб қилади: “Йўқ, деяпти-ку, ашулачиликка олмаймиз, деяпти”. Амаки уни қайтиб киришга ва бирор йўналишни танлаб, ўқишни бошлашга ундайди.
Орадан кўп замонлар ўтиб, Бафоев композитор бўлиб донг таратганда, операларидан бирини фортепианода ижро қилиб берганини эшитган Манас Левиев: “Асарларингизни ўзингиз айтсангиз ҳам бўлар экан”, деди. Бу суҳбатгача ҳали кўп қовун пишиғи бор ва қаҳрамонимиз мусиқа билим юртида ғижжак чолғуси ижрочилиги бўйича таҳсил оларди. Иккинчи босқичда ўқиётганида ўзи куй басталашни машқ қилади. “Ҳали билим йўқ, лекин ичимда оҳанглар бор. Шуларни чиқармасам, ғалати бўлиб кетаман”, деб эслайди композитор. Сақланиб қолмаган илк куйлар, тикрайган сочлар сабабли ёш ўспирин ҳамсабоқлар орасида Бетховен аталади.
Консерваторияда ҳам ғижжак чолғуси ижрочилиги бўйича таҳсил олган Мустафо Бафоев битирув имтиҳонида ўзи басталаган куйни ижро этади. Москвадан келган комиссия аъзолари у композиторликда ўқишини давом эттириши зарурлигини тавсия қилишади. Аммо ректор бунга кўнмайди: марҳамат, аввал бориб, 3 йил ишлаб келсинлар!
Бухоро педагогика институти ўқитувчиси, ҳарбий хизматни ўтаб келган, икки фарзанднинг отаси бўлган Мустафо Бафоев тор хонага қамалиб, ҳамон куй ёзади, гўё бусиз ҳаёт йўқдек. Бир ёқда оила масъулияти, бир ёқда композиторлик бўйича таҳсил олиш хаёли. Икки жаҳон оворасининг қайтадан толиб бўлишига ҳамма қарши, лекин Дилбар янгамиз бир куни эрининг ранги заъфарондай сарғайганини кўриб, бу етишилмаса емирадиган илинж эканини пайқайди ва далда беради: “Боринг, насиб қилган бўлса, кирасиз. Қийинчилигини бирга-бирга енгаверамиз”.
Иккинчи бор толиблик ҳаёти бошланади. Стипендия йўқ, ҳам ўқиб, ҳам ишлаш керак. Машаққат жондан ўтганда ортга чекиниш ҳақида ҳам ўйланади. Шу лаҳзада гурзию гавронли савол пешонангда пайдо бўлади: жон ҳузур топар, лекин кўнгил-чи, жаноб Бафоев?
Бўлажак композитор топган пулига усти-бошу еб-ичишдан қисиб, жаҳон мусиқаси дурдоналари ёзилган ноёб пластинкаларни сотиб олди. Фурқат кўчасидаги каталакдек ижарахонада шу тариқа катта “бойлик” йиғилади. Бир куни талончиликни ё касбу кор қилган кимсалар ижаракаш йўқлигидан фойдаланиб, хонага ўғриликка тушади. Қўлга илашадиган қийматлироқ нарса тополмаган ўғриваччалар патефонни олади-ю, 200 тача пластинкани мих билан тирнаб, майдалаб, ҳар ёққа сочиб ташлашади. Мустафо Бафоев қайтганида мулки ғорат бўлган, бебаҳо пластинкалари жанг майдонидаги эгасиз ўликлардек ер тишлаб ётибди, фақат йиғиб олиб видолашиш имконигина қолган, холос. Вайронкор куч қаршисидаги ожизликни бутун вужуди билан ҳис қилади — аввал аччиқ ўкирик, кейин елкалар силкинишига ҳамоҳанг йиғи… Парда туширилади. Бу эпизод нега таъсирли?
Композиторлик бўйича битирув иши сифатида Мустафо Бафоев “Бухоронома” ораториясини ёзди. Шу кезларда собиқ иттифоқ бўйлаб бу йўналишда ёзилган битирув ишлари пойтахт Москвага юборилиши, у ерда барчаси жамланиб, танлов асосида ғолиблар аниқланиши урф экан. Машҳур композитор Арам Хачатурян ҳайъат раиси бўлган танловда “Бухоронома” асари билан муаллиф ғолиб бўлди. Шу тариқа ёш санъаткор тилга тушди, Композиторлар уюшмасига аъзо бўлди, давлат томонидан ўзи ҳозир ҳам яшаб келаётган уй ажратилди.
Йигитнинг йўли очилди. Энди рафиқлару рақиблар унга қўлидан иш келадиган, келажаги порлоқ киши сифатида қарай бошлади. Бафоев эса кўксида камолга етаётган санъаткор қалби билан ҳамнафас ижодий инқилобларга замин ҳозирлади.
Композитор Бобурнинг тўрт ғазали асосида “Ғазал” номли биринчи симфониясини ёзди. Совет мафкураси ҳукмронлиги, қолаверса, шу пайтгача ғазаллар асосида симфония ёзилмагани туфайли академик мусиқа атрофидагиларнинг айримлари ҳайрат билан, айримлари ғашланиброқ қарайди: “Америка очмоқчими бу йигит!” Аммо қаҳрамонимизнинг парвойи фалак, у фақат ижод, янгилик кашф этиш пайида бўлди. Майда гап-сўзларни хас-хашак каби тўзитиб, ўз йўлида қуюндек бардавом бўлди.
Таниқли адабиётшунос Шуҳрат Ризаев дейди: “Бир муддат бўлдики, дирижёр Ғани Тўлаганов, режиссёр Баҳодир Йўлдошев ва Мустафо ака билан гап-гаштагимиз соз тушиб қолди. Кунларнинг бирида Мустафо ака бизга янги ёзган “Умар Хайём” операсини ижро қилиб берди. Шунда Ғани ака завқу таъкид билан: “Мустафо — ўзбек Пуччиниси!” дегандилар”. Санъат арбобининг композиторни итальян мумтоз операсининг сўнгги вакилига қиёслаши ҳикматини бугун теранроқ англаймиз. Муҳташам асарларини, шахс ва санъаткор ўлароқ босиб ўтган йўлини тафтиш этиб, “Бундан кейин яна бир шундай мумтоз композиторимиз бўлармикан?” деган савол қаршисида ожиз қоламиз.
Халқимиз орасида академик мусиқа шинавандалари кам топилади. Боисини бу санъат тури бизга кеча кириб келганидан излайликми ёки унинг академиклигидан? Бизнинг умумдидимиз санъатнинг академик даражасига етолмаслигини тан олиш тўғрироқдек назаримда. Худди Алишер Навоийни мутолаа қиладиганлар саноқли, “Шашмақом”ни тингловчилар бир ҳовуч бўлгани каби. Салафлари ва, айниқса, Мустафо Бафоев романс, оратория, опера, симфония каби мусиқа жанрларини миллийлаштирди, энди баҳрамандлик мақомига чиқиш ўзимизга ҳавола. Дунёнинг ҳар бурчида яшайдиган санъат ихлосмандлари, мутахассислар, қайд этилган жанрлар ватани бўлмиш Оврўпо аҳли композиторимиз асарларини зўр иштиёқ билан тинглайди, эътироф этади. Агар бу асарлар миллий санъатимиз намунасига айланмаганида, бор-йўғи тақлид бўлиб қолганида, уларнинг ҳайратига сазовор бўлармиди?! Йўқ, албатта! Қорин тўқлигию кўнгил очлигидан бизни уйқу элитганда, Бафоев Навоий ғазали асосида яратган романсидан куйлади:
Неча, эй ой, мендин айру айлагай
даврон сени,
Бўлмағай йилларда кўрмак
бир нафас имкон сени,
Жон тилар, кўнглум уйинда айлагай
меҳмон сени,
Кел-кел, эй ороми жонимким,
тилайдур жон сени,
Чеҳра очким, кўрмак истар
дийдаи гирён сени…
Устозимиз Хуршид Даврон шундай эслайди: “1997 йилда биринчи “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини “Буюк ипак йўли” композицияси билан очдик. Сценарий муаллифи камина, режиссёр Баҳодир Йўлдошев, мусиқаларини Мустафо ака ёзди. Кейин ЮНЕСКОнинг шафелигида мазкур композиция Париждаги машҳур Одеон театрида намойиш қилинди. Асар тугагандан кейин француз томошабинлари ва бутун дунёдан йиғилган санъат намояндалари ярим соат тик туриб қарсак чалишди. Мустафо Бафоев санъатига олқишлар ёғдиришди. Одам ортга назар ташлаб, ўзи фахрланадиган ҳаяжонли воқеаларни эслайди, мен учун шулардан бири ўша 30 дақиқалик қарсаклардир”.
Композиторнинг илҳом, завқ, машаққат ва меҳнат оғушида кечган ҳаёти ҳосиласида бетакрор асарлар дунё юзини кўрди. Уларнинг салмоғу савиясига қатор синчилар анчайин ҳайрат билан баҳо беришади. Шунга кўра, Мустафо Бафоевнинг асарлари ўзбекона олтин устун бўлиб, жаҳон мусиқаси қасрини бир томондан кўтариб турибди, дейишга журъат этамиз…
Йўллар кўп… ўзаро туташ, чалкаш ёки мутаносиб. Юрилавериб, увадаси чиққан йўллар ҳам бисёр. Даҳолар эса йўлсизлик аро йўл яратадилар. Санъат юрагини ҳаракатга келтириб турган қон кашфиётлар билан янгиланади. Мустафо Бафоев илк бор танбур сози учун симфоник оркестр жўрлигида концерт ёзди. У япон, хитой, жанубий кореялик композиторлар асарлари қаторида Токиода ўтказилган “Концерт жанри кечаси” фестивалида ижро этилди. Буюк Шарқнинг мусиқашунос намояндалари ўзбек композитори асарини энг сараси деб баҳолашди ва маънан таъзим бажо келтиришди.
Санъат — бешафқат, унда шараф осонликча қозонилмайди. Ўз услубини кашф этолмаган, янгилик қилолмаган кишига санъат дарғалари каҳкашонида ўрин йўқ. Мустафо Бафоев эса умр бўйи нафақат ўзгаларни, балки ўзини ҳам такрорламасликка интилиб яшамоқда. Эҳтимол, шунинг учундир, хорижда ҳам унинг маҳобатли ижодий меросига шайдолар етарлича топилади…
Жаҳонга машҳур америкалик виолончель ижрочиси Йо-Йо Ма мусиқа ёзиб беришини сўраб излайдиган, очуннинг тўрт томонида асарлари туфайли ҳайрату эҳтиромга сазовор бўлиб келаётган бу сиймо билан тақдир мени 2021 йилда рўбарў этди. Кўрсатув тайёрлаш баҳонасида ўзим учун ёрқин бир маёқни топдим ва ҳамон уни кашф этишга интиламан. Бир суҳбатимизда ўспиринлик йилларида “Бетховен” аталганини завқ билан эслаб, ул даҳонинг ўжару эркпарвар феъл-атворига менгзайдиган табиати туфайли кўп панд ейишини айтди. Сўнг кулиб давом эттирди: “Можаро бошласам, янгангиз:
— Нимага шунақасиз, яхши гапирсангиз, ишингиз битиб кетади-ку, — дейди. Мен жавоб қиламан:
— Ёлғон гапиролмайман. Қорани оқ десам, қанақа бўлади? Бу юрагимга бориб тегади, юрагим зирқирайди”.
Боладай беғубор даҳога қараб, “улкан одам” қандай бўлишини ўзимча чамалайман. Тўғрилик олдида маъсум ва тавозели, ғирромликни кўрганда муросасиз ва оташин. Ана шундай сизу бизнинг Бафоевимиз!
Санъаткор шахсиятида инсоний фазилатларнинг энг эзгулари мужассам бўлмоғи лозим. Боиси, ижодий жараёнда унинг қалбидаги туйғулар, кечинмалар, онгидаги ғоялар, фикрлар асарига кўчади. Одам бўйидан баланд сакрай олмайди. Буюк шахсият соҳибларигина буюк асарлар иншо этишга қодир…
Яна бир лавҳа ёдга тушади. Журналистлардан бири ўзбекнинг афсонавий композитори Мутал Бурҳонов билан суҳбатлашар экан: “Армонингиз борми?” деган навбатчи савол билан мурожаат қилади. Шунда у ҳеч ким кутмаган жавобни айтади: “Ёш бўлсам-да, Мустафо Бафоевга шогирд тушсам, дейман”. Бу устознинг мардона эътирофи, меҳру алқовга йўғрилган баҳоси эди…
Композитор фортепианода куй бошлади. Бу устози Мутал Бурҳонов хотирасига бағишланган, Абдулла Орипов қаламига мансуб романс.
Ўлмагай жисмимдаги жон — санъатим,
Тоабад қалбимда иймон — санъатим.
Икки дунё мулки бўлдинг сен ўзинг,
Менга ҳам бўлдинг шараф-шон,
санъатим…
Улуғимиз ҳақидаги ҳикоямиз интиҳоси бундай:
Яралмишида оҳанглар бўлган куй умрини яшаяпти… Унинг умри наққошининг умридан узун, умид қиламизки, мангу қадардир!
Сирожиддин ИБРОҲИМ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси,
шоир.
